Қон ва метан

Ёқилғи қуйиш шаҳобчаларидаги навбат ҳайдовчилар ўртасида ур-тўполонга сабаб бўлди
autostrada.uz сайти фотосурати

Аксари ўзбекистонликлар учун автомобил на ҳашамат, на транспорт воситаси, балки «пул топиш воситаси»га айланган. Ахир, доимо кимларнидир манзилига олиб бориш, юкларни эгаларига етказиш беришга тўғри келади. Шу сабаб, ҳар қандай ёнилғи тақчиллиги ёқилғи қуйиш шохобчаларида кўп километрлик автомобиллар навбатини келтириб чиқараётгани ажабланарли ҳолат эмас. Бу йил вазият бундан ҳам ёмонроқ бўлди – ОАВ одамларнинг ўз машиналарига нисбатан арзон метан қуйиш учун соатлаб навбат кутиши чоғида газ қуйиш шохобчаларида икки марта қаттиқ муштлашув бўлиб ўтгани хабар қилди. Бундан ташқари, уларнинг бирида жанжал бир одамнинг ўлими билан тугаган. «Фарғона» қазилма бойликларга бой республика нима учун ҳайдовчиларни етарли миқдорда газ ва бензин билан таъминлай олмаётганини ўрганиб кўрди.

Метан жанги қурбонлари

Биринчи мушлашув Фарғона вилоятининг Данғара туманида 3 февраль куни ёқилғи қуйиш шохобчасида содир бўлди. Ўзбекистонда одат тусига айланганидек, можаро ҳақидаги маълумотлар дастлаб ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди, орадан бир-икки кун ўтиб, воқеа тафсилотлари аниқлангач, ҳуқуқ-тартибот идоралари расмий баёнот берди. Бош прокуратура ёрдамга келди. Назорат маҳкамаси матбуот хизматининг аниқлик киритишича, автомобилга газ қуйиш компрессор станцияси ҳудудида метан учун навбатда турган эркаклар ўртасида жанжал келиб чиққан.

Жанжал муштлашувга бориб тақалган. Яқин атрофда турган йигит муштлашаётганларни ажратмоқчи бўлади, бироқ охир-оқибат унинг ўзи жароҳат олади ва ҳушини йўқотади. У касалхонага олиб кетилаётганда вафот этган.

Орган ходимлари республика Жиноят кодексининг 277-моддаси («Безорилик») билан иш қўзғатган. Икки гумонланувчи ҳибсга олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, тегишли суд-тиббий экспертиза тайинланган.

26 февраль куни Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида ҳам худди шундай ҳолат қайд этилган. Бир неча эркаклар ёқилғи қуйиш шохобчасида муштлашган ва Интернетда тарқалган видеога кўра, вазият ўта таранглашган. Ерга йиқилган йигитнинг бутун бадани ва бошига шафқатсизларча тепишган. Интернетда жабрланлардан бири вафот этгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Бироқ вилоят ИИБ Ўзбекистон фуқаросининг ўлими ҳақидаги маълумотни рад этишга шошилди. Шунга қарамай, бошқарма можаро фактини тан олди ва иштирокчилар шахсини аниқлади. Юқорида айтиб ўтилган фавқулодда ҳолат юзасидан «Безорилик» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эҳтимол, бундай ҳолатлар кўпроқ содир бўлаётгандир, бироқ ОАВ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эътиборига ИИВ ходимларининг аралашуви талаб қилинган ўта шов-шувли ҳолатларгина тушади. Ўзбекистондаги машҳур Troll.uz Телеграм канали маъмури танишининг сўзларига таянган ҳолда таъкидлашича,

ёқилғи қуйиш шохобчаларида жанжал деярли ҳар куни содир бўлади, чунки «юзлаб ғазабланган эркаклар» бир жойда тўпланиб қолган бўлади.

Муаммонинг илдизлари

Нега автомобиль эгалари «темир отларини» озиқлантириш учун ёқалашишади? Бу саволни Autostrada.uz лойиҳаси асосчиси ва ношири Александр Кашубинга бердик.

«Ёнилғи қуйиш шохобчаларидаги линиялар мавсумий ҳодиса бўлиб, кўпинча совуқ пайти газ тақчиллигидан келиб чиқади. Масалан, февраль ойи ўрталарида ҳаво ҳарорати пасаймасданоқ «Худудгазтаъминот» давлат корхонаси станцияга ёқилғи етказиб беришда чекловлар бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Бундан ташқари, бу ҳолат ҳар йили такрорланади. Ҳаво нолдан паст бўлган пайтда газ биринчи навбатда аҳолига берилади. Ёқилғи қуйиш шохобчалари ё ёпилган ёки қисқартирилган жадвал асосида ишлайди – кунига бир неча соат», — дея Ўзбекистонда одат тусига айланган бундай ҳолатга изоҳ беради мутахассис.

Кашубиннинг қўшимча қилишича, газ қуйиш шохобчаларидаги чекловлар бензин учун навбатларга ҳам олиб келади, чунки кўп сонли Ўзбекистон фуқаролари учун автомобиль пул ёки қўшимча даромад топиш воситасига айланган, шунинг учун ҳаракатда бўлиш ниҳоятда зарур. Суҳбатдошимизга кўра, арзонроқ АИ-80 ёнилғисига бўлган талаб айниқса ортиб бормоқда, чунки машинани қимматроқ АИ-92 билан тўлдириб, таксичи ёки курьер бўлиб ишлаш фойда келтирмайди.

Мутахассис бензин сотувчи ёқилғи қуйиш шохобчаларида коллапснинг яна иккита сабабини келтиради.

Фарғона водийсидаги ёқилғи учун навбат. kun.uz сайти фотосурати
«Биринчидан, бу биржадаги чайқовчилик. Катта ёқилғи қуйиш шохобчалари ёқилғининг бутун ҳажмини сотиб олади, шунинг учун нархлар кўтарилади ва хусусий ёқилғи қуйиш шохобчаларида худди шундай АИ-80 давлатга қараганда анча қимматроқ сотилади. Табиийки, «Ўзбекнефтгаз» объектларида километрлаб навбатлар вужудга келади.
Иккинчидан, бензинга спекулятив талабни келтириб чиқарадиган омилни ҳисобга олиш керак. Гап Тошкент шаҳри ва вилоятларда ёқилғи нархидаги фарқ ҳақида кетмоқда. Пойтахтда бензин бир ярим баравар арзон бўлган даврлар ҳам бўлган, бу эса олибсотарларнинг талаб ва фаоллигини оширади»,дейди Кашубин.

Нархнинг бевақт ошиши

Global Petrol Prices лойиҳаси мутахассислари таҳлилига кўра, 2024 йил 26 февраль ҳолатига кўра Ўзбекистон бензин нархи бўйича Марказий Осиёдаги қўшниларидан олдинда бўлган. Шундай қилиб, ушбу маълумотларга кўра, мамлакатда бир литр ёқилғи ўртача $1,022 туради. Таққослаш учун: Қирғизистонда – $0,773, Қозоғистонда – $0,544, Туркманистонда – $0,428.

Бироқ бу ҳам расмийлар учун кам бўлгандек – бир неча кун аввал ёқилғи инқирози фонида энг оммабоп АИ-80 бензини 6800 сўмдан (0,54 доллар) 7 минг сўмга (0,56 доллар) қимматлашган. «Ўзбекнефетегаз»нинг таъкидлашича, «саксонинчи»нинг нархи ошишига Россияда ишлаб чиқариладиган импорт ёқилғи ҳажмининг ошиши сабаб бўллган, шу ўринда айтиш лозим Россияда «саксонинчига» талаб юқори бўлмайди. Давлат компаниясининг қўшимча қилишича,

ички бозорда хориждан олиб келинган бензин улуши 40 фоизга етади.

Эслатиб ўтамиз, худди шу кунларда Россия 1 мартдан бошлаб автомобиль ёқилғиси экспортига тақиқ жорий этилганини эълон қилган. Бироқ, таъкидланганидек, чекловлар бир қатор давлатларга таъсир қилмайди, улар билан тузилган шартномалар тузатишларсиз амалга оширилади. Бу ҳамкорлар рўйхатидан Ўзбекистон ҳам бор.

Александр Кашубиннинг фикрича, бензиннинг юқори нархи қисман солиқлар ва актсизлар билан изоҳланади. Республикага ташиб келинган ёқилғининг нархи сезиларли даражада ошади — кўпинча икки баравар ёки ундан кўп.

"Ўзбекнефтегаз" АЖ матбуот хизмати фотосурати
«Очиқ манбаларда бунинг ҳеч қандай изоҳи йўқ, бу эса бензин импортидаги монополия ва биржадаги нархларнинг сунъий равишда оширилаётгани ҳақида миш-мишларга сабаб бўляпти. Гарчи бу тахминларни ҳужжатлар билан тасдиқлаш мумкин бўлмаса-да. Нархнинг кўтарилиши нефть нархининг юқорилиги билан ҳам боғлиқ, бироқ бу ерда тўғридан-тўғри боғлиқлик йўқ, чунки «қора олтин» котировкалари тушганда, бензин нархи тушмайди», — деб ўртоқлашади Autostrada.uz муассиси.

Ёқилғи бозорида импортнинг салмоқли улушига келсак, Кашубин буни маҳаллий нефть сифатининг пастлиги, шунинг учун АИ-92 ва АИ-95 бензинлари хорижий хомашёдан ишлаб чиқарилаётгани билан изоҳлайди.

«Аи-80 ишлаб чиқариш қуввати республиканинг барча эҳтиёжларини қондириш учун етарли эмас. Афтидан, маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводларида ускуналарнинг эскириш даражаси юқори бўлгани учун импорт қилинган бензин Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бензиндан арзонроққа тушади», — деб хулоса қилди «Фарғона» эксперти.

Муаммонинг ечими топилганми?

Нисбатан арзон бензин билан боғлиқ вазият янада ёмонлашиши мумкин, чунки Ўзбекистон ҳукумати АИ-80 дан фойдаланишдан воз кечишни режалаштиряпти. Бу бренднинг халқаро экологик стандартларга жавоб бермаслиги билан боғлиқ. Ахир Тошкент яқинда дунёнинг энг ифлос шаҳарлари антирейтингида мустаҳкам ўрин олди, республика ҳукумати бунга чидолмайди.

Бир қарашда, «саксонинчи» нинг бозордан олиб қўйилиши автомобиль ихлосмандларининг чўнтагига яна бир зарба бўлади. Бироқ, Александр Кашубиннинг фикрича, Ўзбекистон ҳайдовчиларни қулай нархларда юқори сифатли ёқилғи билан таъминлай олса, АИ-92 га сунъий «ўтиш» дан барча томонлар фойда кўриши мумкин. Негаки, АИ-80 масалан, Қозоғистондаги АИ-95дан қимматроқ, дея таъкидлайди эксперт. Шунингдек, у яқин тарихда четдан олиб келинган бензин маҳаллий арзон ёқилғидан ҳам арзонроқ сотилган даврлар бшлганини эслатади.

Шу билан бирга, Кашубиннинг таъкидлашича, агар АИ-80 дан воз кечилса, саноат тезда қайта тикланиши ва арзон «тўқсон иккинчи» ни ишлаб чиқаришни бошлаши даргумон. Шундай қилиб, расмийлар учун ёқилғи қуйиш шохобчаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш муҳим бўлади, чунки автомобилларнинг аксарияти метан билан ишлайди. Тўғри, бу ерда автомобиль эгалари учун катта «минус» бор – жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб республикада бензин ва газга акциз солиғи ошади, метан эса, албатта, қимматлашади.

«Муаммони ҳал қилиш учун, назаримда, бозорни либераллаштириш, шунингдек, импорт қилувчилар ва ёқилғи ишлаб чиқарувчиларга солиқ юкини камайтириш керак. Очиқ бозор шароитида бензин нархи пасаяди, чунки спекулятив фойда олиш учун сунъий тақчиллик яратилмайди»,дея таъкидлади экспертимиз инқироздан чиқиш рецептини ҳавола қилади.

«Бир тош билан икки қуённи уриш» нинг яна бир варианти — бу атроф-муҳитни бузмайдиган ва бензин талаб қилмайдиган электромобилларни ишлаб чиқариш. Президент Шавкат Мирзиёев ҳам мутасаддиларни «яшил» транспортни фаол йўлга қўйишга чақирмоқда.

Қолаверса, Кашубин айтганидек, Тошкент ва бошқа йирик шаҳарларда инфратузилма билан боғлиқ муаммолар йўқ – айни пайтда электр автомобилни уйда ёнилғи билан тўлдириш имкони бўлмаса ҳам, ундан фойдаланиш учун етарли қувватланиш станциялари мавжуд. Бунинг сабаби шундаки, бундай машиналар эгалари кўпинча тўхташ жойларида «зарядлаш станциялари» ни ўрнатадилар ва қўшимча станцияларни ташкил қилишнинг ҳожати бўлмайди.

Бироқ, мутахассисимиз фикрига кўра,

«Яшил» автомобиллар глобал экологик муаммони ҳал қила олмайди.

«Бугунги кунда мамлакатимизда электр станцияларида электр энергияси, жумладан, кўмир ва мазут ҳисобига ишлаб чиқарилмоқда, ресурслар талабни қондира олмаяпти. Бундан ташқари, Тошкент ва вилоятларда ифлосланишнинг асосий сабаби «тоза» ёқилғидан воз кечилганидир: аҳолини газ билан таъминлаш учун иссиқхоналар ва саноат корхоналари газдан кўмирга ўтган. Буларнинг барчаси атмосферага зарарли моддалар чиқиндиларининг жиддий ўсишига олиб келади. Қолаверса, электромобиллар сони кескин кўпайса, ҳайдовчилар ҳозирда бензин ва метан учун навбатда турганидек, қувватлаш станцияларида навбатда туришади»,деб тушунтиради Кашубин.

Ва ниҳоят, Ўзбекистон пойтахтида ҳар ойда бир марта иш кунларида «Автомобилсиз кун» ўтказишга қарор қилинди. Акция Тошкент шаҳрида жамоат ва расмий транспортдан ташқари барча автомобиллар ҳаракатланишини вақтинчалик тақиқлашни назарда тутади. Ҳукумат ва ҳокимлик вакилларига ишга автобус ва метрода етиб бориш тавсия қилинади ва шу билан фуқароларга «темир отларни» камида бир кун ўрада қолдириш борасида ибрат қўрсатилади.

Мазкур ташаббусни шарҳлар экан, «Фарғона» мутахассиси унинг самара бериши даргумон, деган фикрни билдирди.

«Менимча, ҳаммаси охир-оқибатда амалдорлар фойдаланадиган йўналишлардагина намунали ҳаракатланиш жадвалини тақдим этишга олиб келади», — деб башорат қилади Autostrada.uz асосчиси.

У автомобилсиз кунга умуман шубҳа билан қарашини таъкидлади.

«Жамоат транспорти ҳаддан ташқари юкланган, шунинг учун ҳозирда шахсий автомобил ёки такси шаҳар бўйлаб қулай ҳаракатланишнинг ягона йўлидир»,дея хулоса қилади Кашубин.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?