Олма-Ота полицияси қўшиқчи Кентални ўлимни эслатгани учун таъқиб эта бошлади

Кентал полиция формасида. Видеодан олинган кадр

Олма-Ота полицияси қозоғистонлик қўшиқчи Талғат Кенжебулатов (Кентал) томонидан полиция формасини кийиб олган ҳолда тасвирга олинган видеороликни “ноўрин” ва “йўл қўйиб бўлмайдиган” деб атади. Видеоклипда қўшиқчи “биз барибир ҳаммамиз ўламиз” дегани полициячиларга ёқмай, унга нисбатан маъмурий иш қўзғадилар. Бу ҳақдаги хабар 14 июль куни Қозоғистон ИИВ ахборот ресурсида жойлаштирилган.

“Барчангизга салом дўстлар! Мен кимда руҳий тушкунлик бўлса, кимлар оғир кунларни кечираётган бўлса, кимнинг юрагида оғриқ бўлса, кимнинг ишида, оиласида муаммолари бўлса, ўшаларга мурожаат қиляпман. Кимнидир кредит эзиб қўйган бўлиши мумкин. Аммо ташвиш қилманг. Барибир ҳаммаларимиз ўламиз”, — дейди полиция формасини кийган қўшиқчи видеороликда.

Олма-Ота полициясидагилар ижтимоий тармоқларнинг айрим фойдаланувчилари уни полициячи деб ўйлаб, ўзларининг ғазабларини изҳор этишганини айтдилар. “Коронавирус инфекциясининг Қозоғистонда тарқалиши ҳамда фожиавий ҳолатлар билан боғлиқ юзага келган вазият шароитида бу каби баёнотлар, гарчи улар ҳазил мақсадида ва боз устига полиция формасидан фойдаланган ҳолда қилинган бўлса ҳам – ноўрин ва йўл қўйиб бўлмайдиган ишдир”, — дея билдирдилар полиция мутасаддилари ҳамда қўшиқчига нисбатан текширув ўтказганларини қўшиб қўйдилар.

Видеоролик “Полиция бундай баёнотларни бермаган – Олма-Ота Полиция департаменти” деган изоҳ билан яна бир бор Polisia.kz YouTube-каналига жойлаштирилган.

Қўшиқчи ўзининг Instagram саҳифасида видеомурожаатини жойлаштириб, ролик бундан тўрт йил олдин тасвирга олинганини ҳамда коронавирус пандемиясига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилган. “Мен кинофильмларда суратга тушиб турганим боис, тўрт йил олдин қора юморли вайн видеосини суратга туширгандим ва у ерда мен ҳеч кимни ҳафа қилмаганман. Бу видео негадир ҳозир қайта пайдо бўлиб, менга нисбатан қизиқишларни кучайтириб юборди”, — дейди Кентал.

Шуларнинг ҳаммасини у “раддияли видеони” ёзиб олишга мажбурлаган криминал полиция бошлиғи Еркин Инкаровга тушунтиришга уринган. Қўшиқчи бўйсунган, бироқ бу унга ёрдам бермаган ва бошқа полициячи уни сўроқ қилиб, ишни судга оширишга буйруқ берган (қўшиқчи бошқа полициячининг номини айтмади).

Кенталга кўра, полициячилар унга нисбатан қўпол муомалада бўлишган, адвокат билан ўз вақтида таъминлашмаган ҳамда тергов изоляторига қамаб қўйиш билан таҳдид қилишган, ҳолбуки у департаментга қўлга олиш бўйича баённомасиз келиб, икки нафар полициячилар ва икки қуролли спецназчиларнинг оғзаки талабларига бўйсунган.

Унинг ҳимоячиси адвокат Мурат Амитов қўшиқчини “унинг истак-хоҳишига зид равишда полиция департаменти биносида соат 10:30 дан 15:45 гача, яъни қонунда рухсат берилган уч соатдан зиёд вақт давомида ушлаб туришганини, ҳолбуки полициячиларда уни ушлаб туришга асос бўлмаганини” маълум қилган.

Кейинчалик Бостандиқ полиция бошқармасида Кенталга нисбатан Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексининг 675-моддаси (“формани ноқонуний кийиш ва фойдаланиш”) бўйича маъмурий баённома тузилган. Адвокатга кўра, полиция департаменти бошқармаси бошлиғи “ўзини жуда қўпол ва ахлоқсиз тарзда тутиб, қўшиқчига нисбатан йўл қўйиб бўлмайдиган муносабатда бўлган”.

Tengrinews.kz нашри қайд этишича, Кенжебулатовни бошқа қозоғистонлик артистлар – қўшиқчилар ва актрисалар Дилназ Ахмадиева ва Жания Журинская, қўшиқчи ва поп-мусиқачи Анатолий Цой, “Перцы” гуруҳининг собиқ солисти Ерлан Алимов ва қўшиқчи Бейбет Кушкалиев қўллаганлар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ