Москвадаги элчихонасига қарашли Меҳмонлар уйида Ўзбекистонга учадиган чартер рейс олдидан ватанга учиб кетиш тўғрисида ариза берган 80 минг нафар одамдан қайси бирини бор-йўғи 240 ўринли самолёт йўловчилари рўйхатига киритишни ҳал қилиш учун элчихона ходимлари ва волонтёрлар тўпланадилар.
Ўзбекистон элчихонасининг чартер рейс тўғрисидаги ҳар бир пости остида норози бўлган одамларнинг ўнлаб шарҳлари тўпланади. Асосий саволлар – нега шу чоққача одамнинг навбати етиб келмади ва навбатга ёзилган номзодларнинг рўйхатини қандай қилиб текширса бўлиши ҳақида. Уйларига жўнаб кетишни ойлар давомида кутаётган одамлар рўйхат таниш-билиш йўли билан тузилмайди деган гапларга ишонмаяптилар.
Элчихонадагилар тарангликни юмшатиш учун жамаотчилик арбоблари, блогерлар ва журналистлардан иборат волонтёрларни таклиф этишга ва уларга йўловчилар рўйхатини кўрсатишга қарор қилдилар. Худди шундай таклифонома 26 май куни “Фарғона” нашри мухбирининг қўлига ҳам келиб тушди.
Ҳомиладор ladies — first
Меҳмонлар уйига кеч соат бешга яқин бўлган пайтда етиб келдим. Бу ерда иш айни қайнаб турган пайт – ҳужжатлар сараланаётган экан. Мен бунчалик кўп папкаларни кўришни кутмагандим, чартерларга деярли 80 минг киши ёзилиб қўйганини ва улардан 60 минг нафари Москванинг ўзидан эканлигини ҳам шу ерда билдим. Ҳужжатларга тўлиб кетган стол атрофида элчихона ходимлари ва волонтёрлардан иборат ўнга яқин одамлар бир-бирларини алмаштириб туришар эди.
-Ҳамма учиб кетади, бироқ ким биринчи кетишини биз ҳужжатларга қараб аниқлашимиз керак, — дейди элчихонанинг биринчи котиби Темурбек Шамсибаев ҳамда бу тоифадаги одамларни санаб ўтди: биринчи навбатда имкониятлари чекланган (ногирон) одамлар, қариялар, ҳомиладорлар ва оғир касаллар.
Қўлимга бир даста ҳужжатларни олдим, уларни тоифаларга қараб ажратиш керак: касаллар, ҳомиладорлар, қариялар, болалик оналар. Бу фақат дастлабки саралаш жараёни. Ундан кейинги босқичда бу ердаги одамлар, уларнинг орасида малакали шифокор ҳам бор, касалларнинг справкаларини ҳақиқийлигини текширяптилар ва уларнинг орасидан зудлик билан ватанга жўнаб кетиши лозим бўлган ва кутиши мумкин бўлган одамларга ажратяптилар. Бўлгуси оналарни ҳам ҳомиладорлик муддатларига қараб гуруҳларга ажратиляпти.
Стол устида ётган даста-даста қоғозларга стикерлар билан белгилаб қўйилган ёзувларни кўриш мумкин: “пневмония”, “енгил ва оддий касаллар”, “ҳомиладорлик муддати 7 ойдан ортиқ”, “қариялар” ва ҳоказо.
Рейсларга биринчи бўлиб ҳомиладорлар ва касаллар чиқарилишини билиб қолган одамлар айёрликка ўтиб олдилар. Йўталаётгани ёки бадани кўкаргани учун касалман деб ёзганлар, оёқдаги ярадан қолган чандиқ изларининг фотосуратларини жўнатганлар бор. Ўнлаб фотосуратлар ва тавсифлар паспортлар сканларига ёпишитириб қўйилган.
Етарли даражадаги катта бўлган қоғозлар уюмига “қалбаки” ёзуви туширилган стикер ёпиштирилган экан. Бу ерда сохта медицина справкаларни тақдим этган одамларнинг ҳужжатлари тўпланган. Кўпларига апрель охири ёки май ойининг бошланишидаги саналар қўйилган. Баъзиларининнг қалбаки эканлиги шундоққина кўриниб турибди, бошқаларини эса шифокор синчковлик билан текшириб кўради. Бу ерда реаниматолог врач Зулфия Сухина ёрдамга келади. У гўё ҳомиладорлик тўғрисидаги справкани кўрсатади, ҳужжатга УЗИ фотосурати ҳам илова қилинган: справкада кўрсатилган параметрлар фотосуратга мос келмаяпти. Қалбакилиги мутахассис бўлмаган одамларга ҳам аён бўладиган даражадаги ҳужжатлар ҳам учраб турибди. Масалан, бир аёл кийими остида ёстиқ тиқиб олиб, УЗИ ўтказгани пулим йўқ, аммо мана фотосуратим далил бўлади, деб ёзибди, лекин ёстиқча қанчалик ростга ўхшатишга ҳаракат қилинмасин, барибир фотосиновлардан ўта олмади.
Ҳомиладорлар чиндан ҳам кўп. Мисол учун, 26 май куни учиб кетган чартер рейсида бундай аёллардан 78 та бўлган. Бундан ташқари, болалик ҳомиладор аёллар, ҳомиладорликнинг эрта муддатликлари ва бошқаларнинг рўйхатлари бор.
Рўйхатларга аниқлик киритиш
Элчихонага одамлар шахсан ўзлари келиб мурожаат қиляптилар, онлайн-анкеталар тўлғазяптилар, кунига 800 тагача қўнғироқларни қабул қилаётган колл-центрларга телефон қиляптилар ва телеграм-ботларига ёзяптилар. Агар одам касаллигини маълум қилса, консулхона ходимлари ундан тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишни сўраяптилар.
-Муаммолардан бири шундаки, одамлар “касал” деган тушунчани жуда ҳам кенг тушунмоқдалар. Мисол учун, унда тумов бўлиб қолса ҳам у касалман дейди. Сурункали касалликлари билан икки-уч йил олдин келиб, ҳеч қандай муаммосиз пулга қизиқиб ишлаган одамлар ҳозир ватанга қайтиб олиш учун ўз ташхисларидан фойдаланмоқчи бўляптилар. Ҳолбуки, бу ерда онкологиянинг сўнгги босқичини бошидан кечираётган одам бор, ана уни чиндан ҳам иложи борича тезроқ уйига жўнатиш лозим, — дея менга тушунтирадилар элчихона ходимлари.
-Биз ҳеч кимнинг уйига қайтишига қарши чиқмаяпмиз ва ўз олдимизга фуқароларнинг ватанига қайтишига монеълик қиладиган тўсиқларни топишни мақсад қилиб олмаганмиз, — дея қайд этади Темурбек Шамсибаев. – Бироқ афсуски, турли ҳужжатларни (ҳомиладорлик, касалликлар, жарроҳлик операцияларини ўтказганлиги тўғрисидаги справкалар) қалбакилаштираётган айрим шахсларнинг салбий ҳаракатлари туфайли биз ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини текширишга ҳамда рейсга ёзилаётган ҳар бир одамни асослашга мажбур бўляпмиз.
Дипломатга кўра, сохталаштирилган тиббиёт ҳужжатлари шунчалик кўпки, бу ҳолат ҳар бир мурожаатни пухталик билан ўрганиб чиқиш заруратини келтириб чиқармоқда, бунинг натижасида эса ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатлари чўзилиб кетяпти.
Одамлар нега ўзларининг навбатлари қандай ҳолатда эканлигини кузата олмаётганлари тўғрисидаги саволга Шамсибаев ҳар бир одам истаса дипломатик миссиянинг оператив штаби колл-маркази билан боғланиб, ўзининг навбатдаги рақамини билиб олиши мумкинлигини қайд этди. Бироқ ҳозирги кунда чартер рейсига белгиланган рақамларидан қатъий назар, биринчи навбатда оғир аҳволда қолган одамлар танланмоқда.
Рўйхатга аниқлик киритишда яна бошқа муаммолар ҳам бор. Масалан, одамлар автоматлаштирилган тизимдан бир неча мартадан рўйхатдан ўтишмоқда. Бу ишда ўз рекордларини қўйган одамлар ҳам бор – бир киши рўйхатдан 90 марта ўтган, бошқаси эса – 135 марта. Бунга ҳам вақт кетиб қолади.
— Дастлабки кунлари, биз бўлажак йўловчиларни саралаш тизимини яратмасимиздан олдин аҳвол оғир эди. Ҳозир анча осон бўлиб қолди: ҳомиладорликнинг шунақа-шунақа муддатида бўлса – бу тоифага, 70 ёшдан ошган қариялар – бунисига, — кўрсатади дипломат бутун хона бўйлаб жойлаштирилган папкаларни кўрсатиб.
Дипломатларнинг қайд этишича, қўлларида авиачипталари бўлган ёки хостелларда яшаётган мигрантлар учун ҳеч қандай имтиёзлар кўзда тутилмаган. Карантин эндигина жорий қилинган пайтда чартер рейслари ташкил этилиши ҳақида маълум бўлиб қолганида кўпчилик ўзбекистонликлар агар элчихона ҳомийлиги остида хостелларга кўчиб ўтиб яшашса, унда уларни ватанга тезроқ жўнатишади, деб ўйлашган эди. Шунинг учун ҳам кўпчилик уй-жойсиз қолдик, деган иддао билан хостелларга кўчиб ўтишганди. Бироқ навбат умуман бошқа тамойилларга асосланиб тузилаётгани маълум бўлгач, кўпчилик ўзларининг қулай ва шинам квартираларига қайтдилар ва айни пайтда хостелларда бор-йўғи 150 нафар Ўзбекистон фуқаролари яшаяпти, холос.
Танаффусда шифокор билан суҳбатлашдим. Зулфия Сухина 28 ёшда, у Тошкентдан. 13 февраль куни Россияга малакани ошириш курсларига келган. Биринчи бор элчихонага ўзининг юзлаб ватандошлари каби ватанига учиб кетадиган одамларнинг рўйхати эълон қилингани борасида маълумот олгани кириб келганди.
— Мен ўзимнинг навбатдаги рақамимни билмоқчи бўлиб келгандим, буни ойимга маълум қилишим керак эди. Анкетани 18 март куни тўлғаздим, май ойининг бошланишида эса ўзим келдим. Икки кун давомида жавоб ололмадим. Яна бир бор элчихона олдига келганимда, саросимага тушиб қолган болали хомиладор аёлни кўриб қолдим. Мен элчихона ходимларидан унга қандай ёрдам берса бўлади, деб сўрадим. Менга хостеллар, озиқ-овқат тўплами ҳақида айтиб беришди, кейин бўлса, волонтёр сифатида ишлашни таклиф қилишди. Табиий, мен рози бўлдим, бу ерда юрагига қил сиғмайдиган одамларни кўрдим, элчихонанинг ресурслари ҳаммага етмаётганини тушуниб етдим, — дейди қиз.
Рўйхат тузилаётган хонада бўлаётган ишларни Зулфия даҳшатли манзара деб атаяпти, негаки касаллар жуда кўп. Шифокор қизнинг қайд этишича, агар справка ва анализларнинг тўлиқ рўйхатини ўрганиб чиқилса, биринчи ёрдам кимга кераклигини тушуниш мумкин бўлади.
— Виждон қабул қилинган қарорлардан эмас, балки ҳаммани бир йўлакай жўнатиб бўлмаслигидан қийналмоқда, — дейди Зулфия ва “Агар синчиклаб назар соладиган бўлсангиз, бу ерда элчихона ходимлари ўйнаб ўтирганлари йўқлигини кўришингиз мумкин”, — дея қўшиб қўйди.
Ҳужжатларни саралашга бағишланган бир неча соат ўтиб анъанавий ва узоқ чўзиладиган кимни биринчи бўлиб жўнатиш кераклиги ҳақидаги тортишувлар бошланади. А4 форматдаги варақда доира шаклидаги диаграмма, уни турли тоифадаги йўловчилар учун тақсимлаб қўйишган. Ҳар бир тоифадан учишга илҳақ бўлиб турган бир неча ўнлаб одамлар танланади, бироқ рейсни тўлдиришнинг бундан-да оқилона логистика бўйича тўғрилайдиган одамлар доим топилади. Масалан, аввал “ҳомиладорлар жўнатилсин, кейинги самолётда – касаллар ва шу йўл билан рўйхат енгиллаштирилсин” дейдиганлар. Бундан ташқари, доим тортишувли ҳолатлар юзага келади.
— Мана яна битта кейс, эр ва хотин, плюс иккита бола. Эр врачликка ўқияпти ва пули йўқлиги ҳақида ёзяпти. Шу билан бирга, бизда шунча касалларимиз, 400 дан зиёд ёши 70 атрофидаги қарияларимиз ва юзлаб ҳомиладор аёлларимиз бор. Нима қилиш керак? – дея савол беришади.
—Ким учади-ю, ким қолишини ҳал қилиш осон эмас экан, — дея хулосага келади иштирокчилардан бири.
Чартерларга рўйхатларда талабаларнинг сони ҳам етарли даражада кўп. Ижтимоий тармоқларда, “ҳамма шошилса ҳам, улар сабр қилса бўларди, умуман олганда, уларга ёрдам керак эмас, ахир пулни ота-оналари жўнатадиларку” мазмундаги ғазабнок шарҳларни учратиб қолиш мумкин.
—Ёрдамга ёшлар ҳам, қариялар ҳам муҳтож, уларнинг барчаси – Ўзбекистон фуқаролари ва биз уларга ёрдам беришимиз шарт, — дея тушунтиради элчихона ходими. – Талабаларнинг 70 фоизи пул ололмаяптилар, негаки карантин туфайли уларнинг ота-оналари пул жўнатиш учун банкга бора олмаяптилар, бу ерда эса карантин сабаб уларни ётоқхонадан чиқаришмаяпти. Одамлар озиқ-овқат сотиб ололмаяптилар, энди нима қилишимиз керак, уларга озиқ-овқат етказиб беришимиз керакми? Бизга “минглаб мигрантлар оч қолаётган пайтда талабаларни боқишни нима кераги бор?” мазмундаги хатлар келяпти.
Волонтерлар ва блогерлар
Яна битта волонтёр – 33 ёшли Умид Мўйдинов, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлса ҳам, анчадан бери Россияда истиқомат қилиб келади. Ватандошларга кўмак бериш ва элчихонани танқид қилишни у март ойида бошлаган, ўшанда юзлаб ўзбекистонликлар дунё аэропортларининг транзит зоналарида қолиб кетишганди.
— Пандемия бошланган фурсатдан бошлаб мен узоқ вақт давомида ва фаол равишда элчихона ишини танқид қилиб келдим ва бир кун келиб ижтимоий тармоқлардан бирида элчихона ходимлари мен билан боғланиб, уларнинг ишини шахсан кўриб олишим учун таклиф қилдилар. Ўшандан бери мана, бирга ишлаяпмиз, — дейди Умид.
Умид ҳар бир ишда чаққон – у хостелларда истиқомат қилаётган мигрантларнинг телефон қўнғироқларига жавоб беради, чартерларга рўйхат тузиш учун ҳужжатларни саралайди, коронавирус инфекциясини юқтирганларга тез ёрдам чақириб беради, одамларни авиакассаларга кузатиб қўяди ва бошқа кўплаб ишларни бажаради.
Умид, шунингдек, YouTube тармоғида мигрантлар учун роликлар тайёрлайдиган таниқли ўзбек блогерлари билан алоқа ўрнатиб, улар билан ҳамкорлик қилмоқда. Бу роликларни элчихона релизларига қараганда кўпроқ одамлар томоша қиладилар. Блогерлар элчихона ходимлари билан тўғридан-тўғри алоқалар ташкил қилиб, Самара вилоятидаги вазият ҳақида ҳикоя қилишмоқда ҳамда бошқа маърифий ишлар олиб боришмоқда.
Қайтишга шошилманг
Иш қайнаб турган пайтда кабинетга Ўзбекистоннинг бош консули Меҳриддин Хайриддинов кириб келди. Ўзбекистонликлар дипломатик миссияга кўпроқ қандай масалалар бўйича мурожаат қиладилар, деган саволга жавоб бера туриб бош консул март ойининг бошида асосан регистрация ва патент муддатларини чўзиш билан боғлиқ масалалар билан мурожаат қилганларини, лекин Россия президентининг фармони билан бу муаммолар ҳал қилинганидан сўнг ҳозир одамларни ватанларига жўнатиш билан боғлиқ саволлар кўпайганини маълум қилди.
— Баъзи ҳолатларда одамлар ишдан маҳрум бўлганлари учун уйларига қайтишмоқчи. Бироқ одамлар орасида коронавирус юқтириб олиш ва ёрдамсиз қолиш борасидаги ваҳима ҳам кучли. Биз биринчи навбатда ҳомиладорлар ва касаллар жўнатилади деб тушунтиряпмиз, бироқ шу билан бирга, ҳар қандай ёрдам – иш топиб бериш, давлат ҳисобидан хостелга жойлаштириш, озиқ-овқат тўпламини беришга тайёрмиз. Бироқ кўп ҳолларда одамлар “менга ҳеч нарса керак эмас, уйимга жўнатиб юборсаларингиз бўлди”, деб жавоб беришади, — дея тушунтиради бош консул.
Дипломат мигрантларга ҳар қандай йўл билан ватанга қайтиш ниятидан воз кечишни маслаҳат бермоқда.
— Саросимага тушиб қолган одам ватанига қайтиб кетиши мумкин, бироқ у ҳозирги вазиятда Россияга қайтиши осон бўлмаслигини ҳам тушуниши керак. Содир бўлаётган ишларни ақл тарозисига солиб ўлчаш керак, мана кўриб турибмиз, қурилишларда қайтадан иш бошланди, тез орада бизнинг фуқароларимиз ишлаб келган хизматлар бозори ҳам очилади, бундан ташқари, қишлоқ хўжалигида ҳам мавсум бошланган. Бу ишларнинг ҳаммаси оилага кўмак бериш имкониятини тақдим этади, уйга кетсангиз, икки ҳафта карантинда ўтиришингизга тўғри келади, — дея қайд этади консул.
Ижтимоий тармоқларда энг кўп кўтариладигани Ўзбекистон нега кўпроқ чартерлартни ташкил этмаяпти деган саволга Меҳриддин Хайриддинов гап чартерларнинг сонида эмас, балки ватанга етиб боргандан сўнг одамларни мажбурий обсервацияга жойлаштиришни ташкил этишда, деб жавоб берди.
— Чартерлар сони карантин учун бўшаган жойлар миқдори билан белгиланади. Мавжуд маълумотларга кўра, коронавирус юқтириб олганларнинг 50 фоизи – булар хорижий мамлакатлардан келган фуқаролардир. Уларни мажбурий стационар карантинда сақламай уйларига қўйиб юбориш бошқаларнинг саломатлиги учун хавфли бўлади. Шунинг учун ҳам қайтганларнинг ҳаммаси ватанга қайтиши биланоқ икки ҳафталик карантинга жойлаштирилади. Карантиндаги жойлар бўшаши биланоқ кейинги райслар ташкил этилади.
Ҳаммага қўнғироқ қилиб, ҳаммани жўнатиш
Кун кеч бўлиб оқшомга яқинлашганда элчихона ходимлари бир неча мингта ҳужжатларни саралаб чиқадилар ҳамда 29 ва 28 май куни чартер рейслар билан ватанига учиб кетадиган одамларнинг рўйхатини тузадилар. Бироқ шу билан иш ниҳоясига етгани йўқ. энди бўлса кетадиган одамларга телефон қилиб, зарур тафсилотларга аниқлик киритиш керак. Баъзи ўзбекистонликлар турли сабабларга кўра ватанга учиб кетиш ниятидан воз кечишлари мумкин. Шунда уларнинг ўрнига бошқа одамларни рўйхатга киритиб, бу ҳақда хабардор қилишга ҳам улгуриш керак.
Ўзбекистон миллий авиаташувчиси авиачипталарнинг энг кам нархини белгилаб беради, бироқ нарх евро курсига боғлангани боис ўзгариши мумкин. Мисол учун, биринчи чартерларга чипталарнинг нархи 11 500 рубль бўлган бўлса, сўнггиларини 14 300 рублдан сотишди.
Одамларга чипта сотиладиган кассага қайси вақтда етиб келиш зарурлиги маълум қилинади, авиакассаларнинг олдида “қуёнлар” бошқаларнинг чиптасини илиб кетмаслиги учун дипломатик миссия ходимлари ва волонтёрлар навбатчиликда турадилар. Шундан сўнг яна рўйхатга қараб одамларни аэропортда кутиб оладилар ва самолёт шассиси учиш полосасидан узилганидагина енгил нафас оладилар.
Екатерина Ивашченко
-
16 Ноябрь16.11Қатар олисда қолаверадиМарказий Осиё футболи учун Россия терма жамоасидан нима фойда борлиги ва «Марказий Осиёликларнинг ўзаро кураши» қандай якунланиши ҳақида
-
16 Сентябрь16.09ФотоШҲТ. ТашрифларШҲТ саммити тадбирларида иштирок этиш учун 20 га яқин давлат раҳбарлари Самарқандда йиғиладилар
-
14 Июль14.07Савдо, маданият, хавфсизликТошкентда бўлиб ўтадиган Халқаро конференцияда олий мартабали меҳмонлар иштирок этадилар
-
31 Июль31.07«Яна бир ҳафта ўтиб кетганида, тирик чиқмаган бўлардим»Ўзбекистонда беморлар касалхоналардан, тиббиёт ходимлари эса карантиннинг бекор қилинишидан қўрқишларининг сабаблари ҳақида
-
25 Июнь25.06Ўзбекистоннинг илк ташрифиТошкент илк бор ўз ҳарбийларини Москвадаги Ғалаба парадига юборди. У ерда аскарлар қўшнилар билан қўшилиб кетди
-
18 Июнь18.06Ортиқча билетРоссиядан Ўзбекистонга учадиган чартер рейсга элчихонадаги электрон навбатдан айланиб ўтиб, қандай қилиб авиачипта сотиб олса бўлиши ҳақида