12 февраль куни Афғонистон темир йўллари бошқармаси ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг шўъба корхонаси «Сўғдиёна Транс» ўртасида Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўлини эксплуатация қилиш муддатини яна икки йилга узайтириш бўйича келишув имзоланди.
Ўзбекистонликлар ва афғонлар мамлакатнинг энг муҳим темир йўлига кимлар хизмат кўрсатиши борасида икки ойдан ортиқ вақт музокара олиб бордилар. Бундан олдин афғон томони оператор ўзгарганини эълон қилганди, ўзбекистонликлар ўз навбатида бу хабарларни рад этганди. Ҳатто ижтимоий тармоқларда Қозоғистондан келган ходимлар темир йўлга хизмат кўрсатишни бошлагани акс этган суратлар ҳам пайдо бўлганди. Ўзбекистон бу пайт ушбу йўналишдаги темир йўл алоқасини ёпиб қўйди ва бу дарҳол афғон бизнесига ўз таъсирини кўрсата бошлади.
Ҳайратондан Мозори Шарифгача бўлган темир йўл билан боғлиқ масалалар – «Фарғона» материалида.
Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўлининг аҳамияти
2010 йил февраль ойида мазкур йўналиш бўйича қурилиш ишлари бошланди ва ўша йилнинг ноябрь ойида Термиз шаҳридан машҳур «Дўстлик кўприги» ва Ҳайратон чегара пункти орқали Афғонистон шимолидаги энг йирик шаҳар — Мозори Шарифгача бўлган бир томонлама темир йўл участкаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. «Сўғдиёна транс» корхонаси 2011 йил декабрь ойида мазкур темир йўл линиясидан фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш учун махсус ташкил этилди. Ушбу йўналиш узунлиги 75 км бўлиб, унинг қурилишига Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган 129 миллион доллар маблағ сарфланган.
Ўша пайтдаги хавфсизлик масаласи оғир бўлишига қарамай, айнан ўзбек ишчилари йўлни қурган ва таъмирлаган эдилар, яъни бу мақсадлар учун маҳаллий афғонлар жалб этилмаганди. Бу йўналиш, аслида, Афғонистон шимоли учун асосий импорт йўли бўлган, шунингдек Мозори Шариф аэропортида жойлашган Германия ҳарбий контингенти базаси учун таъминот маслаларини ҳал этган.
Хорижий қўшинлар 2021 йил ёзида Афғонистонни тарк этиб, «Толибон» * радикал ҳаракати Кобулда ҳокимиятни қўлга киритгач, мамлакатда гуманитар инқироз бошланганидан кейин (кўплаб давлатлар ва халқаро гуманитар ташкилотлар янги тузум билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган), Ҳайратондан Мозори-Шарифгача бўлган темир йўлининг аҳамияти кескин ошиб кетди.
Айнан мана шу маршрут афғонлар учун инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш калитига айланди. Бундан ташқари, ўзбеклар тез орада толиблар билан Марказий Осиё мамлакатлари темир йўл тармоқларини Жанубий Осиё мамлакатлари билан (Покистон орқали) боғлаши керак бўлган улкан Трансафғон темир йўлини қуриш бўйича келишиб олдилар.
Вақт ўтиши билан Афғонистон импорт товарларининг деярли ярми, гуманитар ёрдамнинг салмоқли ҳажми Термиздан Ҳайратон орқали темир йўл билан етказиб берила бошланди. Халқаро ташкилотлар томонидан етказиб берилаётган гуманитар юклар учун ҳатто Термизнинг Афғонистон чегарасига яқин бўлган жойида махсус логистика маркази – Termez Cargo Centre ташкил этилди. Бу марказда барча зарур инфратузилма мавжуд – халқаро аэропорт, дарё порти, темир йўл ва Афғонистон билан боғловчи автомобиль йўллари.
Тушунмовчиликлар нимада бўлганди
Ўтган йил декабрь ойи бошида Афғонистон темир йўллари бошқармаси раҳбари Бахт-Раҳмон Шарафат Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўлига қозоғистонлик Mansour Fatih янги оператори хизмат кўрсатишини маълум қилган эди. Шарафат бу қарорини ўзбеклар хизмати афғонлар учун жуда қимматга тушаётгани билан асослаганди. Янги оператор Афғонистондан ҳар йили хизматлар учун 4,1 миллион доллар олади, деганди ўшанда Афғонистон темир йўллари маъмурияти раҳбари.
«[Илгари] биз Ўзбекистондаги «Сўғдиёна Транс» компаниясига йилига 15 миллион доллар тўлаганмиз», — деганди Шарафат.
Mansour Fatih компанияси раҳбари ўринбосари Биснбай Маханов компания темир йўлда техник хизмат кўрсатувчи ходимлар сонини кўпайтириш ниятида эканини маълум қилди. Аниқ рақам темир йўл тармоғи имкониятларидан келиб чиқиб аниқланади, деди Маханов.
Ўз навбатида Ўзбекистон бу маълумотларни рад этиб, «Сўғдиёна Транс»нинг кейинги фаолияти бўйича музокаралар давом этаётганини маълум қилди.
1 февраль куни ўзбеклар Мозори Шариф билан темир йўл алоқасини тўхтатдилар. Бироқ, ижтимоий тармоқларда қозоғистонлик Mansour Fatih ходимларининг Ҳайратондан Мозори Шарифгача бўлган темир йўлда тушган суратлари пайдо бўлди.
Бизнеснинг зарар кўриши ва шартноманинг узайтирилиши
Ҳайратон темир йўл орқали товарлар олиб кирилиши ва экспортнинг тўхтаб қолиши Афғонистон шимолидаги иқтисодиётга дарҳол зарба берди. Масалан, афғон савдогарлари меваларини Ўзбекистонга олиб киролмадилар, мевалар бир неча кундан сўнг чирий бошлади (афғонлар уларни чегарада узоқ муддат сақлаш учун зарур инфратузилмага эга эмас) ва уларни чегара дарёси бўлмиш Амударёга ташлаб юбора бошладилар.
Афғонистон шимолига импорт қилинадиган товарларнинг нархи ҳам танқислик туфайли кескин ошиб кетди. Ҳайратон орқали темир йўл қатновининг тўхтатилиши бир ҳафта ичида ўз таъсирини кўрсатди.
Афғонистон темир йўл бошқармаси делегацияси «Сўғдиёна Транс» компанияси билан музокаралар ўтказиш учун 8 февраль куни Термиз шаҳрига етиб келди. Икки кундан сўнг темир йўл ишини қайта тиклаш бўйича келишилди.
10—11 февраль кунлари 714 та вагон етказиб берилди, деб хабар қилди «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати. 12 февраль куни эса Афғонистон ва Ўзбекистон делегациялари «Сўғдиёна Транс» компанияси томонидан Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўлини эксплуатация қилишни давом эттириш бўйича битимни имзоладилар.
Тўғри, на ўзбек компанияси хизматларининг нархи, на янги шартнома ҳақида алоҳида маълумотлар келтирилмади. Лекин бир нарса аниқ — Ўзбекистонга Афғонистондаги иқтисодий вазифаларини амалга ошириш учун Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўли жуда керак. Толиблар қанчалар тажанглик қилишмасин, ҳозирча ўзбеклар бу вазифаларнинг уддасидан чиқолдилар.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).
-
11 Октябрь11.10Тўсиқларни енгиб ўтиш ва кадрларни сақлаб қолиш керакАлишер Никимбаев — футзал бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатидаги ташкилий муаммолар, андижонлик мухлислар ва Ўзбекистонда спортни ривожлантириш ҳақида
-
08 Октябрь08.10ФотоНон шаҳриТошкентда нонлар фестивали бўлиб ўтди
-
03 Октябрь03.10Мослашув имтиҳониРоссияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида
-
27 Сентябрь27.09«Футболчилар ўйинини ўйнайверсин, футболни эса бошқалар бошқаради» — бундай тезиснинг яшашга ҳаққи йўқАлишер Аминов — Тошкентда бўлиб ўтган FIFPro Бош ассамблеяси ва Ўзбекистонда спортни бошқариш тизимининг ҳуқуқий асослари ҳақида
-
18 Сентябрь18.09Эрмитаж ва WOSCU — ҳамкорлик натижалариЎзбекистон маданий мероси Эрмитажни қанчалар ҳайратга солгани ҳақида. Павел Лурье маърузаси
-
28 Август28.08ФотоПариждан СамарқандгаЭшкак эшиш каналида катта пойгалар бўлиб ўтди