Иккинчи бор 15 август бутун Афғонистон бўйлаб байрам ва дам олиш кунига айланди. 2021 йилнинг шу куни «Толибон»* радикал ҳаракати жангарилари мамлакат пойтахти Кобулни жангсиз эгаллаб олишганди.
Радикалларнинг ҳокимиятни эгаллаб олиши пойтахт ва мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарларида оммавий ваҳима юзага келишига сабаб бўлганди. Афғонлар ва хорижликлар Кобулни тарк этиш йўлида машиналарда ва пиёда шаҳар аэропортига қараб йўл олишганди. Пойтахт аэропортидаги тартибсизликлар натижасида толиблар ва аэропортни қўриқлаётган хориж аскарларининг ўқ отиши натижасида ўнлаб тинч аҳоли ҳалок бўлганди – уларнинг аниқ сони ҳалигача номаълум. Қобул ва Мозори Шарифдан америкапараст ҳукуматга хизмат қилган ҳарбийлар ўнлаб жанговар самолётлар ва вертолётларни ўғирлаб қўшни Тожикистон ва Ўзбекистонга олиб ўтишди.
Кўп ўтмай, толиблар матбуот анжумани ўтказишди ва унда улар мамлакатда 1996 йилдан 2001 йилгача давом этган биринчи бошқарувидаги хатоларини такрорламасликка ваъда бердилар. «Толибон» ҳукмронлигининг икки йили давомида Афғонистонда қандай ўзгаришлар рўй бергани ҳақида «Фарғона» материалида ўқинг.
Қатағонлар ва қайтиб келганлар
Ҳокимиятга келгач, толиблар собиқ ҳукумат учун ишлаган ёки чет эл ҳарбий кучлари билан ҳамкорлик қилган ҳарбий ва тинч афғонларга қарши репрессияларни амалга ошира бошладилар. Айниқса, шиа эътиқодидаги ҳазора халқи вакиллари айниқса қаттиқ зарбага учради. Ҳукмронлигининг дастлабки ойларида радикаллар ағдарилган ҳукуматнинг юзлаб собиқ аскарлари, зобитлари ва амалдорларини ўлдиришди. Қатллар суд жараёнисиз амалга оширилди. Жамоат ташкилотлари фаоллари, журналистлар ҳам шафқатсизларча қатағон қилинди.
Хориждаги собиқ афғон ҳарбийлари, амалдорлари ва тинч фуқаролари ўз ватанларига қайтишдан қўрқишларини, толиблар қасосини кутишаётганини очиқ айтишди.
Бироқ, сўнгги бир йил ичида вазият кескин ўзгарди.
Толиблар собиқ ҳарбийлар ва бошқа фуқароларнинг Афғонистонга ихтиёрий равишда қайтиши бўйича комисия тузишди ва у «қайтиш комиссияси» деб аталди. Комиссия қочоқ афғонлар билан музокаралар олиб борди. У фаолият юритган бир йил давомида собиқ ҳукуматнинг юзлаб юқори мартабали вакилларини Афғонистонга қайтишга кўндира олди. Деярли ҳар ой комиссия ўнлаб янги қайтиб келганлар ҳақида ҳисобот бериб борди.
Шу билан бирга, Афғонистонда радикаллар ҳукмронлигининг иккинчи йилида сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият янада ёмонлашди.
ИШИД ва қуролли мухолифат таҳдидлари
Икки йил ичида толиблар жиддий қаршиликларга дуч келишмади. Улар ички инқироз, бўлинишларни четлаб ўтишди.
Ғарбпараст (дарвоқе, тожикистонпараст, чунки у кўплаб этник тожикларни ўз ичига олади ва Тожикистон ҳукумати томонидан сўзсиз қўллаб-қувватланади) ва кучайиб бораётгандек кўринган Миллий қаршилик фронти (МҚФ) фаолияти кейинги ойлар деярли кўзга кўринмай қолди. Бир йил аввал МҚФ асосан тожиклар истиқомат қиладиган Панжшер вилоятининг алоҳида туманларини эгаллаб олишга муваффақ бўлганди. Энди эса фронт раҳбарлари фақат радикал ҳаракатнинг оддий жангариларини йўқ қилаётгани ҳақида баъзида хабар бериб боради.
Ғарб ва Тожикистоннинг МҚФни қўллаб-қувватлаши сезиларли даражада камайган. Сўнгги пайтларда Тожикистон «Толибон» билан иқтисодий алоқаларни фаол ривожлантирмоқда. Ғарб ҳам толиблар томонидан инсон ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақидаги одатий баёнотлардан қочиб, радикал режим билан мулоқот қилишни афзал кўрмоқда.
Мамлакат ичида «Толибон» учун энг жиддий беқарорлаштирувчи омил — «Ироқ ва Шом-Хуросон ислом давлати»* (ИШИД-Хуросон) террорчилик гуруҳидир. Жорий йилнинг март ойида гуруҳ аъзоси Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон билан чегарадош шимолий Балх вилояти маъмуриятида ўзини портлатиб юборган эди. Натижада толиблар томонидан вилоят ҳокими этиб тайинланган Муҳаммад Довуд Музаммил вафот этди. У 2021 йил августида толиблар ҳокимиятни қўлга киритганидан бери ИШИД томонидан ўлдирилган энг юқори мартабали «Толибон» амалдори эди.
Шу билан бирга, «Толибон» ҳукмронлигининг иккинчи йилида «ИШИД-Хуросон» террорчилик ҳаракатларининг географияси ва кўлами қисқарганини ҳам таъкидлаш лозим. Толиблар мунтазам равишда ушбу террорчи гуруҳга қарши муваффақиятли профилактика операциялари ҳақида хабар бериб борадилар. Кўриниб турибдики, бундай хабарларнинг бир қисми айни ҳақиқат. Шунга қарамай, гуруҳ мағлуб бўлмаган ва толиблар заифлашуви билан унинг кучайишини кутиш мумкин.
Аёллар камситилиши, иқтисодиёт ва чет эллик сайёҳлар
Афғон қизлари ва аёлларига қарши кўплаб тақиқлар «Толибон» ҳукмронлигининг иккинчи йилида ҳам кучда қолмоқда. Радикаллар уларга парклар, спорт заллари, университетларга боришни, нодавлат ташкилотлар ва БМТ тузилмаларида ишлашни тақиқлашган. Бу буйруқлар «Толибон» ҳукмронлигининг биринчи йилида 12 ёшдан ошган қизларнинг мактабга боришини тақиқлаганидан кейин қабул қилинган.
Толиблар Афғонистонда ўзлари талқинидаги шариатни татбиқ этишини айтишади. Бу улар тасаввуридаги чет эллик ёки дунёвий деб ҳисобланган нарсаларга, жумладан аёлларнинг ишлаши ёки ўқишига ўрин қолдирмайди. Айнан аёлларга нисбатан шундай дискриминация сиёсати «Толибон» томонидан 1990-йиллар охирида Афғонистонда ҳокимиятни илк бор марта қўлга киритилганида ҳукм сурганди.
Шу билан бирга, «Толибон» ҳаракатининг олий раҳбари Ҳабайтуллоҳ Охундзода радикаллар томонидан амалга оширилган ўзгаришларни олқишлар экан, бу ишлар хориж қўшинлари мамлакатни тарк этиб, ҳижоб кийиш мажбурий экани жорий этилганидан сўнг афғон аёлларининг ҳаёти яхшиланганига урғу беради.
«Хотин-қизларни кўплаб анъанавий зулмлардан, жумладан мажбурий никоҳдан қутқариш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилди, уларнинг шариат ҳуқуқлари ҳимоя қилинди. <...> Аёлларнинг эркин ва муносиб инсон сифатидаги мақоми тикланди ва барча институтлар аёлларга никоҳ, мерос ва бошқа ҳуқуқларни таъминлашда кўмаклашиши шарт», — деди Охундзода июн ойида эълон қилган баёнотида.
Хорижий ҳукуматлар, халқаро инсон ҳуқуқлари ва инсонпарварлик ташкилотлари толибларнинг аёлларга нисбатан чекловларини қоралади. БМТ бу чекловлар халқаро ҳамжамият томонидан «Толибон»нинг Афғонистонда қонуний ҳукумат сифатида тан олинишига катта тўсиқ бўлаётганини таъкидлади.
Бироқ, амалий нуқтаи назардан, Ғарб давлатларининг мунтазам дашномлари, БМТнинг асоссиз таҳдидлари ҳам афғон аёллари аҳволини яхшилашда ҳеч қандай роль ўйнамади.
Радикаллар оғир аҳволда қолган Афғонистон иқтисодини чўкиб кетмаслигига эришолдилар. Бунга Марказий Осиёнинг ривожланган давлатлари, Россия, Хитой ва Туркия билан сармоявий музокаралар олиб бориш ёрдам берди. Гарчи бу мамлакатлар ҳукуматлари бошқа барча давлатлар сингари радикал ҳаракат режимини расман тан олишдан бош тортсалар ҳам.
Июль ойида Жаҳон банки маҳаллий валюта — афғони асосий валюталарга нисбатан қимматлашганини айтди. Мижозлар 2021 йил августигача қўйилган шахсий омонатларидан кўпроқ пул ечиб олишлари мумкин ва аксарият давлат хизматчилари маош олмоқдалар. Жаҳон банки «Толибон» ҳукуматининг солиқ йиғишини «соғлом» деб таърифлаб, гарчи талаб унчалик катта бўлмасада, асосий эҳтиёжларнинг аксарияти афғон фуқаролари учун ҳамёнбоп эканини таъкидлади.
Гарчи толиблар жаҳон саҳнасида расман яккаланиб қолган бўлсалар-да, бошқа давлатлар, айниқса ўзларини Ғарбга қарши қўйгандавлатлар билан муносабатлари аста-секин нормаллашиши ёки ҳатто ривожланиши учун етарли салоҳиятга эга кўринади. Гиёҳванд моддалар, қочқинлар ва терроризмга қарши кураш бўйича толиблар билан ҳамкорлик бутун дунёда, жумладан Ғарбда ҳам қизиқиш уйғотмоқда. Хитой, Россия ва қўшни Покистон каби давлатлар «Толибон» режимига қарши халқаро санкцияларни бекор қилиш учун очиқдан-очиқ ҳаракат қилмоқда.
Айтганча, ушбу фонда —
Афғонистонга кўпроқ хорижий сайёҳлар ташриф буюришаётгани муҳим мил ҳисобланади.
Бундан ташқари, уларнинг аксарияти кейинчалик ижтимоий тармоқларда толибларнинг уларга нисбатан яхши муносабатда бўлишгани, Афғонистондаги хавфсизлик ва коррупция билан боғлиқ вазият радикаллар даврида яхшиланганини ёзишди.
Таъкидлаш жоиз, толибларнинг Афғонистонда ҳокимиятни сақлаб қолиш истиқболлари тобора яхшиланмоқда. Гарчи бир йил олдин ушбу мамлакат бўйича кўплаб экспертлар, шу жумладан ушбу мақола муаллифи ҳам радикалларнинг Афғонистонда вазиятни узоқ вақт давомида назорат қила олишига жуда шубҳа қилган эди.
*Юлдузча билан белгиланган ташкилотлар Россия ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).
-
27 Август27.08Нафас олиш ҳозирча мумкинТолиблар аёлларга нисбатан ҳижоб мажбурийлиги ва бир қатор тақиқларни қонун билан мустаҳкамлади
-
16 Август16.08«Халқ ва давлат: АЭС бўйича референдум ким тарафида?»Қозоғистонда шу номдаги масалага бағишланган «Трансчегаравий журналистика» лойиҳаси ишга туширилди
-
15 Август15.08«Толиблар футболни тушунишмайди»Афғон клубининг ОФК Чақирув лигасидаги истиқболлари ҳақида
-
13 Август13.08Париждан медаллар биланМарказий Осиё спортчиларининг 2024 йилги Олимпиада ўйинларида эришган натижалари ҳақида
-
27 Июнь27.06Бастрыкин «топқирлиги»РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида
-
21 Май21.05Манзилига етолмаган олий раҳбарПрезидент Раисий вафотидан сўнг Эрондаги сиёсий вазият қандай ўзгариши мумкинлиги ҳақида