Манзилига етолмаган олий раҳбар

Президент Раисий вафотидан сўнг Эрондаги сиёсий вазият қандай ўзгариши мумкинлиги ҳақида
ИБРОҲИМ РАИСИЙ. EKONOMIM.COM САЙТИ ФОТОСУРАТИ

19 май куни мамлакат президенти Иброҳим (Эброҳим) Раисий парвоз қилган вертолёт Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилояти тоғли ҳудудида қулаб тушди. Дастлаб ҳаво транспорти «қаттиқ қўнгани» хабар қилинди. Туман ва ноқулай об-ҳаво шароити қутқарувчиларнинг ишига тўсқинлик қилди, улар воқеа жойига фақат эртаси куни эрталаб етиб келишди. Шу билан бирга, вертолётда бўлган Ислом Республикаси мулозимларининг бирортаси ҳам тирик қолмагани маълум қилди. Янгиликлар тасмаларида Қизил Ярим Ой ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари қалин адёлга ўралган марҳумларнинг жасадларини юклаётгани тасвирлар жой олди. Маълумки, Раисий 23 май куни Машҳадда дафн этилади. Шу муносабат билан Эрон ҳукумати мамлакатда беш кунлик мотам эълон қилди. Олий раҳбар вафоти давлат сиёсатига қанчалик таъсир қилиши ва консерватор президентсиз Ислом Республикаси ўз йўналишини ўзгартира оладими ёки йўқми, «Фарғона» ушбу масалаларни ўрганиб чиқишга уринди.

«Учар тобут»

Президент вертолёти радарлардан ғойиб бўлганидан сўнг, Раисий ва унинг ҳамроҳлари билан боғлиқ вазият хавотирли деб аталди. Шунга қарамай, парвоз тоғлар устида амалга оширилар ва машинани қояларга юмшоқ ва бехатар қўндириш мўъжизани талаб қиларди. Бироқ, мўъжиза содир бўлмади. Фавқулодда ҳодиса жойини ўрганган экспертларнинг аниқлик киритишича, вертолёт деярли тўлиқ ёниб кетган, йўловчилар ва экипажнинг омон қолиши имконсиз бўлган.

Исломий республика раҳбари билан бирга Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, президент қўриқчиси бошлиғи, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) генерали Меҳди Мусавий ва Шарқий Озарбайжон губернатори Малек Раҳматий ҳалок бўлган.

Авиаҳалокатда қурбон бўлган Раисий ва бошқалар суратлари. РИА «Новости» Telegram-канали фотосурати

Фалокат куни жуда ноқулай об-ҳаво шароити кузатилганига қарамай, фитна назарияларини севувчилар президент транспорти ҳалокатининг бир нечта версияларини тақдим этишга шошилишди. Бироқ, асосий тахмин бу бахтсиз ҳодиса бўлганлигича қолмоқда. Бундан ташқари, ОАВ ёзишича, Раисий чегарадош мамлакатларга, масалан, Озарбайжонга боришни маъқул кўрган, у ерда ўлимидан олдин қўшни давлат раҳбари Илҳом Алиев билан айнан вертолётда учрашган. Эронлик сиёсатчи армия бир пайтлар Вьетнам урушида ишлатган Американинг Bell 212 русумли вертолётидан фойдаланган. Сўз ўрнида, АҚШ аскарларининг ўзлари уларни «учар тобутлар» деб аташади. Вертолётнинг энг яхши маневр қилолмаслиги, момақалдироқ, туман, деярли нол кўриниш – буларнинг барчаси натижада қаттиқ қўнишга ва ёнғин содир бўлишига олиб келган.

Иккинчи версияга кўра, вертолётнинг қулашига «ёрдам берилган» ва буни Раисийнинг мамлакат ичидаги рақиблари амалга оширган. Чунки Эронда марҳум сиёсатчи АҚШ ва Исроил каби давлат душманларига нисбатан заифлик кўрсатди, деб ҳисоблайдиганлар бор. Яна бир лагер ҳам борки, унинг вакиллари президентнинг «винтларни ўта қотириб ташалагани», жумладан, ҳижоб кийиш мажбурийлигига қарши норозилик намойишларини қаттиқ бостиргани ёки суд тизимида ўлим жазолари сони ортиб бораётгани учун ёқтиришмаган.

Конспирологлар республикада ҳукумат бошлиғини ва у билан бирга сиёсий курсни ўзгартиришни орзу қилаётганлар етарлича эканига ишонч билдирадилар. Теракт версиясини илгари сураётганлар гўёки инкор этиб бўлмайдиган далилни келтирадилар: кортежда учта бир хил вертолёт бўлган ва улардан иккитаси бир хил шароитда қандайдир тарзда ўз манзилига эсон-омон етиб боролган.

«Исроил изи»ни кўрувчилар ҳам бор. Эсдан чиқармайлик, айнан Раисий даврида Эрон илк бор ўз ҳудудидан яҳудий давлатига оммавий ҳужум уюштирди. Ҳужум муваффақиятли қайтарилган бўлса-да, «кек» қолганди. Шунинг учун Исроил разведкаси кўл қовуштириб ўтирмаган. Бу версия тасдиқланмаган, бироқ Ислом Республикасидаги ОАВ хабарларига кўра, унинг аксарият аҳолиси Раисий ўлимида Моссаднинг қўли борлигига ишонади.

«Теҳрон қассоби»

Раисий вафоти ҳали расман тасдиқланмагач, Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий аҳолини президент ҳаёти учун дуо қилишга чақирди. Теҳрондаги майдонга Раисийнинг юзлаб тарафдорлари ҳамон сиёсатчининг мўъжиза юз бериб нажот топишига умид қилишарди. Бу кўплаб ватандошлар, айниқса, қатъий диний тамойиллар тарафдорлари томонидан қўллаб-қувватланаётган республика раҳбарининг обрў-эътиборидан далолат берарди. Бироқ, барча эронликлар Раисий учун кўз ёши тўкади, деб бўлмайди, зеро амалдорнинг карьераси мунозарали бўлган, у тез-тез шафқатсиз қарорлар қабул қилишга мажбур бўлган.

Хўш, Иброҳим Раисий қандай инсон бўлган? Келинг, қадимги доно нақлга амал қилайлик: ўликлар борасида яхши нарсаларни ёки фақат ҳақиқатни гапириш мумкин.

Раисий 1960 йили руҳоний оиласида туғилган. 19 ёшли йигит Ислом инқилобида, жумладан, шиа қонунчилигини мамлакатга қайтаришни ўз ичига олган «маданий» қанотида фаол иштирок этади.

1981 йили кечаги ўсмир ўзининг биринчи муҳим қадамини босади — Караж шаҳри прокурори лавозимига эришади. Кейин Раисий танлаган мартаба зинапоясидан муваффақиятли кўтарилиб, Теҳрон прокурори ўринбосари лавозимига етади. 1988 йили давлат хизматчиси «ажал қўмитаси» деб номланган — сиёсий маҳбусларни жазолаш тўғрисида қарор қабул қилувчи экспертлар гуруҳига қўшилади. Тузилма фаолияти оммавий қатллар ижро этилишига олиб келди — турли ҳисоб-китобларга кўра, ҳукумат уч мингдан бир неча ўн минггача ноқулай одамларни дорга осган.

Ўшандан бери Раисийга «Теҳрон қассоби» деган даҳшатли лақаб бирикканди.

Прокурорнинг амбициялари кучайиб, 2017 йили президент бўлишга ҳаракат қилади, бироқ сайловда Ҳасан Руҳонийга ютқазади. Бундан бир неча йил ўтгач, «қассоб» «вояга етмаганларнинг қатл этилишини назорат қилгани» ва «қийноқлар, жумладан, ампутациялар қўллагани» учун АҚШ санкцияларига дучор бўлади. Бу факт Раисий сиёсий карерасига таъсир қилмайди ва 2021 йили Оятуллоҳ Хоманаий кўмагида сайловларда 60% дан ортиқ овоз билан ғалаба қозонади. Дастур етакчининг халққа қашшоқлик ва коррупцияга қарши курашишига, шунингдек, Ислом Республикасига қарши Ғарбнинг иқтисодий санкцияларини бекор қилишга ваъда берганига асосланган эди.

Бироқ, АҚШ ва Европа билан муносабатлар янада кескинлашади. Мамлакатда, Раисий даврида университетларнинг исломлашуви, Ғарб қадриятлари ва маданиятининг цензураси ва гендер тенгсизлиги кучайган. Ҳатто «нотўғри» ҳижобга ўранганлик учун ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган Маҳса Амини ўлимидан кейин республикани қамраб олган норозилик намойишлари ҳам ҳукуматнинг вақтинча ён беришига олиб келади. Вазият нормал ҳолатга қайтгач, президент ва ҳукумат айниқса аёлларнинг диний урф-одатларга риоя қилишини яна қаттиқлаштиради.

«Сиёсий бўшлиқ»

Раисий вафотидан сўнг, мантиқан бўш стулда ким ўтираркин, деган савол туғилади. Эрон Конституциясига кўра, бу лавозимни автоматик равишда биринчи вице-президент Муҳаммад Мохбер вақтинча эгаллашидан бошлайлик. Бу сиёсатчи марҳум давлат раҳбари сайловларда ғалаба қозонган пайтдан бошлаб унинг «ўнг қўли» бўлган ва Раисийнинг содиқ ёрдамчиси ва ижрочи менежери саналади. Мохбер банк соҳасида муваффақиятли ишлаган, кейин ўзи туғилган Хузистон вилоятининг губернатори бўлган, давлат маблағларини бошқарган, уларни турли фондлар ўртасида тақсимлаган, шу жумладан пандемия даврида. Бугун у мамлакатдаги барча ижтимоий масалаларни назорат қилади. Қизиғи шундаки, 2010 йили мулозим Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган, бироқ бир-икки йил ўтиб у ердан чиқариб ташланган.

Қонунга кўра, Мохбер 50 кун давомида президент бўлиб қолади, шундан сўнг расмийлар мамлакат раҳбари учун муддатидан олдин сайловлар ташкил этишга мажбур.

Муҳаммад Мохбер. interfax.ru сайти фотосурати

Турган гап, амалдаги шахс номзод бўлади ва эҳтимол ғалаба ҳам қозонади, бордию Оятуллоҳ Хоманаий томонидан қўллаб-қувватланса. Бироқ, экспертлар башорат қилганидек, Раисий вафотидан кейин Эрон «сиёсий вакуум»га тушиб қолади. Бу баъзи даъвогарларга олға интилиш ва аҳолининг овозини ўз томонига тортиш учун имконият яратади. Масалан, республика парламенти спикери Муҳаммад-Бағир Ғолибаф номи тилга олинади, у уч марта сайловда қатнашган, аммо рақибларига ютқазган. Бироқ, энди тажриба ва алоқалар унинг фойдасига ўйнаши мумкин, хусусан, сиёсатчи Эрон-Ироқ уруши пайтида ИИҚК бўлинмаларига қўмондонлик қилган. Ягона муаммо шундаки, Ғолибаф муккасидан кетган исломчи эмас ва «идеологдан кўра кўпроқ технократ» саналади. Бу олий раҳбарга ёқармикан?

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Эронда президент давлатнинг иккинчи одами ҳисобланади ва уни ҳокимиятнинг ижро органи деб аташ мумкин. У бюджетни назорат қилади, давлат режаларини тасдиқлайди, халқаро шартномаларни имзолайди, лекин ҳатто Вазирлар Маҳкамаси ҳам унга эмас, парламент ва олий раҳбарга ҳисобот беради.

Кўпчилик сиёсатшунослар Раисий ўлимини мамлакатдаги барқарорликка жиддий таҳдид деб ҳисоблайди, чунки у Эрон олий раҳбари лавозимига асосий даъвогар эди.

Али Хоманаий ҳозир 86 ёшда ва унинг бир умрлик лавозимига ворис ким бўлиши ҳақида гаплар кучаймоқда. Марҳум президентда энг юқори поғонага кўтарилиш учун барча имкониятлар бор эди: Хоманаий ва Раисий юртдош, иккаласи ҳам Машҳадда туғилган, иккаласи ҳам диний маълумотга эга ва уларнинг кўп масалалар, хусусан, ташқи сиёсатга оид гаплари жуда ўхшаш.

Аммо ҳалокатли вертолёт парвози карталарни чалкаштириб юборди.

Энди, Оятуллоҳнинг том маънода асосий ворисиўғли Можтаба Хоманаий бўлиб қолмоқда.

Баъзи таҳлилчилар у президентлик лавозимини эгаллаши ва отаси вафотидан кейин олий раҳбар лавозимига ўтиши мумкинлигини тахмин қилишади. Бироқ, ҳукуматни бир оила эгаллаб олиши рақибларни ҳам, аҳолини ҳам ғазаблантириши мумкин. Айниқса, Маҳса Амини норозилик намойишларида кўзга ташлангани каби, Эронда демократик қадриятларни ҳимоя қилувчи одамлар фаоллашаётган бир пайтда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ