Сирдарё вилоятидаги сув тошқини натижасида Миллий гвардия ходими ҳалок бўлди

Ҳусниддин Суяров. @milliygvardiyauz_official телеграм-канали фотосурати

Сирдарё вилоятида 1 май куни содир бўлган сув тошқини давомида Ўзбекистон Миллий гвардияси ходими ҳалок бўлган. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуо хизмати маълум қилмоқда.

Ҳарбий хизматчилар Сардоба сув омборининг тўғони ўпирилиши натижасида сув босган ҳудудда тезкор гуруҳ таркибида эвакуация қутқарув ишларида иштирок этишган. Миллий гвардиянинг икки нафар ходими кучли оқим сабаб оқиб кетган. Натижада, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси сержант Суяров Хусниддин Зокирович табиий офатга қарши курашиш жараёнида ҳалок бўлган. Ҳозирда иккинчи ходимни қидириш ишлари давом этмоқда.

Сув омборининг тўғони 1 май куни эрта тонгда ўпирилган, ўша куниёқ мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев вертолётда бу ерга етиб келган. Хавфли ҳудуддаги 70 мингга яқин одамлар қўшни шаҳарларга кўчирилган, 56 киши турли тан жароҳатлари билан касалхоналарга ётқизилган. Қутқарувчилар сув тошган ҳудуддан 70 та чўккан чорва ҳайвонларининг жасадларини йиғиштириб келдилар.

Сув тошқини юзага келганлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми ва 258-моддаси (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ