Қозоғистонда Biz Birgemiz Qazaqstan хайрия фонди атрофида коррупциявий можаро авж олмоқда — 4 ноябрь куни Остонада ушбу ташкилот раҳбари ва унинг «юзи» ҳисобланмиш Перизат Қайрат ушланди, сўнгра ҳибсга олинди. У сув тошқинидан жабр кўрган қозоғистонликлар ва Фаластин аҳолиси учун йиғилган 1,7 миллиард тенге (3,4 миллион доллар)ни ўғирлаганликда гумон қилинмоқда. Терговчиларнинг фикрича, хайр-эҳсонларнинг катта қисми Перизатнинг дабдабали ҳаётига сарфланган. Тафсилотлар «Фарғона» материалида.
Биринчи эпизод
Бу йил баҳорда Қозоғистонда бир неча ўн йилликлардан бери кузатилмаган энг кучли сув тошқинлари юз берди. Бир қанча вилоятлар — Ғарбий Қозоғистон, Ақтўбе, Қўстанай, Абай, Оқмўла ва Улитау сув остида қолди. Минглаб маҳаллий аҳоли вақтинчалик яшаш жойларига эвакуация қилинди; ҳукумат сув тошқини оқибатларини деярли ёз охиригача бартараф этди. Biz Birgemiz Qazaqstan фонди жабрланганлар учун кенг кўламли маблағ йиғиш кампаниясини уюштирди. Унга Қозоғистоннинг йирик молия институтлари – Astana Hub технопарки ва Kaspi.kz технологик компанияси қўшилди. Kaspi.kz мобил иловасининг «Хайрия» бўлими орқали Перизат Қайрат ҳибсга олинмагунча, исталган киши унинг фондига маблағ ўтказиши мумкин эди. Машҳур блогерлар ҳам пул жўнатишган: Асел Садвакасова, Нурсултон ва Ажара Магзумовлар, Арман Юсупов, Карина Оқсукпаева, Мадина Мамадалиева (Мадлен), Наталья Синяк, Молдир Есембек (Say mo) ва бошқалар Biz Birgemiz Qazaqstan фондига хайрия қилишга чақиришган.
Фонд раҳбари Перизат Қайратнинг шахсан ўзи жабрланган ҳудудларга гуманитар ёрдам етказган. Сув тошқини авжига чиққанда, у ижтимоий тармоқларда амалдорларни ҳаракатсизлиги учун танқид қилган, шунингдек, давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаевни барча хорижий сафарларини бекор қилишга ва фавқулодда ҳодиса жойига шахсан ўзи етиб боришга чақирган. Кейинчалик бу хабарлар ўчириб ташланган.
Умуман олганда, у уюштирган кампания шу қадар кенг кўлам ёзганки, фонд 2 миллиард тенге (4 миллион доллар) йиққан.
Тергов маълумотларига кўра, Перизат бу хайрияларнинг асосий қисмини ҳашаматли буюмлар ва кўчмас мулк сотиб олишга сарфлаган. Масалан, жорий йил баҳорида у 88 миллион тенгега (178 минг доллар) Mercedes-Benz S450, 80 миллион тенгега (162 минг доллар) Lexus LX-600 ва 39 миллион тенгега (79 минг доллар) Haval автомобилларини сотиб олган. Худди шу даврда у Остона шаҳридаги Akbulak Riviera, Highvill Ishim Gold, Көк Жайлау турар-жой мажмуаларида (автотураргоҳлари билан қўшиб), шунингдек, Vela Village коттеж шаҳарчасида 600 миллион тенгега (1,2 миллион доллар) ҳашаматли кўчмас мулкларни сотиб олган.
Агентлик маълумотларига кўра, саҳоватли фуқаролар хайр-эҳсонлари эвазига Перизат Қайрат бир неча бор Дубай, Доҳа, Лондон ва Истанбулга таътилга бориб, у ерларда беш юлдузли меҳмонхоналарда яшаган. Ушбу мамлакатларда у Cartier ва Louis Vuitton брендларига мансуб қимматбаҳо заргарлик буюмлари ва аксессуарларини сотиб олган, муҳташам ресторанларига ташриф буюрган ва яхтада денгизда саёҳат қилган.
«Жиноий схемани амалга ошириш учун у яқин дўстлари ва қариндошларини жалб қилган, улар фонд пулларини 8 фоиз мукофот эвазига нақд пулга алмаштиришган»- дея таъкидлайди терговчилар бу одамларнинг кимлиги ёки уларга қандайдир жазо тайинланишини аниқлик киритмаган ҳолда. ORDA.kz манбасига кўра, иш табиий офат пайтида ушбу фонд орқали пулларни нақдлаштирган ишбилармонларнинг маълум бир рўйхатини ўз ичига олади.
«Агар сув тошқини бўлмаганида, улар буни ўйлаб топишган бўларди. Бунинг учун фақат сабаб керак эди. Аслида ҳеч ким қозоғистонликларга ёрдам бермоқчи бўлмаган. Маблағнинг айрим қисми жабрланганларга ёрдам сифатида юборилган бўлиши мумкин, аммо бундан бошқа ҳеч нарса қилинмаган», — дейди манба. Балки Перизат Қайрат жамғарма фаолиятини текширишда асосий шахс эмасдир, дея тахмин қилади нашр бу борада.
Иккинчи эпизод
Ҳибсга олингандан сўнг, волонтёрга янги айбловлар қўйилган. Молиявий мониторинг агентлигига кўра, у Фаластин халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун йиғилган маблағларни ҳам ўғирлаган. Маблағ йиғиш 2023 йил ноябрь ойида ташкил этилган. Декабрь ойида бу пулга Перизат Қайрат элита Sensata Plaza мажмуасида 49 миллион тенгега (98 минг доллар) уч хонали квартира ва 30 миллион тенгега (60 минг доллар) янги Mercedes-Benz EQE 500 4 Matic автомобилини сотиб олган. Маблағнинг бир қисми БААдаги Rolex, Prada ва Fendi бренд бутикларидан заргарлик буюмлари, соатлар ва кийим-кечакларни сотиб олишга сарфланган, дея хабар беради агентлик.
Biz Birgemiz Qazaqstan сайтида қайд этилишича, фонд Фаластин аҳолисига 300 миллион тенге (600 минг доллардан сал кўпроқ) эвазига ёрдам кўрсатган. Сув тошқинлари пайтида бўлгани каби, Перизат Қайрат офат зонасига ташриф буюрган ва ижтимоий тармоқларда гуманитар ёрдам олиб бораётган юк машиналари фотосуратларини фаол равишда эълон қилиб борган. Март ойида унинг жамғармаси томонидан Ғазо секторига жўнатилган нонларнинг Storiesи пайдо бўлади. Аммо кейинроқ маълум бўлишича, булар россиялик фаол Марго Гусейнова ва унинг қозоғистонлик синглиси Раънонинг суратлари бўлган.
«Ҳа, бу ҳақиқат. Перизат лойиҳамиз маълумотларини матн билан ёпган ҳолда ҳисоботимиздан фойдаланган», — деб ёзади Ҳусейнова бу борада. — Кимдир унинг хатти-ҳаракатларини фош қилгандан кейин у мен билан шахсан боғланди. Перизат ўзини оқлаб, тушунтирмоқчи бўлди, аммо мен бунинг фойдаси йўқлигини тушунтирдим. Агар у лойиҳаларимизни «Биз эрталаб махсус самолётда эсон-омон учиб кетдик» деган матн билан устидан ёпмаганида, унинг самимийлигига ишонишим мумкин эди. Мен унга шунчаки савол бердим: «Фаластинликлар еб битирган бизнинг нонлар қаерга кетди?» Ва мен ундан бизнинг Ғазодан қилган ҳисоботимизни олиб ташлашни сўрадим. У ўзини оқламоқчи бўлди, лекин охир-оқибат у ҳамма нарсани ўчириб ташлади. Бу муборак ойда бўлганлиги сабабли, уни Аллоҳ таоло розилиги учун кечириб, унинг ишини Парвардигор ҳукмига қолдирдим».
Бажарилмаган ваъдалар
Мамлакат медиасида энг кўзга кўринган кўнгиллиларидан бирининг тақдирида яна эпизодлар бўлиши мумкин. Молиявий мониторинг агентлиги Перизат Қайратнинг фирибгарлик фаолиятидан жабрланганлардан +7 (7172) 70-33-89 (21384 кенгайтмаси) телефон рақамига мурожаат қилишни сўрайди.
2022 йил кузида Instagramда (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) Остона шаҳрида яшовчи аёлнинг чақалоғи билан таксида кира қилиб юрганига оид видео пайдо бўлди. Саҳоватпеша қозоғистонликлар унинг учун деярли 2 миллион тенге (4 минг доллар) йиғишган. Ўшанда Перизат Қайрат Асел (бу қизнинг исми) билан боғланган. У қизнинг уйига ташриф буюриб, унга сертификат тақдим қилиб, квартира совға қилишга ваъда берган, деб хабар беради Tengrinews.kz нашри.
Перизат Қайрат квартира сертификатини топширмоқда. Tengrinews.kz сайти фотосурати
Аммо орадан икки йил ўтиб Асел ҳалигача уй-жойини ололмаган. У болалари билан Остона жануби-шарқидаги ётоқхонада яшашда давом этмоқда. «Мен у ерга етиб борганимда, у ерда уй йўқ эди, шунчаки ўраб олинган ҳудуд экании маълум бўлди», деди у нашрга. — Перизат Қайрат ҳамма нарсани ҳал қилиб беришини ваъда қилиб, хавотир олмасимни сўраганди. Орадан бир йил ўтди. У мендан яна бир оз кутишимни сўради».
Телебошловчи Динара Сатжан терговчиларни қизиқтириши мумкин бўлган яна бир ҳолат ҳақида ёзади.
«Уч йил аввал Перизат Қайрат мендан Остонада хайрия кечаси ўтказишимни илтимос қилганди. Бундан ташқари, у менинг салонимдан битта расмни аукционга қўйишни ва Баян ва Аидани таклиф қилишни сўради (продюсер Баян Алагузова ва дизайнер Аида Кауменова – таҳр.изоҳи). Кечанинг асосий мақсади пойтахтда алоҳида болалар учун реабилитация маркази қурилиши учун маблағ йиғиш эди. Албатта рози бўлдик. Ҳатто «Нур Атан» (ҳозирги AMANAT партияси) вакиллари ҳам бор эди. Шу боис кўпчилик «Біз біргеміз» фонди партия билан боғланган деб янглишди. Кейинчалик шаҳарда йўлларимиз кесишганида, мен марказ қурилиши ҳақида сўрадим, лекин Перизат шундай жавоб берди: «Ҳа, биз муаммони ҳал қиляпмиз», деб ёзади Динара Сатжан.
Biz Birgemiz Qazaqstan фонди сайтида Остонада реабилитация маркази қурилиши ҳақида маълумот топишнинг иложи бўлмади. Бироқ 2021 йил ноябрь ойида ўтказилган Biz Birgemiz хайрия кечаси ҳақида сўз бор, бу кечада 48 миллион тенге (96 минг доллар) йиғилган.
Фонд веб-сайтида унинг иши ҳақида деярли ҳеч қандай маълумот йўқ, ҳисоботлар йўқ ва веб-ресурснинг ўзи Freepik веб-сайтидаги сток фотосуратлари билан безатилган. Бу ҳам Перизат Қайратга катта маблағларни йиғиш ва бошқаришга тўсқинлик қилмаган. Мана нима учунлиги.
Қўллар чаққонлиги, фирибгарликка ўрин йўқ
Қозоғистонда Biz Birgemiz ибораси бир неча йилдан бери қулоққа чалинади. Бу Halyk Bank томонидан яратилган машҳур хайрия краудфандинг платформасининг номи. Biz Birgemiz шиори остида мамлакат коронавирус пандемиясидан омон қолди. Biz Birgemiz шиори фуқароларни кўнгилли ишларга жалб қилиш учун фойдаланилди. Ниҳоят, Қозоғистонда шу ном остида бир қанча хайрия жамғармалари рўйхатга олинган. Улардан бири – COVID-19 га қарши курашаётган аҳолининг муҳтож, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ва тиббиёт ходимларига ёрдам бериш учун – 2020 йили биринчи Президент Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан ташкил этилган. Унда ҳукмрон Nur Otan (ҳозирги AMANAT) партияси раисининг биринчи ўринбосари Бауиржан Байбек раислигида Васийлик кенгаши мавжуд бўлиб, олинган маблағлар тақсимоти ҳақида мунтазам ҳисобот бериб борган.
Перизат Қайрат раҳбарлик қилаётган Biz Birgemiz Qazaqstan фонди сайтининг «ОАВ биз ҳақимизда нима ёзмоқда?» бўлимида деярли унинг номи – Елбаси ташаббуси билан ташкил этилган Biz Birgemiz жамғармаси фаолиятига бағишланган бир қанча мақолалар мавжуд. Бу гўёки битта ташкилот, деган туйғу пайдо бўлади, лекин аслида бундай эмас.
Худди шу веб-сайтда Biz Birgemiz Qazaqstan фонди 2021 йил 3 июнда умуммиллий кўнгиллилар (волонтёрлар) ҳаракати сифатида ташкил этилгани ҳақида қисқача маълумот берилган. Аммо унинг очиқ манбаларда чоп этилган ҳуқуқий маълумотлари қизиқроқ. Гап шундаки, Биз Biz Birgemiz Qazaqstan жамғарма сифатида эмас, балки жамоат бирлашмаси сифатида рўйхатдан ўтган.
Қозоғистон қонунчилигига кўра, фонд васийлик кенгашига эга бўлиши, молиявий фаолиятини текширишдан ўтказиши ва ҳар йили ҳисобот эълон қилиши шарт. Бу талабларнинг барчаси жамоат бирлашмаларига тааллуқли эмас.
Biz Birgemiz Qazaqstan асосчилари сифатида Перизат Қайратдан ташқари яна тўққиз киши қайд этилган. Ratel.kz сайти эътиборни уларнинг уч нафари — Арсланбек Мағзум, Айгерим Серикжонова ва Аян Ҳофиз ҳукмрон AMANAT партиясининг «Жастар Рухы» ёшлар қаноти фаолияти билан боғлиқлигига қаратган. Яна бир таъсисчи Сергей Матюшенко партиянинг пойтахтдаги туман бўлимига раҳбарлик қилади.
Шу билан бирга, AMANAT дарҳол фонд билан ҳар қандай алоқаси борлигини инкор этди. «Аниқлик киритишни лозим, деб ҳисоблаймизки, партия Biz Birgemiz фондининг муасиси эмас ва унинг фаолиятига ҳеч қандай алоқаси йўқ», — деб ёзади унинг матбуот хизмати.
Депутат Елнур Бейсенбаев парламентнинг қуйи палатаси мажлисида журналистларга Перизат Қайрат AMANATнинг айрим аъзолари билан таниш экани, лекин партиянинг ўзига алоқаси йўқлигини тасдиқлайди. «Оммавий ахборот воситаларида бу шахслар (фонд таъсисчилари – таҳр.изоҳи) партияга алоқадорлиги ҳақида маълумотлар пайдо бўлганини биламан. Ҳа, бу одамлар AMANAT аъзолари, жумладан Арстанбек Магзумов ва Сергей Матюшенко. Аммо 2021 йили улар фаоллар, кўнгиллилар бўлган. Уларда кўнгиллилик фаолияти ривожланадиган жамият яратиш ғояси бўлган», — дейди Бейсенбаев ва фонднинг молиявий фирибгарлиги учун партия жавобгар бўлмаслиги кераклигини таъкидлайди.
Перизат Қайрат ижтимоий тармоғидан скриншот
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам Перизат Қайрат билан алоқадорлигини инкор этган, гарчи ижтимоий тармоқлардаги фотосуратларга қараганда, инсонпарварлик ёрдами сув тошқини зоналарига ушбу вазирлик самолётлари орқали етказилган. «Ўша дамда буни ким чин дилдан, ким қандай қилиб қилаётганини тушунмагандик. Бизнинг вазифамиз жабрланган ҳудудларга у ёки бу гуманитар ёрдамни етказиб беришдан иборат эди. Тафсилотларга чуқурламасдан ишларни амалга оширдик. Бир уни қаергадир киритганимизни эслолмайман. Аммо ҳақиқат шуки, инсонпарварлик ёрдами ўз вақтида етказилди», — дейди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Чингиз Аринов.
***
Перизат Қайрат Қозоғистонда 2015 йилдан бери амалда бўлган хайрия тўғрисидаги қонунни «такомиллаштириш»га қаратилган тузатишлар бўйича қизғин муҳокамалар чоғида ҳибсга олинди. Ўзгартиришлар муаллифлари хайрия ташкилотларини давлат аккредитациясидан ўтказиш ва йиғилган маблағларни мақсадсиз ишлатганлик учун жарима солишни таклиф қилишмоқда. Аммо энг қизғин мунозараларга сабаб бўлган таклиф жисмоний шахсларга маблағлар йиғишни эълон қилишни тақиқлашдир. Ўзгартиришлар ташаббускорлари фирибгарларга қарши шу йўл билан курашмоқчилар. Улар Перизат Қайрат мисолида тўғри назорат бўлмаган тақдирда бир киши бутун бошли хайрия институтига соя солиши мумкинлигини кўрсатишмоқчи. Бу эса анча муҳим саволларни четга суриб қўяди: ҳуқуқ-тартибот идоралари қандай қилиб узоқ вақт давомида биров яширмоқчи ҳам бўлмаган миллионлаб долларларнинг «кўз ўнгида» ўғирланганини пайқамай қолишган, нега Перизат Қайратга бунчалик ҳашаматли кўчмас мулклар керак бўлган ва нега у ўзининг жазосиз қолишига шунчалар ишонган?
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
18 Ноябрь18.11ФотоТақвимга қарамасданТошкентда Янги йил арчаси ёқилди
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
01 Ноябрь01.11Феноменал РенессансТошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди
-
22 Октябрь22.10Ҳаводан олинган сув«Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди
-
22 Октябрь22.10Сургундаги воизТаъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?