Бакиев ўз устидан халқаро суд ўтказилишини сўрайди

Курманбек Бакиев . Azattyk.org сайти видеоёзувидан кадр

2010 йили ўз лавозимидан қулатилган ва ватанида 30 йилга озодликдан маҳрум этишга жазоланган Қирғизистоннинг собиқ президенти Курманбек Бакиев ўз устидан халқаро суд ўтказилишини таклиф қилди. Бу ҳақда 2 июнь куни 24.Kg нашри хабар беради.

Бундан олдин Қирғизистон Бош прокуратураси Бакиевнинг чиқишига муносабат билдириб, уни барча жиноятларда айбдор эканини эслатиб ўтганди. Собиқ президент қариндошлари орқали 24.Kg таҳририятига ўз жавобини йўллаган. У қирғиз суд тизимини танқид қиларкан, ўзига нисбатан очилган жиноий ишларни сохта эканига урғу беради. «Мен 2010 йилдан бери БМТ ва хоҳлаган ташкилот бошчилигида мустақил суд ўтказилишини сўраб келаман. Лекин тушунарли сабаблар билан бунинг ҳеч кимга кераги бўлмади», — дейди у.

Бакиев шундай дейди: «Мен яна бир бор халқаро жиноят суди, Гаага трибунали ёки Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа кенгаши юрисдикциясини тан олинишини сўрайман. Мен уларни бу ерга чорлаган биринчи одамман ёки биринчилардан бириман. Бундан ташқари, агар Белоруссияда барча томоннинг тенг ҳуқуқлигини кафолатлайдиган, гувоҳ ва адвокатларга босим ўтказилмайдиган, интернет орқали трансляция қилинадиган ҳақиқий, очиқ, мустақил суд ўтказишнинг юридик механизми бўладиган бўлса, у ҳолда бу суд жараёнида барча сохталаштирилган ишлар бўйича айбдор сифатида иштирок этишни ўзим сўраган бўлардим. Улар менинг ушбу сўзларимни хоҳлаган суд учун расмий таклифнома сифатида қўллашлари мумкин». Бакиев мустақил суд уни айбдор деб топган тақдирда, қамоқ жазосидан асло бўйин товламаслигини айтади. Собиқ президент унинг оиласига доир суд ишларидан бири Лондон судида кўриб чиқилганини эслатади. Гап британиялик биснесмен Шон Дейлининг Бакиев ўғли Максимнинг ишбилармон ҳаётига тажовуз қилганлигига доир даъво аризаси ҳақида кетмоқда. «Суд қарорига кўра (сўзма-сўз эслолмайман, лекин буни текшириш осон), прокуратура органининг далил-исботларни сохталаштирганига доир суд жиддий асосларга эга бўлган», — дейди Бакиев. Шунингдек, у «мен ва оила аъзоларимнинг бирортаси беркинмади, шунчаки судга келиб, унда иштирок этдик», дея эслатиб ўтади.

Шу билан бирга 2010 йилги инқилобда Қирғизистоннинг Талас областидан иштирок этган жамоат фаоллари Бакиевдан кечирим сўраган Болсунбек Бечекеевни топиб беришни сўрайдилар. Бакиев сўзларига кўра, Бечекеев Таласда яшайди, лекин фаоллар унинг Туркияда истиқомат қилаётганини аниқлаганлар. Уларнинг фикрича, Бечекеевнинг сўзлари «апрель воқеаси иштирокчиларининг барчасига соя солади». Фаоллар ушбу инсонни ватанга қайтариб келиш керак, деб ҳисоблайдилар. «Агар у ўзини ҳақ деб билса, фарзанларидан жудо бўлган оналар олдида гапирсин», — дея мурожаат қилди фаоллар.

Ўзини инқилобда иштирок этган деб ҳисобловчи Бечекеев ижтимоий тармоқлардан шундай деб ёзади: «Курманбек Салиевич, мени кечиринг!» Бунга жавобан собиқ президент 30 май куни уни лавозимдан қулатганларни барчасини кечиришини, лекин вақтинча ҳукумат аъзоларини (ўтиш даври президенти Роза Отунбаева ва кейин президентликка сайланган ва ҳозирда коррупцияда айбланиб қамоқда бўлган Алмазбек Атамбаевларга қўшиб) ҳеч қачон кечирмаслигини таъкидлаган.

Бакиев мустақил Қирғизистоннинг иккинчи президенти эди. У 2005 йили Аскар Акаевни тахтдан йиқитиш эвазига давлат раҳбари бўлганди. Ҳозирда у Белоруссияда яшайди ва ердан сиёсий бошпана олган, Акаев эса Россиядан бошпана топган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди