Сўнгги йилларда ўзбек футболида хорижда футболчилик фаолиятини якунлаб, мураббийлик тажрибасини баҳам кўриш мақсадида юртдошларнинг Ўзбекистонга қайтаётганини кузатиш мумкин. Киевнинг «Динамо» клуби ҳужумчиси Максим Шацких «Пахтакор»да, «Ювентус»нинг собиқ футболчиси Илёс Зейтуллаев «Бунёдкор»да, Москванинг «Спартак» клуби афсонаси Андрей Пятницкий Самарқанднинг «Динамо» клуби ёшлар жамоасида фаолият юритмоқда. «Фарғона» мухбири мутахассис билан суҳбатлашди.
Андрей Пятницкий профессионал футболчи сифатида Тошкентнинг «Пахтакор» клубида шаклланган ва ЦСКАда икки йил «хизмат ўтаган». Бироқ, 1991 йили, СССР парчаланганидан сўнг, у Москванинг «Спартак» жамоасига кўчиб ўтади ва у билан кейинчалик миллий чемпионатда ғолиб бўлади, Чемпионлар лигасида ўйнайди ва қизил-оқ либосли ўйинчилар сафида Россия терма жамоаси билан Жаҳон чемпионатига йўл олади.
— «Пахтакор»дан «қизил-оқ»лар лагерига ўтишингизга таъсир ўтказган «Спартак» мураббийларидан бири Александр Тарханов Тошкентда келажагингиз йўқлигини айтганди. У ҳақ эдими?
— Мен футболчи учун ёш бўлмаган 24 ёшда эдим, мустақил фикрлаб, қарор қабул қила олардим. Тушундимки, бирор мамлакат бўлиниб кетганда, бу ҳатто Европада бўлсин, ҳар бир янги мустақил республикада, жумладан, Ўзбекистонда янги футбол тузилмасининг шаклланишига маълум вақт керак бўлади. Шу билан бирга, футболчининг фаолияти қисқа эканлигини англардим. Айнан шунинг учун ҳам футбол тузилмаси деярли тўлиқ сақланиб қолган Россияга боришга қарор қабул қилдим, бу эса у ёки бу тарзда спортга таъсир қилган сиёсий инқирозни тезда енгиб ўтишга умид берарди. Ва шундай бўлди ҳам.
- Афсусланмайсизми?
- Йўқ. Ҳаммаси жуда яхши бўлди. Мен ким бўлишим керак бўлган бўлса, шундай шахсга айландим. Кўриб турганимиздек, ўзбек футболи сўнгги йиллардагина тўлиқ маънода оёққа туролди – тизимлилик, жиддий натижалар пайдо бўлмоқда. Олимпия терма жамоаси ва ёшлар терма жамоаларининг муваффақиятини кўриб турибмиз. Осиёдаги биринчи жамоа фахрий ролларда.
— Москвага кўчиб ўтишингиз муаммосиз кечганмиди?
— Бироз қийналишимга тўғри келди. Ўша йили постсовет республикаларидан «Спартак»га келганлар сони ўндан ортиқ эди – украинадан Онопко, тожикистонлик Раҳимов, грузиялик Цхададзе ва бошқа йигитлар мен каби Россияга боришга қарор қилган бўлишса керак. Янги жойга мослашиш учун олти ойдан бир йилгача вақт керак бўлди.
— Ватанга тортармиди?
- Жуда. Мен ўз она юртимга, дўстларимга, ота-онамга қаттиқ боғланган инсонман. Романцев («Спартак»нинг 90-йиллардаги мураббийи – «Фарғона» изоҳи) менга илтифот кўрсатганди: ҳар бир ўйиндан сўнг бир кун ўрнига икки кун дам олардим. Шунинг учун мен ҳар ҳафта Тошкентга учиб борардим. Яхшиямки, чипталар унчалик қиммат эмасди.
— Ота-онангизни олиб кетмасликка қарор қилганмидингиз?
- Тахминан икки йил ўтгач, мен ота-онамни Россияга кўчиб ўтишга ундадим — мен билан, Москвага яқинроқ ёки Ижевскдаги қариндошларимникида яшаш учун. Аммо ота-онам рад жавобини беришди, қолган умрларини Ўзбекистонда ўтказишини айтишди.
— Бир вақтнинг ўзида тўртта жамоага ўйнагансиз. Қайси бири кўнгилга яқинроқ эди?
— Ҳақиқатан ҳам, тўртта жамоага эмас, бештасига. СССР ёшлар терма жамоасида бошлаганман, Иттифоқнинг олимпия терма жамоасида, МДҲ терма жамоасида, Ўзбекистон ва Россия термаларида ўйнаганман. Барча жамоалар хотира ва қалбимда муҳрланиб қолган.
— Нега охир-оқибат Ўзбекистон эмас, Россия?
— Ўзбекистон она юртим. Аммо Россияда 1994 йили жаҳон чемпионатига чиқиш умиди бор эди ва бу эса ҳар қандай футболчининг орзусидир. Шунинг учун мен кўп иккиланмай қарор қилдим. Якунда мен жаҳон чемпионатига боролдим.
— Футболчилик фаолиятингизни анча эрта якунлагансиз. Футболчидан мураббийликка ўтиш муаммосиз кечдими?
— Тўпиғимдаги жароҳат туфайли тўрт марта операцияни бошдан кечирганман, умримнинг энг қизғин палласида профессионал фаолиятимни якунладим. Мен ҳар куни уйғониб: «Наҳотки энди футбол ўйнай олмайман», деб ўйлардим. Бу шифокорларнинг ҳукми эди. Мен узоқ вақт бунга чидолмадим. Оёққа туришга ҳаракат қилдим. Майдонга қайтиш учун мустақил машқ қилардим, афсуски, оёғим юқори даражага кўтарилишга имкон бермаслигини англадим. Шундай экан, майдонда қўлимдан келган ҳамма нарсани кўрсата олмасдим. Ўтмишдаги хизматларим туфайли жамоадан жой олишни истамадим. Мухлисларни хафа қилишни хоҳламадим.
Фаол футболчи сифатида фаолиятимдан кейин ўзимни мураббий сифатида тасаввур қилардим. Бошқа вариантлар ҳатто кўрилмади. Аммо футболчилик фаолиятимни шу қадар эрта якунлашим керак эканидан трансга тушиб қолгандим. Уч йил давомида ҳеч нарса ҳақида ўйлай олмасдим. Аммо бир мунча вақт ўтгач, мен ҳаётимни давом эттиришим кераклигини англаб етдим. Мураббий бўлиш орзуимни эсладим. Футболда қолдим. Мураббийлар олий мактабини тамомлаганман ва ҳозир ҳам ўз касбимга содиқман.
— Фёдор Черенков академиясида ишлагансиз. Жамоадошингиз номидаги академияда ишлаганингизда қандай туйғуларни ҳис қилдингиз?
- Фақат битта футболчи халқ унвонига эга ва бу ҳам бўлса — Фёдор Черенков. Нафақат мен, балки миллионлаб мухлислар учун ҳам Федор ҳақиқий кумирдир. У номидаги академияда ишлаш мен учун шараф эди. Қолаверса, бу «Спартак» академияси эканини тушунардик. Айнан шу ерда мураббий бўлишим кераклигини англаб етдим. Фикрларимни бир жойга жамладим ва мураббийлик йўлида қандай қилиб олдинга боришни аниқ англадим. Мен нимага эришмоқчи эканимни тушундим. Ниҳоят Россиянинг энг яхши болалар мураббийи унвонига сазовор бўлдим.
— Ўша йиллари сизни Ўзбекистонга таклиф қилишмаганмиди?
— Мен Тошкентга мунтазам келиб турардим, лекин бу мавзу ҳатто кўтарилмаган. Мен учун Россияда муваффақият қозониш, жамоа билан еврокубокларда иштирок, халқаро миқёсда ўйнаш муҳим эди. Бироқ, ҳозирда бундай имкониятлар мавжуд эмас.
— 2023 йили Россия оммавий ахборот воситаларидан бири сизни ишсиз қолганингиз ва вариантларингиз йўқлигини ёзганди. Наҳотки, шундай номдор футбол мутахассиси кераксиз бўлиб қолган бўлса?
— Сўнгги тўрт йил давомида Туланинг «Арсенал» тизимида ишладим. Дастлаб у «Арсенал-2» да Подпаломига ёрдам бердим, у кўтарилиб кетганидан сўнг жамоани ўзим бошқардим. Ҳаммаси яхши эди, аммо «Арсенал» биринчи лигага тушиб кетди. Тула — қуроллар шаҳри. Сўнгги воқеалар сабаб молиялаштириш қисқартирилди ва маҳаллий мутахассисларга эътибор қаратилмади. Шунинг учун улар ташриф буюрувчиларни қайтаришарди. Шундай қилиб, дуч келган нарса билан тирикчилик қила бошладим. Мен «ошиғи олчи» шахслардан ишда ёрдам беришларини сўрашим мумкин эди, лекин бу принципларимга тўғри келмайди. Ўзим иш топишга ҳаракат қилдим, лекин омадим келавермади.
— Самарқанд «Динамо»си билан ишлаш варианти қандай пайдо бўлди?
— Айтганимдек, онам Тошкентда яшайди. Ҳозир унинг соғлиғи яхши эмас. Мен унга яқинроқ бўлишга қарор қилдим, боз устига ишсиз эдим. Шундай қилиб, она юртимда ишлаш ғояси пайдо бўлди. Клуб бош мураббийи, мен қирқ йилдан бери танийдиган Вадим Абрамовга қўнғироқ қилдим. Ишбилармонлик ва шу билан бирга дўстона руҳда суҳбат бўлиб ўтди. У бу ҳақда ўйлаб кўришини айтди. Қисқа вақтдан кейин ҳамма нарса ҳал бўлди. Самарқандда у билан жуфтликда ишлаш таклифини мамнуният билан қабул қилдим.
— Ўзбекистонда қанча вақт қоласиз?
- Мутлоқ қолишни режалаштирганман. Ниятлар жуда жиддий. Тақдир тақазоси билан ўз ватанимда мураббий эканман, олдимга максимал мақсадларни қўйишим керак. Мен бирор унвонга эришмоқчиман. Камига розимасман.
— Ўзбек футболига қўшилиб кетиш қийин кечмадими?
— Ўзбекистон чемпионатини юзаки кузатариб борардим. Ватанга қайтгач, ҳақиқатан ҳам қийинчиликларга дуч келдим. Рақиблар борасида деярли ҳеч қандай маълумот йўқлиги маълум бўлди. Россияда бу бироз осонроқ. Ҳеч бўлмаганда ёшлар жамоаларининг ўйинларини кўриш мумкин. Умид қиламанки, бу ерда ҳам вазият ўзгаради. Мени қутқарадиган нарса ишни биринчи галда ўзимдан бошладим. Мен таклиф қила оладиган нарсаларга асосланиб, ўз ресурсларимга таянаман. Футболчиларга айтаманки, ҳар қандай рақибни ўз ўйинимизга ўйнатишимиз керак.
— Умуман, иш қандай кетяпти?
— Аввалига жуда қийин бўлди, чунки ўтган йили «Динамо»да дубль йўқ эди, жамоа Про-лигада ўйнаган. Менга 10 январь куни келдим ва менга жамоани шакллантириш вазифаси қўйилди. Бир майдонда ихтиёримда 70 киши бор эди. Уларнинг аксарияти рус тилини билмайди, мен эса ўзбек тилини билмайман. Шундай қилиб, 30-35 кишидан иборат ўйинчилар гуруҳини танлашнинг ўзи бўлмади, улар билан олдинга бориш керак. Яъни, чемпионат бошланишига бир ойдан сал кўпроқ вақт қолган, уларга ўзимни кўрмоқчи бўлган нарсаларни етказишим керак эди.
— Тил билан боғлиқ муаммони қандай ҳал қилдингиз?
— Менинг ҳам рус, ҳам ўзбек тилини яхши биладиган ёрдамчим бор. Шундай қилиб, ҳеч қандай қийинчиликлар йўқ. Лекин бошқа томондан машғулотлар давомийлиги ошади, чунки ўйинчиларга қўлланмаларни етказиш учун вақт сарфлаш керак бўлади.
— Жамоангизда Россия чемпионатида иштирок эта оладиган футболчилар борми?
— «Динамо»нинг асосий таркибида РПЛдан ўтиб кетадиган футболчилар бор, лекин фақат гуруҳ бўлиб ва Вадим Карленович тарғиб қилган услуб доирасида. Тўғри, бир-иккита футболчи ўзича Россия клубларига қўшилиши мумкин эди. Мен исмларни айтишни хоҳламайман. Олти ёки етти нафар йигитларим Россия чемпионатининг Иккинчи лигасида (учинчи дивизион) бемалол ўйнаши мумкин. Агар жамоа мавжуд бўлса ва биз ишлашда давом этсак, бу футболчиларни кейинги босқичга олиб чиқишга ҳаракат қиламиз
— Молиялаштиришда муаммолар борми?
— Ўйинлар билан боғлиқ ҳамма нарса — логистика, таъминот — ҳали ҳам мукаммал тартибда. Бироқ, маошларни тўлашда кечикиш мавжуд. Кечикиш уч ой давом этяпти. Баъзида ўзимни футболчиларнинг ўрнига қўйиб кўраман: сабр қилиш мумкинлигини тушунаман, лекин бунчалик узоқ вақт эмас. Кўплаб захира ўйинчилари вилоят туманларида яшайдилар, баъзида улар шунчаки машғулотларга келишолмайди – чунки ота-оналари пул йўқлиги сабаб йўл кира беришолмайди. Шунинг учун, ўйинчиларнинг машғулотга келмагани учун жазолаб бўлмайди, бунга қўлинг бормайди. Самарқанд футболни севадиган ажойиб сайёҳлик шаҳри. Буларнинг барчасини кўриб, кўнглинг оғрийди.
— Россияда бундай ҳолатга дуч келмаганмисиз?
- Йўқ. Қолаверса, Ўзбекистонда шундай бўлади, деб ҳам эшитмаганман. Айтганимдек, мен мунтазам равишда Тошкентга келиб турардим, ҳамкасбларим билан суҳбатлашардим ва бундай ҳолатлар ҳақида эшитмаганман. Мен учун эндигина иш бошлаган одам сифатида бу бемаънилик. Менимча, Вадим Абрамов ҳам довдираб қолган. Умид қиламанки, ҳамма нарса тез орада ҳал бўлади ва биз олдинга интила бошлаймиз.
— Инфратузилма билан боғлиқ ишлар қандай кетмоқда?
— Умуман олганда, ҳар бир жамоада муайян муаммолар бўлади. Бироқ, нюанслар мавжуд — муаммолар кўлами ва бу муаммолар қандай ҳал қилиниши. Мисол учун, биз, захира ўйинчилари, сунъий қопламаларда машқ қилдик ва табиий сиртларда ўйнадик. Бу яхши эмас ва кўпинча хавфли. Маълум бўлишича, Самарқандда оддийгина сифатли табиий майдонларлар йўқ экан.
— «Динамо» стадионичи?
— Ўзбекистон футбол ассоциациясининг майсазорга қўядиган муайян талаблари бор. Айни ҳолда, суғориш учун. Шу сабабли, қопламани ўзгартириш ва суғориш тизимини ўрнатишга тўғри келди. Натижада дубль у ёқда турсин, асосий жамоа ҳам уй учрашувларини нейтрал майдонда ўтказмоқда. Машғулот майдонларидаги асосий муаммо шундаки, асосий жамоа ҳам, захира жамоа ҳам қийналмоқда.
- Дубль қаерда ўйнайди?
— Жиззахдаги базада. Шароитлар расво. Комиссия қандай қилиб бундай майдонда ўйнашга рухсат берганини тушунмаяпман. Бу майдонларни кўриб, ёшлик даврим ёдимга тушади.
-
22 Ноябрь22.11Хайрия ишларининг Остап БендериВолонтёр Перизат Қайратни қозоғистонликларнинг миллионлаб долларларини ўзлаштирганликда айблашмоқда
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
18 Ноябрь18.11ФотоТақвимга қарамасданТошкентда Янги йил арчаси ёқилди
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
01 Ноябрь01.11Феноменал РенессансТошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди
-
22 Октябрь22.10Ҳаводан олинган сув«Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди