Қочқинлар толибларга босим ўтказиш учун бир восита

Нега Покистон ўз ҳудудидан афғонларни ёппасига чиқариб юбораётгани ҳақида
Покистондан чиқариб юборилаётган афғон қочқинлари. БМТ ҚОКБ сайти фотосурати

Афғонистондаги гуманитар вазият Покистон расмийларининг юз минглаб афғон қочқинларини ўз ватанларига бадарға қилиш ҳақидаги қарори туфайли сезиларли даражада ёмонлашиши мумкин. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси (ҚОКБ) маълум қилди.

22 ноябрга келиб 374 минг афғон қўшни давлатдан ўз ватанига қайтишга мажбур бўлди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти таъкидлаганидек, оммавий қайтиш «[Афғонистонда] давом этаётган гуманитар инқирозни янада кучайтиради, чунки қишки ҳарорат пасайишни бошлайди, баъзи жойларда минимал даражалар аллақачон -4 ° C га этган». Халқаро ташкилотнинг хабар беришича, афғонларнинг катта қисми Совет қўшинлари Афғонистонда бўлган даврда, яъни 1979 йилдан 1989 йилгача Покистонга кўчиб ўтишга мажбур бўлишган. 1979 йилдан бери давом этаётган жанглар туфайли улар ўз ватанларига қайтишни хоҳламайдилар ёки имконлар йўқ. Кўпчилик Покистон ҳаётига қўшилиб кетган, расмий ҳужжатлар олишган ва фарзандли бўлишган. Аммо ҳозир бу уларни Афғонистонда ҳокимиятни назорат қилувчи «Толибон»* ҳаракати билан зиддиятларини бартараф этишга уринаётган Покистон ҳукумати босимидан асло ҳимоя қилолмайди.

«Мамлакатда ноқонуний яшаётган ҳар бир одам»

Покистон расмийлари 3 октабрь куни афғон қочқинларини чиқариб юбориш қарорини эълон қилишди. Покистон Ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сарфраз Бугтининг айтишича, бу чора нафақат афғонларга, балки барча миллатдаги муҳожирларга ҳам тегишли. «Мамлакатда ноқонуний яшаётган ҳар бир одам ўз ватанига қайтиши керак», деди у.

Бугти қўшимча қилишича, барча ҳужжатсиз яшаётган муҳожирлар оммавий ҳибсга олинмаслиги ва мажбуран чиқариб юборилмаслиги учун октябрь ойи охиригача ўз ватанларига ихтиёрий равишда қайтишлари керак. Ва унинг аниқлик киритишича, ҳукумат ҳайдалган одамларнинг мол-мулкини мусодара қилиш, шунингдек жамоатчилик вакиллари ноқонуний муҳожирлар ҳақида расмий органларга ҳақ эвазига хабар беришлари учун махсус телефон линиясини яратишни режалаштирмоқда.

Сарфраз Бугти. brecorder.com сайти фотосурати

Турган гап, вазир ноқонуний муҳожирлар дея афғонларни назарда тутмоқда. Октябрь ойи бошидаги турли ҳисоб-китобларга кўра, Покистонда 1,1 миллиондан 1,7 миллионгача муҳожир бор эди. Покистон ҳукумати толиблар билан муносабатларнинг ёмонлашуви фонида шундай қарорга келган.

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги маълумотларига кўра, аксарият афғон қочқинлари Покистонга мужоҳидларнинг Совет қўшинлари ва Кобулдаги советпараст ҳукуматга қарши уруши пайтида, яъни 1980-йилларда кўчиб ўтишган. Покистон ҳудудида салмоқли миқдордаги афғон қочқинларининг мавжудлиги ҳатто маҳаллий ҳокимият учун ҳам фойдали бўлган. Покистон антисовет гуруҳларини қўллаб-қувватлаган ва қочқинлар орасидан янги жангчиларни ёллаши мумкин эди.

Қочқинларнинг иккинчи йирик тўлқини 1992 йилдан сўнг, мужоҳидлар советларга хайрихоҳ ҳукуматни ағдариб, ўзаро фуқаролар урушини бошлагандан кейин содир бўлган. Америкапараст ҳокимият ҳукмронлигининг дастлабки йилларида, яъни 2001 йилдан кейин Афғонистонга турли мамлакатлардан қочқинлар қайтишган — улар энди вазият албатта барқарорлашади, деб умид қилишган. Бироқ, 2000 йилларнинг охирига келиб, толиблар яна кучайгани маълум бўлди — Америка армияси уларга дош бера олмади. Толиблар 2021 йил августида Кобулда ҳокимиятни эгаллаб олганидан сўнг Покистонга 600 мингга яқин афғон кўчиб ўтган.

Исломобод ва толиблар ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашуви

Толиблар бўлинмалари ва Покистон ҳарбийлари ўртасидаги тўқнашувлар вақти-вақти билан инглизлар 19-аср охирида Дуранд чизиғи деб номланган чегарада содир бўлиб турарди. Бу моҳиятан мустамлака чегараси туфайли покистонликлар ва Афғонистондаги аввалги америкапараст сиёсий режим билан тўқнашувлар юзага келган ва у тўлақонли жангларга айланган пайтлар ҳам бўлган. Кўриниб турибдики толиблар бу ерда ҳеч қандай янгилик қилишмаган.

Сўнгги пайтларда Исломобод ва толиблар ўртасидаги муносабатлар «Теҳрик-и-Толибон» гуруҳи * (Покистон толиблар ҳаракати, ПТҲ) террорчиларининг ҳужумлари кўпайиб бораётгани сабабли ёмонлашди. Масалан, 29 сентябрь куни Белужистон провинциясининг Мастунг шаҳри ва Хайбер-Пахтунхва провинциясининг Хангу шаҳарларида содир этилган қўш теракт оқибатида 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Ёзда террорчилар ҳарбий ва полиция бўлинмаларига бир неча бор ҳужум қилишган.

Покистон расмийлари афғон толибларини ПТҲни фаол қўллаб-қувватлаётганликда айбламоқда. Ўз навбатида афғон радикаллари буни қайта-қайта инкор этишган. ПТҲ вакилларининг ўзлари афғон толиблари билан алоқаларини рад этишади. Исломобод Кобул ҳукуматини «Ҳаракат» билан муаммони ҳал қилишга чақирди — уларнинг ўз ҳудудида бўлишига йўл қўймаслик, қурол-яроғ етказиб бермаслик ва афғонлар орасидан янги жангариларни ёллашига йўл қўймаслик борасида. Бироқ ,Покистон хавфсизлик расмийларига кўра, афғон радикаллари бу чақириқларга қулоқ солишмаган.

Дарвоқе, ноқонуний муҳожирларни чиқариб юбориш зарурлиги ҳақидаги баёнот билан бир қаторда, Покистон расмийлари жорий йилнинг январь ойидан буён мамлакатда 24 та худкушлик ҳужуми уюштирилгани, улардан 14 таси Афғонистон фуқаролари томонидан амалга оширилганини маълум қилди.

Депортация қандай амалга оширилади

Расмийлар Покистонни ихтиёрий равишда тарк этиш учун охирги муддат сифатида 31 октябрни белгилашган. Ва улар белгиланган муддатдан кейин ноқонуний муҳожирларни куч билан чиқариб юборишга ваъда беришди. 31 октабргача 100 дан 165 минггача афғон Покистонни тарк этган, шу жумладан мамлакатда бир неча ўн йиллар давомида яшаганлар ҳам.

Мажбурий чиқариб юбориш 1 ноябрдан бошланган. Шу мақсадда ҳатто Афғонистон билан чегарада қўшимча назорат пунктлари ташкил этилган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, афғонларнинг ўз ватанларига депортацияси бугунги кунгача давом этаётгани «ҳокимиятнинг ноқонуний ҳаракатлари» билан бирга ҳамоҳанг. Ташкилотнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Волькер Турк, минимал молиявий манбаларга эга бўлган кўплаб афғонларнинг уйларини ва мулкларини ташлаб кетишга мажбур бўлганини айтади. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, ҳайдалганлар пора беришга ёки мол-мулкидан воз кечишга мажбур бўлишмоқда.

Афғонларнинг Покистондан чиқариб юборилиши Кобул ва Исломобод ўртасидаги икки томонлама тарангликни янада кучайтирди. Афғон радикаллари қўшни давлатнинг ҳаракатларини танқид қилиб, Покистон ҳукуматини афғонларнинг мамлакатни тарк этишига «кўпроқ вақт беришга» чақирди.

Афғонларнинг Покистондан мажбуран чиқариб юборилиши. АР сайти фотосурати

Халқаро ташкилотларнинг депортация борасидаги хавотирлари ҳам юз минглаб одамларнинг «Толибон» режимидан қочиб Покистонга бориб қолгани билан боғлиқ. Покистондан ҳайдаб чиқарилган афғонлар ўз ватанида репрессияга дучор бўлишлари мумкин, деб ҳисоблайди БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги.

«Биз депортацияга учраганларнинг кўпчилиги Афғонистонга қайтганларидан сўнг инсон ҳуқуқларининг бузилиши, жумладан ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар, қийноқлар, шафқатсиз ва бошқа ғайриинсоний муомалаларга дучор бўлиш хавфи остида қолади, деб ҳисоблаймиз», — дейилади БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг октябрь ойи охирида берган баёнотида. Унда қайд этилишича, «жамоат фаоллари, журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, собиқ ҳукумат мулозимлари ва хавфсизлик кучлари ходимлари, шунингдек аёллар» шундай таҳдидларга дучор бўлиши мумкин.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

Александр Рибин