“Фарғона” Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган фотоочерклар туркумини чоп этишни бошлаган. Бундан аввал эътиборингизга “Шошдан Тошкентга қадар” мақоласини тақдим этгандик. Бу гал зиёрат нимани англатиши ҳамда зиёрат анъаналари ва удумлари Ўзбекистон мусулмонларининг ҳаётида қандай роль ўйнаши ҳақида ҳикоя қилиб бермоқчимиз.
Зиёрат (арабча زِيارة) — муқаддас қадамжоларга, авлиёларнинг мозор ва мақбараларига ҳамда тарихий шахслар ёки афсонавий персонажларнинг ҳаёти ва жасоратлари тўғрисида ҳикоя қилувчи афсона ва ривоятлар билан боғлиқ табиат гўшаларига сафар қилишни англатади.
Ортодоксал Ислом нуқтаи назарига мувофиқ зиёрат амалиёти етарли даражада иштибоҳли характерга эга. Чин мусулмон фақат Аллоҳга эътиқод қилиши лозим. Унга Маккага ҳаж зиёратидан бошқа диний зиёратлар тақиқлаб қўйилган. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида мусулмонларга бир муддат давомида ҳатто қабристонларни зиёрат қилиш ҳам тақиқланган эди, негаки ўша пайтда араблар ҳамда уларнинг атрофидаги кўчманчи қабилалар орасида кенг тарқалган жоҳилият давридаги аждодларнинг руҳига ва қабрларга сиғиниш каби ширк амаллардан сақланиш зарурати долзарб эди.
Кейинчалик, Ислом шаҳдам қадамлар билан кенг ёйила бошлади ва Муҳаммад (с.а.в) мусулмонларга ҳеч бўлмаса қариндошларининг ҳамда дин ва Аллоҳ йўлида шаҳид бўлган саҳобаларнинг қабрларини зиёрат қилишга рухсат бердилар. Ислом таълимотига кўра, қабристон зиёрати инсон умрининг ўткинчи эканлиги ва қиёмат бўлиши муқаррарлигини эслатиб туради. Шу билан бирга, Пайғамбар (с.а.в.) қабрларни тавоф қилиш ҳамда уларнинг устига мақбаралар қуриш ҳамда уларнинг олдида қурбонлик қилишни тақиқлаб қўйдилар.
Исломнинг тобора кенг ёйилиб Арабистон ярим оролидан ташқарига тарқала бошланиши ортидан янги дин билан жамият ҳаётида мустаҳкам ўрнашиб олган ўзининг бир неча минг йиллик анъана ва удумлари, дафн маросимларига ва ривожланган мифологиясига эга бўлган Шарқнинг қўҳна тамаддунлари ўртасида тўқнашувлар бошланди.
Бироқ мусулмон миссионерларининг анъанавий халқ тушунчалари ва эътиқодлари характерини ўзгартиришга бўлган уринишларига қатъий тақиқлар, ғазабнок мавъизалар, маъжусийларнинг бутхоналари ва бошқа динларга тегишли ибодатхоналарининг вайрон қилинишлари ҳамма жойда ҳам ёрдам бермади.
Гарчи Ислом Марказий Осиёда нисбатан қисқа давр мобайнида — VII аср охиридан VIII аср охиригача бўлган муддат давомида тўла ҳолда ўрнашиб олган бўлишига қарамай, исломгача бўлган удум ва маросимлар Ўзбекистонда деярли шу кунларгача сақланиб қолди. Х асрдан бошлаб сўфийлик тариқатларининг фаолияти халқни оммавий равишда Исломга жалб қилишга ҳамда анъанавий халқ удумлари ва маслакларини монотеистик диннинг қатъий талабларига мослашга кўмак берди.
Ислом мистиклари бўлмиш сўфийлар тақво ва диёнати туфайли “Аллоҳнинг яқин дўсти” мақомига эришгани ва шунинг учун ҳам Тангри Таъало олдида оддий одамларни шафоат қилиш салоҳиятига эга бўлган авлиёларни қонунлаштириш амалиётини аввал ўтмишда бунақанги жиҳатларга эга бўлмаган ислом теологиясига жорий этдилар. Пировардида, улар, яъни авлиёлар ўтмишдаги зардуштийлик динининг маҳаллий патеонларида, шаманлик ҳамда бошқа қўҳнароқ автохтон (маҳаллий) эътиқодларидаги кичик худочалар бажарган функцияларни бажара бошладилар.
Шунинг учун ҳам сўфийлик жамоаларининг оқсоқоллари ва пири муршидлари бўлмиш шайхлар ҳамда дарвиш ва қаландарлар ўзларига манзилгоҳ сифатида ислом келишидан анча вақт олдин халқ орасида эъзозда бўлган мўъжизавий, кароматли жойларни танлаганлари бежиз эмас.
Сувга, ерга, ўсимликларга, табиий ҳодисалар ва маҳаллий руҳларга сиғиниш каби энг қўҳна маҳаллий диний маросимларга бориб тақаладиган афсона ва қадимги нақллар диний ривоятларга, мозорлар ва қадамжолар эса мусулмонларнинг расмий объектларига айланди. Қизиғи шундаки, Ўрта асрларнинг илк даврида бошланган ушбу жараён ҳатто XIX ва XX асрларда ҳам фаол давом этди.
СССР даврида, Коммунистик идеология расмий диний ҳаётни сиқувга олган йилларда ҳам мусулмонлар идораси, ҳам совет ҳукумати томонидан ўша фурсатда деярли тартибга солинмаган зиёрат анъанаси Ўзбекистонда анчагина кучайди. Негаки, оддий одамларнинг прагматик онгида оммавий туризм ёки табиат қўйнида дам олиш каби бекорчиликка ўрин йўқ эди.
Шу билан бирга, “муқаддас” қадамжоларга зиёратлар вақтни ёқимли тарзда ўтказиш билан бирга анъанавий “савобли” ҳамда амалий жиҳатдан асосланган амал – авлиёларга мурожаат қилиб, мушкулларини кушойиш қилиш ҳамда кундалик эҳтиёжларини қондиришда ёрдам сўрашга имконият берарди.
Ўз-ўзидан, муқаддас қадамжоларнинг мифологияси ҳам ривожланди, негаки зиёратчилар бу жойларга оид маълумотларни оғзаки ривоятлардан эшитиб, уларни янгидан-янги фантастик тафсилотлар билан зийнатлаган ҳолда ёйиб тарқатишар эдилар. Шу йўл билан Ўзбекистондаги “халқ исломи”нинг баъзи жиҳатлари жоҳилия даврининг энг антиқа иримларини қайта жонлантирувчи удум ва маросимлари билан тўлдирилар эди.
Вазият фақат ҳозир, айни фурсатда сезиларли даражада ўзгармоқда. Давлат идеологияси миллий анъаналар ва маънавий бойликларга энг юксак ҳурматини изҳор қилиб келгани билан, амалда фуқароларнинг диний ҳаётини қатъий назорат остига олган Ислом Каримовнинг чорак аср давом этган авторитар бошқарувидан сўнг Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг либерал ислоҳотлари расмий ислом уламоларини фаоллаштириб юборди. Табиийки, уламолар аҳолининг урф-одатларини ҳамда мамлакат мусулмонлар жамоасининг хулқини ортодоксал диний меъёрларга мослаштириш билан шуғуллана бошладилар.
Айни фурсатда муқаддас қадамжоларни жадал суратлар билан моддий реконструкцияси ҳамда объектларни ободонлаштириш билан бир вақтнинг ўзида мусулмонлар ўртасида фаол маърифий ишлар олиб борилмоқда.
Зиёратчиларга ҳар ерда ва ҳар доим пайғамбар Муҳаммад солллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилишдан мақсад ўлим ва қиёматни эслаб туриш бўлишини таъкидлаб келганларини, мозорларни зиёрат қилаётган одам ўз ҳожатларини маҳаллий авлиёлардан сўраши асло мумкин эмаслигини ҳамда ёрдамни фақат Аллоҳдан сўрашлик жоизлигини тушунтириб келишмоқда.
Авлиёлар тақвоси ва Аллоҳга садоқатли хизматларидан ибрат олиш лозим. Бироқ уларнинг мозорларини тавоф қилмоқлик ва қурбонлик сўйишлар тақиқланади. Кўплаб ерларда баъзи сиғинилиши ножоиз объектлар – латта боғланган дарахтлар, гўёки муқаддас тошлар ва ҳоказо нарсалар даф қилинди. Ҳолбуки, маҳаллий қадамжоларнинг ўтмишдаги ўзига зос хусусиятларидан бутунлай қутилиш осон бўлмайди.
Бошқа тарафдан олиб қараганда, Ўзбекистонда давлат идеологияси аввалгидек миллий қадриятларни улуғлаш ва тарихий меросни мадҳ қилишга таянган ва бу ишда зиёрат анъаналарига анчагина катта роль ажратилган. Бугунги кунга келиб зиёратчилар қадами узилмайдиган энг гавжум жой Самарқанддаги ўрта асрларга оид Ҳазрати Ҳизр қабристонида дафн этилган мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қабри бўлиб қолмоқда. Ҳар куни ушбу янги муқаддас даргоҳга мамлакатнинг барча вилоят ва туманларидан ва ҳатто энг чеккадаги турли ҳудудларидан келган минглаб зиёратчилар ташриф буюришмоқда.
Бошқа муқаддас қадамжолар ҳам гавжум. Мисол учун, Тошкентдаги Ҳасти Имом майдони ўзининг кўпроқ саёҳатчилар учун эътиборга лойиқ жой ҳамда оммавий сайлгоҳга айланиб қолганига қармай, узининг диний аҳамиятини йўқотмаган. Жиззах вилояти тоғларидаги Бошпешагор ғори ёки Самарқанд четидаги Ҳазрати Довуд ғорига эса аксинча, авваллари мисли кўрилмаган миқдордаги диндор зиёратчилар ташриф буюришмоқда.
Ўзбекистон мусулмонларининг ҳаётида зиёрат анъанаси аниқ трансформация бўлмоқда, бироқ аҳамияти ҳечам камайиб қолаётгани йўқ.
-
17 Май17.05ФотоҒамгин кўзли булбулТошкентда Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳайкали очилди
-
21 Июнь21.06Барча фильмларга — «марҳабо» деймиз!Мумтоз кинорежиссёр Али Ҳамроев Тошкент кинофестивали кинода мавжуд «ғуборларни ювиб ташлаши»га ишонади
-
03 Июнь03.06«Тергов ишлари тахминларга асосланган ҳолда нохолис олиб борилмоқда»Адвокат Сергей Майоров билан блогер Миразиз Базаров ишига доир суҳбат
-
10 Август10.08ФотоСуусамир водийсининг ҳаётбахш ичимлигиҚимиз тайёрлашнинг қўҳна сирини кимлар асраётгани ҳамда олис яйловга бишкекнинг нега керак бўлиб қолгани ҳақида
-
31 Июль31.07«Яна бир ҳафта ўтиб кетганида, тирик чиқмаган бўлардим»Ўзбекистонда беморлар касалхоналардан, тиббиёт ходимлари эса карантиннинг бекор қилинишидан қўрқишларининг сабаблари ҳақида
-
29 Июль29.07Фақат ўз одамлари учун очиқШайтонга қарши — «дезинфекцияланган тошлар»: коронавирусга қарши кураш Ҳаж амалларига қандай таъсир кўрсатгани ҳақида