«Меники, сеники, бизники!»

Ўзбекистон ҳукумати Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказилишига доир кенг қамровли тарғибот ишларини бошлади
gazeta.uz сайти фотосурати

30 апрель куни Ўзбекистонда конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича умумхалқ референдуми бўлиб ўтади. Ҳужжат билан жамоатчиликни таништириш мақсадида расмийлар махсус веб-сайт яратиб, унда янги таҳрирдаги матн лойиҳасини жойлаштиришди. Бутун мамлакат бўйлаб «Konstitutsiya meniki, seniki, bizniki! Konstitutsiya o‘zimizniki» шиори остида ташвиқот тадбирлари бошланиб кетди. Қолаверса, бу галги ташвиқот ишлари Ўзбекистонда илгари ўтказилган шунга ўхшаш тадбирлар доирасидан ҳам ошиб кетган бўлса, ажабмас. Референдум харажатлари ҳам чакки эмас: Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, улар 182 миллиард сўмдан (16 миллион доллар) ошади.

Ёшу-қари

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил июнь ойида конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказиш зарурлигини эълон қилгач, плебисцит (маълум масалада одамлар фикрига доир сўров -тарж.изоҳи) бўлиши маълум бўлди. Ўша пайтда қўшимчалар лойиҳаси ҳали ҳам жамоатчилик муҳокамасида эди ва назарий жиҳатдан кун тартибидан олиб ташланиши мумкин эди, бироқ республика Марказий сайлов комиссияси овоз беришга жиддий тайёргарлик кўраётган эди. Қўмита қисқа вақт ичида 140 мингдан ортиқ участка ва округ комиссиялари аъзоларини тайёрлаш мақсадида ўқув ва малака ошириш курсларини ўтказишни режалаштираётганини яширмади.

2022 йил ёзида мустақил ОАВ маҳаллий амалдорлар давлат хизматчилари ва давлат корхоналари ходимларига сайловда қатнашишларини таъминлаш ва «тўғри» овоз беришларини кўрсатаётгани ҳақида хабар берган эди. Шу билан бирга, маҳалла қўмиталари ходимларига халқ референдумга келмаган тақдирда қандай ҳаракат қилиш кераклиги ўргатилган. Тўғри, журналистлар бу иш тафсилотларини аниқлай олишмаган.

Дарҳақиқат, мамлакатда Асосий қонунига ўзгартиришлар киритиш бўйича овоз бериш ўтган йилнинг кузида бўлиб ўтиши керак эди, бироқ Қорақалпоғистонда 1-2 июль кунлари ушбу суверен республика аҳолисининг ҳуқуқларини бузувчи ўзгартиришларга қарши норозилик намойишлари туфайли ҳаммаси тўхтаб қолди. Оқибатда расмийлар ён беришга ва қонун лойиҳаси муҳокамасини кейинга қолдиришга мажбур бўлишди.

Жорий йилнинг 10 март куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси референдум ўтказиш санасини — 30 апрель деб эълон қилди.

Бир неча кундан сўнг қарор сенаторлар томонидан маъқулланди. Ва дарҳол кампания бошланди.

Мамлакатда одат бўлганидек, шаҳар ва қишлоқлар бўйлаб турли даражадаги таниқли санъаткорлар ва сиёсатчилардан иборат юлдузли десантлар юриши бошланди. Жумладан, Бухорода 14 мингдан ортиқ киши иштирок этган тадбирда Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Конституцияга киритилган ўзгартиришларнинг афзалликлари ҳақида гапирди.

Жамоат фаоллари, йирик компания ва заводлар ходимлари билан учрашиб, аҳолини янгиланган «Бизники, меники, сизники» бўлмиш Конституциясига овоз беришга кўндира бошлашди. Тармоқда оддий ўзбекистонликларнинг – талабалардан тортиб сиёсатчиларгача бўлган видеомурожаатлар уларни бефарқ бўлмаслик ва референдумда фуқаролик позициясини намоён этишга чақирди. Ушбу видеолар #Befarqemasman Телеграм каналида тўпланган.

Дарвоқе, таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон бу ерда яратилган Телеграм каналлари сони бўйича дунёда иккинчи ўринда экани ва ушбу ресурсдан 20 миллионга яқин киши фойдаланаётгани учун, албатта, ҳокимият Конституцияни шу орқали тарғиб қилишга қарор қилган. Шундай қилиб, Telegramда Referendum-2023 махсус боти пайдо бўлди, унда икки тилда – ўзбек ва рус тилларида киритилган ўзгартиришлар, МСК ва сиёсий партиялар фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилади. Бундан ташқари, фойдаланувчилар овоз бериш мавзусидаги фотосуратларини юборишлари ёки телефонларига референдумга бағишланган ноёб стикерларни юклаб олишлари мумкин.

Кампания «қовун» туширишларсиз ҳам ўтмади. Апрель ойида ижтимоий тармоқларда боғча болалари референдумни ёқлаётгани тўғрисида видео тарқалди. Мураббийнинг қатъий раҳбарлиги остида улар баралла: «Конституция меники, сизники, бизники!», деб бақиришарди. Интернет фойдаланувчилари бу ҳаракатни танқид қилиб, ҳақиқатан ҳам тетапоя юра олмайдиганларни сиёсий шиорлар ва овоз беришга чақириқларни ёдлаш учун ишлатишга ҳали эрта, деб ҳисоблашганди. Мактабгача таълим агентлиги ушбу ҳолатни ўз вақтида бартараф этди. Маълум бўлишича, флешмоб ташаббускори ташвиқот тадбирларидан «илҳомланиб кетган» тарбиячи бўлган. Агентлик келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун муассасаларга тавсиялар юборганини қўшимча қилди.

Креатив жўшиб кетди

Бир қатор тадбирларда ўзига хос, аммо шубҳали ҳаракатлар бўлмади. Масалан, ижодкор ёшларга масъул Zakovat клубида Конституция ва бўлажак референдум мавзусида интеллектуал ўйинлар ташкил этилди. Ўзбек тилидаги оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, тажрибали мутахассислар ёш ҳамкасблари билан «ўтмишдаги қийинчиликлар ва эришилган натижалар» билан ўртоқлашган. Ақлиларнинг рақобатида ким ғолиб бўлганлиги унчалик муҳим эмас — бу ҳолатда тарғибот бўйича мутахассислар очкони қўлга киритганлар.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан ўзига хос файзли тадбир ўтказилди. Бу ерда мамлакат Асосий қонунининг аҳамияти ҳақидаги маърузалар яккакураш усталарининг кўргазмали чиқишлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жисмоний кучини исботловчи бошқа машқлар билан бирга ўтказилди. Умуман олганда, ҳар ким референдумни ўз контекстида талқин этишга ҳаракат қилди.

Сиёсий уюшмалар ҳам турнирга «кимники қанча бўларкин» тарзида қўшилдилар. «Миллий тикланиш» партияси ташвиқот видеосини чиқарди, унинг мазмун-моҳиятини қуйидаги шиорда ифодалаш мумкин:

30 апрель куни референдумда овоз берингва сизга бахт кулиб боқади!

Тошкент ва республиканинг бошқа шаҳарларида овоз бериш арафасида шунчаки тегишли ижтимоий рекламалар осиб қўйилди, дейишга ҳожат йўқ. Ўзбекистон пойтахтидан «Фарғона»га келиб тушган суратга қараганда, референдумда иштирок этишга чақирувчи плакатларни ҳам дўконлар витриналарида, ҳам кўча сотувчиларининг кичик дўконларида учратиш мумкин.

Бундан ташқари, сиёсий технологлар кўпинча бу масалага жуда ижодий ёндашдилар. Масалан, биргина баннердаги ёзувни кўринг: «Алина, бўшашма! Ҳаёт айнан 30 дан кейин бошланади! Референдумга бор» (агар кимдир тушунмаган бўлса, ишора «30 йилдан кейин» эмас, «30 апрель»дан кейин). Ёки диалогда ифодаланган яна бир «ташвиқот ва реклама ғоясининг шоҳона асари»: «Дада, биз паркга борамизми? Йўқ, ўғлим, дастлаб овоз беришга!».

Тошкент метрополитенидагилар жараёнга «тасаввур парвози» ила ёндашдилар. Бу ерда улар йўловчиларни ажойиб овозли огоҳлантиришлар билан ҳайратда қолдиришга қарор қилишди, хусусан: «Илтимос, эшикларга суянманг — Конституцияга ишонинг!». Ҳеч бўлмаганда бачкана эмас.

Ўзбекистонликларнинг ҳеч бири референдум кунини албатта ўтказиб юбормаслиги учун республика аҳолисига Марказий сайлов комиссияси номидан тегишли эслатма ёзилган СМСлар кела бошлади.

Айни пайтда, умумхалқ овоз бериш «рекламаси» мамлакат сарҳадидан четга чиқди. Буни дунёнинг турли бурчакларида истиқомат қилаётган республика фуқаролари референдумда иштирок этиши ҳақидаги хабарларга тўла ахборот дастурларида кўриш мумкин. Ҳатто Буюк Британияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ўз тенгдошларига Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчаларни қабул қилиш бўйича овоз бериш чақириғи билан мурожаат қилгани каби очиқ сайловолди ташвиқоти мисоллари ҳам бор.

Қолаверса, март-апрель ойлари охирида Ўзбекистонга ташриф буюрган деярли барча хорижий делегациялар маҳаллий ҳокимият ташаббуси билан ўтказилган плебисцитни расман маъқуллашди. Хусусан, бу ҳақда МДҲ давлатлари ташқи ишлар вазирлари кенгашида иштирок этиш учун Самарқандга учиб келган Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров баёнот берди. Шу билан бирга, у ўзбек дипломатларига овоз бериш вақтида Россияда бўладиган Марказий Осиё республикаси фуқароларининг «истагини эркин ифода этиши»га ёрдам беришига ваъда берди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.

Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили Имон Гилмор Шавкат Мирзиёев билан учрашувда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган конституциявий ислоҳотларнинг муҳимлигини таъкидлади: «Миранда қоидаси» (Голливуд фильмларидан маълум-полиция ходимлари томонидан ҳибсга олинган шахсга унинг ҳуқуқларини билдириш) ва «Хабеас Cорпус» (инглиз жиноят-процессуал ҳуқуқидан олинган ҳужжат, шахснинг дахлсизлиги принципи билан боғлиқ) жорий эитилиши, ўлим жазосининг бекор қилинишини орқали.

Бу «куй» мангу янграйди

Умуман олганда, ўзбек депутатлари роса меҳнат қилишди.

Депутатларнинг фикрича, Ўзбекистон Конституцияси 65 фоизга янгиланади.

Ҳужжатга 27 та янги модда киритилиб, уларнинг сони 128 тадан 155 тага кўпаяди, амалдаги 275 та нормага яна 159 таси қўшилади.

Парламент вакиллари таъкидлаганидек, мамлакат Асосий қонуни ҳам шаклан, ҳам мазмунан ўзгаради. Дарҳақиқат, унга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини қисқартириш, юқори лавозимларни кетма-кет икки муддатдан ортиқ – президентликдан бош прокуроргача бўлган муддатга тақиқлашга қаратилган бир қанча ўзгартиришлар киритилади.

Ўзгаришлар учун ўзгаришлар киритилаётгани ҳам мавжуд. Хусусан, «давлат-жамият-шахс» тамойили «шахс-жамият-давлат» тамойилига ўзгартирилади. Яъни, улар расмий равишда «инсон манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўядилар», аммо жойларда сўзларнинг ўрни алмаштирилгани билан, уларнинг реал ҳаётдаги акси камдан-кам учрайди.

Агар ислоҳотнинг сифати ҳақида гапирадиган бўлсак, унда камида битта хатога йўл қўйилди. Бу Қорақалпоғистоннинг суверен мақомини олиб ташлайдиган ва ички референдум асосида Ўзбекистондан чиқиб кетишини тақиқловчи тузатишлар эди. Ўтган йил июль ойи бошида суверен республикада бўлиб ўтган норозилик намойишларидан сўнг,

Мирзиёев тегишли тузатишларни зудлик билан бекор қилди, улар янгиланган Конституциянинг якуний таҳриридан олиб ташланди.

Асосий ўзгаришлардан бири президентлик муддатини ислоҳ қилиш, аниқроғи, унинг беш йилдан етти йилгача оширилишидир. Бу ҳаракат ўзбек ноу-хауси эмас, уни умуман ҳокимият муддатини максимал даражада узайтиришни орзу қилган собиқ СССР давлатлари ҳукмдорлари яхши кўришади. Агар Андерсеннинг эртакида қаҳрамонлар «абадийлик» сўзини муз бўлаклари ёрдамида ясаган бўлсалар, постсовет давридаги сиёсатчилар эса Конституцияга киритилган ўзгартиришлар ёрдамида худди шундай йўл тутишади. Шундай қилиб, Беларусь раҳбари Александр Лукашенко 1996 ва 2004 йилларда, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев 1995 ва 1998 йилларда, Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон 1999 ва 2003 йилларда, Озарбайжой раҳбари Илҳом Алиев 2009 йили шундай йўл тутган

Ҳокимятда қолиш учун Конституцияни икки марта (1995 ва 2002) ўзгартирган Шавкат Мирзиёевдан аввалги раҳбар Ислом Каримов ҳам ушбу рўйхатдан жой олган.

Сўнгги мисоллар қаторида 2021 йили «ноллаштириб» ва яна икки марта давлатнинг энг юқори лавозимига ўз номзодини қўйиш имкониятига эга бўлган Россия президенти Владимир Путинни эслаш мумкин. Ўтган йили Қозоғистоннинг амалдаги раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам ўз муддатларини «бекор қилди» – республиканинг асосий қонунига киритилган ўзгаришлар туфайли. Ноябрь ойида у ҳаттоки сайловларда ҳам ғалаба қозонишга муваффақ бўлолди ва энди у 2029 йилгача (бир етти йиллик муддат) давлат бошқарувида қолиши мумкин.

Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳририга кўра, фуқаро кетма-кет икки муддатдан ортиқ мамлакат президенти лавозимини эгаллаши мумкин эмас. Шу билан бирга, ўзгартиришлар кучга кирганидан сўнг, барча ўзбекистонликлар «аввалги хизматлари»дан қатъи назар, мазкур мансабга сайланишда тенг ҳуқуққа эга бўладилар.

Шундай қилиб, агар республика аҳолиси мамлакатнинг амалдаги раҳбарига ишонишда давом этса, Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотларни якунлаш учун «қўшимча вақт»га эга бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ