Тошкентда террорчи ташкилот тарафдорлари қўлга олинди

Needpix.com сайти фотосурати

Тошкентда террорчилик фаолиятида гумонланаётган 21 нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда 19 февраль куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси сайтида хабар берилган.

Тергов хулосасига кўра, қўлга олинган шахслар «Тавҳид ва жиҳод катибаси» (Ўзбекистон ва Россияда тақиқланган ташкилотлар рўйҳатидан ўрин олган) ташкилотининг тарафдорлари бўлган. Қўзғатилган жиноят иши доирасида пойтахт ҳудудидаги 18 та манзилда тинтув тадбирлари ўтказилиб, 21 нафар шахс қўлга олинган.

Gazeta.Uz маълумотига кўра, қўлга олинган йигитлар 1996 йили туғилган, ҳозирда Сурияда «Тавҳид ва жиҳод катибаси» ташкилотида сафида жанг қилиб юрган А.Шодибековнинг ғоявий таъсирига тушиб қолганлар. Улар дастлаб Шодибековни молиявий томондан қўллаб-қувватлашни, кейинчалик унинг ёнига бориб жанг қилишни режалаштирганлар.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси фуқароларни, айниқса ёшларни ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларга алданиб қолмасликка, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликка, уларни сақламаслик ва тарқатмасликка чақиради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ