“Врачлар тиббий суғурта ва регистрацияни сўраяптилар”

Коронавирус юқтириб олган мигрантларга ким ёрдам беради? Улар билан хонадонда бирга яшайдиган шерикларигачи?
КАРАНТИНГА ЁПИЛГАН НОҚОНУНИЙ ХОСТЕЛДАГИ ИШЧИ-МИГРАНТЛАР . ЛЕНИНГРАД ВИЛОЯТИ АДМИНИСТРАЦИЯСИ МАТУБОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Россияда меҳнат мигрантлари орасида коронавирусга чалинишнинг биринчи ҳолатлари қайд этилди. Кимдадир касаллик оғир кечмоқда, уни касалхонага олиб кетишяпти. Бироқ касаллик енгил кечадиган ва коронавирусни уйида даволайдиган чет эл фуқароларига нима қилиш керак? Улар ижарага пул тўлашлари, озиқ-овқат, дори воситаларини сотиб олишлари ва шу билан бирга, қўшниларига касалликни юқтирмасликлари ва кўчага чиқмасликлари керакку? Айнан шундай одамларга ёрдам бериш учун ҳуқуқ ҳимоячиларти, волонтёрлар ва мутасаддилар бирлашдилар.

Пандемия бошланмасдан олдин Ҳасан Тўлаев Ўзбекистонда қолган катта оиланинг боқувчиси эди. 15 апрель куни ўзининг 34-ёшини нишонлайдиган кунда у совға ўрнига коронавирусга ўтказилган тестдан мусбат натижани олди.

Ҳасан Навоий вилоятида туғилган. Россияга пул ишлагани илк бор 2003 йилда келиб, Нижний Новгород, Владимир вилоятида, Коми Республикасида ишлаган, кейин бўлса Москвага келиб ўрнашиб олган. Ҳасан – евроремонт бўйича мутахассис, бироқ кўпчилик мигрантлар каби бир нечта ишларни алмаштирган. 2019 май ойидан бери базада экспедитор бўлиб, бутун Москва бўйлаб ичимлик шарбатларини тарқатган.

— Мен бу ерда акам билан яшаганман, аммо у 5 март куни ватанга қайтиб кетишга улгурган. Мен 18 май куни қайтишни режалаштириб юргандим, шу кунга келиб мен бир йилга расмийлаштирган ҳужжатларимнинг муддати якунига етадиган бўлиб қолганди, — дейди Ҳасан.

Ҳасан 27 мартгача ишлади, кейин бўлса ишни тўхтатиб, ўзини яккалатиш (самоизоляция) тартибига ўтишга қарор қилди.

— Йўқ, мени ишдан бўшатишгани йўқ, бошлиғим яхши одам, менинг касал бўлиб қолганимни билиб, пул ўтказиб берди, — дейди Ҳасан.

Ҳасан касалликни қандай қилиб юқтириб олганини ўзи ҳам тушунмаяпти.

— Мен тиббиёт олий таълим муассасасини тамомламаганман, бироқ бу соҳа билан доим қизиқиб келганман. Ҳаммаси бошланганида, 750 рублга яхши ниқоб ва медицина қўлқопларини сотиб олдим, кунига уч мартадан алмаштирдим, салфеткаларим ҳам оддий эмас, спиртга бўктирилган. Мен ҳатто қўлларимни пулга ҳам теккизмаганман. Мен ишни ҳам шунинг учун тўхтатганман, касалликни ўзимга юқтириб олмаслик ва бошқаларга юқтирмаслик учун. Мен уйга кетган бўлардим, аммо йўллар ёпилиб бўлган.

Вирус ўйинчоқ эмас

Ҳасан учта шериги – Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари билан бирга квартирани ижарага олишган. Улар ишни тўхтатишгани йўқ, бири ахлат ташийдиган машина ҳайдовчиси, иккинчиси – юк ортувчи ва учинчиси – новвойхонада ишлайди.

— Мен ҳатто уларга ниқоб ҳам олиб бердим, уларга коронавирус ўйинчоқ эмас, ўзларингизни эҳтиёт қилиб юринглар, деб айтдим. Апрель бошида новвойхонада ишлайдиган Одил ишдан истима билан келди. Менда ҳам истима кўтарилишга бошлади, мен ўша заҳоти дори ичиб олдим, шифокор ҳузурига бориб келдим, мени текшириб кўриб, ўпкаларим тоза деб айтишди. Кейин тана ҳароратим сакрашга тушди, 39 га ҳам чиқди, 37,4 га ҳам тушди. 7 апрель куни мен уч марта тез ёрдам чақиртирдим. Ваниҳоят, ҳимоя костюмларини кийиб олган врачлар келишди, укол қилиб, таблетка бериб кетишди. Эртаси куни поликлиникадан навбатчи врач келиб менга антибиотик ёзиб берди. Мендан вирусни текшириш учун мазок олинглар деб илтимос қилдим ва 9 апрелда ҳимоя костюм кийган ва ниқоб таққиб олган аёл келиб мендан анализга биоматериал олиб кетди. Мен ундан шерикларимдан ҳам анализ олгин, ахир биз бирга яшаймизку, деб илтимос қилдим. Бироқ бунга менинг ҳақим йўқ деб жавоб берди, — дейди Ҳасан.

Ишчи мигрантларнинг ётоқхонаси. Илья Варламов фотосурати, Varlamov.ru

Тест натижаси қачон тайёр бўлишини йигитга айтишмади. Бироқ натижалар кутилаётган пайтда новвойхонада ишлайдиган йигитнинг аҳволи ёмонлашди, у оғир нафас ола бошлади ва 15 апрель куни уни касалхонага олиб кетишди.

— 14 апрель куни менга телефон қилиб, тест натижалари мусбат чиққанини, чиндан ҳам коронавирус юқтириб олганимни айтишди. Мен уларга яна мен билан бирга яшайдиган шерикларим бор, уларни ҳам текшириш керак деб айтдим, аммо улар бу гапимни эътиборга олишмади. Қўлимда ташхис қўйилган қоғоз йўқ эди, шунинг учун ҳам 15 апрель куни, қўшнимни касалхона олиб кетишганидан сўнг поликлиникага бордим. Мендан анализга қон олишди, ўпкаларимни компьютер томографиядан ўтказишди, кейин қўлимга ташхис қўйилган қоғоз билан битта упаковкадаги “Плаквенил” беришди, бу дорини аптекаларда сотишмайди. Яна ўзим “Азитромицин” сотиб олиб, ўн кун давомида ичиб юришим кераклигини айтишди.

Ҳасаннинг айтишича, улар ҳозир ҳам аввалгидек – уч киши битта хонада яшаяптилар. Уларнинг касалхонага олиб кетилган қўшниси мунтазам равишда телефонда хабар олиб турибди, айтишича, аҳволи яхшиланиб боряпти, уни даволашяпти ва бир ҳафтадан сўнг уйга қўйиб юборишни ваъда қилишяпти. Бироқ шундан кейин 14 кун давомида у изоляцияда бўлиши керак экан. Ҳасан ҳам касалхонада даволанишни истаяпти, бироқ нега уйда даволиши кераклигини тушунмаяпти. Коронавирус инфекциясини юқтириб олгани тасдиқлангани ҳамда изоляцияда бўлиши кераклигидан ташқари, бу йигитлар квартира ижараси ҳақини (27 минг рубль), патент пулини (ҳар ой 5350 рублдан. 15 мартгача амал қилган патентларнинг муддатлари 18 апрель куни уч ойга чўзилди) тўлашлари керак. Дори ва озиқ-овқат сотиб олгандан кейин эса Ҳасан ва унинг хонадон бўйича қўшниларида пул қолгани йўқ.

Коронавирус юқтириб олган мигрантлар оз

Мигрантларга кўмак кўрсатиш бўйича “Тонг Жаҳони” нотижорат ташкилотининг раҳбари Валентина Чупик “Фарғона” нашрига айтиб беришича, ҳозирча Россияда коронавирусга чалинганларнинг умумий сонига нисбатан чет эллик ишчиларнинг улуши арзимаган даражада ҳам оз.

— Пандемия бошланганидан бери менга тасдиқланган ташхис қўйилган одамлардан бор-йўғи беш киши телефон қилди, холос. Ташкилотимиз фаолларига ёрдам сўраб Москвадаги қирғизистонлик оила ҳамда Санкт-Петербургдаги беш нафар вирус юқтириб олган эркаклар мурожаат қилдилар. Ўзбекистон Ташқи меҳнат мигрантлари агентлиги ватанига учиб кета олмай қолган фуқароларини жойлаштирган хостелда 11 кишининг коронавирус юқтириб олгани аниқланган. Ўтган душанба кунигача олинган маълумотларга кўра, коронавирус Ўзбекистон фуқароларининг 70 тасида, Қирғизистон фуқароларидан 30 тасида ва Тожикистон фуқароларидан 35 тасида тасдиқланган, — дейди ҳуқуқ ҳимоячи аёл.

Диаспора ва элчихоналарнинг ўз рақамлари бор

Помирнинг “Нур” диаспораси маълумотларига кўра, 16 апрелга келиб помир тожиклари орасида коронавирус инфекциясини юқтириб олган одамларнинг сони 66 кишини ташкил этади, 125 нафар одамга нисбатан гумон бор ва икки бемор вафот этган.

Қирғизистон элчихонасига Россиядаги деярли 50 нафар мамлакат фуқароларининг коронавирус юқтириб олгани маълум.

— Бир кунда бизга 500 тагача телефон қўнғироқлари келиб тушади, энг асосий саволлар – ватанга энг яқин рейс қачон бўлади ва тиббий ёрдам кўрсатиш тўғрисида. Баъзилар ишга жойлашиш масаласида ёрдам сўрайдилар, бошқалари – пули бутунлай қолмагани важидан озиқ-овқат билан ёрдам беринг дейди, — дея вазиятни тасвирлайди дипломатик миссиянинг матбуот котиби Гулбарчин Байимбетова “Фарғона” билан суҳбатда. Унга кўра, элчихона озиқ-овқат билан ёрдам беришни бошлаб юборган, дипломатик миссия қошида волонтёрлар ишлаяпти. Москвада ишлаётган қирғизистонлик шифокорлар маслаҳат ёрдамини кўрсатишмоқда.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Россиядаги коронавирус юқтирган фуқароларнинг сони 42 кишини ташкил этади. Тожикистон элчихонаси “Фарғона” агентлигининг коронавирусга чалинган фуқароларнинг сони тўғрисидаги саволига жавоб бермади.

Валентина Чупикка кўра, мигрантларнинг аксарияти касалликни бири-биридан юқтириб олган, негаки бирга яшайдилар. Фақат санитар бўлиб ишлайдиган ўзбекистонлик йигит коронавирусни иш жойида юқтириб олган. Чупикка мурожаат қилган беш кишидан икки нафари касалхонада даволанмоқда, қолганлари – уйда. Хостелдаги одамлар бинонинг ажратиб қўйилган қисмида жойлашган, улар билан ҳеч ким мулоқот қилмаяпти.

— Мигрантлар асосан ўзларининг муҳитида мулоқотда бўлганлари туфайли россияликларга касалликни юқтириб қўйиш имконияти уларда паст даражада. Бироқ, уларда коронавирусни бир-бирига юқтириб олиш имконияти жуда юқори, — дея қайд этади Чупик.

Поликлиникалар ҳамма учун ҳам эмас

Мигрантларга кўмак бераётган юрист Зарнигор Омониллаеванинг “Фарғона” агентлигига айтиб беришича, агар у кунида 20 та қўнғироққа жавоб берса, улардан камида иккитаси ўзини коронавирус юқтириб олишда гумонлаётган одамлардан бўлади.

— Ҳозир одамлар орасида саросима, ваҳима пайдо бўлган, шунининг учун мен аввало уларни ўзига хос “ғалвирдан” ўтказаман. Мен коронавируснинг аломатларини очиб уларга савол бера бошлайман. Бахтимга, кўп ҳолларда одамларнинг хавотирлари беҳуда бўлиб чиқади, — дея қайд этади юрист.

Бироқ коронавирус аломатлари мавжуд мигрантлар жиддий муаммога йўлиқмоқдалар: уларни вирусга тест ўтказиб теширишни истамаяптилар.

Ноқонуний хостел ҳудудидаги мигрант ишчиларни даволаш учун ўрнатилган медицина чодирлари. Ленинград области администрацияси матбуот хизмати фотосурати

Менга тўрт киши мурожаат қилди, улар ўзларида коронавирус борлигини гумон қилиб, тест топширмоқчи бўлдилар. Уларнинг иккитасига тез ёрдам чақира олдик, иккитасига бўлмади. Чақирилган врачлари келмаган одамлар Роспотребнадзорга телефон қилдилар, у ердагилар тестни бепул топшириш мумкин, фақат бунинг учун поликлиникага боринглар деб айтишди. Ҳамма поликлиникаларнинг эшигида тепловизор ушлаган одамлар туришибди, улар беморнинг тана ҳарорати юқорими ёки йўқлигини аниқлаши ҳамда тест топшириш заруратини тасдиқлаб беришлари мумкин. Бироқ бунинг ўрнига мигрантларга регистрациянгиз борми, қаерда яшайсиз, тиббий суғуртангиз борми каби саволларни бера бошлаяптилар. Ишқилиб, беморни қабул қилишмаса бўлди. Поликлиникаларда мигрантларга бир хил гаплар айтилади: “ҳеч ким чет эллик фуқароларга нисбатан умумий қоидаларни бекор қилмаган”. Яъни, пандемияга, самоизоляцияга ҳамда иложи борича коронавирусда гумонланаётган одамлардан кўпроғини тест текширувидан ўтказиш зарурати тўғрисидаги баёнотларга қарамай, чет эллик фуқароларга нисбатан умумий тартиб бўйича эмиш, гарчи бу ибора бугунги кунда нимани англатаётгани тушунарсиз бўлиб қолди, — дейди юрист.

— Мигрантлар виждонан тез ёрдам чақиртиряптилар, кейин тез ёрдамнинг тавсиясига биноан коронавирус бор-йўқлигини аниқлаш учун поликлиникага тест топширгани боряптилар. Демак, улар ўзларининг зиммаларидаги масъулияти чуқур ҳис қилишмоқда, — дея қайд этади Омониллаева.

Валентина Чупик қўшимча қилишича, баъзида тез ёрдам медицина полиси йўқлигини баҳона қилган ҳолда чет эллик фуқаронинг чақириғини рад этмоқда.

- Буни дискриминация сифатида баҳолаш мумкин. Коронавирусни даволаш учун медицина полиси талаб қилинмайди, чунки бу ижтимоий жиҳатдан хавфли бўлган юқумли касаллик ва уни бепул даволанади.

Тез ёрдам ходимларининг умуман олганда, мигрантларнинг қўнғироқларига нисбатан муносабатлари қандай, деган саволга Валентина Чупик шундай жавоб берди: “Руслар телефон қилганга нисбатан анча ёмон”.

— Лекин бунда нафақат тез ёрдам ходимларининг, балки бизнинг одамларнинг ҳам айби бор. Мисол учун биринчи мурожаатни қабул қилганимда, мен бу одам қайси шаҳарда, қайси кўчада, қайси подъездда ва нечанчи квартирада яшаётганини аниқлаш учун 40 дақиқа вақтимни сарфладим. Шифокорлар бунақанги савол-жавобга вақтини сарфлай олмайди. Шунинг учун мигрант тез ёрдамга мурожаат қиладиган бўлса, ўзининг яшаш манзилини ҳамда коронавируснинг аломатларини аниқ айтиши керак. Агар у бошим оғрияпти, ўзимни ёмон хис этяпман, деса ҳеч ким келмайди. Коронавируснинг асосий симптоми (аломатлари) – истима, нафас олишнинг оғирлашуви ҳамда мушакларда оғриқ пайдо бўлиши, — дея қайд этади Чупик.

Ҳуқуқ ҳимоячи аёл касалхоналарга олиб кетилмаётган мигрантларнинг хавотирларини тушунаётганини, бироқ коронавируснинг енгил кўриниши билан касалланган россиялик беморлар ҳам ўзларининг уйларида даволанаётганини айтиб юпатмоқда.

— Бу менталитетга оид масала. Мигрантлар зиммасида улкан ижтимоий босим бор: улар ҳам ўзларининг ва ҳам ватанда қолган оилаларининг тирикчилигини таъминлашлари керак. Шунинг учун ҳам улар ўз квартираларида ишсиз ва бекор ўтиришганида, Россияда бўлишнинг маъносини йўқотиб қўйгандек бўладилар. Агар мен касал бўлсам, унда нега мени касалхонада даволашмаяпти? Агар менинг касалхонада бўлишим шарт бўлмаса, унда нега менга ишлаш мумкин эмас, деб ўйлайди мигрант. Шунинг учун ҳам бизга қўнғироқ қилаётганларга шу нарсаларни тушунтиришга уринамизки, биринчидан, вирусга қарши бирор-бир муайян дори йўқ, шунинг учун уларга турли дори воситаларини қўллашни буюришлари мумкин. Иккинчидан, касаллик енгил кўринишда ўтадиган бўлса, беморни касалхонага ётқизиш зарурат йўқ.

Юрист Зарнигор Омониллаевага кўра, пандемия даврида ҳам қонуний ва ҳам ноқонуний мигрантларнинг тиббий ёрдамга ҳуқуқини россиялик фуқароларнинг ҳуқуқлари билан тенглаштириб қўйиш керак. Шунингдек, тест топширишни миграция рўйхатидан ўтган манзилга боғлаш тўғрисидаги қоидани ҳам бекор қилиш керак.

— Агар тез тиббий ёрдами беморнинг айни пайтда турган жойи бўйича эмас, балки фақат миграция рўйхатига боғланган манзил бўйича кўрсатиладиган бўлса, унда ўзини яккалатиш тартиби хали-вери ниҳоясига етмайди, — дейди комил ишонч билан юрист. – Қандайдир муддатга “умумий тартибни” бекор қилиш ҳамда мигрантларга тиббий ёрдамни Россия фуқароларига каби бир хилда кўрсатиш керак.

Озиқ-овқат, ижара тўлови, дори-дармон...

Ҳозирги вазиятда коронавирус инфекциясини юқтириб олган мигрантлар ёки карантинда ўтирганларга қўшимча ёрдам керак.

— Мигрантлар ўзини яккалатиш тартибига риоя қилаётганлари яхшику. Лекин ҳозир одамлар ишсиз қолиб кетдилар ва агар улардан бирортаси яшайдиган хонадон эгасига ижара ҳақини тўлай олмай кўчада қолиб кетса, бу коронавирусни бошқаларга юқтириш нуқтаи назаридан анча хавфлироқ бўлади, — дея қайд этади Чупик.

Москвадаги қурилиш майдонларидан биридаги ишчи-мигрантлар . Илья Варламов фотосурати, Varlamov.ru

Зарнигор Омониллаевага кўра, у баъзи уйини ижарага берувчилар билан музокара ўтказиб, бир неча мигрантлар учун ижара ҳақини камайтириш ёки кечиктириш тўғрисида келишиб олишга эришди.

Лекин ҳамма ҳам бунга рўйҳушлик бермаяпти.

Химки шаҳрида уч болали оила истиқомат қилади. Аёл куни бўйи уйла болаларига қараб юрган, биргина отанинг ўзи ишлаган ва мана энди бўлса иши тўхтаб даромаддан маҳрум бўлган. Таниш такси ҳайдовчилар озиқ-овқат олиб келиб туришибди. Аммо квартира учун ижара ҳақи 24 апрелгача тўланган, холос. Уйнинг эгаси ўз вақтида пулини тўлайсан деб туриб олган ва келишувга эришиб бўлмаса ёки зудлик билан пул топилмаса, оила кўчада қолиб кетиши мумкин.

Пандемия бошлангунига қадар тарангловчи шифтлар ўрнатиш билан шуғулланадиган кекса ёшга бориб қолган икки эркакнинг ҳам тирикчилик қилгани пули қолмади.

— Бирининг Ўзбекистонда беш нафар фарзанди бор, ҳозир уни ҳатто юк ортувчиликка ҳам ишга олишмаяпти. Квартирадаги шерикларининг пулига тирикчилик қилаётгани боис, қулоғигача қарзга ботиб кетган. Яна битта қирғиз оиласини биламан, уларнинг бешта фарзанди бор, пандемиягача ота-она мактабда ишлаган, мактаб эса ҳозирги кунда ёпиб қўйилган, — дейди Зарнигор Омониллаева.

Пандемия туфайли ночор аҳволда қолган кўплаб мигрант аёлларга ҳам ёрдам керак.

— Аёллар асосан фаррошлик ишларида ҳамда хизмат кўрсатувчи ходима бўлиб ишлайдилар, лекин савдо марказлари ва қаҳвахоналар карантин эълон қилиниши билан ўз ишини тўхтатиб қўйдилар. Менга биринчи бўлиб ёрдам сўраб мурожаат қилганлар ҳам қаҳвахона ва савдо марказларининг ходималари бўлган, — дейди Омониллаева.

Кенгашга бирлашдилар

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентилигининг (ТММА) Россиядаги ваколатхонаси раҳбари Саиднўъмон Мансуровнинг “Фарғона” нашрига айтишича, ҳозир уларга одамлардан коронавирус масаласи бўйича ҳар куни икки юзтагача телефон қўнғироқлари келиб тушмоқда.

— Биз мигрантлар орасида саросима бошланиб кетганини тушундик, уларга нафақат моддий ёрдам, балки руҳий кўмак ҳам керак, улар билан ўзларининг она тилида гаплашиш керак, — дейди Мансуров.

Ҳуқуқ ҳимоячилари, юристлар, мутасаддилар ва элчихоналар ходимлари ўртасида ўтган тўхтовсиз музокара ва маслаҳатлар натижасида Миргантларга ёрдам кенгашини тузиш бўйича қарор қабул қилинди. Унинг таркибига Ўзбекистон Республикаси элчихонасининг, Ўзбекистон ТММА, Қирғизистон Давлат миграция хизматининг вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилар, волонтёрлар, юристлар, журналистлар киритилди. “Фуқаролик ҳуқуқлари учун қўмита” Регионлараро жамоатчилик хайрия ташкилоти, “Твори добро” хайрия жамғармаси, Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Россия бўлими ва Қизил Хоч жамияти кенгашга шерик сифатида қўшилдилар. Кенгашга оддий одамлар хайрия қилган маблағлар келиб тушмоқда.

Кенгаш таркибига кирган Валентина Чупикнинг таъкидлашича, бугунги кунда уларнинг олдида иккита асосий вазифа турибди.

— Биринчидан, биз коронавирус юқтириб олган мигрантларнинг мурожаатларини қайд этамиз ва медицина ёрдамини олишга кўмак берамиз. Иккинчидан, бизнинг волонтёрларимиз озиқ-овқат тўпламларини тарқатишни бошлаб юбордилар, — дейди ҳуқуқ ҳимоячи аёл.

Мигрантлар учун озиқ-овқат тўпламлари. "Фарғона" фотосурати

Кенгаш томонидан операторлари чет эллик фуқароларнинг саволларига рус, қирғиз, тожик ва ўзбек тилларида жавоб берадиган ишонч телефонлари ташкил этилган. Ҳаммасидан кўра тез медицина ёрдами иши устидан шикоятлар кўпроқ тушмоқда.

— Рус тилини яхши билмайдиган меҳнат мигрантлари учун шифокорларни тушуниш қийин бўлмоқда. Уларга тез ёрдам келади, ҳароратни ўлчайди, беморнинг аҳволини текшириб кўради ва уни касалхонага ётқизиш керакми ёки йўқлиги тўғрисида қарор қабул қилишини тушунтириб бериш керак. Операторларимизнинг олдига шу жумладан, қуйидаги вазифа қўйилган: улар коронавирусни даволайдиган махсус дори воситалари йўқлигини, шунинг учун ҳам шифокорлар касаллик аломатларини енгиллатувчи турли препаратларни ёзиб беришларини тушунтириб қўйиш. Бундан ташқари, ҳамма беморлар ҳам касалхона ётқизилмайди, улар уйларида ҳам даволанишлари мумкин, — дейди Мансуров.

Мигрантларга кўмак кенгашининг ишонч телефонт рақами — +7 903 561 85 85

Агар бирор кишида коронавирус ташхиси аниқланган ва буни тасдиқловчи ҳужжати бўлса, унга ва унинг квартирада бирга яшайдиган шерикларига ўзларини яккалатиш тартибига амал қилишлари учун озиқ-овқат тўпламлари, дори ва индивидуал ҳимоя воситалари – қўлқоп, ниқоб ва антисептиклар тақдим этилади.

— Бундай оғир вазиятларда нафақат ҳуқуқ ҳимоячилари ва волонтёрларнинг, балки давлат органлари ва жамоатчилик ташкилотларининг ҳам ҳаракатлари бирлашаётганини кўриб турибмиз. Ҳозир биз умумий ижтимоий муаммога тўқнаш келиб турибмиз ва бу муаммо учун фуқароликнинг аҳамияти йўқ, уни фақат биргалашиб ҳаракат қилган тақдирда ҳал қила оламиз. Бугунги кунда бизнинг асосий вазифамиз – коронавирус инфекциясини юқтириб олганларга ёрдам бериш ҳамда қолганларнинг инфекция юқтириш эҳтимолини иложи борича камайтириш, — дея хулоса қилди Саиднўъмон Мансуров.

***

17 март куни Ҳасан менга қўнғироқ қилиб, аҳволи анча ёмонлашганини айтди. У тез ёрдам чақиришга бошлади ва ўнинчи қўнғироқда омади келиб, врачлар келишди. Ҳасанни касалхонага олиб кетдилар. Бир кун олдин эса унинг икки қўшниси – Тоймурод ва Ҳаётжондан ҳам коронавирусга тест олдилар.

Екатерина Ивашенко

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россиядан Ўзбекистонга учадиган чартер рейсга элчихонадаги электрон навбатдан айланиб ўтиб, қандай қилиб авиачипта сотиб олса бўлиши ҳақида

  • Россияда мигрантлар учун “ишонч рейтингини” жорий этиш режалаштирилмоқда. Хитойда бундай рейтинг яратиб бўлинган

  • 2010 йил тўполонларидан сўнг Ўш шаҳри қай аҳволда эди. Фожиа кунига бағишланади

  • Ўзбекистон элчихонаси ватанга биринчи навбатда кимларни жўнатиш борасида нималарга асосланиб қарор қабул қилаётгани ҳақида