Ҳукуматнинг январдаги давлат тўнтаришига бўлган уринишлардан сўнг «Янги Қозоғистон» қурилажаги ҳақидаги баландпарвоз баёнотларига қарамай, «Эски Қозоғистон» нафақат таслим бўлмаяпти, балки ўз позициясини мустаҳкамламоқда ҳам. Биринчи президент Нурсултон Назарбоев қариндошларининг кўпчилиги дахлсизлигича қолмоқда ва улар бойлик орттиришда давом этишмоқда. Сўнгги ойларда унинг кенжа қизи Алияга нисбатан жиддий айбловлар янгради, аммо улар жиноят ишига айланмади. Тафсилотлар «Фарғона» материалида.
Босқинчиликка доир айблов
Яқинда Олмаота полицияси биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг қизи Алия Назарбоевага нисбатан бизнесни мусодара қилиш бўйича жиноий иш қўзғатишдан бош тортди. Айбловларни «ТПК Азия» компанияси ҳаммуассислари Нурлан Бимурзин ва Медгат Калиевлар илгари сурган. 2000-йиллар бошида улар еттита нефть базаси ва 96 та ёқилғи қуйиш шохобчасига эга бўлишган, тадбиркорларга кўра, таҳдидлар туфайли улар Назарбоевага деярли сув текинга ўтказилган.
«Ҳаммангиз Қозоғистонда Назарбоевлар оиласи қандай мавқега эга бўлганини жуда яхши биласиз, айниқса Алия Назарбоева, шунинг учун бугун биз адолат тантана қилиши кераклигига ишонамиз... Мен жуда хавотирдаман, лекин қачонгача қўрқиш мумкин, ҳамма нарса ошкора бўлмоғи, ҳақиқатни айтиш лозим – Қозоғистон халқи ҳақиқатни билиши керак», — деган Бимурзин матбуот анжуманида.
У «Курсив» нашрига компания активлари кейинчалик АЗС Sinoil тармоғининг бир қисмига айланганини таъкидлайди. Sinoil виждонли харидор ҳисобланаётгани ва активларини қайтариб бўлмаслигини англаган тадбиркорлар етказилган зарар – 20 йил давомида йўқотилган фойда учун товон ундирмоқчи бўлишди.
Улар ўз аризаларини Бош прокуратурага жўнатишган, у ердан аризалар Молиявий мониторинг агентлигига жўнатилган. Натижада, шикоят Олмаота полициясига юборилган ва у ерда тадбиркорларга фуқаролик судига мурожаат қилиш тавсия этилган.
Охирги ойларда Алия Назарбоева номи бир неча бор шу каби жараёнларда тилга олинди. Босқинчилик айбловларидан олдин унинг «сояси» РОП Оператори — хусусий компаниясининг шов-шувли ишида кузатилган эди, 2015 йили ҳукумат рақобатсиз мазкур компанияга қайта ишлаш учун тўловларни йиғиш, чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва қайта ишлашни мувофиқлаштириш ҳуқуқини берганди. Россиянинг РБК нашри манбаларга таяниб, Назарбоев кенжа қизини ушбу компаниянинг биринчи таъсисчиси деб атаган.
РОП операторининг иши қозоғистонликларнинг кўплаб шикоятларига сабаб бўлганди. 2022 йил «Қонли январидан» сўнг Президент Қосим-Жомарт Тўқаев мазкур компанияни утилизация йиғимларини йиғишдан маҳрум қилди. Кейинчалик унинг мол-мулки давлат мулкига ўтказилди, раҳбариятига нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
РОП оператори билан боғлиқ суд жараёни 2023 йил 3 июлда якунланди. Ушбу иш доирасида Қозоғистон Экология, геология ва табиий ресурслар вазирининг собиқ ўринбосари Ахметжан Примкулов, шунингдек, МЧЖнинг собиқ раҳбарлари Светлана Коротенко ва Медет Кумаргалиев 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Компаниянинг собиқ молия директори Рустам Темирбек икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, аммо амнистия туфайли унинг жазо муддати икки баробарга қисқартирилиб, бир йилни ташкил этди. Суд айбланувчиларни бировнинг мулкини ўзлаштириш ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айбдор деб топди.
Яна бир айбланувчи, РОП операторининг собиқ асосчиси Шнар Муктарова Бирлашган Араб Амирликларидан Қозоғистонга экстрадиция қилинди. У 920 миллион тенге (тахминан 2 миллион доллар) ўғирланишига шерикликда айбланган. Натижада у етти йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Суд жараёнини ёритган ulysmedia.kz нашри Муктарова компаниянинг «номига» асосчиси эканлигини ёзган. Судланувчилар уни биринчи президент кенжа қизининг уй бекаси экани ва компанияни аслида шахсан Алия Назарбоева бошқарганини айтишган. Нашр бу баёнотни тасдиқлай ёки рад эта олмаган.
Ўтган йил кузида Amanat ҳукмрон партиясидан бўлган Мажилис (Қозоғистон парламенти қуйи палатаси) депутати Ерлан Саиров РОП оператори ишида Алия Назарбоеванинг исми қайта-қайта тилга олинганига Бош прокуратура эътиборини қаратган эди. Бироқ, Алиянинг мазкур компаниядаги роли ноаниқлигича қолиб кетди.
«Агар биз Қозоғистонда адолатли жамият қурмоқчи бўлсак, бундай вазиятларда ҳар бир фуқаро судга мурожаат қилиши ва ўзининг айбсизлигини исботлаши керак», — деган Саиров.
Бош прокуратура депутат баёнотига анчагина қуруқ жавоб бериб, Алия Назарбоеванинг ушбу жиноий ишда жараён иштирокчиси сифатида иштирок этмагани ва сўроқ қилинмаганини таъкидлади.
Кенжа қиз
Алия Нурсултон Назарбоев уч қизининг энг кенжаси ҳисобланади. 1980 йил 3 февралда Олмаота шаҳрида туғилган. Турли вақтларда «Европа Плюс» радиоси директорининг ёрдамчиси, Қозоғистон президенти маъмурияти бош бўлими маслаҳатчиси, «Алматифарм» корпорацияси президенти, «Caspian Industries Ltd» МЧЖ бош директори, «Элитстрой» МЧЖ директорлар кенгаши раиси лавозимларида ишлаган.
У, шунингдек, Экологик ташкилотлар ассоциацияси президиуми раҳбари (2022 йилгача) ва «Жасыл ел» ёшлар меҳнат жамоалари кенгаши раиси бўлган.
2018 йили Алия Назарбоева отасидан «Анаға апарар жол» («Онага олиб борар йўл») тўлиқ метражли фильмини яратишдаги иштироки учун Қозоғистон Республикасининг адабиёт ва санъат соҳасидаги Давлат мукофотини олган. У ушбу фильмнинг продюсери сифатида ишлаган.
Алия Назарбоева Яшил технология ва инвестиция лойиҳалари халқаро марказидаги тақдимотда. aeok.kz сайти фотосурати
Шунингдек, биринчи президентнинг кенжа қизи «Куч ўрни» китобини ёзган, унинг тақдимоти 2021 йил 16 сентябрда Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган. Муаллифнинг ёзишича, бу ҳақда Forbes.kz одамлар ҳаётга бахтли бўлиш учун келган, деб ёзган.
«Ягона савол: бахт нима?» — нашр Назарбоева сўзларидан иқтибос келтиради. — Бу билим. Агар билим олсанг, методология оласан, у ерда ҳамма нарса аллақачон ёзилган. Сен фақат шу тамойилларга, ушбу қоидаларга амал қилишинг керак. Табиат қонунлари бекор қилинмаган. Агар сен уларни билмасанг ҳам, улар барибир ишлайди. Юракда табиат ва Худо билан уйғунликда яшашни — мен бахтнинг энг муҳим пойдевори, деб ҳисоблайман», — дея мушоҳада қилади муаллиф.
Алия Назарбоева, бадавлат оида фарзанди сифатида ўз ўрнини турли соҳаларда қидиришга уриниб кўрган. 2011 йили у Alsara (Алия ва унинг онаси Сара исмининг биринчи ҳарфларидан тузилган ном) заргарлик линиясини ишга туширади. Коллекциялар Италиянинг Damiani бренди билан биргаликда яратилган. Ўшанда Алияни яна бир шарқ маликаси – ўша пайтда ўзининг Guli заргарлик брендини илгари сураётган Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова билан солиштириш бошланганди.
2013 йили жиноий таъқиб бошланганидан сўнг, Гулнора Каримова ҳақиқатан ҳам бизнеси ва бойлигини йўқотди. Ҳозирда у жиноий гуруҳ ташкил этиш, товламачилик ва бошқа жиноятларда айбланиб, Тошкент вилоятидаги колонияда жазони ўтамоқда.
Алия Назарбоева, аксинча, яқин-яқингача катта жанжаллар марказида бўлмаганди. Бадавлат оила аъзоларининг яширин даромадларини ошкор этадиган, опаси Дариганинг Лондондаги Шерлок Холмс уйини сотиб олганини тагига етган ғарб журналистлари текширув ишларидан Алия четда қолганди. Аммо 2022 йил январь ойидаги қонли воқеалардан кейин нимадир ўзгарди.
Ҳашаматли сарой ва БААдан йўлланган мурожаат
2022 йил 8 январида, Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар бостирилаётган бир пайтда Британиянинг The Telegraph нашри Алия Назарбоева Қозоғистондан 300 миллион доллардан ортиқ маблағни олиб чиқиб кетгани ҳақида мақола чоп этди.
The Daily Mail таблоиди ушбу материални чоп этди. Алия Назарбоеванинг молиявий операциялари тафсилотлари унинг икки собиқ молия бошқарувчилари ишлари туфайли маълум бўлди. Қозоғистон собиқ президентининг қизи уларни фирибгарлик ва маблағларни ўзлаштирганликда айблаб, Британия судига берган. Алия улардан 165 миллион фунт стерлинг талаб қилган, бироқ даъво охир-оқибат томонлар ўртасидаги келишув асосида ҳал қилинган.
Суд ҳужжатларига кўра, Алия Назарбоева молия бошқарувчиларидан бирига 2006 йили маълум бир бизнесдаги улушларини сотиш орқали 325 миллион долларга яқин пул олганини айтган. Шундан 312 миллион доллар Қозоғистондан олиб чиқиб кетилган, чунки Назарбоева ўз ватанида маблағ сақлашни хавфли деб ҳисоблаган.
Кейинчалик, биринчи президентнинг қизи Буюк Британияда яшаш учун рухсатнома олиш ниятида Лондон чеккасидаги Хайгейтда 8,75 миллион фунт стерлингга уй сотиб олади. Шунингдек, у Дубайда 14 миллион долларга мулк ва 18 миллион фунт стерлингга Bombardier Challenger самолётини сотиб олган.
Мақолада харидлар айнан қачон амалга оширилгани ва Алия Назарбоеванинг қайси бизнесдаги улушлари сотилгани тафсилотлари келтирилмаган. Лекин, албатта, бу нашр 2022 йилнинг дастлабки кунларида Қозоғистонни қамраб олган собиқ президент оиласига нисбатан кучли норозиликларни янада оловлатган эди.
Айтиш лозим, тартибсизликлар бошланганидан сўнг Назарбоевлар оиласидан айнан Алия Назарбоева омма олдида ўзини намоён қилган биринчи шахс бўлди. Елбасынинг қолган қариндошлари икки ҳафтадан кўпроқ вақт давомида ҳеч қандай баёнот беришмади ва омма олдида чиқишмади.
13 январь куни Алия Назарбоева ўзининг Facebook ва Instagramдаги (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) аккаунтларида январь воқеаларида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдираркан отаси Нурсултон Назарбоевни қўллаб-қувватлаган одамларга миннатдорчилик исҳор қилган. Бироқ, ушбу чиқишдан бир неча соат ўтгач, у барча аккаунтларини ёпади. Бу ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан Алиянинг мурожаати Бирлашган Араб Амирликларидан янграганини аниқлаганидан кейин содир бўлганди.
Ҳозирда Алия Назарбоева қаерда экани номаълум. Ўтган йил кузида Бош прокурор ўринбосари Асет Чиндалиевга ушбу савол берилган эди, лекин у жавобни билмаслигини тан олди.
«Эски Қозоғистон қурбонлари»
Таъкидлаш жоиз, собиқ президент кенжа қизининг рейдерликда айбланаётганига доир ишлар ҳали тугамаган. 4 апрель куни Олмаотада тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар ва ижтимоий фаоллар «Эски Қозоғистон қурбонлари» номли жамоат бирлашмаси ташкил этилишини эълон қилди, деб хабар беради ORDA.kz.
Матбуот анжуманида юқорида тилга олинган Нурлан Бимурзиндан (Алия Назарбоевани бизнесни эгаллаб олганликда айблаган «ТПК Азия» ҳаммуассиси) ташқари Олмаотадаги Hilton меҳмонхонасига эгалик қилувчи «Абли Курылыс» МЧЖ вакиллари ҳам сўзга чиқишди. Уларга кўра, меҳмонхона биринчи президентнинг жияни Қайрат Сатибалди томонидан ноқонуний равишда ўзлаштирилган. Кейинчалик у бу мол-мулкни давлатга хайрия қилган, гарчи ўша пайтда қамоқда ўтирган бўлсада.
Матбуот анжумани иштирокчилари Нурсултон Назарбоев президентлик лавозимини тарк этганига қарамай, «Эски Қозоғистон» мустаҳкам илдиз отганини таъкидлайдилар. Шу муносабат билан улар Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга мурожаат тайёрлаб, биргаликда давлат раҳбаридан ёрдам сўраш учун у билан учрашувга ёзилиш ниятидалар.
Расмийлар томонидан эълон қилинган йўналишга қарамай, Назарбоевлар оиласи аъзолари «Эски Қозоғистон»нинг энг кўзга кўринган вакиллари сифатида ўзларини ишончли ҳис қилмоқдалар. Январь воқеалари пайтида мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланган биринчи президентнинг жияни Самат Абиш саккиз йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Қамоқда ўтирган Қайрат Сатибалди пул ювиш билан боғлиқ янги эпизоди бўйича суд билан келишув тузмоқчи.
Ҳуқуқ-тартибот идораларида Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға ва унинг турмуш ўртоғи Қайрат Шарипбоевга нисбатан ҳеч қандай эътирозлар йўқ.
Ниҳоят, Назарбоевнинг ўртанча қизи Динара ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Қулибаевлар Forbes World's Billionaires рейтингида янги чўққиларни забт этишмоқда. Ўтган ҳафта эълон қилинган рўйхатда улар 612-ўринни эгаллаган (ўтган йилги 636-ўринга нисбатан). Ҳозирда Қулибаевларнинг бойлиги 5 миллиард долларга баҳоланмоқда — бу икки киши учун бир йил аввалги кўрсатгичдан 1,4 миллиард долларга кўп, дегани.
-
22 Ноябрь22.11Хайрия ишларининг Остап БендериВолонтёр Перизат Қайратни қозоғистонликларнинг миллионлаб долларларини ўзлаштирганликда айблашмоқда
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
18 Ноябрь18.11ФотоТақвимга қарамасданТошкентда Янги йил арчаси ёқилди
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
01 Ноябрь01.11Феноменал РенессансТошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди
-
22 Октябрь22.10Ҳаводан олинган сув«Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди