Эркаклар ким ҳақида гапиришади

«Фарғона» гендер тенглик борасида HeForShe бирдамлик ҳаракати билан ҳамкорликда лойиҳа бошлади
ФОТОСУРАТ HEFORSHE ТОМОНИДАН ТАҚДИМ ЭТИЛДИ

HeForShe — БМТ «Аёллар ташкилоти» томонидан барпо этилган гендер тенглиги халқаро бирдамлик ҳаракатидир. Унинг ғоясига кўра, ҳар иккала жинс ҳам ҳақиқий тенгликдан манфаатдор бўлади. Улар ёнма-ён туриб, аёллар ва қизларнинг камситилиши ва зўравонлик муаммоларини тезда ҳал қила оладилар. Тенглик учун курашни биргина аёлларга қолдириб бўлмайди — эркаклар ҳам бунда фаол иштирок этишлари керак.

HeForShe ни инглиз тилидан «у (эркак) аёл учун» деб бемалол таржима қилиш мумкин, бу ном ҳам лойиҳанинг ўзига хослигини акс эттиради: айрим эркаклар бошқаларга аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлиги ҳақида гапириб берадилар.

Марказий Осиёда лойиҳа (Марказий Осиё ва Афғонистон учун «Ёруғлик нури» дастурининг бир қисми) 2022 йили муаммоли мавзулар ва эркакларнинг гендер муаммоларига муносабатини ўрганишдан бошланган. Дастур мутахассислари минтақадаги бешта мамлакат аҳолиси билан онлайн сўровлар, фокус-гуруҳлар ва суҳбатлар ўтказганлар. Тадқиқот натижалари асосида муҳим муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари белгилаб олинди.

HeForShe Central Asia платформасида фаол муҳокама қилинадиган мавзулар қаторига қуйидагилар киради:

👉 аёллар ва қизларга нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонликка йўл қўйилмаслик;

👉 мажбурий ва эрта никоҳга қарши курашиш;

👉 аёллар учун сиёсат ва иқтисодиёт соҳасида тенг имкониятлар яратиш;

👉 оиладаги зўравонликдан омон қолганларни ота-оналар ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашнинг аҳамияти;

👉 гендер тенгсизликни кучайтирувчи стереотиплар ва нотўғри қарашларга қарши курашиш;

👉 Эркаклар учун оталикнинг аҳамияти.

Ҳозирда лойиҳанинг «иттифоқчилари» Қозоғистон ва Қирғизистон ишбилармонлари, блогерлари, маданият арбоблари ҳисобланади. Уларнинг барчаси гендер тенглик, онгли оталик, аёлларни қўллаб-қувватлаш ва зўравонликка қарши кураш билан боғлиқ мавзуларда узоқ вақтдан бери ўз тингловчилари билан гаплашиб келаётган эркаклардир. Яқин келажакда тарафдорлар рўйхати минтақадаги бошқа давлатлар вакиллари билан тўлдирилади.

«Фарғона» HeForShe Central Asia ҳаракати иттифоқчиларига сўз берган ҳолда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида цикл материаллар беришни йўлга қўяди. Янги рукнимизни Қирғизистон ва Қозоғистонда фаолият юритувчи актёр Азиз Бейшеналиев очиб беради.

Ўлимомон қолганнинг айбидир

2021 йил апрель ойида Бишкекда юзлаб шунга ўхшаш воқеалардан бири бўлмиш оддий бир воқеа содир бўлди – йигит дўстлари ёрдамида қизни машинада олиб қочди. Турмуш қуриш учун.

Икки кун давомида қизни машинадан туширмасдан ушлаб турган, кейин ўша машинада бўғиб ўлдирган.

Қизнинг исми Айзада Канатбекова эди.

undp.org сайти иллюстрацияси

Ўғирлаб кетилганидан бир-икки соат ўтгач, қизнинг онаси қизининг ҳамкасбидан Айзада ишга етиб бормаганини билади. У дарҳол полицияга мурожаат қилади. Видеоёзувга кўра, ўғирланган жойдаги машина аниқланади. Полиция ҳодимлари қизнинг онасига ўғирлаб кетган йигит кечки пайт (анъанага кўра!) кечирим ва қизнинг қўлини сўраш учун келиши айтишади.

«Бўлажак куёв» келмади.

Айзада оиласи томонидан олиб борилган қидирув чоғида ҳеч ким ранги ва маркаси видеоёзувдан маълум бўлган машинани қидирмаётгани маълум бўлади – бу ҳақда маълумот бошқа бўлинмаларга юборилмаган.

Айзаданинг қариндошлари полициядан ўғирланган жойдаги видеоёзувни сўрашган, бироқ улар буни фақат камера тегишли бўлган муассаса раҳбариятидан олишади, чунки полиция уларга видеони бермаганди. Айзаданинг оиласи ижтимоий тармоқларда машинани кимдир кўрса, хабар беришларини сўраб видеомурожаат тарқатишга муваффақ бўлади.

«2019 йил февраль ойида Қирғизистон Рақамли ривожланиш вазирлиги «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасини ишга туширди. Ундан кўзланган мақсад йўллардаги вазиятни яхшилаш, яъни йўллардаги бахтсиз ҳодисалар, ўлим ҳолатларини камайтириш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдан иборат эди. Бу CABAR.ASIA сайтида 29.12.2021 йил берилган ««Хавфсиз шаҳар» жорий этилгандан кейин Бишкек йўлларидаги вазият қандай ўзгарди?» мақоласидан иқтибос.

«Хавфсиз шаҳар» дастури — бу Бишкек шаҳри ва вилоятининг автомобил йўлларида 110 та аппарат — дастурий комплекслар бўлиб, оддий тил билан айтганда видеокамералар жойлашган бўлиб, уларнинг мақсади мақолада айтилганидек — «фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш»дан иборат.

Айзада ўғирлаб кетилганидан бошлаб, шаҳар четида унинг жасади машина ичида тасодифан (!) топилгунига қадар икки кун давомида қизнинг хавфсизлиги таъминланмаган. Бироқ, «жарималарга келсак, вазирлик маълумотларига кўра, қирғизистонликлар 2019 йилдан 2021 йилнинг октябрига қадар жами 21 миллион доллар жарима тўлашган. Бу барча берилган квитанцияларнинг 66 фоизини ташкил этади». Албатта, бу ўша ўрнатилган камералар шарофати билан амалга оширилганди.

Бу ҳам ўша мақоладан иқтибос эди. Эслаб қоламиз.

Айзаданинг жасади топилгач, учта жиноий иш қўзғатилган.

Биринчисиқотилликда айблов бўйича. У дарҳол ёпилди, чунки ўғри-қотил Айзадани зўрлаб, бўғиб ўлдирилганидан сўнг дарҳол ўз жонига қасд қилган. Айтганча, уларнинг жасадлари битта машинада топилгани маълум бўлгач, баъзи аҳмоқ шарҳловчилар ижтимоий тармоқларда «Бамисоли Ромео ва Жулетта каби!», деб ёзишди. Қизиқ, агар шундай «романтика» уларнинг бошига тушганда нима дейишарди.

Иккинчи ишшериклик учун, ўғирлаб кетувчининг «дўстлари»га қарши, улар ишга кетаётган қизни пойлашган ва машинага судраб боришга ёрдам беришган. Бу «қаҳрамон йигитлар» беш киши бўлишган. Иккиси олти ярим йилга, учтаси етти йилга қамалган. Ва улардан 100 минг сўм (1100 доллардан сал кўпроқ) жарима ундирилган.

Яна бир бор.

Одам ўғирлаш. Хоҳлаган нарсасини қила оладиган одам ихтиёрида ўтказилган икки кунлик даҳшат. Зўрлаш ва қотиллик билан якунланган. Олти ярим йилдан етти йилгача. Ва жарима.

Ҳозир ушбу матнни ўқиётганларнинг фарзандлари борми?

Уларнинг тата поя юра бошлаганини, йиқилиб тушганда зорланиб йиғлаганларини эсингиздами? Болалар боғчасидаги шеър ўқиганларида қандай дудуқланганларини эслайсизми? Сиз уларнинг мактаб кўйлакларини қандай дазмоллаганинигиз эсингиздами? Пулсизлик пайтлари болангиз оғриб қолганда, уни даволаниш учун пулни қаердан топишни ўйлаб қийланган дамларингиз ёдингиздами? Улар ухлаш пайтини ўтказиб юбориб, уйга қайтганларида ўзингизга жой тополмай ташвишга ботганингизни эслайсизми? Барча ота-оналар буни бошдан кечиришган.

Мана энди фарзанднинг бўғиб ўлдирилганини бир тасаввур қилинг (мен сизга зўрланганлигини эслатмайман — агар сиз ҳозир фарзандингиз ҳақида ўйлаб, ўзингизни ёмон ҳис қилаётган бўлсангиз). Чўмилмаган танадан ечилган ифлос футболка билан бўғиб ўлдирилган. Ва бу фарзанд машинанинг орқа ўриндиғида қотилнинг танаси оғирлигидан буралиб, бўғилгани боис ёрдамга чақиролмаган.

Кейин эса эвазига сизга 1176 доллар беришади (2021 йил апрель ойидаги доллар-сўм курсида).

Куйиб адоғ бўлмаслигингиз учун товон пули. Компенсация.

Учинчи жиноий иш «бепарволик» моддаси билан очилган. Ҳеч нарса қилмаган Ички ишлар вазирлиги ходимларига нисбатан. Улар аризани қабул қилишади ва икки кундан сўнг қотиллик содир бўлган жойга етиб келишади, токи чўпон эрталаб чорвасини ҳайдаб, далада турган машинага йўлиқиб, полицияга қўнғироқ қилганидан сўнг.

Бу йил 8 апрель куни нима бўлишини биласизми? Яъни, Халқаро хотин-қизлар куни бўлган 8 март байрамидан деярли бир ой ўтгач?

Нимаям бўларди, ўша учинчи иш ёпилади. Чунки қўзғатилгандан икки йил ўтгач иш ёпилиши керак. 8 апрелда мана шу икки йил тугайди.

Мен Айзадани қутқариш учун ойлик маош ола туриб қутқармаган, «Ахир, бу урф одатимиз!» деб ўзини четга олган, жиноят жойидаги видеоёзувни бермаган, «Хавфсиз шаҳар» га қарашли 110 та камерани кузатмаган, қўл остидагилардан ҳақиқий ишни, қидирувни талаб қилолмаган барча одамларнинг кескин жазоланишини хоҳлайман. Токи, погон тақиб юрганларнинг энг ёмон тушига ҳам бундай «хўжакўрсин» га иш қилиш мумкинлиги кирмаслиги учун.

Рости, кейин ёзмоқчи бўлганларим олдида бу арзимас бир нарса.

Фанда шундай бир тушунча бор – «омон қолганнинг хатоси». Бунда кўзга кўринадиган белгиларга асосланиб статистик хулосалар чиқарилади. Ва кўзга кўринмайдиганлари ҳисобга олинмайди. Мазкур маълумот тўплаш ва таҳлил қилишдаги хатога Иккинчи Жаҳон уруши пайтида америкаликлар жанговор учишдан қайтган самолётларни таъмирлашга уриниши билан боғлиқ воқеа мисол бўлади ва ном шундан келиб чиққан. Улар мантиқан самолётларни душман ўқидан кўпроқ шикастланган жойларини зирҳлашга уринишган.

Кейинчалик маълум бўлишича, душман зарбаларидан шикаст емаган жойларни мустаҳкамлаш зарур экан. Самолёт ўқ теккан қанотлари билан қайтиб келган, демак бу ҳолат «ҳаёт-мамот» масаласи бўлолмайди. Бордию, жангдан омон қайтган самолётларнинг бирортаси моторидан шикаст емаган бўлса, демак бу ерда моторни зирҳлаш муҳим. Чунки, моторнинг шикастланиши ҳалокатга олиб келади. Одатда, моторидан ўқ еган самолётлар қайтишмаган ва мазкур техникани мустаҳкамлашда улар ҳисобга олинмаган. Ҳато айнан мана шу ерда. Омон қолганлар – қайтиб келишади.

Мана, сизга – «омон қолганнинг хатоси».

Статистик маълумотларга кўра, зўрланган аёлларнинг еттитадан биттаси полицияга мурожаат қиларкан. Бу Россияда. Мамлакатимизда бундай статистикани учратмадим, лекин бизнинг менталитетимиз билан бундай мурожаатлар камроқ бўлади деб ўйлайман.

Ҳозир мен судгача қанча иш етиб бораётгани ва қанча зўравонлар муносиб жазо олишлари ҳақида ёзмаяпман. Мен бошқа нарсаси назарда тутяпман: зўрлашларнинг ҳақиқий сони, одатда, давлатнинг расмий нуқтаи назарига кирувчи кўрсаткичдан бир неча баравар кўп.

Сизнингча, қиз ўғирлашларнинг ҳақиқий сони ва хабар қилингани ўртасидаги фарқ камроқми?

Албатта, кўпроқ. Чунки, зўрлаш бу жиноят, қиз ўғирлаш эса миллий урф-одат. Жиноят устидан шикоят қилиш уятли ва қўрқинчли, аммо урф-одатлар устидан шикоят қилиш аҳмоқликнинг ўзи.

Ўғирлаш қурбонлари ва уларнинг яқинлари аксарият ҳолларда мана шундай ўйлашади.

Менимча, содир этилаётган зўрлашлар сони расмий қайд этилган рақамлардан фарқ қиларкан, қизларнинг ўғирлаб кетилаётганига доир рақамларда ҳам фарқ катта. Бу камида ўн баробарга кўп.

Who is next? Фильми постери. 24.kg сайти фотосурати

Бишкекдаги Ала-Тоо кинотеатрида Нуржамол Карамолдоева ва Султон Усувалиевнинг «Кейинги ким?» ҳужжатли фильмини томоша қилганимдан сўнг Айзаданинг ҳикоясини билиб олдим. Фильмнинг сўнгги титрларида айтилишича, 2021 йили Қирғизистонда қизларни ўғирлаш бўйича 560 та ҳолат қайд этилган, шундан 463 таси (менимча, «томонларнинг келишуви билан») ёпилган. Фильм ниҳоясида 14 та иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганди, 82 та иш судга юборилганди.

Шундай қилиб, қизларнинг ўғирланиши билан боғлиқ неча фоиз мурожаатлар келиб тушаётганини назарга олиб, ҳақиқий ўғирлашлар сони минглаб кишиларни ташкил этади, деб ишонч билан тахмин қилишимиз мумкин. Бу «Азаттик» (РФ хорижий агент сифатида тан олинган «Озодлик» радиосининг қирғиз хизмати) таҳририяти мақоласи билан тасдиқланган менинг тахминим: «Қирғизистонда ҳар йили минглаб қизлар ўғирланади, бу 2013 йили жиноят деб топилганига қарамай. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури ва инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Қирғизистон жамиятида бундай амалиёт кенг тарқалганини, улар кўпинча мажбурий никоҳлар, оиладаги зўравонлик ва бошқа муаммоларга олиб келишини таъкидлайдилар» («Қирғизистон: Айзада Канатбековани ўғирлаш иши қамоқ жазоси билан тугади» мақоласидан).

Яъни, ҳақиқатда аёлларни ўзига ром қилолмайдиган маънавий бадбахтлар томонидан МИНГЛАБ аёллар ўғирлаб кетилмоқда.

Бу қандай миллий урф одат бўлдики, четдаги босқинчи қилмаган ишни, яъни минглаб қизларимизнинг тақдирини поймол этишни ўзимизнинг эркаклар қойил мақом қилишаётган бўлишса?!

Гап шундаки, Айзаданинг иши шов шув бўлишига авало қариндошлари қизни қайтаришга уринишгани, қиз эса вахшийларча ўлдирилгани сабаб бўлди. Бунда айбдорлар ҳақиқий жазосини олишлари керак.

Лекин.

Қанчадан-қанча қизларнинг ўғирланаётгани ошкора этилмагани боис бундан бехабармиз. Ошкора этилмасликка, албатта, «Ахир, ўлдирмаганку!», деган одамхўрлик мантиқи сабаб.

Гап, даҳшатли, жуда катта рақам ҳақида кетмоқда.

Ҳар бир ҳодиса ортида оиласи, давлат ва жамият ҳимоя қила олмаган бир аёлнинг синган тақдири ётибди. Зеро, атрофдагилар на ҳурмат, на севгига лойиқ бўлолмаган маънавий бир бадбахт ихтиёрига инсон тақдирини бериб қўймоқда.

Айзаданинг ўлими мамлакатимизда гуллаб-яшнаётган ва амалда қонунийлаштирилган оммавий зўравонлик билан боғлиқ жамиятимизнинг даҳшатли хатосидан далолат беради.

Мен сиздан эслаб қолишингизни сўраган жарималар ҳақидаги иқтибос ҳақида.

Жарималарни ундириш, афтидан, бу камераларнинг ўрнатилишига асосий сабаб бўлганига асосланиб – балки барча нарсани ўз номи билан айташ вақти келгандир? Масалан, мазкур дастурни «Хавфсиз шаҳар» деб номлашни бас қилиш керакдир? Унинг одамлар хавфсизлиги учун хизмат қилиши кўринмаёпти. Дастурни «жаримага тортилган шаҳар» деб номланса, яхши тўлармиди. Ҳарқалай, бу ҳақиқатга яқинку?!

#HeForSheCentralAsia

#HeForSheKyrgyzstan

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ