Ўзбекчасига лоббилаштириш

Давлат туризм қўмитасининг собиқ мутасаддиси – хорижий ғоялар ва технологияларни жалб этиш бўйича янги лойиҳа ҳақида
АНДИЖОНДАГИ ТЕХНОПАРК . PRESIDENT.UZ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Ўтган йилнинг августида Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг барча янгиликлар ленталарида республика президенти Шавкат Мирзиёевнинг маҳаллий ва чет эллик блогерлар қуршовчида тушган суратларига тўлиб кетди. Бу воқеа Самарқанддаги “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалининг очилиши маросимида содир бўлган. Умуман олганда, ижтимоий тармоқларнинг омма орасида танилган ва матлуб бўлган аккаунтларининг эгалари биргина давлат раҳбари билан селфига тушиш ниятида бу ерга келганлари йўқ эди. Фестиваль арафасида Тошкентда инфлюэнсерларнинг биринчи Халқаро конгресси бўлиб ўтди. Ўзбекистон пойтахтида 40 дан зиёд мамлакатлардан келган 100 нафар блогерларни тўплаган ушбу анжуманнинг бевосита ташкилотчиси сифатида Давлат туризм қўмитаси раисининг айни пайтда собиқ маслаҳатчиси Беҳрўз Ҳамзаев чиққан эди.

Бугун у мустақил Ziyo Forum нодаавлат-нотижорат ташкилотида ишляб, Марказий Осиёдаги ушбу мамлакат учун қизиқарли ва ностандарт лойиҳаларни ўйлаб чиқаришда давом этмоқда. Уларнинг орасида World Vatandosh Accelerator – муваффақиятли саналган бизнес-ғояларни тўплаб, Ўзбекистон шароитида ҳаётга бардошлилигини синаб кўришга уринувчи лойиҳани ҳам қайд этиб ўтиш мумкин. Ушбу лойиҳа ҳақида батафсил – Беҳрўз Ҳамзаевнинг “Фарғона” нашрига берган интервьюсида таништириб ўтамиз.

Беҳруз Ҳамзаев — Ziyo Forum жамғармаси директорининг ўринбосари, халқаро бўлим мудири бўлиб ишлайди. У Жанубий Кореядаги Жусонг-Чўнгжу университетининг менежемент ва маркетинг факультетини тамомлаган. 2017 йилда Ўзбекистон Инновациявий ривожланиш вазирлигида инновациявий лойиҳалари натижаларини тижоратлаштириш бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган. 2017-2019 йилларда маркетингга оид тадқиқотлар ва миллий туризм маҳсулотларини ривожлантириш бўлими бошлиғи вазифасида ишлаган ва ундан кейин Ўзбекистон Давлат туризм қўмитаси раисининг туризмни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси бўлган.

— Беҳрўз, World Vatandosh Accelerator лойиҳаси кимнинг ташаббуси билан яратилган?

Шавкат Мирзиёев блогерлар билан. Комил Алламжонов фотосурати

— Ташаббусни мен кўтариб чиққанман. Давлат туризм қўмитасида ишлаб юрганимди бу ва бошқа ғояларим ҳам бор эди. Бироқ ўша пайтда бу турдаги ғояларни амалга оширишга конъюктура йўл қўймаган ва шу боис уларни музлатиб қўйишимга тўғри келганди. Ҳозир мен Ziyo Forum ташкилотида ишлаяпман, бу таълим ва фан йўналишидаги янги нодавлат-нотижорат ташкилоти Вазирлар маҳкамасининг ташаббуси билан тузилган.

Айни фурсатда мен ташкилот директорининг халқаро ишлар бўйича ўринбосари вазифасини бажаряпман. Биз НТТ фаолияти доирасида акселератор лойиҳасини ривожлантирамиз ва ишлаб чиқамиз.

— Лойиҳа ғояси қандай пайдо бўлган, унинг мақсад ва вазифалари нимадан иборат ва кимлар унинг иштирокчиси бўла олади?

— Умуман олганда, бу ғоя анчадан бери фикримни чулғаб олганди. Биз хорижий мамлакатларда кўпчилик ўзбекистонликларнинг истиқомат қилаётганини биламиз – турли маълумотларга кўра, 5 дан 10 миллионгача. Уларнинг ҳаммаси ҳам меҳнат мигрантлари эмаслиги маълум. Кўпчилик тадбиркорлик соҳасида сезиларли муваффақиятларга эришган, олимлар, антрепренёрлар бор, турли лавозимларни эгаллаган ва қандайдир технологиялар ва компанияларга эгалик қилаётганлар ҳам бор. Лойиҳада биз Vatandosh – Ватандош сўзини бекорга ишлатмаганмиз. Акселераторда иштирок этиш мутлақо бепуллигини таъкидлаб ўтаман.

Қисқароқ қилиб тушунтирадиган бўлсам, биз акселератор деганда технологиялар трансферини кўз олдимизга келтирамиз. Биз ушбу акселераторда MVP (minimum viable product – минимиал ҳаётга бардошли маҳсулот), муваффақият қозонган кейсга эга бўлган компаниялар ва ғояларнинг иштирок этишини истаймиз. Биз фақатгина қандайдир салоҳиятга эга бўлган стартаплар билан қизиқмаймиз, биз ўзининг мақсадга мувофиқлигини бошқа мамлакатларда тасдиқлаб бўлган реал лойиҳаларни жалб этишни истаймиз.

— Лойиҳанинг хорижий аналоглари борми?

— Бор. Акселератор – бу янги тушунча эмас. Бизникига ўхшаган давлат акселераторлари бошқа баъзи мамлакатларда ҳам бор. Мисол учун, Бирлашган Араб Амирликларида. Бироқ у ерда ғоя бошқа тамойилга асосланган ҳолда ишлайди. Араб акселераторларида вазирлик ва маҳкамалар ўзларининг ҳал қилиниши зарур бўлган муаммо ва масалаларини кўтариб чиқадилар. Ва бу масалаларни ҳал қилиш бўйича лойиҳада маҳаллий иштирокчилар билан бирга бутун дунё компаниялари ҳам ўз таклифлари билан қатнашиши мумкин.

Биз бир оз бошқача йўл билан қадам боса бошладик, негаки ушбу босқичда ташқаридан, хориждан туриб биздаги муаммолар яхшироқ кўринади, деб ўйлаймиз. Хусусан, мен айни пайтда Ўзбекистонда ҳозирги кунда амалга оширилиаётган ислоҳотлар босқичидан ўтиб бўлган мамлакатлар ҳақида гапиряпман. Улар биздан олдинга ўтиб бўлган ҳамда юзага келган вазиятга бизлардан кўра кенгроқ кўз билан назар солишлари ҳамда муаммони ҳал қилиш бўйича синалган ва тайёр ечимини таклиф этишлари мумкин. Шунинг учун ҳам биз акселераторимизнинг ишлаш тамойилини ўзгартирдик: бу ерда лойиҳа иштирокчиларининг ўзлари Ўзбекистондаги исталган соҳаси – таълим, медицина, агрокультура, туризмда бўладими, мавжуд муаммонинг таърифини келтиридилар ва ўзлари ечим йўлларини таклиф этадилар.

— Ахир компаниянинг ўзи мисол учун, Инвестициялар вазирлигига ўзининг ғоялари билан мурожаат эта олмайдими?

Беҳрўз Хамзаев . Шахсий архивдан олинган фотосурат

— Инвестициялар вазирлигининг асосий вазифаси – инвестицияларни жалб этиш, яъни масаланинг молиявий томонига тегишли. Бизнинг вазифамиз эса технологиялар, компаниялар ва ғояларни жалб этиш ва трансферидан иборат. Ушбу босқичда молиявий маблағлар иккинчи ўринда туради. Албатта бу ерга технологияларни олиб киришга ҳамда уларни ривожлантиришга сармоя киритишга тайёр бўлган ва давлат органлари билан тўғридан-тўғри ишлай оладиган йирик компаниялар бор. Аммо уларга биз керак эмасмиз. Бироқ буларнинг ҳаммаси йирик лойиҳалар.

Бу ерда гап стартаплар ҳақида кетмоқда. Мен амалга оширилган ҳамда MVPга эга бўлган стартапларни назарда тутмоқдаман, улар учун Ўзбекистон потенциал янги бозор саналади. Бироқ уларда ҳозирча бу бозорга кириб келишга қизиқиш йўқ, сабаби – муаммолар ва бюрократидан иборат тўсиқларда. Яъни, кўплаб саволлар пайдо бўлади. Биз эса ушбу саволлар ва шубҳаларни бартараф этишни таклиф этяпмиз. Яъни, улар учун майдон яратиб берамиз ва улар ушбу майдондан туриб ўзларининг лойиҳалари ва қандай муаммоларни ҳал қилаётгани ҳақида сўзлаб беришлари керак. Биз эса ўз навбатида Ўзбекистон конъюктурасини яхши билган ҳолда ушбу лойиҳани қайси вазирлик ёки давлат идораси орқали ривожлантириш, қайси йўл билан татбиқ этиш афзалроқ бўлиши мумкинлиги ва унинг учун шерикларни топиш борасида фикр юритамиз. Биз ушбу лойиҳага реал кўмак бера оладиган давлат органи билан ҳамкорликда ишлаймиз. Бундан ташқари, биз ушбу ғояни амалга ошириш учун молиявий ёрдам манбаларини қидирамиз.

— Сизнинг ёрдамингиз билан компания Ўзбекистон бозорига тезроқ кира олади деган ишонч сизда қаердан пайдо бўлган?

Ziyo Forum жамоаси . НТТ Facebook саҳифасидан олинган фотосурат

— Биз Ўзбекистондаги вазирлик ва давлат идораларининг конъюктурасини ҳамда ичидаги сирларини, ишлаш алгоритмини биламиз ва лойиҳани тезроқ ўтадиган ёки бошқача қилиб айтганда, камроқ тўсиқларга дуч келадиган қилиб тайёрлаб бериш қўлимиздан келадиган иш. Бу билимларимиз тажрибага таянади, негаки жамоамиз аъзоларининг кўпчилиги ўтмишда давлат тузилмаларида ишлаган.

Бундан ташқари, Ziyo Forum нодавлат-нотижорат ташкилоти ҳукумат томонидан тузилганини ҳам унутмаслигимиз керак. Биз кўплаб тузилмалар, шунингдек, инновация, соғлиқни сақлаш, таълим вазирликлари, Фанлар академияси ва бошқа маҳкама ва идоралар билан яхши алоқалар ўрнатганмиз. Бу эса бизга яхши маъно билан айтганда, лойиҳа ривожланишини SMEs (small and medium-sized enterprises – кичик ва ўрта корхоналар) – чекланган ресурсларга эга, юристлар, бухгалтерлар, прожект-менежерлари йўқ бўлган кичик компанияларга қараганда тезроқ лоббилаштиримизга имкон беради.

— Кимларнингдир манфаатини лоббилаштириш жараёни дунёнинг кўплаб мамлакатларида қўлланади. Ўзбекистонда “лоббилаштиришнинг миллий хусусиятлари” ҳам борми?

— Мен ўзимни айнан лоббилаштиришда мутахассис- эксперт деб санамайман, бироқ менинг тажрибам – мен Инновациялар вазирлигида, Давлат туризм қўмитаси ишлаганман, — менга ўзимнинг хусусий ноу-хауни шакллантиришимга имконият беришган. Қисқа қилиб айтганда, биз ахборотни юқорига қандай қилиб “тўғри” тақдим этишни биламиз.

Бугунги кунда президентимиз амалга ошираётган сиёсат ҳар қандай ғояларнинг Ўзбекистонга кириб келишига имконият беради. Бироқ бу ерга келиб, ишга киришиб кетишни истайдиган кўплаб лойиҳаларнинг муаллифлари бюрократик тўсиқларга, республикамизда бизнеснинг бироз бошқачароқ олиб борилишига, ўзига хос хусусияти борлигига тўқнаш келмоқдалар ва чет эл компанияларида бу борада маълумотлар жуда ҳам оз. Шунинг учун ҳам биз уларга ўз хизматларимизни таклиф этамиз, у ёки бу лойиҳаларни илгари суришга ёрдам берамиз.

Ҳозир вазирликларнинг ҳаммалари инновациявий ғояларни қабул қилишга тайёр, очиқ диалог йўлидан юришмоқда ва бу албатта қувонарли ҳолат. Айнан шу сабабдан биз акселераторни бу ғоя менда эндигина пайдо бўлган икки йил олдин эмас, балки шу бугун ишга қўймоқдамиз. Негаки, у пайтда бу ишни амалга оширишиш қийинроқ кечар эди, бугунги кунда мамлакатимизда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда, аммо ўша пайтда бу ишлар энди бошланаётган эди.

— Лойиҳалар ким томонидан ва қандай мезонларга асосланиб сараланади?

— Бизнинг Ziyo Forum ташкилотида ишлайдиган экспертлар гуруҳи мавжуд, улар аризаларни кўриб чиқиш ва салмоқли ғояларни танлашга тайёрлар. Аввалига Тошкентда тақдимотлар ўтказиш режалаштирилган эди. Лекин коронавирус барча режаларни чиппакка чиқарди ва пировардида, акселераторни виртуал форматга айлантиришга тўғри келди.

Бизда ҳозирнинг ўзида иштирок этиш учун талабномалар бор ва экспертларимиз тақдим этилган таклифлар билан танишмоқдалар. Биз аризани қабул қилиб олганимиздан сўнг аввал аризачиларнинг ўзлари билан алоқага чиқамиз ва қўшимча саволларни берамиз. Иккинчи босқичда лойиҳани республикадаги интеграциясига оид тафсилотлар муҳокама қилинади. Бу ерда интервьюга муайян соҳаларнинг мутахассислари қўшиладилар – булар бизларнинг Инновация вазирлиги, Олий ва ўрта таълм вазирлиги, Фанлар академиясидаги, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзбекнефтегаз”, “Ўзавтосаноат”, “Ўзкимёсаноат”, “Ўзметкомбинат”, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва бошқа ташкилотлардан муайян соҳа бўйича мутахассислари бўладилар. Шундай қилиб, ғоянинг айнан бизнинг мамлакатимизда амалга ошириш имконияти ҳамда ундан давлатга келадиган фойдаси танлов мезони сифатида белгиланган.

— Сизлар апрель ойида коронавирусга бағишланган виртуал конференция ўтказдингиз. Ушбу тадбирнинг натижалари қандай, улар сизларни қониқтирдими?

Ziyo Forum экспертлари коронавирусга қарши кураш бўйича оператив штаби мажлисида иштирок этишмоқда. НТТ Facebook саҳифасидан олинган фотосурат

— Coronavirus Con конференцияси муваффақиятли ўтди, деб ҳисоблайман. Бизда ушбу мавзу бўйича 20 соатлик контент мавжуд. Ушбу тадбирда кўплаб машҳур ва ҳурматли мутахассислар иштирок этдилар. Мисол учун, Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумининг собиқ директори Франк-Юрген Рихтер, Pegasus Airlines бош директори Мехмет Нане, у авиаташувларнинг келажаги ҳақида сўзлаб берди. Анжуманда Стэнфорд, Оксфорд, Йел, Колумбия университетларининг профессорлари, дунёнинг 15 та мамлакатларидан бошқа мутахассислар қатнашдилар. Биз уларнинг нутқларини матнга тушириб қўйдик, UzReport World телеканали уларнинг чиқишларини эфирга инглиз тилида чиқармоқда ва параллел равишда бу нутқлар миллий телевидениеда намойиш этилиши учун таржима қилинмоқда. Ўйлашимча, ушбу кўрсатувлар ёрдамида кўпчилик одамлар ўзлари излаган саволларига қониқарли жавоб топа олишлари мумкин бўлади.

Ушбу конференция доирасида биз Оксфорд университети ҳузуридаги Женнер институтида тайёрланган вакцина ҳақида кўпроқ билимларга эга бўлганимизни катта муваффақият деб ҳисоблаймиз. Мазкур муассасада COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши вакцинанинг муаллифи профессор Эжриан Ҳилл ишлайди. Айни фурсатда дунё бўйича 41 та вакциналар ишлаб чиқилган, улар клиник синовларнинг турли босқичларини ўтамоқда, бироқ Женнер институти вакцинаси одамлар устида синовгача етиб борган ягона вакцина бўлиб қолмоқда. Тестлар сентябрда ниҳоясига етади. Бироқ препарат муаллифлари муваффақиятга шунчалик ишонадиларки, ҳатто уни ҳозирдан бошлаб кўплаб ишлаб чиқарилишини йўлга қўйдилар. Май охирига келиб ушбу вакцинадан 5 миллион дозаси, сентабрга бориб эса 40-60 миллион дозаси тайёр бўлиши кутилмоқда.

Хўш дегандек, биз ушбу фармакологик маҳсулот ишлаб чиқарувчиси, Женнер институтининг шериги бўлмиш Ҳиндистон Серология институти (Serum Institute of India) билан шартнома имзоладик. Серологик институт – дунёдаги энг йирик вакцина ишлаб чиқарувчиси саналади. Биз ўзаро ҳамфикрлик тўғрисида меморандумни имзоладик ва 100 минг дона препаратга буюртма бердик. Ўзбекистонни навбат варақасига киритиб қўйдилар, шунинг учун ҳам республикамиз дунё мамлакатлари ичида биринчилар қаторида ушбу вакцинани олади.

— Агар сир бўлмаса, сиз ва сизнинг жамоангиз нега Давлат туризм қўмитасини тарк этдингиз?

— Бунинг ҳеч қандай сир жойи йўқ. Мен Ўзбекистон учун бошқа соҳаларда ҳам фойда келтирадиган лойиҳалар билан шуғулланишни истаганим учун Давлат туризм қўмитасини тарк этдим. Туризм соҳасида мен қўлимдан келган бор ишни қилиб бўлдим. Биз республикага дунёга танилган 150 нафар блогерларни, ўнлаб телеканалларни олиб келдик, 100 дан зиёд янгиликлар блогини яратдик. Бизнинг Instagram саҳифамизда 10 мингдан зиёд сифатли фотосуратлар жойлаштирилган. YouTube каналида Ўзбекистонга бағишланган 20 соатлик контентни жойлаштирдик. Мен учун туризм – ниҳоясига етказилган кейс саналади.

Азиз Якубов

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди