Ўзбекистонлик режиссёр Михаил Бородиннинг COTTON 100% фильми «Артдокфест» ҳужжатли фильмлар фестивалининг асосий танлов дастурига киритилди. Фильм пахта далаларидаги мажбурий меҳнат ва икки кучли аёл ҳақида, улардан бири теримчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётгани, иккинчиси эса қишлоқ ҳаётидаги қийинчиликлар билан курашаётгани ҳақида ҳикоя қилади. Фильм муаллифлари буни «замонавий Ўзбекистон бўйлаб саёҳат» деб таърифлайдилар. Фильм ижодкорларидан бири Тимур Карпов «Фарғона»га фильмга доир батафсил маълумот бериб, картина яна узоқ йиллар давомида долзарб бўлиб қолиши ҳақида гапириб берди.
«Юз фоиз пахта» — бу белги
Муҳаббат давлатга қарашли ерларда пахта етиштиради. Ҳар бир йиғимда у ташқи шароитга боғлиқ бўлмаган, баъзан эса уни катта қарзга ҳам солиб қўядиган ҳажмдаги ҳосилни пахта заводига топширишга мажбур бўлади, рўзғор тебратиш учун унинг ўзи ёлланма теримчилар билан бирга далада ишлайди.
Елена Ўзбекистондаги таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси (гап Элена Урлаева ҳақида кетмоқда). Ҳар йили полициянинг ҳушёр тортишига қарамай, у мажбурий меҳнатга қарши салб юришлар қилади. У юзлаб шикоят ва аризалар ёзади, қонунбузарликларни тузатади ва одамларни инсон шаънини ерга урадиган шароитларда ишлашдан бош тортишга ундайди.
Картинани яратиш ғояси 2016 йилда пайдо бўлган, дейди «139 Documentary Center» маркази директори Тимур Карпов. У кино продюсери, оператори ва сценарий муаллифларидан бири.
«Ўша пайтлар мен пахтачиликда мажбурий меҳнатни мониторинг қилиш билан фаол шуғулланардим. Миша [Бородин] билан кўп йиллар давомида дўст бўлиб, бирга ишлаганимиз туфайли биз буларнинг барчасини суратга олиш имкониятини муҳокама қилардик. Фақат 2018 йили техник тайёргарлик кўрдик, пул топдик ва йўлга отландик. Пахта терими мавсумида деярли тўрт ой давомида суратга олдик.
Биз танлаган жанр ҳеч қандай сюжет ёки ҳикояни ўз ичига олмагани учун биз визуал тадқиқотлар билан шуғулланардик. Жуда кичик камераларда суратга олдик, улар иложи борича яширинган эди, бу кундалик ҳаётга чуқур шўнғиш эди. Бу охир-оқибат қандай воқеа бўлишини ўйлаб ҳам ўтирмадик, шунчаки кўрганларимизни тасвирга олдик ва ҳужжатлаштирдик. Кейин таҳрир қилиш жуда узоқ вақт талаб қилди ва ҳамма нарса тайёр бўлгач, пандемия бошланди, [шунинг учун] премьера бир неча бор қолдирилди.
Фильм номига келсак, COTTON 100% — бу белги, буни ҳар биримиз юз фоиз пахтадан тикилган кийимларда кўришимиз мумкин. Бу бизни ўраб турган ва ҳар биримизни ташвишга солаётган нарсадир», — дея тушунтиради Тимур Карпов.
Мажбурлашдан воз кечиш
Ўзбекистонда пахта терими бошланганидан бери ўнлаб йиллар давомида бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари ходимлари, мактаб ўқувчилари ва талабалар далага мажбуран чиқарилган. Расмийлар мамлакатда мажбурий меҳнат йўқлигини таъкидлардилар, ҳуқуқ ҳимоячилари эса ишчилардан бунинг аксига доир мисолларни диққат билан ёзиб олардилар. Бундай мониторинг натижасида ҳар йили Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия форуми (ҳозирда бу «Инсон ҳуқуқлари бўйича ўзбек форуми») томонидан тайёрланган ҳисоботларга ўхшаш маълумотлар эълон қилинарди.
Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан Ўзбекистон раҳбарияти мажбурий меҳнатга қарши кампания бошлади, бироқ 2020 йилгача ҳуқуқ ҳимоячилари мунтазам равишда теримчилар шикоятларини ёзиб олдилар.
2021 йилга келиб бундай шикоятлар барҳам топди. «Ҳа, биз тўлиқ ишонч билан айтишимиз мумкинки, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга чек қўйилди. Бу йил бундай ҳолатлар кузатилмади. Мен учрашган деярли барча ҳуқуқ ҳимоячиларидан, жумладан Елена Урлаева каби муросасиз инсонлардан сўрадим ва уларнинг барчаси мажбурлаш фактлари йўқлигини тасдиқлашди», — дейди ҳуқуқ ҳимоячиси, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Умида Ниёзова. Бу ҳақда у «Фарғона»га ўтган йил ватанга қилган сафари натижаларига асосланиб гапириб берди.
«COTTON 100%» да кўрсатилган мажбурий меҳнат кўлами билан ҳозирги давр ўртасида зиддият борми, деган саволга фильм продюсери Тимур Карпов «йўқ» деб жавоб берди.
«Фильмда мажбурий меҳнатдан ташқари кўплаб саволлар ўртага қўйилади – бу фермерларга бўлган муносабат, бутун тизимнинг тузилиши. Улар Ўзбекистонда, менимча яна кўп йиллар давомида долзарб бўлиб қолади. Чунки мамлакатда маъмурий тизимда ҳеч қандай ислоҳот, умуман тизимли ислоҳотлар амалга оширилмаган», — дейди у.
Муҳим тарихий ҳужжат
Ҳокимият саъй-ҳаракатларига қарамай, республика пахта саноатида ҳал этилмаган муаммолар сақланиб қолди — бу ҳақда маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам, 2007 йилдан бери пахта секторида болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам беришга ҳаракат қилаётган Cotton Campaign коалицияси аъзолари ҳам айтишмоқда. Муаммолардан бири кластерларга — вертикал ишлаб чиқаришга уйғунлашган корпорацияларга тегишли.
«Кластерларнинг икки тури мавжуд. Биринчиси, тўқимачилик корхоналарининг ўзлари давлатдан ер ижарага олиб, ўзлари учун зарур бўлган пахтани ўзлари экишади, уни қайта ишлаб, ип-калава, кийим тикиб, ўзлари сотишади», — дея тушунтиради Умида Ниёзова. — Бизга айтишларича, Ўзбекистонда бундай кластерлар кам, улар йилига жами пахта ҳосилининг 15-18 фоизини ишлаб чиқаради. Қолган кластерлар ғалати тизим бўлиб, фермер хўжаликлари қандайдир тўқимачилик корхоналарига бириктирилган, улар корхона ва маҳаллий ҳокимликлар хоҳлаган миқдорда пахта етиштиришга мажбур бўладилар».
Ҳуқуқ ҳимоячисининг фикрича, айнан кластерлар нарх белгилаш жараёнида иштирок этмайдиган фермерлар учун минимал харид нархларини белгилайди. Бироқ, олдинги йиллардан фарқли ўлароқ, бу муаммоларни муҳокама қилиш ва ҳал этиш мумкин, дея қўшимча қилади у.
Тимур Карповнинг фикрига кўра, мажбурий меҳнат ўтмишда қолиши учун ҳукумат ҳали кўпларни амалга ошириши керак.
«Биринчидан, улар [ҳокимият] сўнгги уч йил давомида бу масала билан шуғулланишмоқда, бироқ бу вақт мамлакатимизда юз йилдан бери одат бўлиб келган амалиётдан бутунлай воз кечиш учун етарли эмас. Иккинчидан, Ўзбекистонда ҳозир мажбурий меҳнат йўқ, деб фараз қилсак ҳам, бу мавжуд бўлмаган дегани эмас. Биздан олдин ҳеч ким шахсий кечинмаларга таянган ҳолда мажбурий меҳнат ва пахтачилик тизими тўғрисида бундай ҳужжатли тергов-суриштирув фильмларини суратга олмаган. Бу муҳим тарихий ҳужжат», — дейди «Фарғона» суҳбатдоши.
«Артдокфест» кинофестивали 3 дан 8 мартгача Ригада бўлиб ўтади ва шундан сўнг Москвада 31 мартдан 7 апрелгача қисқартирилган вариантда танлов дастурини кўриш мумкин.
-
22 Ноябрь22.11Хайрия ишларининг Остап БендериВолонтёр Перизат Қайратни қозоғистонликларнинг миллионлаб долларларини ўзлаштирганликда айблашмоқда
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
18 Ноябрь18.11ФотоТақвимга қарамасданТошкентда Янги йил арчаси ёқилди
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
01 Ноябрь01.11Феноменал РенессансТошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди
-
22 Октябрь22.10Ҳаводан олинган сув«Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди