Афғонистоннинг шимолий вилоятларида «Толибон»* радикал ҳаракатининг уч қўмондони раҳбарият назоратидан чиқиб кетиб, ўз сафдошлари билан ўзаро жанг қила бошлади. Бунга миллий низолар сабаб бўлган. Деярли бутунлай пуштунлардан ташкил топган радикал ҳаракат раҳбарияти Афғонистонда пуштунлаштириш сиёсатини амалга оширишга ҳаракат қиляпти, бироқ бу бошқа этник гуруҳлар қаршилигига дуч келмоқда. Пуштун толибларига қарши ўзбек, ҳазора ва тожик миллатига мансуб толиблар бош кўтардилар. Натижада вазият этник жиҳатдан толиблар ўртасидаги урушга айланиб кетиши ҳам мумкин.
Ўзбеклардан бошланди
«Толибон» ҳаракатида биринчи муҳим миллий можаро жорий йилнинг 13 январида юз берди. Шимолдаги Фарёб вилоятида «Толибон» радикал ҳаракатининг пуштун жангарилари маҳаллий толиблар қўмондони, миллати ўзбек бўлган Махдум Алемни ҳибсга олганидан кейин маҳаллий ўзбеклар ғалаён кўтардилар. Алем 12 январь куни Ўзбекистон билан чегарадош Балх вилояти маркази Мозори Шарифда «Толибон» ҳукумати Мудофаа вазири ўринбосари Мулла Фазел буйруғига асосан ҳибсга олинганди.
Аксарият аҳолиси ўзбеклардан иборат Фарёбнинг маъмурий маркази бўлмиш Маймен шаҳрида норозилик намойишлари тартибсизликларга айланиб кетди. Маҳаллий ўзбеклар пуштун толибларини калтаклаб, қуролларини тортиб олдилар.
Faryab unrest: According to this video obtained by @AFIntlBrk people seized Taliban’s heavy and light weapons. pic.twitter.com/sVR67eUEdL
— Tajuden Soroush (@TajudenSoroush) January 13, 2022
Таъкидлаш жоиз, ушбу воқеалардан бир ой олдин қўшни Жузжон вилоятида истиқомат қилувчи ўзбек ва туркманлар таёқ билан қуролланган ҳолда ўз ерларини енгил қуролланган “Толибон» жангариларидан ҳимоя қилишга муваффақ бўлгандилар. Воқеа асосан туркий тилли халқлар вакиллари истиқомат қилувчи Қўштепа туманида содир бўлди. Толиблар маҳаллий ўзбеклар ва туркманлар ерларини пуштунзабон куччи халқига тортиб олишга ҳаракат қилишди, аммо Қуштепанинг туркийзабон аҳолиси ўз ҳудудларини ҳимоя қилишга муваффақ бўлди.
Алем ва Фарёбдаги тартибсизликларга келсак, «Толибон» у ерга жангариларнинг кўп миқдорда қўшимча кучлари етиб келганидан сўнггина вилоятдаги вазиятни ўз назорати остига ололди. Алем эса апрель ойи ўрталарида «Толибон» ҳукуматининг Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари бўлиб ишлайдиган бошқа бир ўзбек қўмондони Салоҳуддин Айюбий воситачилигида озод этилди.
Бироқ, бу воқеалар «Толибон»нинг пуштун раҳбариятига дарс бўлмади. Аҳолиси бошқа этник миллатга мансуб вилоятларида пуштунлардан раҳбар сайлаш ишлари давом этаверди.
Ёзги тартибсизликлар
Июнь ойида «Толибон» ҳукумати Сари Пул вилоятидаги Балҳоб туманида маҳаллий қўмондон, этник ҳазора шиаларидан бўлган Маҳди Мужоҳидни алмаштиришга уринишди. Мужоҳид бундан бош тортди ва унинг жангчилари бошқа вилоятлардан келган «Толибон» жангариларининг туманга кириш йўлини тўсиб қўйишди. Ўз навбатида, толиблар раҳбарияти қўзғолонни бостириш учун қуролли бўлинмаларни юборди. Балхоб қамал ичида қолди. Фарёблик ўзбек жангарилари қамалда қатнашишдан бош тортгани эътиборга молик.
23 июнь куни туманга «Толибон» марказий раҳбариятига бўйсунувчи ҳарбий бўлинмалар ҳужум қилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Бундан ташқари, бу ҳақда толибларнинг азалий душманларидан бири, афғон ўзбеклари етакчиси, маршал Абдул-Рашид Дўстум маълум қилди.
Ҳужумлар Маҳди Мужоҳид бошчилигидаги ҳазора отрядлари томонидан муваффақиятли қайтарилди. Балхоб туманини қамал қилиш ҳамон давом этмоқда.
Сари Пул вилоятида ўзаро тўқнашув бўлаётган бир пайтда, Тожикистон билан чегарадош Бадахшон вилоятида қўмондон Кари Ваккасга бўйсунувчи толиблар ўтган йил сентябрь ойидан бери «Толибон»га қарши партизан урушини олиб бораётган «Миллий қаршилик фронти»га ўтиб кетишди. Ваккас жангарилари Тағоб туманидаги бир қатор қишлоқларни ўз назорати остига олдилар.
22 июнь куни Сари Пул вилоятида асли тожик, Балҳоб тумани билан чегарадош Куҳистонат туманида туғилган қўмондон Зариф Музаффарийнинг «Толибон» марказий раҳбариятини тарк этгани маълум бўлди. Ўтган йил август ойида ўрнатилган толиблар режими даврида у Сари Пул вилояти губернатори ва ғарбдаги асосан тожиклар истиқомат қиладиган Ҳирот вилоятидаги 207-«Ал-Фаруҳ» армия корпуси қўмондони лавозимларида ишлаган эди. Бир мунча вақт аввал унинг машинасини портлатиб юборди, ўзи эса яраланди. Музаффарий бу воқеаларда раҳбариятни айблайди.
Ҳозирча Музаффарий «Толибон»нинг пуштун раҳбариятига қарши уруш эълон қилмаган, бироқ афғон матбуотига кўра, у ўз қўшинини кенгайтирмоқда ва Балҳоб ҳазораларига қўшилиши мумкин.
Пуштунлаштириш «Толибон»ни йўқ қилади
Эслатиб ўтамиз, «Толибон» ҳаракати 1990 йиллар бошида Афғонистоннинг жанубидаги пуштун вилоятларида пайдо бўлганди.
Дарҳақиқат, бу пуштун миллатчилик ташкилоти бўлиб, унинг асосий мафкураси сунний ислом ақидалари эмас, балки Паштунвалай деб номланган пуштунларнинг анъанавий нормалари тўпламидир.
Бироқ, Афғонистон аҳолиси жуда хилма-хил этник таркибга эга. Пуштунлар ҳаттоки мамлакат аҳолиси орасида кўпчиликни ташкил ҳам этмайди — турли маълумотларга кўра, уларнинг сони мамлакат аҳолисининг 40% га этади. Иккинчи йирик миллат тожиклар бўлиб, улар асосан мамлакатнинг шимоли ва ғарбида яшайдилар. Марказий вилоятларда ва шимолда хазораларнинг жамоалари яшаса, мамлакат шимолида туркманлар билан ўзбеклар истиқомат қиладилар.
1996 йили Кобулда илк бор ҳокимиятни қўлга киритган толиблар ўз ҳудудларида Паштунвалайни ўрнатишга ҳаракат қилишди. 1996 йилдан 2001 йилгача радикаллар Афғонистонни тўлиқ эгаллаб ололмаганининг сабабларидан бири ҳам — пуштун бўлмаган этник гуруҳлар вакилларининг ўзга халқ хулқ-атвори меъёрларига бўйсунишдан бош тортгани билан изоҳланади.
«Толибон»нинг зўрлик йўли билан амалга ошираётган пуштунлаштириш сиёсати Афғонистонда нафақат миллатлараро фуқаролар урушининг янги босқичи учун шарт-шароит яратади, балки ҳаракатнинг ўзида жиддий бўлинишларни ҳам юзага келтиради. Дарҳақиқат, «Толибон» раҳбарияти ички сиёсатини ўзгартирмаса, Афғонистонда тез орада кенг кўламли жанговар ҳаракатлар қайта бошланишини башорат қилиш мумкин. Бу мажорога турли миллатга мансуб кечаги толиблар сафдошлари шунғиб кетадилар.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).
-
27 Август27.08Нафас олиш ҳозирча мумкинТолиблар аёлларга нисбатан ҳижоб мажбурийлиги ва бир қатор тақиқларни қонун билан мустаҳкамлади
-
16 Август16.08«Халқ ва давлат: АЭС бўйича референдум ким тарафида?»Қозоғистонда шу номдаги масалага бағишланган «Трансчегаравий журналистика» лойиҳаси ишга туширилди
-
15 Август15.08«Толиблар футболни тушунишмайди»Афғон клубининг ОФК Чақирув лигасидаги истиқболлари ҳақида
-
13 Август13.08Париждан медаллар биланМарказий Осиё спортчиларининг 2024 йилги Олимпиада ўйинларида эришган натижалари ҳақида
-
27 Июнь27.06Бастрыкин «топқирлиги»РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида
-
21 Май21.05Манзилига етолмаган олий раҳбарПрезидент Раисий вафотидан сўнг Эрондаги сиёсий вазият қандай ўзгариши мумкинлиги ҳақида