Солиқлар шунақаки — тобингни қочиради

Human House бренди эгаси бизнесини йўқотиш арафасида Ўзбекистон ҳуккматига ёрдам сўраб мурожаат қилди
Лола Сайфи. Баҳром Хотамов фотосурати

Ўтган ҳафта Ташкентдаги Human House галереяси эгаси Лола Сайфининг Facebookда (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) эълон қилинган мамлакат ҳукуматига очиқ мурожаати Ўзбекистон тадбиркорлар ҳамжамиятини ҳаяжонга солди. Савдо майдончаси директори республикада иқтисодиётнинг креатив тармоқларини қўллаб-қувватлашга оид қонун қабул қилинганига қарамай, солиқлар жиддий тарзда оширилгани сабабли ўз бизнесини ёпишга мажбур бўлишини айтган. Нега Ўзбекистондан ташқарида ҳам машҳур бўлган бренд йўқолиб кетиш хавфи остида қолди – «Фарғона» бу масалани ўрганиб чиқди.

Ноиложлик мактуби

Сайфи ўз мурожаатини нафақат ҳукумат идораларига, балки мамлакат президенти ёрдамчиси ва Шавкат Мирзиёевнинг қизи Саида Мирзиёевага йўллаган. Чунки айнан шу мулозима Human House раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда креатив индустрияни ривожлантиришда фаол иштирок этади.

Сайфи ёзишича, 2024 йили унинг компанияси айланмаси 1 миллиард сўмдан (тахминан 77 минг доллар) ошган. Таъкидланишича, бу маблағлар даромад эмас, балки республиканинг барча ҳудудларидан келган 250 дан ортиқ кичик ҳунарманд ва усталарнинг пулларидир. Ва агар илгари корхона товар айланмасининг 4 фоизи миқдорида солиқ тўлаган бўлса, энди даромад ўсиши туфайли галерея қонун бўйича бошқа тизимга ўтиши керак, бунинг натижасида давлатга солиқ тўловлари ўн бараварга кўпаяди.

«Тарвузим қўлтиғимдан тушган. <…> Бундай солиқ бизнесимни ўлдиради. Қўлда тайёрланадиган маҳсулотларнинг таннархи жуда юқори бўлади ва бунда юқори даромад ололмайсиз. Қолаверса, биз бутун дунёдан келган меҳмонлар маданиятимиздан бир парчасини ўз мамлакатларига олиб кетишлари учун нархларни ҳамёнбоп тарзда сақлаб туришга ҳаракат қиламиз», — деб ёзади Сайфи.

Таниқли бренд эгаси Мирзиёевадан компанияга юмшоқроқ солиқ режимини тақдим этишни, масалан, айланманинг 4 фоизини сақлаб қолиш имкониятини кўриб чиқишни сўрайди. Зеро, ҳозирги кўрсаткичларни ҳисобга олсак, бу 40 миллион сўм (3000 доллар), кичик бизнес лойиҳаси учун бу кам маблағ эмас.

Янги йилдан товар айланмаси 1 миллиард сўм бўлган корхоналардан давлатга тўловлар қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) + 15 фоиз даромад солиғи шаклида 12 фоизни ташкил этади. Бундай ставкаларда нафақат Human House, балки бошқа кичик корхоналар ҳам жиддий муаммоларга дуч келиши мумкин. Ахир, Лола Сайфи «Фарғона»га айтишича, уларнинг фискал тўловлардан ташқари қўшимча харажатлари ҳам кўп.

Лола Сайфи. Баҳром Хотамов фотосурати

«Булар маҳсулот таннархига кетган сарфлар, маҳсулоти дўконимиз орқали сотилаётган ҳунармандларга тўловлардир. Бунга ходимларнинг коммунал тўловлари ва маошларини қўшинг, — дейди тадбиркор аёл. — Бундан ташқари, биз Human Houseни сотиб олишимизга ёрдам берган қарзларни тўлашда давом этяпмиз. Шунингдек, Ўзбекистон маданияти ва санъатини тарғиб қилувчи тадбирларни ўтказамиз; Компания ўз даромадидан шундай лойиҳаларга пул ажратади».

Суҳбатдошимизга кўра, умумий айланма маблағ суммасининг атиги 10-15 фоизи даромад сифатида қолмоқда. Яъни, ҚҚСга ўтиш ва даромад солиғини тўлашда корхона нафақат нол даражасида ишлайди, балки молиявий минусга ҳам тушади, дея шикоят қилади Сайфи.

Human House галереяси бозорда деярли 20 йилдан бери мавжуд. Ва Сайфининг хотирлашича, фақат бир марта лойиҳа тугатилиш арафасида қолган.

«Бу воқеа ўша пайтлар таъсир кучига эга Гулнора Каримова (Ўзбекистон биринчи президентининг қизи, ҳозир қамоқда. — «Фарғона» изоҳи) Тошкентда Модалар уйи очганда ва расмийларнинг бизга қарши даъволари пайдо бўлганида содир бўлганди. Биз Fashion Showдан воз кечиб, шунчаки кичик дўконга айланишга қарор қилдик. Босим тўхтади, лекин мен кетишга мажбур бўлдим. Мен Россияда ўн бир йил яшадим ва фақат янги президент Шавкат Мирзиёев келиши билан ватанимга қайтдим. Чунки мен бу ерда потенциални кўрдим, иштиёқни, қизиқишни ҳис қилдим, илғор нарсалар қилиш мумкинлигини ҳис қилдим», — деб тушунтиради Сайфи.

Қонун қабул қилинди, лекин...

Ўтган йил октябрь ойида Мирзиёев «Креатив иқтисодиёт тўғрисида»ги қонунни имзолаган эди. Ҳужжатда асосий атама ва тушунчалар белгилаб берилган ҳамда ижодий соҳалар рўйхати 15 та фаолият йўналишини ўз ичига олгани таъкидланган: адабиёт, мода, архитектура, амалий санъатдан тортиб рақамли технологиялар ва реклама соҳасидаги ижодкорликгача. Республика ҳукумати ушбу турдаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаши кўзда тутилганди. Жумладан, мазкур қонуннинг 19-моддасида: «Давлат креатив саноат субъектларига солиқлар, бошқа тўловлар ҳамда тарифлар бўйича имтиёз ва преференциялар бериши мумкин» деб белгиланган. Ҳукумат, эҳтимол, махсус қўллаб-қувватлаш схемаларини ишлаб чиқарар, аммо расмийлар ҳали ҳеч қандай рақамларни келтирмаган.

Лола Сайфийнинг сўзларига кўра, ҳужжатда фақат умумий асосли келишувлар ва тушунчалар мавжуд, масалан, ижодий боғлар ташкил этиш ёки ҳунармандлар ҳам ушбу қонунга тегишли бўлиши борасида, лекин аслида ҳеч қандай амалий ҳаракатлар белгиланмаган.

Human House. Андрей Кудряшов фотосурати, «Фарғона"

«Биз кичкина устахонамиз ва шундай қолишни режалаштирмоқдамиз. Биз кийим-кечак яратишни ва маданий тадбирларни ташкил қилишни яхши кўрамиз. Йирик ишлаб чиқариш цехи ёки бошқа йирик лойиҳаларни очиш ниятимиз йўқ. Биз фақат ижодий йўналишда юксалиш ниятидамиз, — дейди «Фарғона» суҳбатдоши. — Шундай экан, бошқа солиқ тизимига ўтиш галерея учун енгиб бўлмайдиган қийинчиликларни келтириб чиқаради. Ва бу шунчаки Human Houseга эмас, балки креатив иқтисодиётдаги кўплаб кичик бизнес корхоналар эгаларига ҚҚС ва бошқа солиқларни ҳисоблашда ёрдам берувчи бухгалтерни ёллаш учун имконияти ҳам йўқ. Шундай қилиб, икки йўлдан бирини танлайсан: ё ниҳоятда юқори солиқларни тўлаш учун пул топасан ёки дўконингни ёпасан.

Мустақил иқтисодчи Юлий Юсупов «Фарғона» билан «Креатив иқтисодиёт тўғрисида»ги қонун борасида ўз фикри билан ўртоқлашди.

«Ҳужжат декларатив хусусиятга эга. Энг яхши ҳолатда, унинг асосида қандайдир қўшимча чора-тадбирлар кўрилиши, биринчи навбатда, тадбиркорларга солиқ ва бошқа имтиёзлар берилиши мумкин. Аммо индивидуал ва соҳага оид имтиёзларнинг мухолифи сифатида мен оддий, шаффоф ва бизнес учун оғир бўлмайдиган солиқ тизими керак, деб ҳисоблайман», — дея хулоса қилади эксперт.

Унинг тушунтиришича, кўплаб корхоналар, жумладан, Human House галереяси муаммоси солиқ юки сезиларли даражада ошиши мумкин бўлган соддалаштирилган режимдан умумий режимга ўтиш заруратидир.

Иқтисодчининг фикрича, бу ерда турли режимларда фаолият юритаётган корхоналар учун солиқлар миқдоридаги тафовутнинг айрим тармоқларда сақланиб қолаётгани асосий омил ҳисобланади. Натижада, бир хил соҳадаги компаниялар тенгсиз шароитларга дучор бўлади. Гап узоқ қўшилган қиймат занжирлари мавжуд бўлмаган ва шунга кўра, илгари тўланган ҚҚСни қоплаш имконияти бўлмаган тармоқлар ҳақида кетмоқда, зеро бу ҳолда ҚҚС айланма солиғига айланади.

«Муаммонинг мумкин бўлган ечими иқтисодиётнинг алоҳида тармоқлари, биринчи навбатда хизмат кўрсатиш соҳаси: туризм, умумий овқатланиш, кўнгилочар индустрияси, ахборот технологиялари ва бошқалар учун табақалаштирилган (пасайтирилган) ҚҚС ставкаларини жорий этишдан иборат», — дея таклиф қилади Юсупов. — Бошқа йўналиш фискал тизимни такомиллаштириш — фойда солиғи ва дивидендларни тақсимланган фойда солиғига бирлаштиришдир. Бунда даромаднинг фақат компаниядан дивидендлар шаклида олиб қўйилган ёки жисмоний шахслар сифатида эгаларининг эҳтиёжларига сарфланган қисми солиққа тортилади. Умумий солиқ режимида бундай ёндашув маъмурий харажатларни сезиларли даражада камайтиради ва бизнес юкини енгиллаштиради».

Ўз навбатида Лола Сайфи қўшни республикалар тажрибасига эътибор қаратиб, Ўзбекистон расмийлари уларнинг солиқ моделини қўллашлари ва ижодий соҳа вакиллари учун айланманинг қатъий фоизини белгилашлари мумкинлигига ишонади. Масалан, Қирғизистонда бу кўрсаткич 5 фоиз, Қозоғистонда 2 фоиздан 4 фоизгача.

«Шундай бўлса-да, санъаткорлар ва бошқа ижодкорлар кўпинча бухгалтерия ҳисоби масалаларида кучли эмас ва солиқ тизимининг ҳар қандай мураккаблашуви улар учун улкан бош оғриғидир. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, креатив иқтисодиёт ёрқин келажакка эга ва буни кўплаб мамлакатларда тушунишади, зеро уларда тадбиркорлик субъектлари ва умуман, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича дастурлар амалга оширилмоқда», — дея хулоса қилади Human House эгаси.

Масаланинг ечими бор!

Барибир машҳур Тошкент галереясида ҳалиям ўз ишини давом эттириш имкониятлари бор. Экспертимиз Юлий Юсуповнинг фикрича, ҳозирги шароитда Human House учун бизнесни фаолият турини эсдалик совғаларни сотиш ёки экскурция хизматларини тақдим этиш каби бир нечта тузилмаларга бўлиш мақсадга мувофиқдир.

«Бу маъмурий харажатларни бироз оширади, бироқ тадбиркорлик субъектларига солиққа тортишнинг соддалаштирилган режимида қолиб, фискал ажратмаларни тежаш имконини беради. Агар корхона фаолият йўналишлари бўйича бўлинган бўлса, сотилаётган маҳсулотлар товар турлари бўйича, яъни тўқимачилик битта «дўконга», кулолчилик бошқасига ва ҳоказо, бундай ҳаракатларда ноқонуний нарса йўқ», — деб тушунтирди иқтисодчи.

Лола Сайфининг сўзларига кўра, нафақат нуфузли экспертлар, балки солиқ идоралари ходимлари ҳам унга корхонани даромади пастроқ бўлган бир неча алоҳида субъектларга бўлиб қўйишни таклиф қилишган. Аммо бундай ечим глобал миқёсда муаммони ҳал қилмайди, деб ҳисоблайди тадбиркор.

«Креатив иқтисодиёт тўғрисида»ги қонунни ривожлантириш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриш лозим. Ахир бу кўплаб соҳаларга, жумладан, туризм ва умумий овқатланишга ҳам таъсир қилади. Чет эллик меҳмонларни ўзига тортадиган меҳмонхона ёки биз каби муносиб айланмага эга бўлган ҳар қандай кичик кафе оддийгина ҚҚС тўлай олмайди, — дейди Сайфи. — Албатта, компанияни бир нечта якка тартибдаги тадбиркорларга бўлиб, жимгина ўз фойдангни кўриб ўтириш мумкин. Лекин буни нотўғри деб ўйлайман. Биз масалага тубдан ёндашишимиз, бизнес учун шароит яратишимиз керак, токи одамлар шаффоф ишласин, «панадаги» иқтисодиётга ўтишни хаёлига ҳам келтирмасин. Бундан ташқари, агар бир вақтнинг ўзида иккита ёки учта компанияни бошқарсам, ижодга вақтим қолмайди, деб қўрқаман».

Лола Сайфи. Баҳром Хотамов фотосурати

«Фарғона» суҳбатдоши яна бир бор таъкидлашича, галерея ҳозирда товар айланмасининг 4 фоизи кўринишида тўлаётган солиғи давлат бюджетига тушаётган муносиб ҳиссадир. Аммо агар ҳукумат галереяга ёрдам бермаса, бизнесни сақлаб қолишнинг ҳар қандай вариантини кўриб чиқишга тўғри келади, деб тан олади Human House раҳбари. Бироқ, унинг сўзларига кўра, Саида Мирзиёевага очиқ мурожаатидан сўнг, бу борада олдинга силжиш кузатилмоқда.

«Солиқ қўмитаси, Президент администрацияси, Иқтисодиёт ва Молия вазирлигидан менга қўнғироқлар бўлди. Идоралар вакиллари муаммоларимиз ҳақида сўрашмоқда, вазият билан қизиқишмоқда. Хуллас калом, расмийлар билан мулоқот олиб боряпмиз. Шунингдек, давлат креатив соҳага оид қонунни, жумладан, солиққа тортишни такомиллаштиришига умид қиламан. Ва ниҳоят, енгил нафас оламиз, тегишли солиқларни тўлаймиз ва ўз ижодий маҳсулотимизни яратамиз», — дея хулоса қилади Сайфи.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди