«Яна бир ҳафта ўтиб кетганида, тирик чиқмаган бўлардим»

Ўзбекистонда беморлар касалхоналардан, тиббиёт ходимлари эса карантиннинг бекор қилинишидан қўрқишларининг сабаблари ҳақида
САМАРҚАНДДАГИ КАРАНТИН ПОСТИ . UZNEWS.UZ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Июль ойининг охирида Ўзбекистонда карантинни 15 августгача узайтирдилар. Республикадаги вазият хавотирли: тез ёрдам ходимлари юзлаб чақирувлар, оддий аҳоли эса – шифокорлари COVID-19 инфекциясига қарши курашга тайёр эмаслиги маълум бўлиб қолган касалхоналарнинг тўлиб-тошиб кетгани ҳақида хабар беришмоқда.

Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов карантин киритилишининг зарурати ҳақида гапира туриб, коронавирусни енгишнинг бундан бошқа йўли йўқлиги ҳақида билдирди. Бу каби баёнотни қатъий туриб билдиришга унинг етарлича асослари бор: Абдуҳакимовнинг икки дўсти COVID-19 инфекциясидан вафот этганидан ташқари, бозорга бориб келган ота-онаси ҳам вирус юқтириб олиб, айни пайтда даволанмоқдалар.

Карантинни узайтириш ғоясини нафақат вазирлар, балки касалликка қарши тўғридан-тўғри кураш олиб бораётган тиббиёт ходимлари ҳам ёқлаб чиқишмоқда. Уларнинг орасида Тошкент шаҳар тез ёрдам бригадасида фельдшер бўлиб ишлаётган 22 ёшли Злата Ғофурова ҳам бор. Унга кўра, эпидемияни фақат карантин ёрдамида жиловлаш мумкин. «Фарғона» нашрига интервьюда Злата Боровский номидаги тиббиёт коллежини тамомлаганидан бери тез ёрдамда ишлаётганини айтиб берди. Злата ўз касбини тўлиқ эгаллаш учун бу йил медицина институтига киришни ният қилган.

— Ноябрь ойида тез ёрдамда ишлаётганимга тўрт йил тўлади, — дейди Ғофурова. – Ярим йил малакасини ошириб, шифокор ёнида ассистент бўлиб юрдим, уч йилдан бери ўзим ишлаяпман. Бизда COVID-19 инфекциясининг биринчи ҳолати 15 март куни аниқланган, ўша куни мен ҳам ишда эдим. Чақирувлар кескин равишда кўпайиб кетди, одамлар ўзларини айнан шу коронавирус билан касалланиб қолдимми деб ўйлай бошладилар. Саросимага тушганлар кўп бўлди, улар салга истима кўтарилса ҳам тез ёрдам чақиришга шошилдилар.

Апрель ойидан бошлаб Тошкентдаги тез ёрдам хизмати аврал тартибида ишлай бошлади.

— Илгари овқатланиб олишга, дўконга чиқишга ёки аптекага бориб келишга, 15 дақиқа ўтириб, чой ичиб олишга вақтимиз бўлиб турарди. Ҳозир булардан бирортасига ҳам вақт йўқ. Пандемиягача ҳамма бригадаларда иккитадан одам – фельдшер ва шифокорлар ишлардилар, менинг ўзим бир ойда 6 ёки 7 та сменага чиқардим. Ҳозир ҳамма бригадаларда биттадан одам (яъни чақирувга ёки шифокор ёки фельдшернинг ўзи боради — «Фарғона» изоҳи) бўлиб, бир ярим ставкадан ишлаяпмиз: икки сутка ўтиб бир сменадан, — дейди Злата.

Агар хонадондан беморни замбилда кўтариб олиб чиқишга тўғри келса, шифокорлар ёрдам сўрашга мажбур бўлишмоқда.

— Биз қўни-қўшниларни чақирамиз ёки ҳайдовчининг олдига тушамиз. Улар асосан ёши катта одамлар бўлса ҳам, ҳеч қачон йўқ дейишмайди. Ўтган-кетганлардан илтимос қилганимизда, ҳамма ҳам кўнавермайди. Одамлар қўрқиб қолишган. Ҳамма биздан жиркана бошлади. Олдиларидан ўтиб қолсак, улфатлар ўтирган бўлишади, бизни кўришлари биланоқ «ана, коронавирус ўтди, қочиш керак», дейишади. Дўконга кирсак ҳам: «Булар тез ёрдам, «корона” ичкарига кирманглар, сизга керакли нарсаларни дарчадан берамиз», дейишади.

Злата Ғофурова . Шахсий Instagram фотосурати

Златанинг сменаси эрталаб соат 8 да бошланиб, кейинги кун эрталаб соат 9 да тугайди – 24 соати сменанинг ўзи ва бир соати душда чўмилиб олиш, кийиниш, смена чамадонини топшириш, машинага дезинфекция қилишга кетади. Битта смена давомида бригада 25-30 тагача чақириқларни қабул қилади. Ғофурованинг рекорди – смена давомида 35 та чақириқ.

Злата Ғофурованинг бригадаси Тошкентнинг энг катта тумани – Юнусободга хизмат кўрсатади. Унга жами 25 та бригада ажратилган. Пандемия бошлангани даври билан таққослаганда, чақирувлар уч баробарига кўпайди. Март ойидан майгача шифокорлар туман бўйлаб 200-250 та чақириқларга чиқишарди, ҳозир эса чақирувларнинг сони 750 тага етиб қолди. Шифокорларда ҳатто овқатланиш учун ҳам вақт қолмади.

— Дори воситалари тугаб қолганида биз подстанцияга борамиз, препаратларни бергунларига қадар беш дақиқа ичида ҳожатхонага бориб келишга ва сув ичиб олишга вақтимиз бўлади, — дейди фельдшер қиз. Бизга чақирувга етиб бориш учун муайян вақт белгилаб берилган, аммо ҳар доим ҳам бу вақтга улгура олмаймиз. Умуман олганда, чақирувни қабул қилиб олишга, йўлга, касалга хизмат кўрсатишга ҳамда бошқа чақирувни қабул қилишга 40 дақиқадан кўп вақт кетмаслиги керак, бироқ бунинг имконияти йўқ. Менимча, шифокорлар ва машиналарнинг етишмаслиги туфайли шундай ҳолат юзагга келган.

Фельдшернинг қайд этишича, улар COVID-19 инфекцясини аниқлайдиган тестларни олишмайди.

— Агар бемор оғир аҳволда бўлмаса, биз уни уйида қолдирамизда, поликлиникадан участка врачини чақиртирамиз. Агар талаб қилинса, у тест топширишга йўлланма беради ва бемор анализ топширгани жўнайди. Агар тест мусбат натижа берса, унда махсус эпидемиологик бригадалар беморни касалхонага етказадилар. Тез ёрдам фақат шошилинч равишда касалхонага ётқизиш керак бўлганда беморни олиб кетади. Бироқ биз ўша жойнинг ўзида кислород беришимиз мумкин, шу жиҳатдан биз тўлиқ жиҳозланганмиз.

Златага кўра, тез ёрдам бригадаларини жиҳозлаш бўйича муаммолар йўқ. Шифокорларнинг ҳамма нарсаси: кўз ойнак, қалпоқча, респератор ва оддий ниқоблар, қўлқоплар беҳисоб, костюмларни зарурат туғилганда алмаштириш имконияти бор, шунингдек, «машиналар ҳам яхши».

— Бироқ коронавирусни юқтиришдан қўрқув барибир бор, — дейди «Фарғона» суҳбатдоши. – Биз ҳар бир бемордан кейин машинани дезинфекция қиламиз, костюмларни алмаштирамиз.

Златанинг қайд этишича, пандемия даврида ишлашни истамаганлар муддатсиз таътилга чиқиб кетиш имкониятига эга бўлганлар. Қолганлар таътилга навбати билан чиқадилар. Касалхоналар ҳақида бевосита гапириладиган бўлса, Ғофуровага кўра, уларда коронавирус юқтириб олганлар учун жойлар етарли.

— Бизда деярли ҳар ҳафтада янги касалхоналар очилмоқда, — дейди Злата. – Бироқ уларга фақат касалхонага чинакамига ётқизишга эҳтиёжи бор беморлар қабул қилинади. Агар беморда касаллик енгил кечаётган бўлса, уни уйида даволайдилар ва беморни участка шифокори кузатиб боради. Яна битта яхши нарсаси шуки, бизда агар бемор уйида даволанаётган бўлса, унга дориларни ҳам, қўқопларни ҳам, ниқобларни ҳам бепул берилади.

Ваҳимачилар ва ҳадиксировчилар тез ёрдам ишини қийинлаштириб қўядилар, улар беҳуда тез ёрдам чақириб, шифокорларни чинақамига ёрдамга муҳтож беморлардан чалғитиб қўядилар. Златанинг бахтига у ҳозиргача бирорта ўлим ҳолатига тўқнаш келмаган. Бир марта оғир ҳолат бўлган: ўшанда бемор аёл нафас ололмай қолганида улар уни ўз вақтида касалхонага етказишга улгургандилар.

— Лекин коронавирусдан вафот этган танишларим ҳам бор. Менимча, карантин чоралари керак ва чекловларни енгиллатмаслик керак эди. Бизда бўлса ресторанларни, бассейнларни очиб қўйдилар ва касаллар сони кескин даражада ўсиб кетди. Ҳозир энди жиддий чекловларни киритиш зарур, — дея хулоса қилади Ғофурова.

Ёрдам йўқ, фақат бадтар қилишяпти

Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида ҳозир вазият оғир. Мисол учун, оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларда Самарқандда одамлар коронавирус оқибатларидан ҳалок бўлаётганларини, аммо бу каби ўлимларнинг ҳаммаси ҳам расмий статистикага киритилмаётгани ҳақида маълум қилишмоқда. Масалан, июль ойида Самарқанд шаҳар клиник касалхонасининг врачи Зебинисо Нарзуллаеванинг ўлими ҳақида маҳаллий Facebook-гуруҳларида хабар беришди, аммо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг коронавирус қурбонлари тўғрисидаги ахборотида бу ҳақда на ўша куни ва на эртасига хабар берилмади. Самарқандлик жарроҳ Фурқат Валиев COVID-19 инфекциясидан ҳалок бўлган ҳамкасбларининг фотосуратларини топиб жамлади ва видеоролик қилиб чиқарди.

Ижтимоий тармоқларда коронавирус юқтириш қанақа бўлиши ҳақида касалликни бошидан кечирган одамларнинг ўз тилидан сўзланувчи ҳикоялари пайдо бўла бошлади. Шундай постлардан бирининг муаллифи – самарқандлик аёл Хуршида Жалилова бўлади. У «Фарғона» нашрига касалхонанинг қизил ҳудудида ўтказган бир куни ва у ердан қандай қилиб қочиб кетгани ҳақида сўзлаб берди. Хуршидага кўра, касалхонада у на ёрдам ололди ва на COVID-19 инфекциясига топширилган тест натижасини билди.

— Касалхонага мен 20 июль куни тушиб қолдим. Аҳволим унчалик яхши эмасди, коронавируснинг аломатлари бор эди менда. Бироқ ҳароратим йўқ бўлса ҳам, томоқда оғриғим бор эди, бурниб беркилиб, нафас ололмай қолгандим ва уйда ўзим даволанаётгандим. Аммо тўртинчи куни ўпкамда қаттиқ оғриқлар пайдо бўлди ва мен қўрқиб кетдим...

Хуршида Жалиловага берилган препаратлар . Хуршиданинг Facebook саҳифасидаги фотосурати

Жалилованинг олдига ҳимоя костюмларини кийиб олган тиббиёт ходимлари келиб, шифохонага олиб кетдилар. Аёл бу ерда ундан COVID-19 инфекциясига тест олиб, инфекция тасдиқланса, касалхонага ётқизадилар деб ўйлади. Бундан ташқари, у касалхонада инфекция юқтирмаслик учун қизил, сариқ ва яшил учта ҳудудларга бўлинган бўлса керак, деб ўйлади. Бироқ амалда ҳаммаси бутунлай бошқача бўлиб чиқди.

— Мени Шамсиев номидаги болалар жарроҳлиги марказига олиб келдилар, — дейди Хуршида. – Пульверизатор билан ишлов бердиларда, кейин бешинчи қаватга олиб чиқдилар. У ерда бўм-бўш экан, фақат икки аёл битта палатада ётишган экан. Мени бошқа палатага ётқизишди, аммо у ерда жуда ҳам ҳаво дам экан, шунинг учун мени қуйи қаватга тушириб қўйишларини сўрадим. Мени тўртинчи қаватдаги икки кишилик палатага ўтказдилар. Мен палатага ҳеч кимни киритмадим. Бироқ касалхона йўлаклари жуда тор бўлиб, палаталарда 7-8 кишидан ётишган экан, боз устига, уларнинг ҳаммалари «қизил ҳудуд» бўлиб чиқди, шу билан бирга, беморларнинг 60 фоизида тест натижалари чиқмаган эди. Мен тўрт соат давомида тест ўтказишларини талаб қилдим, фақат шундан кейингига махсус бригада келиб, мендан тест олди. Мен, шунингдек, ўпкамни компьютер томографиясидан ўтказишларини сўрадим, аммо улар касалхонада рентген йўқ, клиника ҳузуридаги лаборатория эса коронавирусли касалларга хизмат кўрсатмаслигини айтишди.

Бутун кун давомида Жалиловага уч дона таблетка – рутан, азитромицин ҳамда аёлнинг фикрича, бутун дунёда тақиқлаб қўйилган сульфат гидрохлоридини бердилар. Аёл дориларни ичиб ўтирмади: улар тақиқланган ва барибир ёрдам бермайди, балки аҳволни бадтар қилади, деб айтди. Шунда унга антибиотикдан мушакка укол қилиб қўйишди.

— Умуман олганда, касалхона коронавирусли касалларни даволашга тайёр эмас, керакли жиҳозлар, медикаментлар йўқ ва бордию, беморларда бошқа касалликлар бўлса, шифокорларнинг бу билан иш йўқ. У ерда менга таниш бўлган бир аёл ётган эди, жуда қаттиқ қийналиб кетганди, ҳеч қанақа реанимация йўқ эди ва у ҳаётдан кўз юмди.

Хуршида Жалилованинг шунга ишончи комилки, касалхонанинг ҳудудларга бўлинмагани ҳамда барча беморлар аралаш-қуралаш қилиб деярли битта жойда ётишгани янада кўпроқ одамларнинг инфекция юқтириб олишига сабаб бўлиши мумкин.

Хуршидага кўра, уни касалхонага келтиришган куни бутун шаҳар бўйлаб сув бўлмаган эди. Унга истеъмол қилиш учун битта ўрамдаги бир литрли идишларда сув беришди, шу сувни у қўл ювишга ҳам ишлатди. Касалхонадаги хожатхоналар тозаланмаган бўлиб чиқди, шунинг учун у ҳовлидаги холога чиқиб юрди. Бундан ташқари, кун бўйи на палатларни ва на йўлакларги дезинфекция қилдилар.

— Мени палатага ётқизишганидан бир неча соат ўтиб, олдимга шифокор келиб, палатани бўшатиб беришимни илтимос қилди, негаки учта кичкина болали оила келган экан. Мен жойимни бўшатиб бердим ва ошхонада ўтирдим. Болали оилани ҳатто тозаланмаган ва қайта ишлов берилмаган палатага олиб кирдилар. Икки соат ўтиб шифокор келиб, Хуршидага палатага қайтиши мумкинлигини, болали оилага бошқа палата топилганини айтди.

— Улар яна палатани дезинфекция қилиб ўтирмадилар, — дейди Жалилова. – Шифокор уларнинг ташхиси гўёки тасдиқланмади деб айтди. Уларни шунчалик тез текширувдан ўтказдиларми деб ҳайрон бўлдим, негаки улардан олдин келганимга қарамай, менинг лаборатория анализларим шу чоққача чиқмаган эди.

Аёл касалхонада аҳволи бадтар ёмонлашганини айтиб берди: бўйраклар ишламай қолиб, қўл ва оёқлари шишиб кетди – ва у касалхонадан қочиб кетишга қарор қилди. Боз устига, бир кеча-кундуз давомида унга бирор марта ҳам овқат беришмади. Овқатни кечқурун ўғли олиб келди. Эрталаб унга сосиска, сувда қайнатиб пиширилган тухум ва компот бердилар, лекин унинг томоғидан овқат ўтмади.

— Палатада ҳатто ёстиқ ҳам йўқ эди. Кечаси бошим остига сочиқни солиб ётдим. Туни билан ухлай олмадим: агар эшик очилса, ташқаридан йўтал овози келар, туфуклар сачрарди. Эрталаб қичқирган ҳолимда ташқарига отилиб чиқдим, негаки агар бу ерда бир ҳафта қолиб кетганимда, тирик чиқишимга ақлим етмади.

Жалилова ўз анализлари натижаси тайёр бўлишини кутиб ўтирмади. Фақат тўрт кун ўтганидан кейин у телефон орқали коронавирусга топширилган тест натижаси манфий бўлиб чиққанини билди.

— Бугун Самарқанда тиббиёт институтининг ректори мен билан алоқага чиқди, — дейди Хуршида. – У ижтимоий тармоқларда касалхона ҳақидаги мен қолдирган постни ўқиб чиқиб, у ерда аслида нима ишлар бўлганини шахсан ўзимдан билиб олмоқчи бўлибди. У коронавирусга манфий тест олганларнинг ҳаммаларини чиқариб юборилганини айтиб берди. Бу масалани мен ҳам кўтардим: у ерда анализ натижаларини кутиб турган пайтда беморнинг вирусни юқтириб олмасликка кафолати борми? Мен ҳаммасини– касалхоналарда ёрдам беришмаётганини, у ерда рентген ва бошқа жиҳозлар йўқлигини ва бошқа нарсаларни айтиб бердим. У барча камчилик ва нуқсонларни бартараф этишга ваъда берди.

Шундан кейин Жалилова уйда даволана бошлади. Дўстлари унга шифокорни топиб бердилар, у масофадан туриб маслаҳат берди. Шифокор унга анализ топширишни ҳамда ўпкасини фотосуратини олишни тавсия қилди. Ҳамма зарур ишларни шаҳар ва хусусий клиникаларда бажарган Хуршида барча натижаларни врачга жўнатди ҳамда «нуқтали даволаниш» дея аталувчи тавсияларни олди. 26 июль куни унинг томирга томчилатиб олган даво курси ниҳоясига етди ва аҳволи бирмунча яхшиланди. Икки ҳафта ўтиб Жалилова яна бир бор коронавирусга тест топшириб кўради.

— Мен бизнинг касалхоналарда даволамайдилар деб ҳисоблайман. Бу таблеткалар даволаш эмас. Ўпкага қайта ишлов бериш учун сунъий нафас олиш аппаратлари керак, бироқ улар ҳам йўқ. Одамлар нафас ололмай бўғилиб қоляптилар. Бизда карантин тўрт ой давом этиб, ҳаммаларимизни уйга қамаб қўйганлари етмагандек, ўзлари ҳеч нарса қилмаганлари учун аччиқланяпман, дейди Хуршида суҳбатимиз ниҳоясида.

***

Самарқанддаги юқумли касалликлар шифохонаси . Samcity.uz сайти фотосурати

Самарқандликлар орасида маҳаллий соғлиқни сақлаш тизими ҳақида ижобий фикр билдираётганлар ҳам бор. Мисол учун, Facebook ижтимоий тармоғининг «Samarkand & Самаркандцы» ёпиқ гуруҳида юқумли касалликлар шифохонасида даволаниб чиққан собиқ бемор Лола Заидова ўзининг бошидан кечирганларини сўзлаб берди. Уни ўғли билан коронавирусга тест натижаси мусбат чиққанидан кейин касалхонага ётқиздилар.

«Аввалига жуда қўрқдик, лекин касалхонага етиб келишимиз билан бизларни «С» корпусига жойлаштирдилар. Бизни қандай кутиб олганларидан, палатага ётқизишганидан, тиббиёт ходимларининг эътибори ва профессионал ҳаракатларидан барча қўрқувларимиз кўтарилиб кетди. Олий тоифадаги шифокор Содиқ Исломовичга, кардиолог-врач Жавлонга, ҳамширалар Маҳбуба ва Нигорага, санитаркаларга, ошпазларга, Миллий гвардия ва милиция хизматчиларига ва у ерда ишлайдиган ҳамма ходимларга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Уларнинг ҳаммаси аҳил жамоа, битта оила каби ишлашяпти», — деб ёзади аёл.

Унга кўра, шифокор беморларни айланиб чиққанидан кейин шахсан ўзи қўлига баллон олиб, санитаркаларга палаталарни дезинфекция қилишда ёрдамлашади. Ҳамширалар ҳатто тунлари ҳам палатага кириб, ҳаммаси жойидами дея ҳол-аҳвол сўрашади.

Заидова ошпазларга алоҳида миннатдорчилик билдирмоқда: «бу ерда 4 маҳал жуда мазали таом» тайёрлайдилар ва бир марталик контейнерларда тақдим этадилар. У шифохонада овқат ва дорилар бепул берилганини қайд эта туриб, гўё касалларга уларни даволашга кетган пул маблағлари кўрсатилган қандайдир қоғозларни имзолаш учун бераётганларига ишонмасликка чақирмоқда.

Заидованинг пости остида қолдирилган шарҳларда кинояли танбеҳлар ҳам бор, айрим фойдаланувчилар эса пост муаллифини ҳатто реклама қилишда ҳам айбладилар. Бироқ Заидовани қўллаганлар ва шифокорларга миннатдорчилик билдирганларнинг сони скептикларга қараганда анча кўпроқ бўлиб чиқди.

Екатерина Ивашченко

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Эрон ҳокимияти кескин пасайиб кетган туғилишни кўпайтириш тараддудига тушиб қолган

  • Блогер Умид Ғофуров мулозимлар қандай қилиб бир пайтлар кўм-кўк бўлган шаҳарни чўлга айлантираётганларини кўрсатади

  • Орадан 35 йил ўтган бўлсада, бино аввалгидек архитектура иштиёқмандларини ўзига жалб қилиб келмоқда

  • Россиядан Ўзбекистонга учадиган чартер рейсга элчихонадаги электрон навбатдан айланиб ўтиб, қандай қилиб авиачипта сотиб олса бўлиши ҳақида