Нурбибининг ўн беш боласи

Тожикистонлик кўп болали аёл Саудия Арабистонидаги қулликдан сўнг ватанида мардикорлик қилмоқда
НУРБИБИ МАНСУРОВА . THEOPENASIA.NET САЙТИДАГИ ВИДЕОЁЗУВДАН КАДР

Нурбиби Мансурова 52 ёшда, у ҳар куни Душанбедан 60 чақирим ғарбда жойлашган Турсунзода шаҳридаги аёлларнинг мардикор бозорига чиқади. Иш берувчиларнинг кўпчилиги, хусусан, парниклар эгалари бу меҳнатсевар аёлни таниб қолишган ва бирорта иш чиқиб қолса, албатта бу аёлни ишлагани олиб кетадилар. Нурбиби бир кунда ўртача 30 сомоний ($3) пул топади.

Нурбиби – ички мигрант. У Хатлон вилояти Восей тумани Ҳулбук посёлкасида (Душанбедан 185 чақирим жанубда) истиқомат қилади. Бироқ ўзининг туманида иш топиш амри маҳол. Бир неча йил олдин у Саудия Арабистонига бориб пул ишлаб келмоқчи бўлган эди, аммо у ерда қулликка тушиб қолди. Аранг қутилди. Энди у чет элларга чиқишга қизиқмай қолган.

Аёлнинг айтишича, энди у анча кучдан қолиб, оғир жисмоний меҳнатга ярамай қолган. Бироқ муҳтожлиги боис шу ишни қилишга мажбур, ахир унинг қарамоғида етти нафар мактаб ўқувчиси ва битта талаба боласи бор. Умуман олганда, Нурбиби 24 марта туққан, бироқ фақат 15 боласи қолган. Шўролар даврида у “Қаҳрамон она” ордени билан тақдирланган, имтиёзларга эга бўлган ва давлат томонидан нафақа олаётган бўларди. Аммо ҳозир замонлар ўзгариб кетди, шароитлар бошқача.

Кўп болали аёл қандай ҳаёт кечираётгани ҳақида “Фарғона” агентлигининг Тожикистондаги мухбири қизиқиб кўрди.

14 ёшида турмушга чиқди

Нурбибининг ўзи ҳам кўп болали оилада туғилган. Унинг онаси 15 та бола туққан, улардан учтаси ўлган, қолганлари катта бўлишди. Нурбиби болалигидан қобилиятли ва чаққон қиз бўлиб ўсди. Уни етти ёшлигида биринчи синфга олиб келишганида, у бемалол “Алифбе”ни ўқий олар ва санашни билар эди. Нурбибини биралоқ иккинчи синфга олдилар. У фақат беш баҳога ўқир, унинг фотосурати эса аълочиларнинг Ҳурмат тахтасида осиғлиқ турарди. Нурбиби мактаб бадиий ҳаваскорлар тўгарагининг фаол иштирокчиси бўлиб, чиройли қўшиқларни куйлаб, моҳирона рақсга туша оларди.

Осойишта ҳаёт 1982 йилгача шу тарзда давом этиб келди ва ўшанда отасининг жияни Қурбонали Ишматов Совет Армияси сафидаги хизматдан қайтиб келди. Йигитни уйлантириш тараддудига тушиб, келин ахтара бошладилар ва 14 ёшли Нурбибини танладилар. Ўспирин қиз отасининг хоҳиш-иродасига қарши чиқа олмасди. Ўша йилнинг март ойида уни тўй қилиб узатдилар.

— Эримга нонушта тайёрлаб, мактабга югурганим эсимда. Синфдошларим ва ўқитувчилар менинг турмушга чиққанимга турли муносабатда бўлдилар: баъзилар аҳволимни тушуниб ачинсалар, бошқалари масхара қилиб кулишарди, — дея эслайди Нурбиби. – Саккизинчи синфда битирув имтиҳонларини топшираётганимда ўқитувчиларимдан бири ўзи ўқитаётган фандан менга беш баҳони қўйдида, “Баракалла! Келажакда сен албатта қандайдир рекорд қўясан”, деб айтди. Яқинда тасодифан ўша ўқитувчини бозорда кўриб қолдим. У анча қариб қолган экан, бироқ мени эслади ва “Нурбиби аҳволинг яхшими? Ҳаётинг қандай кечди?” деб сўради. Бунга жавобан мен: “Агар ўшанда башорат қилмаганингизда, шунча болани туғмаган ва ҳозиргидек қийналмаган бўлардим”, деб айтдим. Кулишдик. Мен унга ўз ҳаётим ҳақида сўзлаб бердим. Кейин эса у менга: “Асло ташвишланма, ҳаётда доим ҳам ақлли одамларнинг омади келавермайди. Бироқ сен ҳар қанақасига олганда ҳам катта давлатга эга экансан – сенинг катта оиланг бор.”

Нурбиби 24 та боланинг ярмидан кўпини уйида туққан. Етти нафар ўғил ва саккизта қиз тирик қолди, холос. Болалар катта бўлган сайин оилада моддий муаммолар пайдо бўла бошлади.

-Маҳаллий ҳоикимият идораларига мурожаат қилганимда, “шунча болани туғишдан олдин, уларни қанақа қилиб боқиш ҳақида ҳам ўйлаш керак эди”, деган кесатиқли жавобларни олдим, холос. Худо менга шунча фарзандни ато этган бўлса, мен нима қилишим керак? Аслидаку, биз шунча фарзанд бўлишини режалаштирмагандик. Мен бўйимда бўлиб қолмасликнинг ҳамма чораларини қилганман, ҳомиладор бўлишга қарши дориларни ичганман, аммо барибир бўйимда бўлиб қолаверардим,- дея ҳасрат қилади Нурбиби

Унинг энг кенжа қизи бу йил етти ёшга киради. У Нурбибининг фарзандлари ичида туғилганлик ҳақида гувоҳнома олмаган ягона бола.

-Уни 2003 йил 1 август куни Восей тумани марказий касалхонанинг туғруқхонасида туққанман. Ўшанда мен роддомдан виписка (касаллик варақасидан кўчирма) олмай чиқиб кетгандим, шунинг учун қизимнинг туғилгани тўғрисида гувоҳномани вақтида расмийлаштира олмадим. Энди туғруқхонадагилар мени касалхона архивига боринг дейишяпти, архивдагилар эса қизимнинг туғилиши тарихи ҳеч қаерда қайд этилмаганини маълум қилдилар. Бу қанақасига бўлиши мумкин? Нима қилишни, кимга мурожаат қилишимни билмаяпман. Ахир қизим мактабнинг биринчи синфига чиқиши керак, — дея ҳасрат қилади Нурбиби.

Нурбиби Мансуранинг ҳовлисидаги болалар. Тилав Расулзода фотосурати

“Қаҳрамон она”нинг олти нафар фарзандлари ҳозир мактабда таълим олишяпти. Қизи Моҳишариф – Кўлоб медицина коллежининг иккинчи курс талабаси, шартнома асосида таҳсил оляпти. Ўқишга киришда кам таъминланган, кўп болалари оиланинг фарзанди сифатида унга ҳеч қандай имтиёз тақдим этилмаган.

-Уларнинг ҳаммасига мактаб формаси, пойафзал керак. Мактабда ота-оналардан пул йиғилади, коллеждаги ўқишга пул тўлаш керак. Ўғлим Худойдод армияда, Бохтардаги (Хатлон вилоятининг маъмурий маркази. – “Фарғона” изоҳи) ҳарбий қисмларда бирида хизмат қиляпти. Унинг вазнида етишмовчилик бор, шу ўғлим ҳақида доим хавотирдаман. Хизматни ўтаётганида операция бўлган, аппендицитини олиб ташлашган, кейин асоратлари оғирлашган, у ярим йил Душанбедаги ҳарбий госпиталда ётган. Бир йилдан кейин демобилизация бўлади. Хизматни тугатиши биланоқ уни даволашни бошлаймиз. Бунга ҳам пул керак, — дея ташвишланади Нурбиби.

Бир йилдан зиёд давом этган қуллик

Болаларини оёққа турғизиш учун кўпроқ пул ишлаб олиш фикри Нурбибини ҳеч қачон тарк этмаган. Бироқ тўлиқ бўлмаган ўрта мактаб маълумоти шаҳодатномаси билан унга фақат оғир ва кам иш ҳақи тўланадиган ишларни таклиф этишган.

Нурбиби 2016 йилда маҳаллий бозордаги ошхоналардан бирида ишлаган. Бир кун ошхонага қандайдир Хожи Искандар деган одам овқатлангани кирган ва ўзини “Имкон-15” фирмасининг ходими деб таништирган. Нурбиби билан суҳбатлаша туриб, у ишлаётган фирма Тожикистон фуқароларини хорижий мамлакатларда ишга жойлаштириш билан шуғулланишини маълум қилди ҳамда Нурбибига Саудия Арабистонига бориб ишлаб келиш имконияти борлигини айтиб, уни ҳам таклиф қилган. Хожи Искандар Нурбиби у ерда қари аёлнинг парвариши билан шуғулланишини ҳамда ойига 600 АҚШ доллари миқдорида маош олиши мумкинлиги ҳақида айтади. Шу билан бирга, у бир неча ой оралатиб, ватанига келиб-кетиши мумкинлигини ваъда қилади.

Нурбиби оиласининг барча аъзолари унинг хорижий мамлакатга чиқиб кетиб ишлашига қарши бўладилар. Бироқ она қашшоқликдан қутилиш учун жуда яхши имконият пайдо бўлди ва ундан фойдаланиб қолиш керак, дея ниятида қаттиқ туриб олади. Узоқ ялинишлардан сўнг Нурбибининг эри хотинининг сафарга чиқиб кетишига рози бўлади. Ўн кун давомида бўлажак мигрант аёл учун Душанбеда хорижий паспорт ва виза расмийлаштириб беришади. 2016 йил 10 августида Нурбиби Душанбедан Дубайга ва у ердан Ар-Риёдга учиб кетади. Уни ўша “Имкон-15” фирмасининг ходимаси бўлган Гулистон исмли аёл кузатиб боради. Манзилга етиб келишлари билан Гулистон Нурбибини қандайдир“шайх Бобожамол” ихтиёрига топшириб, Тожикистонга қайтиб кетади. Аэропортнинг ўзида уни маҳаллий андозада тикилган анъанавий араб либоси – қора чодирга кийинтирдиларда, бошқа шаҳарга олиб кетдилар.

Даҳшатли кунлар бошланади. Нурбибига нафақат Бобожамолнинг онаси бўлмиш ҳаракатдан қолган 83 ёшли Мансурага қараш, балки уйдаги барча рўзғон ишларини бажариш вазифаси ҳам юклаб қўйилади. Нурбибини деярли кечаю-кундуз иш билан банд қилиб қўядилар, у ҳам уйни саранжом-саришталигини таъминлайди, овқат тайёрлайди, кир ювади ва дазмол босади. Нурбибига “шайх” ва унинг оила аъзолари буюрган барча ишларни бажаришига тўғри келади.

Мансуранинг қаҳри қаттиқ, жаҳлдор кампир эди. У ва қизи мени доим ҳақорат қилишдан ташқари, қўлига тушган нарса билан калтакалашарди , — дея эслайди Нурбиби. – Мен шавқатсиз муносабатлар борасида Бобожамолга шикоят қилганимда, у мени ўз уйига ўтказиб қўйди, аммо бу ерда аҳвол баттар бўлди. Бобожамолнинг хотини, қизлари ва ўғиллари ҳар куни менинг ишларимдан айб топиб, жанжал чиқаришарди. Улар мени гўёки ўзларининг чўриси сингари уриб, таҳқирлашарди, — дея эслайди Нурбиби.

Нурбиби Мансурова. "Настоящее время" кўрсатувидан кадр

Бир куни Бобожамолнинг қизларидан бири телефонда сўзлашаётганини ёқтирмай Нурбибининг туртиб юборганди, у учинчи қаватдан иккинчи қаватга юмалаб йиқилиб тушади. Нурбиби йиқилиш ортидан кўплаб жароҳатларни олиб, ҳушидан кетиб қолади. Хўжайиннинг ўғилларидан бири уни маҳаллий касалхонага элтиб қўяди.

-Ҳушимга келганимда ўзини доктор Абдулло дея таништирган одам араб тилидан мени қаердан эканлигимини ва бу ерларга қандай келиб қолганим ҳақида сўради. Мен Тожикстонданман, бу ерга пул ишлагани келганман, деб жавоб беришим билан у кутилмаганда менга тожик тилида гапира бошлади. Омадим келган экан: у олти йил давомида Тожикистонда ўқиган ва ўша ерда Маърифат исмли тожик қизига уйланган экан. Хотини ҳам шу госпиталда ҳамшира бўлиб ишлаётган экан, тожикистонлик журналист Шаҳло Нажмиддин билан танишлиги бор экан, унга мен ҳақимда сўзлаб берибди. Шаҳло менга Саудия Арабистонидаги Тожикистон элчихонасининг ходимлари билан алоқа ўрнатишга ёрдам берди. Улар менга авиачипта олиб бердилар. Доктор Абдуллога ва унинг рафиқаси Маърифатга раҳмат – мен бир неча кун давомида уларнинг уйида яшадим. Шундай қилиб мен бу жаҳаннам азобларидан қутилиб чиқдим, — дея ҳикоя қилади аёл.

Нурбиби 14 ой давом этган қулликдан қутилиб, 2017 йил октябрь ойининг бошида ватанига қайтиб келди. Душанбе шаҳар аэропортида уни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари кутиб олдилар. У берган кўрсатмалар асосида “Имкон-2015” фирмасининг раҳбарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

— Кейинчалик тергов тинчиб қолди. Ҳеч ким қамалмади. Эшитишимга қараганда, шу йилнинг бошида жиноят иши қайта янгиланган экан. Мени азобга қўйган одамларнинг ҳаммаси тегишли жазоларини оладилар, дея умид қиламан, — дея хўрсинади Нурбиби.

Ҳисоб рақамига бир тийин ҳам тушгани йўқ

Нурбиби ватанига қайтганидан сўнг Кўлоб шаҳар касалхонасининг неврология бўлимида бир ой давомида даволаниб ётди. Саудияда Арабистонидаги қуллик унинг соғлиғини анча кетказиб қўйди. Эндиликда у қон босими кўтарилишидан, бўғинлар оғришидан, тез-тез боши оғриб туришидан азият чекмоқда. Шунинг учун ҳам у ҳафтасига уч-тўрт кун ишга чиқа олади, холос. Ҳозир Нурбиби болаларига янги кийим олиш учун пул тўплаяпти.

— Мактабда ўқийдиган болаларимнинг ҳаммасига янги ёзги ва қишги форма сотиб олишим керак. Улар асосан танишларимиз ва қариндошларимизнинг кичкина бўлиб қолган кийимларини кийиб эскитишади. Баъзида мутлақо бегона одамлар бизнинг муҳтожлигимизни билиб қолиб болаларимиз учун кийилган кийимларни олиб келиб беришади. Бундан ташқари, сигир боқмоқчиман – болаларга сут, гўшт керак. Иннакейин, уйимизнинг неча йиллардан бери дарвозаси йўқ. Яхшиямки, ҳамма бизда ўғирлайдиган ҳеч вақо йўқлини билишади, бўлмаса аллақачон тўнаб кетишган бўларди, — дея аччиқ киноя аралаш хўрсинади Нурбиби.

Нурбибининг катта қизларидан бештаси турмушга чиққан, уларнинг ўз фарзандлари бор. “Қизларимни ўқитиб на махсус ва на олий маълумотли қила олдим. Улар ҳам менинг тақдир изимдан боришмасалар деб қўрқаман”, — дейди у.

Нурбибининг эри Хатлон вилояти электр подстанциялари бошқармасида электромонтёр бўлиб ишлайди. Унинг кўзи заифлашиб қолгани боис ярим ставкага ишлайди, холос ва бор-йўғи 300 сомоний ($30) маош олади. Баъзида қишлоқда ўзининг уч ғилдиракли “Муравей” мотоколяскасида юк ташиб, пул ишлаб келади.

-У жуда ҳам камтар ва камсуқум одам. Ҳатто чумолига ҳам озор бермайди. Ҳеч кимдан бирор нарса сўрайдиган одам эмас у. 1990-чи йилларда очарчилик бўлган. Одамлар очликдан азият чекишган. Лекин эрим ўша фожиали кунларда ҳам бирор марта маҳаллий ҳокиият идораларига бориб, бошқа камбағал оилаларга каби берилаётган инсонпарварлик ёрдами – ун, гуруч, ўсимлик ёғи сўрамаган. Ўша пайтда Тожикистонга кўплаб ғарб мамлакатларидан инсонпарварлик ёрдамлари келиб турарди ва уларни кам таъминланган оилаларга тарқатишган эди, — дейди Нурбиби.

СССР парчаланиб кетганидан кейин аҳоли ўсиши бўйича етакчилик қилаётган Тожикистонда “Қаҳрамон она” унвони ҳамда бу унвон билан бирга кўп болали оилаларга тақдим этиладиган барча имтиёз ва перференциялар бекор қилинди. Бошқа собиқ республикаларда ушбу мақомнинг муқобиллари пайдо бўлди, бироқ Тожикистонда аксинча, кўп болали оилаларни рағбатлантиришни тўхтатиш йўли билан бола туғилишини камайтириш сиёсати қўллана бошланди. Тожикистондаги кўп болали оналарнинг аксарияти расман ишламаётганлари боис улар ишлайдиган аёлларга туғишдан олдин ва кейинги бериладиган ҳомиладорлик ва болани парвариш қилиш билан боғлиқ нафақаларни олиш имкониятидан маҳрум қилинган. Уларга тақдим этиладиган ягона имтиёз – белгиланган муддатдан 5 йил олдин, яъни 53 ёшида пенсияга чиқиш имкониятининг тақдим этилишида бўлиб қолди. Нурбиби ҳозир 52 ёшда, бироқ унга дам олиш қаёқда?

— Бизникига журналистлар кўп келишган, бизнинг оиламиз ҳақида маҳаллий оммавий ахборот воситаларида мақолалар чоп этишган, — дейди Нурбиби. – Уларнинг маслаҳати билан мен миллий “Аманатбанк” банкида хайрия пуллари учун ҳисоб рақамини ҳам очиб қўйдим, унинг реквизитлари газеталарда чоп этилган. Аммо ҳисоб рақамига бир тийин ҳам пул тушмади...

Тилав Расулзода

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ