Cotton Campaign ўзбек пахтасига жорий этилган бойкот бекор қилинганини эълон қилди

Болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши йиллар давомида олиб борилган кураш ўз самарасини берди
COTTON CAMPAIGN ЎЗБЕК ПАХТАСИГА БАЙКОТ БЕКОР ҚИЛИНИШИНИ ЭЪЛОН ҚЛМОҚДА. АНДРЕЙ КУДРЯШОВ ФОТОСУРАТИ / «ФАРҒОНА»

Cotton Campaign халқаро коалицияси ўзбек пахтасига нисбатан жорий этилган глобал бойкот бекор қилиганини эълон қилди. Бу ҳақда 10 март куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида ўтказилган қўшма брифингда расмий баёнот берилди. Тадбирда Cotton Campaign вакиллари, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов, халқаро брендлар ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этдилар.

«Биз Президент Шавкат Мирзиёевнинг мажбурий меҳнатга чек қўйиш ва Ўзбекистон пахта секторини ислоҳ қилиш учун олиб борган тарихий ислоҳотларини юқори баҳолаймиз», — деди Cotton Campaign асосчиларидан бири, АҚШ Давлат котибининг демократия бўйича собиқ ёрдамчиси ўринбосари Беннет Фриман.

Фриман Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда эришган натижалари ўзбек пахтасига бойкотни бекор қилиш учун асос бўлганини таъкидлади.

Cotton Campaign асосчиларидан бири Беннет Фриман. Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона»

«Бу биринчи навбатда жаҳон тўқимачилик саноати етакчи корхоналарининг Ўзбекистон бозорига киришига имкон беради, мамлакатда миллионлаб янги иш ўринлари яратиш, қишлоқ хўжалигига халқаро стандартларни жорий этиш, экспорт ҳажмини ошириш ва халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади», — дея таъкидлади Фриман.

Сенат раиси Танзила Нарбаева ўз нутқида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар асосида ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашнинг мутлақо янги тизими яратилганини таъкидлади. 2019-2021 йиллари 32 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро миграция ташкилотининг қатор конвенция ва баённомалари ратификация қилинди.

Болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтириш энг самарали чора-тадбирлардан бири бўлди. Одам савдосига қарши курашиш соҳасида институционал базани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. 2019 йили Миллий ва ҳудудий комиссиялар ҳамда ушбу масалалар бўйича Миллий маърузачи институтининг ташкил этилгани ушбу йўналишда республика ва маҳаллий миқёсда комплекс ва мувофиқлаштирилган ишларни амалга ошириш имконини берди.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева. Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона»

Танзила Нарбаеванинг таъкидлашича, 2020-2030 йиллари қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси доирасида тизимли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Ушбу стратегияда агробизнес учун қулай муҳит яратиш, унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, бозор тамойилларини ва меҳнатни механизациялашни кенг жорий этиш устувор қадриятлар ҳисобланади.

Халқаро ҳамкорлик доирасида Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), АҚШ Давлат департаменти ва Меҳнат департаменти, шунингдек Cotton Campaign коалицияси билан ҳамкорликда одам савдосига қарши курашиш, болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш ҳамда ишчиларни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилган.

Айни пайтда Ўзбекистонда болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилган, пахта теримида мажбурий меҳнат фақат алоҳида, тизимли бўлмаган ҳолатларда юз бериши мумкин, уларнинг ҳар бири фуқаролик жамияти фаоллари билан яқин ҳамкорликда ўрганилиб, масъул мутасаддиларга нисбатан чоралар кўрилмоқда.

Cotton Campaign дастурлари кооординатори Эллисон Гилл. Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона»

Cotton Campaign вакиллари ўз чиқишларида 331 нафар халқаро бренд ва чакана савдо компанияларидан иборат гуруҳ пахта хомашёси йиғим-теримида болалар ва мажбурий меҳнатдан тизимли равишда фойдаланилаётгани сабабли Ўзбекистондан пахта маҳсулотларига бойкот эълон қилганини таъкидладилар. 2017 йилдан бери мамлакат ҳукумати пахта бойкотини бекор қилиш мақсадида коалиция билан мулоқотга киришди.

2019 йил июнь ойида коалиция қишлоқ хўжалигида зарур ислоҳотлар бўйича «Йўл харитаси»ни тақдим этди. Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда тарихий қадамлар қўйилди – мажбурий меҳнатдан фойдаланганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилди, пахта етиштириш квоталари бекор қилинди. ХМТ ва Жаҳон банки тавсияларига мувофиқ пахта теримчиларининг иш ҳақи сезиларли даражада оширилди, натижада кўнгиллилар сони кўпайди.

2021 йил куз мавсумида 2009 йилдан бери мустақил мониторинг ўтказиб келаётган «Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари форуми» илк бор пахта теримида тизимли мажбурий меҳнат йўқлигини тасдиқлади. Бу тарихий ютуқ фуқаролик жамияти фаоллари, халқаро ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар, трансмиллий брендлар ва Ўзбекистон ҳукуматининг кўп йиллик ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари самараси бўлди.

Фуқаролик жамияти ролини кучайтириш ва меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши устидан мустақил мониторингни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича чора-тадбирлар зарурлигини эътироф этган ҳолда, мулоқотнинг ҳар икки томони фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хуманов. Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона»

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов ўз нутқида Ўзбекистон пахта теримидан ташқари ҳолатда ҳам меҳнат ҳуқуқларини мустақил мониторинг қилиш тажрибасини кенг ёйиш, умумий овқатланиш, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳам бундай мониторингни бошлаш ниятида эканини маълум қилди.

Ўзбек пахтасига глобал бойкот бекор қилинганини Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов олқишлади.

«12 йилдан ортиқ амал қилган бойкот мамлакатимизда 2021 йилги пахта терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилмагани муносабати билан бекор қилинди.
Бундан илгарироқ Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон пахтачилигида тизимли болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга чек қўйилганини эътироф этди.
Буларнинг барчаси Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан инсон қадрини улуғлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бундан буён ҳам қатъий давом эттирилиши ва улар ортга қайтмаслигидан далолатдир», — деди Асадов.
Cotton Campaign ўзбек пахтасига байкот бекор қилинишини эълон қилмоқда. Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона»

Халқаро меҳнат ташкилоти хабарига кўра, теримчиларнинг атиги бир фоизга яқинини тўғридан-тўғри ёки айрим омиллар орқали мажбурлаш ишларига дучор бўлгани аниқланган. Маълумотлар шуни кўрсатадики, респондентларнинг 0,47 фоизи маҳалла вакилларидан ижтимоий нафақалар бўйича, 0,12 фоизи эса иш берувчидан иш ўрни ёки иш ҳақини йўқотиш билан боғлиқ таҳдидларга дуч келганини хабар берган. ХМТ мониторинги чоғида сўралган пахта теримчиларининг аксарияти меҳнат шароитлари 2020 йилдан бери яхшиланганини маълум қилган.

Муаммо тарихи

Европа ва АҚШ компаниялари 2007 йилнинг ноябридан ўзбек пахтасига бойкот эълон қила бошлади – Финляндиянинг Marimekko компанияси ишлаб чиқарувчи ўзбек болалар ва ўсмирларининг мажбурий меҳнатидан даромад олмоқда, дея ҳисоблаб Эстониянинг Kreenholm компанияси томонидан ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларини сотиб олишни тўхтатди. Тахминан бир ҳафта аввал Ўзбекистондаги бир гуруҳ фуқаролик жамияти фаоллари дунёнинг йирик ҳукуматлари ва халқаро бизнес вакилларини болалар меҳнати ёрдамида ишлаб чиқариладиган ўзбек пахтаси ва тўқимачилик маҳсулотларини бойкот қилишга чақирган эди.

2008 йилнинг январ ойида Буюк Британиянинг энг йирик савдо тармоғи бўлмиш Теско (Tesco) раҳбарияти ўз ҳамкорларидан ўзбек пахта толасини етказиб беришни тўхтатишни талаб қилди. Ўша йилнинг август ойида Америка ва Британиянинг тўртта кийим-кечак импортчилари ва савдогарлари ассоциацияси Ўзбекистон пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши чиқди. Булар — Миллий Чакана савдо федерацияси (NRF), Чакана савдо етакчилари уюшмаси (RILA), Америка кийим кечак ва пойабзал ассоциацияси (AAFA) ва Тўқимачилик ва кийим-кечак импортчилари уюшмаси (AITA) эди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳар йили тақдим этаётган фактларга қарамай, Ўзбекистон расмийлари мажбурий болалар меҳнати ҳақидаги барча айбловларни қатъиян рад этиб келарди.

2010 йилга келиб Wal-Mart Stores, Marks&Spencer, Target ва The Gap ўзбек пахтасидан тайёрланган маҳсулотлардан воз кечди. 2011 йили 80 та компания худди шундай қарор қабул қилган бўлса, 2012 йил ноябрига келиб уларнинг сони 108 тадан ошди ва охир-оқибат бренд ва чакана сотувчилар сони 331 тага етди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ