Қирғиз-тожик чегарасидаги жанжал оқибатида олти киши яраланган

Қирғизистон ДЧХ матбуот хизмати фотосурати

Боткент вилоятининг Тожикистон билан чегарадош Кўк-Тош қишлоғи чегарасида юз берган жанжал оқибатида олти киши яраланган. Бу ҳақда 18 декабрь куни Қирғизистон Давлат чегара хизмати (ДЧХ) «Фарғона»га маълум қилди.

Ташкилотнинг хабарига кўра, 18 декабрь куни чегарада тожик томонидаги номаълум кимсалар Қирғизистон фуқароларига қарата тошлар ота бошлаган. Қирғиз томони ҳам шундай жавоб қайтаради ва қўшниларга тегишли иккита машинанинг ойналарини синдириб ташлайди. Орадан 20 дақиқа ўтиб чегаранинг тожик томонидан кимдир милтиқдан ўқ узади ва бундан қирғиз ҳарбийси яраланади. Бу охирги ҳафтада мазкур ҳудудда юз берган учинчи тўқнашувдир.

ДХЧ берган маълумотга кўра, ҳозирда яраланган аскарни Боткент вилоят шифохонасида операция қилишмоқда.

Шунингдек, ўқотар қуролидан Самарқандлик қишлоқ кенгаши депутати Омон Абдулаким ўғли ҳам ярланган. 24.Kg хабарига кўра, бундан ташқари яна учта қирғизистонлик ҳарбий хизматчи ва битта фуқаро ҳам тан жароҳати олган.

Воқеа содир бўлган жойга Давлат чегара хизмати раисининг биринчи ўринбосари Абдикарим Алимбаев ва мамлакат Ики ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Суйунбек Омурзаковлар етиб келган.

Икки мамлакат фуқаролари ўртасидаги жанжал 18 декабрь куни бундан олдинги тўқнашув юзасидан олиб борилган музокаралар чоғи юз берган. Чегаранинг икки томонидаги қишлоқ аҳли бир-бирига тошлар ёғдира бошлаган. Қирғизистон ДЧХ хабарига кўра, тожик томонидан бир неча бор ўқ узилган.

Мазкур ҳудуддаги жанжал 11 декабрдан бери давом этмоқда. Тожикистон ОАВ маълумотларига қараганда, ўшанда қирғиз чегарачилари Исфарага қарашли Лангари Моҳиён жамоати маҳалласи ва қирғизларнинг Минг-Булоқ қишлоғи ўртасидаги ҳудудда қишлоқ хўжалиги ишларини юритишга ҳалақит берганлар. 16 декабрь куни Кўк-Тош қишлоқ аҳли чегаранинг бахсли ҳудудида девор қурилишига нисбатан ўз норозилигини билдиради. Норасмий маълумотларга кўра, 17 декабрь куни тожиклар бир қирғиз одамини қаттиқ калтаклайдилар.

Кейинги пайт икки мамлакат чегарасида юз берган энг катта жанжал шу йилнинг сентябрь ойида содир бўлганди. Ўшанда учта тожик ҳарбийси ва бир нафар қирғиз аскари ҳалок бўлганди. Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара 976 километр масофани ташкил этиб, ундан 504 километри делимитиризация ва демаркация қилинган. Чегаранинг ҳал этилмаган ҳудудлари юқорида тилга олинган жанжалларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди