Қорақалпоғистон республикасининг Беруний тумани аҳолиси Нукус – Тошкент трассасини тўсиб қўйиш эвазига маҳаллий каналга сув берилишига эришолди. Туман матбуот хизматининг хабар беришича, Найман каналига сув келган ва ҳозирда трасса очиқ.
Қарақалпақ 24 Telegram-каналига кўра, одамлар 20 июль куни норозилик акциясини уюштирганлар. Улар Найман канали кўпригидан ўтган трассанининг бир қисмини тўсиб олганлар. Бир неча соат ичида автомобил ва юк машиналар тирбандлиги юзага келган. Одамларнинг норозилигига ўн кундан бери каналга сув берилмагани сабаб бўлган. Шу туфайли қишлоқ аҳолиси ҳосилларини суғаролмаганлар, айримларнинг экинлари қуриб, нобуд бўлган. Ифлос ариқлардан сув ичишга мажбур бўлган чорва моллари касал бўла бошлаган.
Беруний тумани ҳокими ва бошқа мутасаддилар бир пасда бу ерга етиб келганлар ва 13 та фермер ҳўжалигини бир пайтнинг ўзида сув билан таъминлаш қийинлиги сабаб шундай вазият юзага келганини тушунтирганлар. Лекин сув масаласи тезда ҳал этилган.
Йўллар, трассаларни тўсиб қўйиш Ўзбекистон аҳоли орасида норозилик кўрсатишнинг қулай усули ҳисобланади. 2019 йил ноябрда Нукус тумани Шўртанбай қишлоғининг 70 га яқин одамлари автойўлни тўсиб, шиналарни ёқиб юборадилар. Улар шу йўл билан қишлоқни табиий газ билан таъминлаш талабини қўядилар. Бу каби акциялар республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам бўлиб ўтган.