Қўрқут ота турк дунёси киносини бирлаштирди…

...Ўзбекистон эса Истанбул фестивалида учта мукофотни қўлга киритди
ФЕСТИВАЛНИНГ ОЧИЛИШ МАРОСИМИ HABERTURK.COM САЙТИ ФОТОСУРАТИ

2021 йил 8 дан 12 ноябрга қадар Туркиянинг гўзал Истанбул шаҳрида «Қўрқут ота» Халқаро туркий тилли мамлакатлар кинофестивали бўлиб ўтди. Бу турк дунёси мамлакатлари тарихидаги биринчи кинофестиваль эди. У Туркиянинг маданият ва туризм вазирлиги томонидан ташкил этилган бўлиб, «Бейўғли маданий маршрути» тадбири бошланиши билан ҳамоҳанг ўтказилди. Лойиҳа Истанбулнинг тарихий, меъморий, иқтисодий ва туристик қадриятларига урғу бериш мақсадида ташкил этилди.

ℹ️ Фестиваль IX-X асрларда Сирдарё соҳилидаги даштларда яшаб ўтган ўғуз туркларининг машҳур шоири, бахшиси Қўрқут ота (Dede Korkut) шарафига номланган. Қўрқут ота қадим мусиқий асбоб — қўбизнинг ихтирочиси ҳам саналади.

Истанбул кинофестивалига 13 та давлатдан юздан ортиқ кино ижодкорлари ташриф буюрдилар. Халқаро анжуманда Туркиядан ташқари Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон, Венгрия, Гагаузия, Эрон, Украина ва Шимолий Кипр Турк республикасидан кино усталари иштирок этдилар. Кинофестиваль дастуридан 42 та фильм ўрин олди.

Кинофестивалда иккита ўзбек киноси унвонга сазовор бўлди. Рашид Маликовнинг «Тутқунлик» фильми жюрининг махсус унвонини қўлга киритган бўлса, Али Ҳамроевнинг «Халқ жасорати» фильми ҳужжатли фильмлар категориясида иккинчи ўринни эгаллади.

Фестиваль давомида ўзбекистонликлик делегация Истунбулнинг етакчи маданий муассасалари билан маданий-гуманитар соҳада ўзбек-турк ҳамкорлигига доир қатор учрашувлар ўтказди. Ўзбекистон Кинематография агентлигининг бош директори ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамиятининг раиси Фирдавс Абдуҳолиқов «Туркий дунё маданиятига қўшган ҳиссаси учун» махсус мукофот билан тақдирланди.

«Ҳурматли президентимиз томонидан олиб борилаётган Янги Ўзбекистон сиёсати туфайли нафақат халқаро муносабатлар мустаҳкамланиб бормоқда, балки турк дунёсининг ажралмас қисми ҳисобланмиш мамлакатимиз маданий меросини ўрганиш ва асрашга катта эътибор берилмоқда. Шу муносабат билан туркий тилли мамлакатлар бирлашувига туртки берувчи иккитомонлама гуманитар алоқалар ривожига ҳисса қўшган барчага миннатдорчилик исҳор қиламан», — деди Фирдавс Абдуҳолиқов.

«Биз маданият соҳасида иккитомонлама алоқаларнинг ривожланиши ва кинематография соҳасидаги қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилишини қўллаб-қувватлаймиз», — деди Туркия республикаси маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбарияти билан учрашувда.

Фестиваль доирасида Ўзбек киноси кунлари ўтказилди. Фильмлар намойишидан ташқари Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган «Илҳақ» фильми премьераси бўлиб ўтди. Шу билан бирга, Туркия телеканалларида ўзбек фильмлари намойиш этилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ