Бир пайтлар Тошкент ёзнинг энг қайноқ жазирамасида ҳам соя берувчи ва ҳавони тозаловчи дарахтлари билан мақтаниши мумкин эди. Аммо йиллар ўтди: расмийлар дарахт кесувчиларга тўсқинлик қилмадилар ва баъзан уларнинг ўзлари дарахтларни таг-туги билан қўпориб ташлашди (марказий ҳиёбондаги дарахтдарнинг кесиб ташланганини олайлик), шунингдек бурсиқиб тутайдиган ва бадбўй саноат корхоналари билан саноатлаштириш ўз ишини қойиллатди. Бугун Ўзбекистон пойтахти сайёрамиздаги энг ифлос 10 та шаҳардан бири сифатида ўз ўрнини муҳрлади. Бу ҳақда блогерлар, ижтимоий фаоллар ва оммавий ахборот воситалари ҳайқирмоқда, Интернетда Қуёш деб номланувчи юлдуз қуюқ тутунни ёриб ўтишга уринаётган замонавий Тошкент фотосуратлари билан тўла. «Фарғона» ушбу муаммони классик жуфт савол – мавжуд вазиятга ким айбдор ва Марказий Осиёдаги энг йирик аҳоли пунктларидан бирининг экологиясини сақлаб қолиш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида савол бериш орқали кўриб чиқишга қарор қилди.
Айбдорларни қидириш
Тошкент атмосфераси кечаги кун эмас, балки сўнгги бир-икки йил ичида шахдам қадамлар билан ёмонлаша бошлади. Гарчи, 2022 йил якунлари бўйича ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар рейтингида Тошкент «зарарли» тоифада бўлса-да, 383-ўринни эгаллаганди. Рўйхат нуфузли IQAir лойиҳаси томонидан тузилганлигини, унинг мутахассислари маълумотларни онлайн тарзда янгилаб туришини, яъни ҳар соатда том маънода маълумотлар ўзгариб туриши мумкинлигини қўшимча қиламиз. Аммо, афсуски, Ўзбекистон пойтахти узоқ вақтдан бери барқарор равишда ҳавоси энг ёмон ўнта дунё шаҳарларидан бири «мақоми»ни қўлдан бой бермаяпти. Жумладан, 24 январь куни эрталаб берилган хабарга кўра,
Пойтахтдаги ҳавонинг ифлосланиш даражаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган ўртача йиллик ҳаво сифати даражасидан 13,5 баравар юқори бўлган.
Бир йилдан кўпроқ вақт ичида эришилган регрессни тасаввур қиляпсизми?!
Агар сайёрамизнинг энг ифлосланган жойлари рўйхатида Тошкент билан «рақобатлашаётган»лар ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ерда асосан Осиёдаги қўшнилар: Ҳиндистоннинг Деҳли, Калькутта, Мумбай, Покистоннинг Лаҳор ва Карачи, шунингдек, Бангладеш, Босния ва Мўғулистон пойтахтлари — мос равишда Дакка, Сараево ва Улан-Батор шаҳарларидир. Аммо, Ўзбекистон ҳукумати экологик таназзулга ўз вақтида чора кўрмаганидан келиб чиқадиган бўлсак, республика пойтахтида «рақобатчилар»ни қувиб етииш ва улардан ўзиб кетиш учун барча имкониятлар мавжуд.
Муаммонинг сабаблари сиртда ётган бўлса-да. Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим вазирлиги асосий салбий омилларни санаб ўтди:
✔️ шаҳар бош режасини тасдиқламасдан бошланган қурилишлар;
✔️ автомобиллар томонидан атмосферага чиқариладиган зарарли моддалар;
✔️ саноат корхоналари ва иссиқлик электр станцияларида кўмир ва мазутдан фойдаланиш;
✔️ дарахтларни кесиш.
Юқоридаги бир қатор масалалар бўйича вазирлик рақамларда қизиқ тушунтиришлар берди. Шундай қилиб, расмий маълумотларга кўра, ҳар куни пойтахтда ўртача 730 мингта автомобил ҳаракатланади. Шаҳарга бошқа вилоятлардан яна 150 мингдан 300 минггача автомобил киради. Аксарият автоуловчилар энг арзон ёнилғи — халқаро экологик стандартларга жавоб бермайдиган АИ-80 бензинидан фойдаланадилар.
Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, бу борадаги вазият тезда ёмонлашади, чунки йўлларда автомобиллар сони геометрик равишда кўпаяди. Ўтган йил охирида автомобиллар сони тахминан 577 мингтани ташкил қилган бўлса, 2035 йилга бориб бу кўрсаткич икки баравардан кўпроқ — 1,3 миллион донага кўтарилади. Шундай қилиб, шаҳар аҳолисини хавас қилиб бўлмайдиган истиқбол кутмоқда: километрларга чўзилган тирбандликларни томоша қилиш ва автомобиллар оқимидан чиқадиган зарарли моддалар билан нафас олиш.
Саноат корхоналари ҳавонинг ифлосланишига фаол «ҳисса» қўшмоқда. Экология вазирлиги маълумотларига кўра, 2019 йили завод ва фабрикалар 4 миллион тоннага яқин кўмир ишлатган бўлса, 2023 йили бу кўрсаткич 6,7 миллион тоннага етган. Ушбу ресурсни ёқиш пайтида ҳосил бўладиган зарарли моддаларнинг чиқиндилари нафақат ҳавони, балки тупроқ ва сувни ҳам заҳарлайди. Вазирлик эслатганидек, 10 тонна кўмир ёқилғи сифатида ишлатилса, атмосферага 220 кг кукун, 360 кг олтингугурт оксиди, 64 кг углерод оксиди, 16 кг азот оксиди ва 2 тонна кул кўтарилади. Кўриб турганингиздек, буларнинг барчасидан тошкентликлар ва пойтахт меҳмонлари нафас олади.
Иссиқлик иншоотларининг ишлаши ҳам ҳавони озонламайди, бу объектлар куз-қиш даврида айниқса қаддини уради. Биргина 2023 йил декабрь ойида олтита шаҳар иссиқлик электр станциясидаги тўққизта қозонхонада 3 минг тонна мазут ёқилган.
Қанақа мораторий-пораторий?
Дарахтларнинг кесилиши ва қурилишлар бу – алоҳида мавзу. Ўзбекистонда 2019 йил ноябрь ойидан бошлаб дарахт ва буталарни йўқ қилишга қарши мораторий жорий қилинган. Бироқ, ноқонуний ўтинчилар соғлом флорани тахта материалларига айлантираётгани ҳақидаги хабарлар бугунги кунгача янгиликлар ленталарини тўлдиришда давом этмоқда. Экология вазирлигига кўра,
тақиқ жорий этилгандан бери 49 мингга яқин дарахт йўқ қилинган.
Қурилиш компаниялари «мораторий» сўзининг маъносини нотўғри тушунаётганга ўхшайди. Ўтган йил февраль ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев пойтахт бош режаси тасдиқланмагунча Тошкентда янги бинолар қуриш тақиқланишини маълум қилган эди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, уй-жой қуриш учун рухсатномалар беришда ҳокимлик инфратузилмага тушаётган юкламага, шунингдек, яқин атрофдаги ҳудудларни ободонлаштиришга эътибор қаратмайди. Дарвоқе, ушбу камчиликлар собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ишдан олинишига сабаб бўлганди. Бироқ, мораторийга қарамай, шаҳар қурилиши давом этмоқда: унинг турли қисмларида кўп қаватли бинолар ва бизнес марказларининг осмонўпар бинолари кўтарилмоқда.
«Яшил макон» кампанияси ҳам самарасиз ўтмоқда, унда ўсимликлар эмас, коррупция гуллаяпти. Масалан, Ҳисоб палатаси томонидан 2022 йил ўрталарида ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, республика бўйича олти миллиондан ортиқ кўчат ерга фақат бюрократик ҳисоботларда экилган, ҳақиқатда эмас.
Мутахассисларнинг фикрича, ҳавонинг ифлосланишига инсон омили билан боғлиқ сабабларидан ташқари, табиий омиллар ҳам таъсир қилади: шамол йўналиши ва тезлиги, ҳаво ҳарорати, қуёш радиацияси, ёғингарчилик ва бошқалар. Бунда Тошкентнинг тоғлар билан ўралган ноқулай жойлашуви ҳам муҳим рол ўйнайди. Айнан ҳаво айланишининг йўқлиги туфайли табиий равишда учиб кета олмайдиган чанг шаҳарга чўкади.
Муаммолар ечими
Қувонарлиси, Экология вазирлиги Тошкент ҳавосининг заҳарлилигига «айбдорлар»ни аниқлаш билан чекланиб қолмади, балки бу муаммони ҳал этиш бўйича қатор чора-тадбирларни таклиф қилди. Бундан ташқари, вазирлик ходимлари бу масалага ҳар томонлама ёндашиб, батафсил чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқдилар.
Ташаббусларнинг аксарияти автомобилларга тегишли. Жумладан, Евро-4 стандартидан паст тоифадаги ёқилғидан фойдаланишдан бутунлай воз кечиш таклиф этилади. Бошқача айтганда, АИ-80 бензинини тақиқлаш. Бу чора, албатта, ҳайдовчиларга завқ келтирмайди, чунки бу уларнинг чўнтагига уради. «Ўзбекнефтгаз» ёқилғи қуйиш шохобчаларида энг арзон «саксонинчи»нинг литри 6 800 сўм (0,55 доллар), юқори сифатли АИ-92 ва АИ-95 маркалари эса анча қимматроқ – мос равишда 10 500 (0,85 доллар) ва 12 200 сўм (1 доллар).
Мутахассислар тирбандликни бартараф этишга эътибор қаратишни таклиф қилишди. Шу муносабат билан қуйидагилар режалаштирилган:
▶️ эрталаб ва кечқурун оғирлиги 12 тоннагача бўлган юк машиналарининг ҳаракатланишини чеклаш;
▶️ Тошкент шаҳри марказида транспорт ҳаракатидан холи кўчаларни ташкил этиш;
▶️ «жуфт ва тоқ кунлар» схемаси бўйича транспорт оқимини оптималлаштириш бўйича тажриба ўтказиш.
Охирги ғоя аниқликни талаб қилади: бу ерда, афтидан, маълум бир принципга кўра автомобилларни бўлиш назарда тутилган. Шунга ўхшаш нарса бошқа шаҳарларда, масалан, Деҳлида қўлланилади, бу ерда давлат рақамлари жуфт рақам билан тугайдиган автомобил эгаларига мос равишда ҳафтанинг жуфт кунларида, тоқ рақамларга тоқ кунларида пойтахт кўчаларида ҳаракатланишига рухсат берилади. Якшанба куни бу чекловлар қўлланилмайди. Қоидабузарлар 30 доллар миқдорида жаримага тортилади. Албатта, бундай қоида йўлларда транспорт воситалари сонини кескин камайтиради. Гарчи бу Ҳиндистон аҳолисига ёрдам бермаган бўлса-да — мамлакатнинг асосий шаҳри сайёрадаги энг ифлосланган аҳоли пунктлари рўйхатида биринчи ўринда туради.
Бундан ташқари, Ўзбекистон расмийлари электромобилларни тарғиб қилиш ва 2010 йилгача ишлаб чиқарилган автомобилларни тақиқлаш ниятида, чунки уларнинг двигателлари замонавий экологик стандартларга жавоб бермайди. Автоуловчиларга субсидиялар, имтиёзлар берилган ҳолда «яшил» транспортга ўтиш таклиф этилади. Бироқ, бу ташаббус эртанги кунга эмас, балки ундан кейинги кунга тегишли бўлади, негаки электр транспорт воситаларининг оммавий жорий этилиши бир йилдан кўпроқ вақтни олади, чунки зарядлаш шохобчалари, техник хизмат кўрсатиш шохобчалари ва ҳоказоларни қуриш керак.
Экология вазирлиги қуйидаги фикрларни илгари сурди:
👉 Тошкент вилояти ва пойтахтга туташ ҳудудлардаги корхоналарда кўмирдан фойдаланишни тақиқлаш;
👉 Тошкент иссиқлик электр станцияларида мазутдан фойдаланишни тақиқлаш;
👉 ижтимоий объектлардан ташқари барча турдаги объектларни қуришга мораторийга риоя этилишини таъминлаш;
👉 барқарор микроиқлимни таъминлаш учун сунъий сув ҳавзаларини яратиш;
👉 Тошкент атрофида тупроқ зарраларининг шаҳарга миграциясини олдини олиш учун «яшил белбоғ»ларни яратиш;
👉 ҳаво сифати кўрсаткичларини доимий равишда эълон қиладиган мониторларни ўрнатиш;
👉 саноат корхоналарига замонавий чанг ва газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш.
Режалар кўп, ишлар бир талай.
Ҳокимлик ёрдам беради
Тошкент бир неча ойдан бери хавфли шаҳарларнинг энг юқори антирейтингидан чиқмаганига қарамай, шаҳар ҳокимлиги бу муаммони сезмаётганга ўхшайди. Жорий йил январь ойининг иккинчи ярмидагина тегишли вазирлик ортидан ҳокимлик ҳам жараёнга қўшилишга ваъда берди.
Тошкент раҳбарияти пойтахтдаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқаётгани ҳақида шаҳар ҳокимияти Telegram-канали хабар берди. Чиқиндиларни утилизация қилиш, жамоат транспорти тизимлари, пиёдалар учун қулай инфратузилма ва ҳоказолар бўйича бир қатор ўзгаришлар эълон қилинди. Шу билан бирга, расмийлар қарорлар илмий изланишларга асосланишига, ташаббусларни тайёрлашга хорижий экспертлар жалб этилишига ишонтирди. Ҳозирча аниқ маълумотлар йўқ, аммо шаҳар расмийлари тез орада жамоатчиликка тегишли тақдимотни ўтказишга ваъда беришмоқда. Қани, кўрамиз бўлмаса.
Айни пайтда, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги ҳаракатлар режаси билан чекланмасликка қарор қилди. Бир неча кун олдин вазирлик матбуот хизмати расмийлар ҳаво сифати миллий стандартларини ишлаб чиқишни бошлагани ҳақида хабар берди. Ҳужжатни яратишга сабаб ҳаво ифлосланиши Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари билан солиштирилиб, Ўзбекистоннинг географик ва иқлимий хусусиятлари туфайли республика учун норма сифатида қабул қилинган ўлчовларга эришиш қийин. Бундан ташқари, вазирлик таъкидлаганидек, «дунёнинг ҳеч бир давлатида кўрсаткичлар ЖССТ стандартларига мос келмайди». Шунинг учун кўплаб давлатлар ўзларининг миллий стандартларини тасдиқлаганлар. Шунинг учун Ўзбекистон ўз йўлидан боришга қарор қилган. Асосийси, расмийлар ҳаддан ошиб кетмасалар, ишларни ҳисоботларга «киркамаса» бўлди, акс ҳолда Тошкент халқаро рейтингларда энг «ифлос» шаҳарлар ичидан ўрин олган бир вақтда, миллий стандартлар бўйича ҳавоси ва осмони «мусаффо» экани маълум бўлади.
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
18 Ноябрь18.11ФотоТақвимга қарамасданТошкентда Янги йил арчаси ёқилди
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
01 Ноябрь01.11Феноменал РенессансТошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди
-
22 Октябрь22.10Ҳаводан олинган сув«Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди
-
22 Октябрь22.10Сургундаги воизТаъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?