Осиё тараққиёт банки (ОТБ) 2020 йилда Осиё мамлакатлари иқтисодиётларининг ривожланиш истиқболлари тўғрисидаги маърузасини чоп этди. Коронавирус эпидемияси Осиёга қандай таъсир кўрсатишига алоҳида эътибор қаратилмоқда (янги касалликнинг авж олиши минтақа иқтисодиётига ва умуман олганда, глобал иқтисодиётга сезиларли даражада таъсир кўрсатиб бўлди). Маърузанинг алоҳида бир бўлими Осиё тараққиёт банки кўплаб лойиҳаларида иштирок этаётган Марказий Осиё мамлакатларидаги вазиятнинг ривожланишига оид прогнозларга бағишланган.
Умуман айтганда, Осиё иқтисодиётининг ривожланишида кескин секинлашув кутилмоқда. Минтақада ҳозирнинг ўзида инфляция тезлашди, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари кўтарилди. Инфляция бундан кейин ҳам ўсишда давом этишига ОТБнинг ишончи комил. Тахмин қилинишича, бу йилги натижаларга кўра инфляция 3,2 фоизни ташкил этади. Бироқ йилнинг иккинчи ярмида нархларнинг пасайиши 2021 йилдаги инфляциянинг пасайишига пойдевор бўлади. Ҳеч ким COVID-19 пандемиясининг нечоғлик кенг тарқалиши борасида бирор аниқ фикр билдира олмайди ва ушбу касаллик локализацияси айни пайтда прогноз қилинаётган муддатлардан кўпроқ вақтни олиши мумкин. Жиддий молиявий ларзалар ва молиявий инқирозлар таҳликаси мавжуд. Хом ашё товарларига кескин ва узоқ вақт давомида нархларнинг пасайиши ҳамда туризм бизнеси соҳасидаги иқтисодий кўрсаткичларнинг ёмонлашуви кўрсатиб ўтилган иқтисодиёт соҳаларига қарам бўлган мамлакатларда муаммолар келтириб чиқаради. “Ўсиш учун кўплаб муаммолар мавжуд бўлган ушбу қийинчилик кунларида барқарор ички ривожланиш учун инновация ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Осиёнинг ривожланаётган тоифасига кирувчи баъзи мамлакатлар глобал инновациялар ёқасида турибди, кўплаб бошқа мамлакатлар эса ортда қолиб кетдилар. ОТБ маърузасининг тематик фасли [минтақа мамлакатларининг] сиёсатини шакллантирадиган инновациянинг бешта асосий омилларини белгилаб берган бўлиб, булар: таълим тизимининг мустаҳкамлиги, инновациявий тадбиркорлик, [давлат] муассасалари томонидан қулай шароитлар, капитал бозорларининг кенгайиши ҳамда етакчи университетлар ва илғор фирмаларни бирлаштирувчи жўшқин шаҳарлардан иборат”, — дея қайд этиб ўтди ОТБ бош иқтисодчиси Ясуюки Савада.
Маърузада қайд этилишича, тез тарқалувчи коронавирус йилнинг биринчи чорагида Хитой иқтисодиётини икки баробар қулашига сабаб бўлди. Хитой ортидан қулаш (янги касаллик тарқалиши билан параллел равишда) бошқа мамлакатларда ва шу жумладан, Осиёда ҳам кузатила бошлади. ОТБ мутахассилари ўз маърузаларида қўшимча шарҳ тариқасида турли мамлакатлар томонидан коронавирусни тўхтатиш бўйича қабул қилинаётган чоралар туфайли тузилган прогнозларга эҳтимол тузатиш ва ўзгартиришлар киритилиши мумкин бўлишини эслатмоқдалар. Уларга кўра, бордию, жиддий тузатишлар киритиладиган бўлса, янги прогнозлар чоп этилади.
Қозоғистон
ОТБ коронавирус пайдо бўлгунига қадар Қозоғистон иқтисодиёти ўзининг ўсиш суратини истеъмол қилиш ҳажми кўтарилаётгани ҳамда хорижий ва ички инвестициялар ҳисобига тезлатганини кўрсатмоқда. Мисол учун, 2018 йилда иқтисодиётнинг ўсиш сурати 4,1% бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 4,5 фоизга етди. Хусусан, 2019 йилнинг дастлабки тўққиз ойи давомида 6,7 фоизга ўсди, ҳолбуки 2018 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич бор-йўғи 1,6 фоизга тенг эди. Инвестициялар соҳасида қуйидагича ўсишлар кузатилди: 2018 йилда – 2,8% ва 2019 йилда – 8,9%. Нархлар устидан ўрнатилган назорат ҳамда қатъий пул-кредит сиёсати инфлацияни жиловлаш имкониятини бериб келмоқда. Прогноз қилинишича, COVID-19 инфекцияси ва нефть сотишдан даромадларнинг пасайиб кетиши туфайли ўсиш суратлари кескин равишда қулайди, бироқ кейинроқ 2021 йилда нефть қазиб чиқариш ҳажми ўсиши ва солиқ соҳасидаги ўзгаришлар ҳисобига қайта тикланади. ОТБ мутахассисларига кўра, давлатнинг Қозоғистон фуқароларига ижтимоий кўмаги янада изчилроқ бўлиши керак, негаки бу ҳозирги замон шароитларида иқтисодиёт барқарорлигининг асосий омилларидан бири саналади. Уларнинг прогнозларига кўра, Қозоғистон иқтисодиётининг ўсиши бу йил 1,8 фоизгача қисқаради, негаки нефть ва табиий газ қазиб чиқариш ҳажми тушиб кетмоқда, шу билан бирга, жаҳон бозорларида энергия воситаларига ҳам нархлар пасаймоқда.
Тахмин қилинишича, нефтга нархларнинг барқарор ўсиши келгуси йилдан бошланади ва 3,6 фоизгача етади. Шунингдек, Қозоғистон фойдали қазилмалар қазиб чиқариш саноатида ҳам таназзул кутмоқда. Шу вақтнинг ўзида бу йил қишлоқ хўжалигида унчалик сезиларли бўлмаган – 2,9 фоизгача ўсиш юз беради ва келгуси йилда бу кўрсаткич 3,2 фоизни ташкил этади. COVID-19 коронавируси туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилингани ва бу транспорт ишлари, савдо ва туризм саноатидан тушадиган фойдага салбий таъсир кўрсатгани боис 2020 йилда хизмат кўрсатиш ҳажми аттиги 1,5 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.
Қирғизистон
Марказий Осиёдаги ушбу республикада ўтган йили барча сиёсий ва ижтимоий мураккабликларга қарамай Ялпи ички маҳсулот ҳажми 4,5 фоизга ўсган. Саноатда ўсиш тезлашган: 2018 йилда 5,9 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилга келиб бу кўрсаткич 8,1 фоизга етди. Хусусан, металл, минерал маҳсулот, кўмир, кийим ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш каби соҳаларда вазият анча яхшиланган. Ўтган йили қурилиш ҳажми 10 фоизга ўсган. 2019 йилнинг тўртинчи чорагида давлатга қарашли мактаблар ва касалхоналарда иш ҳақининг ўсиши меҳнат мигрантларининг хорижий мамлакатлардан (асосан Россиядан) пул жўнатмаларининг 13,5 фоизга қисқаришини қоплагани важидан аҳоли томонидан истеъмол қилиш ҳажми ўсган.
2020 йилда Қирғизистон иқтисодиётининг ўсиши 4 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. “Олтин экспорти глобал молиявий беқарорликдан ютиши мумкин бўлса ҳам (олтин қазиб чиқариш ва сотиш Қирғизистон бюджетининг асосий манбаларидан бири саналади – “Фарғона” изоҳи.), COVID-19 коронавируси туфайли Хитойдан хом ашё, машина ва жиҳозлар ва озиқ-овқат етказиб беришдаги узилишлар ишлаб чиқариш, қурилиш ҳамда импортга қарам бўлиб қолган бошқа соҳаларни ҳаракатсизлантириб қўяди. Агар эпидемия билан боғлиқ вазият янада ёмонлашиб, ёпиқ чегараларнинг очилиши чўзилиб кетса, [иқтисодиётнинг] ўсиши янада кўпроқ секинлашуви мумкин. Шундан кейин у 2021 йилда минтақада умумий аҳвол барқарорлашганидан сўнг 4,5 фоизгача ўсиши керак. Таклифлар ҳақида сўз юритилаётган экан, олтин ишлаб чиқариш яхши даражада қолади. Талаб ҳақида гапириладиган бўлса, [эҳтимолий харидорларнинг] харажатлари қисқариши мумкин, айниқса агар Қозоғистон ва Россиядаги инқироздан кейин пул жўнатмалари камайиши ортидан аҳоли томонидан истеъмол қилинадиган бўлса. Ўртача инфляция чегараларнинг ёпилиши ва қирғиз сўмининг АҚШ долларига нисбатан курси пасайиши важидан 2020 йилда озиқ-овқатга нарх-навонинг ўсиши 3,5 фоизгача ўсиши мумкин”, — дейилади ОТБ маърузасида.
Тожикистон
Тожикистон иқтисодиётининг умумий кўрсаткичлари давлат томонидан салмоқли инвестицияларнинг давомий киритилиши, пул жўнатмалари ҳажми ўсиши ҳамда заиф инвестициялар ва банк соҳасидаги ҳал қилинмаган муаммолар шароитида давлат бошқаруви остида саноатлаштириш ишларининг давом этиши сабабидан 2018 йилги 7,3 фоиздан 2019 йилда 7,5 фоизгача яхшиланди.
ОТБ мутахассислари прогноз қилишича, Тожикистонда иқтисодиёт ривожланиши сурати 2020 йилдаги 5,5 фоиздан 2021 йилдаги 5 фоизгача секинлашади. Бунинг сабаблари сифатида коронавирус тарқалишига қарши қабул қилинаётган чораларнинг кутилаётган оқибатларидан ташқари, мамлакатнинг хусусий инвестициялар учун кам жозибадорлигини, шунингдек, Россиянинг ички иқтисодий муаммолари туфайли пул жўнатмалари ҳажмининг кичиклашиб кетганини (Тожикистон фуқаролари пул ишлагани асосан Россияга борадилар) кўрсатиш мумкин. Кўрсатилган омиллардан ташқари Тожикистоннинг молиявий аҳволи учун муҳим бўлган молиявий таҳликалардан яна икки йирик банкнинг ҳамда бир нечта давлат корхоналарининг заифлигини ҳисобга олиб қўйиш керак. Шунингдек, Роғун ГЭС қурилиши бўйича фаолликнинг бирмунча пасайиши ҳамда Туркманистон-Хитой газ қувурининг Тожикистон участкаси қурилишининг секинлашуви прогноз қилинмоқда.
Маҳаллий валюта сомонийнинг россия рублининг девальвацияси ортидан эҳтимолий қулашига, кузда кутилаётган президент сайловлари важидан (хусусан, давлат томонидан бериладиган иш ҳақини кўтариш учун) йил давомида пул массасининг тезда ўсиб кетишига ва ноябрь ойида электр энергиясига тарифларнинг кўтарилишига қарамай, 2020 йилда инфляция 10 фоиздан паст даражада қолади. ОТБ мутахассисларининг хулосасига кўра, 2020 йилда Тожикистон бюджетига солиқ тушумлари 10 фоизга қисқаради. Бу биринчи навбатда импорт ҳажмининг пасайиши сабабидан содир бўлади. Тахмин қилинишича, электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми кўтарилиши ва уни Афғонистон ва Ўзбекистонга сотилиши шароитида экспортнинг умумий ҳажми 2020 ва 2021 йилларда 10 фоизга ўсиши мумкин.
Туркманистон
ОТБ ўтган йилги Туркманистон иқтисодиётига баҳо бера туриб, расмий статистик маълумотларга таянади. Марказий Осиёдаги энг ёпиқ саналган мамлакатнинг ҳукумати 2018 йилда унинг иқтисодий сектори 6,2%, ўтган йили эса 6,3 фоизга катталашган, дея ҳисобот берганди. Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ҳисоблаб кўрса, Туркманистонда нефть ва газ қазиб чиқариш бўйича ўсиш 2018 йилда 5,4% ва ундан кейинги йилда 6,6 фоизни ташкил этган. “Маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш (импорт ўрнини босиш) бўйича давлатнинг кўмаги иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида 6,3 фоизга барқарор ривожланишига шароит яратиб берди. ОТБнинг дастлабки баҳоларига кўра, газ қазиб чиқариш ҳажмининг кўпайиши саноатнинг 2018 йилда 6 фоиздан [2019 йилда] 6,9 фоизгача ўсишига имконият берди. Хизмат кўрсатиш секторининг кенгайиши 7% даражасида қолди, шу билан бирга, чакана савдо, умумий овқатланиш ва транспорт соҳасида ўсиш қайд этилди. Қишлоқ хўжалигида пахта ва буғдой етиштириш бўйича ҳукумат белгилаб берган режалари бажарилгани боис, ўсиш 2018 йилдаги 3,5 фоиздан [2019 йилда] 4 фоизгача тезлашди”, — дея кўрсатилади ОТБ маърузасида. Шу билан бирга, Туркманистонда хорижий валютанинг етишмовчилиги расмий курс билан қора бозор курси ўртасидаги фарқни янада катталаштириб, импорт товарларга нархларнинг ўсишига олиб келди.
ОТБ мутахассисларига кўра, Туркманистон иқтисодиётининг ривожланиш сурати 2020 йилдаги 6 фоиздан 2021 йилда 5,8 фоизгача секинлашади, негаки углеводородларни қазиб чиқариш ва уларни экспорт қилиш соҳаларига қўшимча сармоялар киритиш лозим бўлади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашда, енгил ва озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ва химикатлар – маҳаллийлаштириш қамраб олган барча соҳалардаги ўсиш ҳисобига саноат 6-7% оралиғида ривожланади. Ҳукумат қишлоқ хўжалигини қўллаши ҳақида эълон қилгани муносабати билан агросектор жорий ва келгуси йилда 4 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда, ваҳоланки ички бозор талаби ўсиш сурати секинлашгани боис хизмат кўрсатиш соҳасидаги ўсиш 5-6 фоизга секинлашади. Инфляция, тахмин қилинишича, қисқариши керак, бироқ хорижий валюта тақчиллиги импорт товарларига нархларнинг кўтарилишига олиб келиши эҳтимоли мавжудлигини англатади.
Ўзбекистон
Ўзбекистон ҳукуматининг маълумотларига кўра, мамлакат иқтисодиёти ўсиш сурати 2018 йилдаги 5,4 фоиздан 2019 йилдаги 5,6 фоизгача сезилар-сезилмас даражада тезлашган. Хусусан, сув таъминоти шароитларининг яхшиланиши ҳамда пахта ва буғдой учун нарх белгилашдаги рағбатлар турли экинлар ҳосилдорлигини 3,7 фоизга кўтаришга имконият бергани боис, ўтган йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 2,5 фоизга ўсган (2018 йилда – аттиги 0,3%). Бундан ташқари, чорвачилик ривожланишининг ўсиши 1,7 фоизни ташкил этди. Инфратузилмаларни ривожлантириш ва саноат объектларини замонавийлаштириш билан бирга уй жой қурилиши кўпайгани эвазига қурилишда ўсиш 2018 йилдаги 14,3 фоиздан ўтган йили 19 фоизгача тезлашди. Углеводородлар қазиб чиқаришнинг секинлашуви қазилма хом ашёларини қазиб чиқариш саноатида ва карьерларда фойдали қазилмалар қазиб чиқаришни 1 фоизга қисқартиргани туфайли саноат ўсиши 2018 йилдаги 10,8 фоиздан 2019 йилда 6,6 фоизгача пасайди, ваҳоланки қайта ишлаш саноатида ўсиш сурати 7,9 фоиздан 9,4 фоизгача кўтарилди. Савдода, уй жой соҳасида, умумий овқатланиш, транспорт ҳамда алоқа хизматларини тақдим этиш соҳасида ўсиш пайсайгани боис, хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам секинлашув қайд этилган: 2018 йилдаги 5,5 фоиздан ўтган йилда 5,1 фоизгача. Қайта ишлаш саноатига киритилган инвестициялар ҳажмининг кўтарилиши, фойдали қазилмалар қазиб чиқариш ва уй жой қурилиши ҳисобига асосий капиталнинг ялпи жамланмаси 2018 йилдаги 29,9 фоиздан 2019 йилда 33,9 фоизгача сакради. Инвестициявий иқлимнинг яхшиланиши хорижий займлар миқдорининг ўсишига ҳамда ишлаб чиқариш линияларини модернизациясига, ишлаб чиқариш захираларининг модернизациясига ва қурилишга киритилган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажмининг кўпайишига олиб келди. Аҳоли томонидан истеъмол ҳажми 2018 йилдаги 5,9 фоиздан 2019 йилда 5,7 фоизгача пасайган, бироқ ижтимоий истеъмол ўзининг ўсишини 4,8 фоиздан тахминан 5,5 фоизгача тезлаштирган. Давлат хизматчилари учун ойлик иш ҳақи ва даромадлари сезиларли даражада кўтарилган. Соф экспорт 4,2 фоизга ўсган, шундай қилиб экспортнинг ўсиши импорт ўсишидан ўзиб кетди.
Ҳукуматнинг барқарорлаштириш бўйича кўраётган чораларига қарамай, 2020 йилда COVID-19 инфекциясининг салбий таъсири билан бирга табиий газ ва мисга нархларнинг пасайиши Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсишини секинлатиб қўйиши эҳтимоли мавжуд.
Буғдой ва пахта нархларининг эркинлаштирилиши ҳамда ишлаб чиқаришнинг структуравий ислоҳотлари қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайишига олиб келиши кутилмоқда ва бу омил 2020 йилда қишлоқ хўжалигининг 2,5 фоизга ва 2021 йилда 3 фоизга ўсишига туртки бўлиши мумкин.
Саноат ўсиши 2020 йилда 5 фоизга секинлашади, негаки, фойдали қазилмаларни қазиб чиқаришнинг қисқариши ҳамда табиий газга ташқаридан талаб пасайиши кутилмоқда. Ҳукуматнинг ишлаб чиқариш инфратузилмасини ва корхоналарнинг экспорт салоҳиятини яхшилаш бўйича режалари муносабати билан саноат ўсиши прогнозларга мувофиқ 2021 йилда 20 фоизни ташкил этади ҳамда ички ва ташқи талабнинг ўсишини ҳамда савдонинг тобора эркинлашувини акс этади. Уй жой қурилиши ислоҳоти ва шаҳар инфратузилмаларининг ривожлантирилиши туфайли 2020 йилда қурилиш ҳажми 17 фоизга ва 2021 йилда 15 фоизга ўсиши кутилмоқда. Иш ҳақи ва пенсиялар миқдорининг кўтарилиши ҳамда транспорт ва молия соҳасидаги ислоҳотлар савдо, транспорт ва банк иши соҳаларини қўллаб-қувватлаши керак. Шундай қилиб, коронавирус тарқалиши билан боғлиқ глобал ваҳималардан сўнг туризм секторидаги муҳтамал таназзулга қарамай 2020 йилда хизмат соҳаси 4 фоизга ва 2021 йилда 5,5 фоизга ўсиши кутилмоқда. Талаб ҳақида тўхтаб ўтиладиган бўлса, инвестициялар ўсишнинг асосий омили бўлиб қолади. Вақти-вақти билан иш ҳақининг кўтарилиши инфляцияни секинлатиш билан бирга 2020-2021 йилларда аҳоли томонидан истеъмолни қўллаб-қувватлаши керак, гарчи рубль курсининг долларга нисбатан пасайиши пул жўнатмалари миқдорига салбий таъсир кўрсатса ҳам.
Александр Рибин
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
03 Октябрь03.10Мослашув имтиҳониРоссияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида
-
16 Август16.08«Халқ ва давлат: АЭС бўйича референдум ким тарафида?»Қозоғистонда шу номдаги масалага бағишланган «Трансчегаравий журналистика» лойиҳаси ишга туширилди
-
13 Август13.08Париждан медаллар биланМарказий Осиё спортчиларининг 2024 йилги Олимпиада ўйинларида эришган натижалари ҳақида
-
12 Август12.08Минтақанинг ўзига хос одимиМарказий Осиё давлатлари президентлари Остонадаги учрашувда умумий манфаатларни илгари суриш тарафдори бўлдилар