Балогардон шайх

Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари, тўртинчи очерк. Шайх Абдулқосим ва “вабо исёни”
Абдулқосим мадрасасининг олд қисми, XIX аср. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

“Фарғона” Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган тарихий очеркларини чоп этишда давом этади. Бугунги мақоламизда ривоятларга кўра, 1892 йилда Тошкентдаги вабо эпидемиясининг тарқалишини тўхтатиб қўйган шайх Абдулқосим ҳақида ҳикоя қилинади.

Тошкентнинг қоқ марказида, Ўзбекистон парламенти биноси ёнида халқ анъанаси томонидан қадрланадиган жой – Абдулқосим мадрасаси жойлашган.

Бу мадраса Нақшбандия тариқатининг пири-муршиди шайх Абдулқосим номини олган. 1892 йилда Тошкентда вабо туфайли исён кўтарилганида, шайх шаҳарнинг мусулмон аҳолиси билан Россия империясининг мустамлакачилик маъмурияти ўртасидаги муҳтамал тўқнашувининг олдини олишга эришди.

Қайд этиш жоиз, Россия империясининг Марказий Осиёдаги мустамлакачилик сиёсати Ислом динига қарши йўналтирилмаган эди. (Бу ҳақда батафсил Ш.Б. Муҳаммедовнинг “Россия империясининг Туркистонда Исломни давлат томонидан тартибга солинишининг тарихий-манбашуносчилик таҳлили” (1864-1917) Тошкент: “Baktria press”, 2013 рисоласида баён қилинган.). Генерал Михаил Черняевнинг икки минг кишилик экспедиция корпуси Тошкентга муваффақиятли ҳужумини амалга оширганидан сўнг бу ерда Туркистон генерал-губернаторлиги таъсис этилди. Губернаторликнинг рус маъмурияти маҳаллий туб аҳолининг анъанавий ҳаёт тарзи ва диний эътиқодини қўллашга ҳаракат қилди. Бу каби ёндашув бўйсундирилган аҳоли билан тинчлик ва тотувликда яшаш кафолатини беради, деб ҳисобланган эди.

Бунга генерал Черняевнинг шаҳар аҳолисига мурожаати баён қилинган биринчи манифести ёрқин мисол бўла олади. Ушбу манифест 1865 йил 18 июнь куни – шаҳар оқсоқоллари делегацияси шаҳарнинг ўн иккита дарвозасидан олтин калитларини генералга топширган кунининг эртасига эълон қилинган эди.

Буюк Подшоҳ амри билан Туркистон губернатори этиб тайинланган мен қуйидагиларни эълон қиламан:

Ишлар Ислом шариатига мувофиқ ҳал қилинсин ва аҳоли ўртасида тинчлик ўрнатишга ҳаракат қилинсин. Мусулмончиликка оид урф-одатлар бажарилсин ҳамда белгиланган вақтда масжидларда Аллоҳга ибодат қилинсин. Катта билим юртида муллалар Дин ва Шариат илмидан таълим берсин. Болаларнинг мактабларга бориб ўқишлари мажбурий, агар улар ўқишга ҳафсала қилмасалар, муллалар уларни жазолашлари ва ўқишга мажбурлашлари, ўз фарзандларини мактабга бермаган ота-оналар эса Шариат бўйича жазога тортилишлари лозим бўлади.

Генерал Черняевнинг 1865 йилда Тошкентга ҳужуми пайтида ҳалок бўлган рус аскарлари ва офицерлари хотирасига атаб қурилган Офтоб кўчасидаги православ ибодатхонаси (часовня). Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Ҳунармандчилик билан шуғулланаётган барча фуқаролар ўз ҳунарлари билан, тижоратчилар эса савдо билан шуғулланишда давом этишлари, деҳқонлар эса ерни қайта ишлаб зироатчилик билан шуғулланишлари лозим. Кўчалар супирилсин ва кўчаларга ҳеч нарса ташланмасин. Муҳаммаднинг умматларига ўзларининг қонунларига мувофиқ шароб ва бўза ичиш, қимор ўйнаш тақиқланади. Дин ва Шариатга қарши бўлган ҳамма ишлар қилинмасин, қарзга олинган пулларнинг фоизларини ўз вақтида масжидларга топширилсин. Барча амалдор тўралар ишни ҳал қилиб беришлари эвазига пора олмасинлар. Тарозидан уриб қолиш ҳамда бачавозлик қилиш қатъий тақиқланади. Қози ислом, қози қалам ва қози қазо ва муфтий ишларни ўз нафсининг хоҳиш иродасига қараб эмас, балки Шариат буюрганидек ҳал қилишлари лозим. Агар кимки ишларни Шариат доирасидан ташқари ҳал қилса, эгаллаб турган лавозимидан четлатилади. Кўчаларда муштлашилмасин ва бақирилмасин, акс ҳолда айбдор бўладилар. Қози исломга шариатга мувофиқ никоҳ ўқигани учун икки сўмдан, раисга эса бир сўмдан берилсин, акс ҳолда ҳеч нарса берилмасин. Муҳр қўйиб бериш эвазига ҳеч нарса олинмасин.

Агар юқорида баён қилинган барча кўрсатмаларни бажарсангизлар, унда ерларингиз, боғларингиз ва мулкингиз сизнинг эгалигингиз остида қолади. Фарзандларингизни саллотликка ва казакликка олинмайди, уйларингизга эса саллотлар яшаш учун жойлаштирилмайди. Саллотларнинг ўзлари эса сизларнинг уйларингизга кириш ҳуқуқига эга эмаслар, агар улар уйларингизга кирсалар, бу ҳақда бошлиқларга шикоят қилинсин.

Оқ подшоҳнинг сизларга марҳамати кўп. Унинг соғ-саломат бўлишини сўраб дуода бўлинглар.

Генерал-майор Черняев, 1865 йил”.

Генерал Черняевнинг 1865 йилда Тошкентга ҳужуми пайтида ҳалок бўлган рус аскарлари ва офицерлари хотирасига атаб қурилган Офтоб кўчасидаги православ ибодатхонаси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Тошкент истеъло қилингани заҳотиёқ генерал Черняев шаҳарнинг фахрли фуқаролари ва оқсоқолларини ўз ҳузурига чақиртириб, ўзларининг номларидан Россия Императори Александр II номига илтимоснома ёздирди. Илтимосноманинг мазмун-моҳияти шундан иборат эдики, ўзига тўқ шаҳарликлар Қўқон хонлиги ноибларининг шавқатсиз зўравонликларидан қаттиқ азият чекмоқдалар ва эндиликда ўз ихтиёрлари билан Тошкентни Россия империясига қўшиб олишни сўрамоқдалар.

Тошкент тарихи муаллифи, ёзувчи Муҳаммад Солиҳ Тошкандийнинг таъкидлашича, кўпчилик оқсоқоллар бу учрашувга келмадилар. Улар қўшни вилоятларнинг мусулмонлари шаҳарни ўз ҳолига ташлаб қўйганлари боис, маккорона ва аёвсиз ҳаракат қилган истеълочиларнинг марҳаматига умид билан таслим бўлишга мажбур бўлдилар, деган фикрда эдилар. Бу каби гаплари учун олти нафар оқсоқол зудлик билан ҳибсга олиниб, Сибирга сургун қилинди.

Шунга қарамай, мустамлака маъмурияти билан шаҳар киборлари ўртасида келишувга эришилди. 1867 йилдан бошлаб Тошкент бутун Туркистон ўлкасининг пойтахтига айланди ҳамда Россия империясининг Фарғона водийсига, Самарқандга, Бухорога ҳамда Ҳивага қарши ҳарбий экспанисясини давом эттириш учун ишончли таянч манзилига айланди.

Баланд жарликдан қулаганлар

Тошкент шаҳри туб аҳолисининг мустамлака ҳокимиятига қарши биринчи йирик қўзғолони истиълодан 27 йил ўтиб содир бўлди. Бунга рус маъмурияти томонидан жорий этилган санитария тадбирларининг маҳаллий аҳолининг диний урф-одатларига тўғри келмагани сабаб бўлган эди. 1892 йил баҳорида Афғонистонда бошланган вабо эпидемияси Амударёдан шимолга тарқалиб, ёзда Тошкентга ҳам етиб келди. Рус расмийларининг касалликка қарши кураш учун амалга оширган карантин ва санитария-эпидемиологик тадбирлари етарли даражада рационал ҳамда XIX аср европа медицинасининг тасаввурларига тўлиқ мос келар эди. Бироқ бу тадбирлар шаҳардаги мусулмонларнинг эътиқодларига мутлақо зид келарди. Шариат меъёрларига мувофиқ, ўлган одамларни иложи борича кун ботгунча қабрга қўйиш керак. Майитнинг қариндошлари ўз яқинларини аждодлари ёнига қўйишни ва шу билан бирга, дафн маросимининг барча удумларини бажаришни муҳим деб биладилар.

Бироқ бу ерда анъаналар санитария заруриятларига зид бўлиб қолди. Тошкент расмийларининг фармойишига мувофиқ, шифокорлар вабодан ҳалок бўлган одамларнинг жасадлари мажбурий медицина кўригидан ўтказилиши шарт эди. Лекин эпидемия авж олган пайтда тиббиёт ходимларининг сони етарли бўлмагани боис дафн этиш маросимларини 2-3 кунга кечиктиришга тўғри келди.

Расмийларнинг майитларни махсус ажратилган вабо қабристонларига кўмиш ва шу билан бирга, қабрларнинг устини оҳак билан ёпиш зарурати тўғрисидаги фармойиши мусулмонларни ғазаблантириб юборди. Бу фармойиш аҳоли томонидан дафн маросимининг шариат меъёрларини бузиш ва ҳатто қабрни таҳқирлаш сифатида қабул қилинди.

Абдулқосим мадрасасининг ички ҳовлиси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Тошкентда вабо эпидемияси муқаддас Рамазон ойига тўғри келгани ҳам вазиятни таранглаштириб юборди. Бу ойда мусулмонлар рўза тутиб, вақтни ибодатда ва Қуръон қироатида ўтказадилар, шунинг учун ҳам улар диний қоидаларнинг бузилишига тоқатсиз бўлиб қоладилар. Баъзи мутаассиблар “рус врачлари атайлаб Бўзсув дарёсидаги сувни заҳарлаяптилар, беморларга эса дори ўрнига ўлдирадиган заҳар беряптилар” деган миш-мишларни тарқата бошладилар. Бу ишлар гўёки одамларни ўлдириш ва шундан кейин анъаналарга эҳтиромсиз дафн этиш ва натижада вафотидан сўнг жаннатга кириш имкониятидан маҳрум этиш учун қилинаётгандек кўрсатилди.

Вазият тобора таранглашиб бораётганига қарамай, аввалига шаҳар аҳолисининг норозиликлари ошкора кўринишда бўлмай, агрессив характерга эга эмасди: гап шундаки, баъзилар ўрис расмийларини хабардор қилмай вабодан вафот этганларни яширин тарзда дафн этишарди. Лекин айнан шу ҳолат тўқнашувларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди.

Расмий тарихшуносликда кўп ҳолатларда, шу жумладан,“1872 йил вабо исёни” дея аталувчи очиқ чиқишининг сабаби сифатида Тошкентнинг мусулмонлар истиқомат қиладиган қисмининг ўша пайтдаги оқсоқоли Муҳаммад Ёқуб Каримбердининг ғанимлари оламонга оқсоқол майитларни яширин равишда дафн этилаётгани ҳақида шаҳар комменданти полковник Степан Путинцевга қулоқлик қилиб етказган, дея гиж-гижлаганларидан сўнг бошланиб кетгани кўрсатилади.

Бундан бироз олдинроқ Путинцев Жомеъ масжидида мусулмонларга рус расмийлари томонидан вабога қарши қўлланаётган тадбир ва чоралари ҳақида сўзлаб берганида, масжид қавми унинг сўзларини қониқиш ила қабул қилган эдилар.

Бироқ эртаси куниёқ, яъни 24 июль куни Путинцев қуролсиз, аммо ғазабдан жунбушга келган оламоннинг ҳужумига дуч келди. Одамлар “сотқин оқсоқолни бизнинг қўлимизга топширисан!” дея талаб қилди. Ғалаёнчилар тўдаси комендантни калтаклаб, унинг бошқарма биносини вайрон қилиб ташлади. Путинцев ёрдамга казаклар полкини ва солдатлар ротасини чақиртирди. Бироқ улар етиб келгунига қадар шаҳарнинг руслар истиқомат қилаётган қисмининг аҳолиси таёқлар билан қуролланиб мусулмонлар тўдасига ҳужум қилдилар. Мусулмонлар Анҳорга қараб қочдилар, бу ерда кўпчилик баланд жарликдан сувга қулаб ҳалок бўлди. Кейинчалик замондошларнинг гувоҳликларига кўра, каналдан 82 нафар кишининг мурдаси чиқариб олинди.

Абдулқосим мадрасининг олди қисмининг кўриниши. Эшик ортида – ҳунармандлар устахонаси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Мустамлака маъмуриятининг расмий маълумотига кўра, 1892 йилда Тошкентда вабо эпидемиясидан 1657 киши вафот этди, улардан 1440 нафари – Тошкентнинг мусулмонлар яшайдиган қисмидан ва 217 нафари руслар. Вабодан ўлиб қариндошлари томонидан яширинча дафн этилган майитларнинг сони қанча бўлганини шу чоққача Худодан бошқа ҳеч ким билмайди. Эпидемия май ойида бошланиб августда бутунлай тўхтади. Рус мустамлакачилари маъмуриятига кўра, ўша йилнинг декабрь ойида “вабо исёни”нинг фаол иштирокчилари устидан ўтказилган ҳарбий суд текшируви натижаси бўйича 60 нафар айбланувчидан саккизтаси ўлим жазосига ҳукм қилинди, икки киши Сибирга сургун қилинди ва 15 нафари арестант роталарига ташланди.

Лекин кейинроқ Туркистон ўлкасининг генерал-губернатори барон Александр Вревский маҳкумларга енгиллик бериб, ҳукмларни анча юмшатди. Унинг фармойиши билан ўлим жазосини сургун билан алмаштирдилар, қолган жазо турлари эса камайтирилди. Замондошларнинг қайд этишича, барон Вревскийнинг ўзи оммавий тартибсизликлар бўлиб ўтган 24 июнь куни Тошкентдан ташқарида, Чимён тоғидаги дала ҳовлисида бўлган. Шаҳарга у 25 июнь куни етиб келган ҳамда содир бўлган ҳодисанинг кўламини кўпиртирмасликка буйруқ бериб, яна дала ҳовлисига қайтиб кетган. Оламон полковник Путинцевга тажовуз қилганидан сўнг Тошкентнинг мусулмонлар яшайдиган қисмига икки юз нафар казаклар ва тўртта солдатлар ротаси киритилди. Бироқ 30 июндаёқ генерал-губернаторнинг буйруғига биноан ҳарбийлар Эски шаҳардан олиб чиқиб кетилди.

Авлиёнинг ўлими Аллоҳнинг ғазабини юмшатади

Россия ва Ўзбекистон тарихшунос мутахассислари Тошкентдаги 1892 йил вабо исёнининг тафсилотлари ва оқибатларини турлича талқин этадилар. Суверен давлат идеологлари мазкур исённи миллий-озодлик ҳаракатининг бошланиши сифатида кўришгача боришмоқда. Россиялик олимлар эса ушбу тўқнашувнинг пайдо бўлишига туртки бўлган англашилмовчиликлар ва тасодифларга кўпроқ эътибор қаратмоқдалар. Бироқ Ўзбекистонда халқ исломи бу воқелардаги шайх Абдулқосимнинг ролини алоҳида таъкидлаб ўтади. Ривоятларга қараганда, шайх шаҳарнинг мусулмон аҳолиси билан мустамлака маъмурияти ўртасида ислоҳ ўрнатилишида асосий ролни ўйнаган.

Абдулқосим мадрасасининг орқа томондан кўриниши. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Абдулқосим нақшбандия тариқатининг устоз муршидларидан бири бўлиб, мусулмонларнинг етакчиси – “эшон” мақомини олган. Ислом фикҳи билимларини чуқур эгаллагани, илоҳиётга оид кўплаб китобларни ёддан билгани ҳамда мураттаб қори (мураттаб қори –Қуръонни тўлиқ ёд олган) бўлгани боис шайхнинг Тошкент аҳолиси орасида обрўси ниҳоятда баланд бўлган. Абдулқосим, шунингдек, Бешёғоч мавзесидаги шаҳар дарвозаси яқинидаги мадрасанинг қурувчиси (бошқа ривоятларда — реставратори) сифатида танилган. XVI асрдан бошлаб бу азиз қадамжода сўфийларнинг Мўйи муборак хонақоси жойлашган эди, унда ривоятларга кўра, Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соқолларидан бир туки сақланган. Шайхнинг замондоши, россиялик этнограф Николай Остроумовнинг таъкидлашича, Абдулқосим мадраса қурилишига ўз маблағларидан 30 минг сўм ажратиб берган. Қурилиш ишлари битганидан сўнг эса у бу таълим муассасасида ҳар йили 150 нафар талабанинг ўқиши учун тўловларни амалга ошириб келган. Ўзбек романчилигинг отаси бўлмиш Абдулла Қодирий, драматург Ғулом Зафарий ва бошқа кўзга кўринган йирик санъат ва дин арбоблари ҳам ушбу мадрасани тамомлаган деб айтилади.

Мадраса хоналаридан бирида араб алифбосида қуйидаги ёзув сақланиб қолган:

“Бу бино нечоғлиқ гўзалки, гўё жаннат каби

Негаки унла пайғамбарнинг муборак мўйи сақланади

Ундан фахрланиб унинг тарихин битар жаҳон:

Пайғмбарнинг муборак муйли улуғвор ибодатхонаси”

Ўзбекистонлик олимларга кўра, бу тўртликнинг сўнги сатрида моддади тарих, яъни абжад саноқ тизими ёрдамида мадраса қурилган йил яширинган. Ундан мадраса 1849 йилда қурилганини билиш мумкин. Демак, мадраса “вабо исёни”дан 43 йил олдин қурилган экан. Энди шундай савол туғилади: вабо исёни бошланганда мадрасани қуриш ташаббуси билан чиққан шайхнинг ёши нечада бўлган?

Абдулқосим мадрасасидаги устахона. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Халқ орасида юрган ривоятларда айтилишича, Абдулқосим мустамлакачилик маъмурияти олдида халқ манфаатларини ҳимоя қилиб чиққани боис рус қўшинлари Эски шаҳардан жуда тез муддатда олиб чиқиб кетилди ва исённи бостирилиши эса оммавий репрессияга айланиб кетмади. Шайх генерал-губернатор Вревскийга исён рус пошшосига қарши эмас, балки фақат Шариат меъёрларини ҳимоя қилишга қаратилганини тушунтирувчи номалар юбориб мурожаат қилди.

Бироқ бизгача шайх Абдулқосим ҳақида бошқача ва жуда ажабтовур маълумотлар етиб келди. Мисол учун, ривоятларда таъкидланишича, шайх вабо эпидемиясини тўхтатиш учун ўз ҳаётини қурбон қилган. Гўёки қайғули ҳодисалар авжига чиққан пайтда маҳаллий уламоларнинг барча обрўли вакиллари икки муҳим мавзуни муҳокама қилиб олиш учун унинг уйида тўпландилар.

Биринчиси – санитария чораларидан норози бўлган мусулмонларни қайси йўл билан тинчлантириш ва бунинг оқибатида рус қўшинлари томонидан халқни қирғинбаротдан сақлаб қолиш. Иккинчиси – Шариат меъёрларини бузмаган ҳолатда вабо эпидемиясини қандай қилиб тўхтатиш. Ривоятларда айтилишича, шайх Абдулқосим тўпланганларга мурожаат қилиб, халқ устига келган балони ўз зиммасига олишини ҳамда вабо тез орада Тошкентни тарк этишини билдирган. Эртаси куни у вабонинг энг оғир кўриниши билан касалланиб, ўша куниёқ вафот этган, вабо эпидемияси эса шу куниёқ тўхтаган.

Абдулқосим мадрасасидаги устахона. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Албатта, Абдулқосимнинг ўлими вабонинг тўхташи билан боғлиқлигини исботловчи ҳеч қандай илмий далиллар йўқ. Бироқ халқ анъаналарига бунақанги далиллар керак эмас. Ҳар ҳолда, ҳатто муболағага мойил бўлмаган одамлар ҳам юқорида санаб ўтилган икки ҳодиса ўртасидаги ўзаро боғлиқликни изоҳлаш қийинлигини тан олганлар. Ўша Николай Остроумовнинг ўзи ҳам қуйидаги гапларни ёзган эди: “Сўнгги воқеалардан қаттиқ изтиробга тушган Абдулқосимхон қариган чоғида вабодан ҳалок бўлди. Ажабланарли ери шундаки, унинг ўлимидан сўнг вабо тўхтади ва маҳаллий сартлар (ўзбеклар) ўзини Аллоҳга бағишлаган валийнинг ўлими вабони гуноҳкор бандаларига нозил қилган Худонинг қаҳрини юмшатади, деб ишонишмоқда”.

XIX асрда қурилган Абдулқосим мадрасасининг биноси яхши ҳолатда сақланиб қолган ва 2002 йилда арзимас даражада реставрация қилинган. Юқорида айтиб ўтилганидек, мадраса биноси Парламент ёнида жойлашган бўлиб, у ерга диний зиёратчилар деярли бормай қўйишган. Айни пайтда бу бинода “Ҳунарманд” ҳунармандчилик уюшмаси ҳамда ёғочга ганч ўймакорлик, заргарлик ва тасвирий миниатюралар анъанавий мактаби жойлашган. Абдулқосим мадрасасига экскурсиялар олиб келинади, шу жумладан, чет эллик саёҳатчилар келиб турадилар ва улар бу ердан экзотик сувенирларни сотиб оладилар.

Абдулқосим мадрасаси усталарининг меҳнат маҳсулотлари. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Замонавий Тошкентнинг кўпчилик аҳолиси шайх Абдулқосим ҳақидаги ривоятлардан хабардор. Бунинг ажабланарли ери йўқ, негаки ривоятнинг келиб чиқиши унчалик узоқ бўлмаган даврга бориб тақалади ҳамда давлатнинг миллий истиқлол, халқ анъаналари ва Ислом маънавий қадриятларига ҳурмат борасидаги мафкурасига мос келади.

Андрей Кудряшов фотосуратлари / «Фарғона"

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Шарқ музейининг Ўрта Осиё зали бўйлаб видеосаёҳат

  • Исломнинг муқаддас шаҳарларига зиёратлар нега чеклангани ёки бекор қилинганлари ҳақида

  • 2010 йил тўполонларидан сўнг Ўш шаҳри қай аҳволда эди. Фожиа кунига бағишланади

  • Тошкентдаги Human House арт-майдонининг яратувчилари ўз уйларини бузилишдан сақлаб қола оладиларми