«Урушгандан кўра, савдолашган афзал»

Ўзбекистон Марказий Осиё ва Жанубий Осиё мамлакатларига хавфсизлик муаммоларини иқтисодиёт орқали ҳал этишни таклиф қилди
Расмий делегациялар умумий фотосурати. Фотосурат конференция ташкилотчилари томонидан тақдим этилди

«Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» халқаро конференциясига тайёргарлик бундан олти ой олдин бошланганди. Ўтган давр ичида минтақадаги вазият сезиларли даражада ўзгарди. Конференция Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий вазият ўта кескинлашган бир пайтда ўтказилди.

Шунинг учун сиёсатчи ва экспертларнинг галдаги халқаро учрашувида Афғонистон мавзуси муҳим ўрин эгаллади. Шундай бўлиши муқаррар эди, зеро урушлардан бағри тилка-пора бўлган ушбу мамлакат Ер сайёрасининг улкан икки минтақасини ўзаро боғлаб турадиган «кўприк» вазифасини ўтайди ва Афғонистонда барқарор вазиятга эришмасдан туриб иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш амри маҳол.

Ташкент — бағри очиқ шаҳар

Ўзоқ танаффусдан сўнг 2018 йил март ойида Тошкентга келганимда (ўшанда ҳам Афғонистон бўйича конференцияга ташриф буюргандим) очиқ бахс-мунозаралар, хоҳлаган мулозим билан эркин мулоқотда бўлиш мумкинлиги, хориж меҳмонларидан интервью олишга уринаётган маҳаллий ОАВ фаоллигидан лол қолгандим.

ℹ️ Бу йилги конференцияда иштирок этиш учун расмий буюртма борасида, тан олиш керак, бироз кечикдим. Шу боис Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ва Ташки ишлар вазирлиги матбуот хизмати ходимларининг профессионал иш юритишлари, ўз вақтида ҳужжатларни расмийлаштириб берганларини таъқидлаш мен учун муҳим.

Ташрифимнинг илк дақиқасиданоқ барча масалада ёрдам қўлини чўзган тошкентлик ҳамкасбларимга ўз миннатдорчилигимни изҳор қиламан. Назаримда энг муҳими, бугунги кунда ўзбек журналистлари комментаторлардан фақат ҳушомаду-таъвозеларни изламасдан, эркин ва ҳеч қандай цензурасиз жавоб бера олишинг мумкин бўлган муҳим ва кескин саволларни беришмоқда.

Бу галги Тошкент конференцияси 15 июлда ўз ишини бошлади. Шу куни Марказий Осиё халқаро институтининг тантанали очилиш маросими ўтказилди ва биз ҳам уни ёритдик.

Моҳиятан, мазкур институт минтақавий ҳамкорлик борасида яна битта таҳлилий ва дискуссияли майдон бўлиши керак ва мен буни «Ўзбекистон-24» телеканалига берган интервьюимда айтиб ўтдим.

Олий даражадаги учрашув

Конференциянинг биринчи ялпи мажлиси 16 июль куни Тошкент халқаро конгресс -марказида бошланди. 2019 йили қурилган мазкур иншоот ички ишлар органи ходимлари ва зиҳрли машиналарда автомат билан қуролланган ҳарбийлар қуршовида бўлди ва кўрилган бу хавфсизлик чораларини «ортиқча» демаган бўлардим.

Конференцияга шундай муҳим меҳмонлар таклиф этилгандики, гўё Тошкент маркази — дунё марказига айлангандай бўлди. Бир дақиқа: форумда Афғонистон президенти Ашраф Ғани, Покистон Бош вазири Имрон Хон, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик масалалари бўйича олий комиссари Жозеп Боррел, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, йигирмадан ортиқ Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг ташқи ишлар маҳкамаси раҳбарлари, АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзода, юздан ортиқ хориж ва маҳаллий эксперт ва сиёсатшунослар, дунёнинг илғор ахборот агентликларидан ўнлаб журналистлар қатнашдилар.

Ўзбек лидери конференция бир марталик тадбир эмаслигини таъкидлаб, бу каби форумни ҳар йили ўтказиб туришни таклиф қилди.

Мажлисда давлат делегацияларининг раҳбарлари чиқиш қилдилар. Кўпчилик Тошкентга ташриф буюриб, жисмонан тадбирда қатнашган бўлсалар, тугамаётган пандемия сабаб айрим иштироқчиларнинг нутқлари улкан мониторлар орқали намойиш этилди.

Нима ҳақида гапирдилар?

Аксари маърузаларнинг мағзи кейинчалик Марказий ва Жанубий Осиё ТИВ раҳбарларининг якуний баёнотида ўз аксини топди. Баёнот муаллифлари Афғонистоннинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаб турадиган «минтақавий кўприк» сифатида муҳим ўрин эгаллашини таъқидлаб, барчани минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш баробарида Афғонистон Ислом Республикасининг иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшишга чорладилар.

Якуний баёнотда анжуманда иштирок этган барчанинг эзгу-ниятлари жамлан эди. Бироқ, ўртага қўйилган вазифаларни адо этиш ҳам мураккаб кечиши турган гап. Мажлисда Афғонистон ва Покистон делегация раҳбарларининг тортишиб қолганлари бунинг мисолидир.

Имрон Хон ва Ашраф Ғани

Афғонистон президенти Ашраф Ғани Покистоннинг афғон йўналишида олиб бораётган сиёсатини кескин танқид қилди. У афғон разведкаси маълумотларига таяниб, сўнгги ой Афғонистонга Покистон ва бошқа жойлардан ўн мингдан ортиқ жангарилар кириб келганини маълум қилди.

Ашраф Ғани Афғонистонда тинчлик ўрнатиш мақсадида покистон генераллари унга толибларга босим ўтказишни вада қилганларини, бироқ Покистондаги «Толибон» ҳаракати (РФда тақиқланган ташкилот) тарафдорлари жангариларнинг инфратузилмалар ва афғон ҳалқига етказган зарарларини «очиқчасига байрам қилаётганлари»ини айтди.

Ўз навбатида Покистон Бош вазири Имрон Хон афғон етакчиси танқидига муносабат билдириб, унинг гаплари адолатдан эмаслигига урғу берди. Имрон Хон Исломобод толибларнинг музокараларда қатнашишига, уларнинг афғон муаммосини фақат сиёсий йўл билан ҳал этишга ундашини айтди.

Толиблар: улардан «маҳлуқ» ясаган афзалми ёки уларни тан олиш?

Конференциянинг бир иш куни доирасида учта мажлис уюштирилди: «Фаол ривожланиш учун савдо ва транспортнинг узвий боғлиқлиги» секцияси, «Дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш йўлида маданий-гуманитар алоқаларни тиклаш» секцияси, «Минтақавий хавфсизлик. Даъват ва таҳдидлар» сексияси.

Ҳар бир мажлисда «муштараклик», «даъватлар», «хатарлар» ва «хавфсизлик» сўзлари кўпроқ тилга олинди, охирги мажлисда эса — «толиблар» сўзи.

Шуни таъкидлашим жоиз, Америка Қўшма Штатлари кейинги йилларда ўзларининг азалий рақиби -толиблар билан музокаралар бошлаган бўлса, тинчлик музокаларида «Толибон» ҳаракатини тенг ҳуқуқли иштирокчи сифатида қабул қилиш ғоясини Ўзбекистоннинг собиқ раҳбари Ислом Каримов илгари сурганди.

«Толибон бизга ёқадими-йўқми, аввало бу афғон халқининг ихтиёри. Эртанги ҳукуматда ким бўлишидан, қандай ҳукумат ташкил топишидан, реал воқеликдан келиб чиққан ҳолда биз қўшни давлат раҳбарлари керакли хулосаларни чиқаришимиз керак»,

— деганди Каримов 2000 йил сентябрида.

2015 йили Ўзбекистон президенти яна мазкур мавзуга қайтади: «Афғонистондаги вазият қандай шаклланишидан қатъий назар, аминманки БМТ бошчилигида асосий ва уларга қарши курашаётган кучлар ўртасида тинчлик музокараларини ўтказишдан бошқа йўл йўқ».

ТИВ собиқ раҳбари, Ўзбекистоннинг АҚШдаги собиқ элчиси, бугунги кунда сенатор бўлмиш Содиқ Сафоев Ислом Каримовнинг аввали айтган сўзларини такрорлади.

«Толибон вакиллари дунё ўзгаргани, Афғонистон ўзгарганини яхши идрок этадилар ва улар мавжуд реалликни тан олишга тайёр, — дейди менга обрўли дипломат ва сиёсатчи конференция кулуарида. — Нима бўлгандаям, Толибонни назардан четласмаслик лозим. Бу улкан таъсирга эга куч ва улар умумафғон тинчлик жараёнида иштирок этишлари керак. Мен яна шунга аминманки, Афғонистон масаласини ҳал этиш учун ҳалқаро иштирок, ҳамкорлик, сармоялар даркор. Буни амалга ошириш учун, Афғонистондаги ҳар қандай ҳукумат фундаментал ҳуқуқлар, умумэътироф этилган нормаларни ҳурмат қиладиган ҳокимият бўлиши кераклиги тушунмоғи керак. Афғонистоннинг истиқболи билан боғлиқ ҳар қандай музокаралар мана шу реалликдан келиб чиқиши керак».

Рустам Бурнашев нутқ қилмоқда

Конференцияда иштирок этган қозоқ-немис университети профессори, Марказий Осиё хавфсизлиги масалалари бўйича мутахассис Рустам Бурнашев ҳам чет салбий аралашувларисиз Афғонистонда келишувларга мойил давлат барпо этилиши мумкинлигига урғу берди.

«1990 йиллар охиридан бери мавжуд Толибон ҳаракати деярли келишувларга қодир куч. Унинг АҚШ, Россия, Эрон билан музокаралар олиб бораётган бир қисми ушбу ҳусусиятни сақлаб турибди, деб ўйлайман. Бироқ, муаммо шундаки, ҳозирда Толибон ҳаракати жипс институт шаклини олган ташкилот эмас, у кўпроқ тактик мақсадда ўзини «толибон» деб атаган ҳар қандай кучларни ўзида жам этган уюшмадир. Турган гап, уларнинг бир қисми билан қўлга киритилган келишув, бошқа қисми учун маъно касб этмаслиги мумкин. Лекин шунга қарамасдан келажакда ўзини «толиблар» деб атаган бирорта куч Афғонистон раҳбарияти таркибига кирса, улар келишувга қодир бўлиши мумкин», — деди Бурнашев «Фарғона»га берган интервьюсида.

Экспертга кўра, ҳозирча толибларнинг легитимлик масаласида ҳам муаммолар мавжуд. Толиблар ҳукуматни қўлда ушлаб, давлат назоратини ўрната оладиларми?

«Назорат — бу (давлат) институтларининг барпо этилиши, уларнинг аҳоли ва дала қўмондонлари томонидан тан олиниши, фуқаролар томонидан маъқулланган давлат ғояларининг шакллантирилишидир. Бу савол очиқлигича қолмоқда ва унга жавоб салбий бўлиши мумкин: Афғонистон — заиф жамиятдан иборат заиф давлатнинг классик мисоли бўлиб, унинг асосий ҳусусияти ички майда бўлаклар ва давлат ғояларининг мавжуд эмаслигидадир.

Бирламчи — хавфсизликми ёки сармоя?

ℹ️ Ўзбекистон кенг ва стратегик пухта комбинацияни кўзлаган ҳолда, бугунги кунда толиблар ва афғон президенти Ашраф Ғани ўртасидаги музокараларда воситачилик ролини ўз зиммасига олмаган.

«Афғонистондаги мавжуд муаммолар ечими ҳарбий йўл билан ҳал этилмаслигини деярли ҳамма тан олади, хатто четдаги манфаатдор томонлар ҳам, — дейди профессор Бурнашев. — Ҳарбий ечими йўқ экан, демак биринчи планга иқтисодий лойиҳалар ва шунга таалуқли ташаббуслар чиқади. Акс ҳолда, шунчаки жанжални изоляция қилиш ва имкон даражада ундан йироқлашиш тўғрисида гапириш мумкин. Яъни, бу масалада танлов варианти жуда чекланган. Шундай қилиб, Афғонистондаги вазиятга алоқадор ва унинг ҳал этилишидан манфаатдор давлатларнинг барчаси стейкхолдерлар (манфаатдор томонлар) ва бенефициарлар ташаббускорлари ҳисобланади, токи ташаббус Жанубий Осиё билан чекланмай, кенгайиб бориш тенденциясига эга бўлолса, масалан — Эрон томонига».

Афғонистонда мавжуд мавҳумлик, сиёсий ва ҳарбий беқарорлик туфайли ҳар қандай иқтисодий, айниқса инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишдаги таҳдид ва хатарлар ортиб бораверади. Лекин, хавфсизликни таъминлаш — мавҳум вазиятда хатар ва таҳдидларни бошқариш, демакдир.

«Гап шундаки, иқтисодий лойиҳаларни қадамма-қадам амалга ошириш баробарида хатарларни имкон қадар камайтириш лозим, токи жанжаллашаётган томонлар учун иқтисодий лойиҳалардан келадиган фойда ўзаро жанжаллардан келадиган фойдадан зиёда бўлсин», — дейди Бурнашев.

Менимча, Тошкент форуми ташкилотчилари ҳам айнан мана шундай тезисни дунё ҳамжамияти эътиборига етказмоқчи бўлгандилар.

Элдор Арипов

Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов конференцияда нутқ сўзларкан йирик иқтисодий, инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш Марказий ва Жанубий Осиё (Афғонистонда тинчлик ўрнатилишини кучайтирган ҳолда) ҳудудида хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашнинг ажралмас бир қисми бўлиб қолиши кераклигига урғу берди.

Асосийси — йўналишни танлаш

Конференция тугагач, Москвага қайтиб ушбу мақолани ёза бошлашанимда СМТИ директори Ариповга бир нарсага аниқлик киритиш учун мурожаат қилдим. Мен ундан Telegram орқали сўрадим: «Фейсбукдаги экспертлар хавфсизлик ёқи иқтисодий ҳамкорлик бирламчилиги борасида тортишмоқдалар. Ушбу дилеммага жавобан, яна бир бор Ўзбкистоннинг минтақалараро ташаббусларининг асосий мессенжини оддий сўзлар билан таърифлаб берсангиз?»

— Даниил, ҳаммаси жуда осон, — дея жавоб берди жаноб Арипов деярли беш дақиқадан сўнг. — Мамлакатимиз раҳбари минтақа учун моҳиятан янги кун тартибини – Тараққиётни таклиф этди. Савдо, транспорт, туризм каби барча йўналишларда тараққиётни амалга ошириш. Шундай йўл билан ўз атрофида бошқаларни бирлаштира оладиган негиз, пойдевор пайдо бўлади. Тинчлик, хавфсизлик, барқарорликка бўлган қизиқиш айнан мана шундай йўл билан рағбатлантирилади.

— Урушгандан кўра, савдолашган афзал. Шунга асосланган консенсус ҳар қандай сиёсий келишув ёки геосиёсий битимлардан мустаҳкамдир.

Бугунгача ҳеч ким бундай ёндошувни таклиф қилмаган, шунинг учун уни қўшниларимиз ва ҳамкорларимиз дарҳол қўллаб-қувватладилар», — деди Элдор Арипов.

* * *

Шуни таъкидлаш лозим, конференция давом этаркан иштирокчи давлатлар янги тадбир ва ҳамкорликнинг янги форматларини эълон қилдилар.

Ўзбекистон, АҚШ, Афғонистон ва Покистон Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасида янги тўрт томонлама маслаҳатлар платформасини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдилар.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари 6 августда Туркманистоннинг Аваз шаҳрида учрашадилар. У ерда бундан ташқари, Етакчи аёллар мулоқоти, Иқтисодий форум, Ҳалқаро кўргазма ва миллий таомлар кўргазмаси, шунингдек минтақа мамлакатлари санъат ва маданият усталарининг байрам концерти бўлиб ўтади.

Шарқда одамлар бирор нарсани ният қилганларида «Иншааллоҳ», дейдилар.

Илоҳим, АҚШ ва унинг иттифоқчилари қўшинларининг Афғонистонни шошилинч тарк этиши қўшни мамлакатлар тинчлигига путур етказмасин, жафокаш афғон тупроғида тезроқ мустаҳкам тинчлик ўрнатилиб, қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожлансин!

Тошкентда бунинг ижобатидан умидворлик кўзга ташланади.

Даниил Кислов
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ