Қирғизистон Олий суди Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқади

Азимжон Асқаров. Azattyk.org сайти фотосурати

Қирғизистон Олий суди умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқади. Бу ҳақда 17 январь куни суд матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда «Азаттык» радиоси хабар беради.

Асқаровнинг адвокати Валерьян Вахитов KaktusMedia билан бўлган суҳбатда ишни қайта кўриб чиқиш БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси тавсияси билан амалга оширилаётганини айтган. Бундан олдин Асқаровнинг ўзи Олий судга мурожаат қилиб мазкур тавсияни инобатга олинишини сўраган, лекин унинг илтимоси Жалол-Обод областининг Бозор-Қўрғон район судига юборилган. Кейинчалик материал яна Олий судга қайтарилган. Вахитов яқин орада ишни қайта кўриб чиқиш вақти тайинланади, деган умидда. Дарвоқе, 2019 йил 2 декабрда Қирғизистон Олий суди Жиноят ва бошқа кодексларнинг амалга кириши муносабати билан Асқаров ишини қайта кўриб чиққанди.

Унда айрим моддалар бўйича иборалар юмшатилганди (масалан, «миллий низодан келиб чиқиб одам ўлдириш» ибораси шунчаки «одам ўлдириш» сўзларига алмаштирилган). Лекин қолган айбловлар маҳкумнинг бир умр қамоқ жазосини ўташига етарли асос бўларди.

Ўзбек миллатига мансуб Азимжон Асқаров 2010 йилда Жанубий Қирғизистонда ўзбеклар ва қирғизлар ўртасидаги жанжалдан сўнг қамоққа олинган. У тартибсизларни келтириб чиқариш, миллатлар ўртасида адоватни қўзғаш, шунингдек, милиционерни ўлдирганлик айблари билан озодликдан маҳрум этилган. Ҳуқуқ ҳимоячилари Асқаровдан ўч олиш учун орган ходимлари атайин сохта жиноят ишларини ясаган, деган фикрдалар. Зеро, Асқаров ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг инсон ҳуқуқларини поймол этаётганлигига кўп эътибор қаратганди. Асқаров ҳимоячилари қўйилган айбловларни бекор қилишга кўп маротаба уринганлар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ