Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати (парламент юқори палатаси) Қонунчилик палатаси депутатларидан сўнг Маъмурий ва Жиноят кодексларига оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи қўшимчаларни маъқуллади. Ҳужжат республика Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланганидан кейин қонуний кучга киради. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Amnesty International Ўзбекистон Шарқий Европа ва Марказий Осиёда оиладаги зўравонликни жиноий жиноятнинг алоҳида турига киритган бешинчи давлат бўлишини таъкидлади. Бунгача ушбу рўйхатда фақат Молдова, Украина, Грузия ва Қирғизистон бор эди.
Қонун обдон пишиб етганди
Қонунчиликни ўзгартириш учун етарлича асослар мавжуд эди: патриархал анъаналар кучли бўлган Ўзбекистонда оиладаги зўравонлик жуда кенг тарқалган ҳолат. Сенат спикери Танзила Нарбаева яқинда эълон қилган расмий статистикага кўра, 2021-2022 йиллари ҳуқуқ-тартибот идораларига аёллар ва қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари юзасидан 72 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган.
Бундан ташқари, 61 мингдан ортиқ мурожаатлар, яъни умумий сонининг 85 фоизи оилаларда юз бераётган ишларга тўғри келади.
«Афсуски, Ўзбекистонда шу пайтгача оиладаги зўравонлик учун жавобгарликка тортиш бўйича алоҳида меъёр мавжуд эмас эди», — дея шикоят қилганди парламент юқори палатаси раҳбари.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда Жиноят кодексининг «жинсий жиноятлар», жумладан вояга етмаганларга нисбатан содир этилган бир қатор моддалари бўйича жазо кучайтирилди. Эндиликда ёшини олдиндан (аниқ) билмаган ҳолда бола ёки ўсмир билан жинсий алоқада бўлган шахс барибир судга тортилади. Яъни, бу ҳолда, инсоннинг бехабарлиги уни жавобгарликдан озод этмайди.
Бундай жиноятлар статистикаси ҳам жуда аянчли. Нарбаеванинг сўзларига кўра, 2021 йили 156 та зўрлаш ҳолати қайд этилган бўлса, бир йилдан сўнг бу кўрсаткич 243 та эпизодга етган.
Аммо муаммонинг долзарблиги ҳақида статистик рақамлардан кўра, очиқ манбаларда вақти-вақти билан эълон қилинадиган ва жамоатчиликни ҳайратда қолдираётдиган асл ҳаётий ҳолатлар бунга мисол бўла олади. Фаоллар аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини илгари сураётганда, ўта ёрқин фактларни далил сифатида келтиришган, бу, эҳтимол, пировардида депутатлар ва сенаторларнинг қарорига таъсир қилган бўлса ажаб эмас.
Масалан, Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги меҳрибонлик уйида содир бўлган қонунбузарликни эслайлик.
Қисқаси: 1-Меҳрибонлик уйи раҳбари вояга етмаган тарбияланувчиларни эркакларга, жумладан, маҳаллий амалдорларга ўн ой давомида «сотиб келган». Натижада, аёл 5,5 йил қамоқ жазосини олади, аммо ҳимоясиз қизларни зўрлаганлар эса озодликда қолишади. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинганидан кейингина мазкур ўз ечимини топа бошлади – Ўзбекистон Бош прокуратураси давлат хизматчиларига нисбатан чиқарилган жазони ўта енгил деб ҳисоблаб, норозилик билдирди. Олий суд эса иш қайта кўриб чиқилиши ҳақида баёнот берди.
Номардлар тўдаси
Болалар омбудсмени Алия Юнусова Хоразмга ташриф буюрганидан сўнг, яна бир ваҳший воқеа ошкор бўлди, буни эшитиб айримлар юрак ҳуружига дучор бўлиши мумкин. Бундан ташқари, вазият жиддий таҳлил қилишни талаб қиладиган бир нечта саволларни қолдиради. Аммо бу ҳақда кейинроқ.
Хуллас, жабрланувчи холасининг сўзларидан шу нарсалар маълум. 2022 йил июль ойида 11-синф ўқувчиси 15 ёшли қизни алдаб уйга олиб кириб, уни таҳқирлаган. Эртаси куни маълум бўлишича, бутун жараён ўсмир йигитнинг оғайниси томонидан камерага туширилган. Юқори синф ўқувчиси ўз жабрдийдасини видеони унинг ота-онасига кўрсатиш ва интернетга жойлаштириш билан таҳдид қилиб, шантаж қилган. Ва кейин у қўшнисини кечқурун «бир жойда» учрашишга мажбур қилади, у ерда унинг кўзи олдида видеоёзувни ўчиришга ваъда беради.
Аммо учрашув тузоқ бўлиб чиқади — уй орқасидаги боғда ўша жиноятчи ўсмирнинг танишларини кутаётган бўлган. Уни яна 11 ёки 12 эркак навбатма-навбат, яъни бутун бир футбол жамоаси сони бўйича (!) зўрлашган.
Жабрланувчи қиз қариндошининг сўзларига кўра, улар орасида уйланган ва ҳатто қурбоннинг узоқ қариндоши ҳам бўлган, фақат битта ўғил бола ўрта мактабда ўқиган, қолганлари — тахминан 30 ёшгача эркаклар бўлган.
Аёлнинг таъкидлашича, бу оломон унинг жиянини деярли бир ой давомида ҳар икки-уч кунда зўрлаб келган.
Ўқувчи қизнинг қариндошлари бу воқеадан август ойи ўрталарида хабар топиб, дарҳол маҳаллий ички ишлар бўлими – Хоразм вилояти Янгиариқ тумани ички ишлар бўлимига мурожаат қилишади. Олдиндан айтамизки, терговнинг узоқ давом этиши туфайли қизнинг оиласи бошқа идоралар, жумладан, туман ва вилоят прокуратурасининг остонасида сарсон бўлишган.
Аммо ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳали 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқада бўлганлик бўйича жиноий иш қандай қўзғатилган бўлса, уни шундай тўхтатиб қўйишади. Жабрланувчи қиз холасининг сўзларига кўра, терговчилар экспертиза натижаларини кутаётганликларини, гумонланувчилар эса бир-бирларини топширишни истамаганликларини айтишган.
Бу ҳам етмагандек, орган ходимлари аризачиларни даъво аризаси беришдан қайтаришади ёки жавобгарликни жабрланувчининг ўзига юклашга ҳаракат қилишади.
Қариндошининг айтишича, Янгиариқ тумани прокуратураси ходими «Ғайрат исмли бўлса керак», «Сизга бундай шармандалик нега керак? Нега мурожаат қилмоқчисиз? Бу қиз учун бир умр ўчирилмас доғ бўлади. У ҳали турмушга чиқиши керак» деган. Терговчилардан бири қизнинг нега кечқурун кўчага ёлғиз чиққани, гўё бу зўрлашга сабаб бўлгани билан қизиққан. Ёки яна бир савол берилган: «Ёки қизнинг ўзи хоҳлагандир?». «Ҳа, 15 ёшли қиз 11 йигит томонидан таҳқирланмоқчи бўлган», — деб ғазабланади қизнинг қариндоши.
Мана шу ердан саволлар туғила бошланади. Балки, дунёнинг ҳеч бир давлатида хоразмлик погондаги аҳмоқ ва беадаб инсонлар учун жазо бўлмаса керак, лекин бепарволик ёки ҳаракатсизлик учун ҳам жавобгарлик бор. Суст терговчи ва прокурорларга нисбатан иш очилармикан?
Қизнинг холасини айтишича, уларнинг ҳудудида зўрлаш ҳолатлари камёб эмас, шунчаки ҳамма ҳам расмийларга ариза билан мурожаат қилавермайди.
Унда маҳаллий ҳокимият қаёққа қараяпти, нега аҳоли билан ишламаяпти, ўз қизларини ҳимоя қилмаяпти?
Жамоатчилик ҳам бизни тушкунликка солди, зеро воқеадан сўнг мактаб маъмурияти жабрдийда қизнинг ўқиш жойини ўзгартиришга мажбур қилгани шундан далолат беради. Шу билан бирга, жабрланувчининг қариндоши эслашича, ҳеч ким келиб, қизни таҳқирлаган йигитларни сўкмаган.
Иш 4 апрель куни Алия Юнусованинг вилоятга ташрифидан сўнг давом эттирилган. Болалар омбудсмани Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигидан терговни назоратга олишни сўрайди. Назорат агентлиги зудлик билан ҳаракат қилиб, саккиз киши гумондор, уч нафари айбланувчи сифатида аниқланиб, қамоққа олинганини айтади. Демак, бу «туман жамоаси»нинг «кўп йилларга узоқ сафарга» равона бўлиши эҳтимоли бор.
Қонуннинг ҳар бир ҳарфи учун кураш
Аёллар ва болаларни ҳимоя қилувчи қонунлар, оиладаги зўравонлик ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтирувчи ўзгартишлар киритиш зарурлиги, маълум бўлишича, ҳаммага ҳам аён эмас экан.
Сенат ҳузуридаги ишчи гуруҳ аъзоси, ҳуқуқшунос Дилфуза Қуролова «Фарғона»га қонун ижодкорлигида ўзи ва унинг ҳамкасблари қандай қийинчиликларга дуч келгани ҳақида гапириб берди.
«Ишчи гуруҳ 2022 йил апрель ойида тузилган бўлиб, унинг таркибига турли вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, фаоллар, журналистлар, блогерлар, тадқиқотчилар киритилган. Ҳаммаси бўлиб 43 киши. Тахминан ярим йил давомида биз матн устида ишладик. Ва бу йил, ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига қўйилганда, жараён анча мураккаблашди», — деб эслайди Қуролова. — Чунки муҳим, концептуал ўзгаришларни қабул қилиш учун кўпчиликни, ишчи гуруҳнинг деярли ҳар бир аъзосини ишонтириш керак эди. Бу ерда, аксинча, биз соғлом фикрга қарши эмас, балки илдиз отган стереотипларга қарши курашдик. Баҳслар мантиққа зид бўлганида, давлат идораларининг айрим вакиллари далилларимизни «супуриб ташлаш» учун қонунчилик техникасининг ўзига хос хусусиятларига мурожаат қилишарди.
Натижада биз сиёсий вазнга эга шахсларни ўз томонимизга ағдаришга, аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилувчи қонун қабул қилишга ишонтира олдик».
Суҳбатдошимизга кўра, деярли ҳар бир модда ёки концептуал янгилик бўйича баҳслар бўлган.
Қуролованинг айтишича, кўпинча баҳслар беш-олти соат, баъзан эса ўн соатгача давом этган.
«Масалан, «ишга тушириш» масаласига келганда, оппонентларимиз «нима, энди ҳаммадан шахсни тасдиқловчи гувоҳномани сўраши керакми?» ёки «бу қиз 15 ёшли фоҳиша бўлсачи?» каби ва бошқа бемаъни аргументлар келтиришарди. Биз ушбу формулаларда камситиш, стигматизация ва стереотиплар мавжудлигини тушунтиришга ҳаракат қилардик. Nemolchi.uz лойиҳаси ҳатто бу мавзуда бир қанча тушунтириш материалларини ҳам эълон қилди.
Рақибларнинг аосолари тугагач, биздан статистик маълумотларни тақдим этишни сўрашди, қонун бўйича уларни очиқ манбаларга жойлаштириш мумкин эмас, зеро иш вояга этмаганларга тегишли. Биз Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро мажбуриятлари ва бошқа мамлакатлар амалиётига тўхталиб ўтдик, бироқ бу ҳам гуруҳнинг айрим аъзолари фикрини ўзгартира олмади», — дейди Қуролова.
Унинг учун эркаклар томонидан қонун қабул қилинишига кучли қаршилик кўрсатилгани эмас, аммо ҳокимиятдаги аёллар уларнинг нуқтаи назарини қўллаб-қувватлаб, қарши далиллар излашганлари ажабланарли ҳолат эди.
Хотиржам бўлишга ҳали эрта
Танзила Нарбоева сенаторлар олдида сўзлаган нутқида қонунни илғор ва халқаро стандартларга жавоб берадиган деб атаган ҳолда, маъқулланган ҳужжат лойиҳасида бир қатор янгиликларни санаб ўтди.
Жумладан:
✅ Жиноят ишлари бўйича суд безориликдан жабрланган шахсни ҳимоя қилиш ордерини бир йилгача муддатга чиқаради (ҳозирда 30 кунгача узайтириш имконияти билан эди);
✅ жинсий зўравонлик, шу жумладан вояга этмаганларга нисбатан зўравонлик содир этган шахслар шартли равишда озод қилиниши ёки жазони энгиллаштириши мумкин эмас;
✅ вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик оғир жиноят ҳисобланади;
✅ айбланувчининг жабрланувчи ёшини билмаслиги уни жавобгарликдан озод этмайди;
✅ Вояга этмаганларга жинсий зўравонлик қилган шахсларга болалар билан ишлаш тақиқланади.
Бироқ, якуний ҳужжатга киритилмаган нормалар ҳақида ҳам гапириш керак.
«Ҳозиргача Жиноят кодексининг 66-1-моддасининг ярашув ҳолати бўйича ишнинг тугатилиши бўйича тақдири очиқлигича қолмоқда. Ишчи гуруҳ аёллар ва болаларнинг жинсий дахлсизлигига қарши барча жиноятларни ушбу моддадан чиқариб ташлашни таклиф қилганини қайд этаман. Токи, коррупция, қариндош-уруғчилик, босим каби турли ҳолатлар туфайли жабрланувчи даъво аризасидан воз кечиб, айбдорнинг жазосиз қолишига имкон бермасин. Биз Исроил мисолини келтирдик, у ерда суд аризани кўриб чиқади, ҳаттоки эр-хотир ҳақиқатан ҳам ўзаро ярашган бўлса ҳам.
Яна бир масала — ҳимоя ордери. Биз буни автоматик равишда болаларга ҳам қўллашни сўрадик, чунки улар кўпинча ўз хавфсизлиги учун қўрққан аёлларнинг ҳокимиятга боришига тўсқинлик қиладиган асосий омил ҳисобланади. Бундан ташқари, гуруҳ аъзоларининг кўпчилиги томонидан қўллаб-қувватланмаган бир қатор янги моддалар ҳам бўлди ва улар қонун лойиҳасининг сўнгги таҳририга киритилмади. Масалан, бу болалардан маълумот олиб, кейинчалик шантаж қилиш учун ўтказиладиган онлайн-груминг, шунингдек болаларни жинсий эксплуатация қилиш, вояга этмаганларнинг тасвирлари ёки тавсифларидан иборат порнографик маҳсулотларнинг муомаласи ҳақидаги моддалар», — деди Қуролова.
Шу боис, «Фарғона» экспертининг фикрича, фаолларнинг ҳотиржам бўлишига ҳали эрта, эндиликда бу қонунни самарали амалга ошириш устида ишлаш керак.
«[Қонуннинг қабул қилиниши] -бу фақат бошланиши. Таъкидлашим жоиз, менинг амалиётимда илк бор коалиция ташкил этилган бўлиб, унда фаоллар ва ҳуқуқшунослар биргаликда муҳим ижтимоий муаммоларни ҳал этишда саъй-ҳаракатларни бирлаштира олдилар. Ишчи гуруҳ доирасида биз бирлашдик ва бу тараққиётга эришиш учун бундай бирлашмаларнинг қанчалик зарурлигининг кўрсаткичи бўлди. Мен ушбу гуруҳда ишлаганимдан, умумий ишга ҳисса қўшаётганимдан жуда хурсандман ва фахрланаман», — дея хулоса қилди Қуролова.
-
22 Ноябрь22.11Хайрия ишларининг Остап БендериВолонтёр Перизат Қайратни қозоғистонликларнинг миллионлаб долларларини ўзлаштирганликда айблашмоқда
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
18 Ноябрь18.11ФотоТақвимга қарамасданТошкентда Янги йил арчаси ёқилди
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
01 Ноябрь01.11Феноменал РенессансТошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди
-
22 Октябрь22.10Ҳаводан олинган сув«Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди