Ўзбекистонда 11 йиллик таълим тизими жорий этилганидан сўнг мактаб ўқувчилари ўртасидаги жиноятлар 2,5 баробарга камайди. Бу ҳақда республика Халқ таълими вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.
Болалар ва ўсмирлар ўртасидаги жиноятларнинг камайишига дарсларни қолдираётган ўқувчиларнинг мактабга қайтиши ва тарбияси оғир болалар билан мунтазам шуғулланиб келингани сабаб бўлган.. «Ғайриижтимоий ҳатти-харакатларни содир этишга мойил бўлган ўқувчиларни мактабнинг ички назоратига олиниши тизимининг мавжудлиги бундай категориядаги ўқувчилар томонидан кейинчалик жиноятлар содир этилишининг олдини олишда катта аҳамият касб этмоқда», — дейилади вазирлик хабарида.
Ўзбекистонда 2017 йили 11 йиллик таълим тизимига қайтилди. Бунгача 12 йиллик босқичли таълим тизими амалда эди: тўққиз йил мактаб плюс уч йил лицей ва коллежлардаги таълим. Бироқ, кузатувчи ва аҳолининг гувоҳлик беришича, Ўзбекистондаги лицей ва коллежларда ўқиган болаларнинг деярли тенг ярми дарсларга қатнамаганлар ва улар шунчаки дипломларни сотиб олганлар.
2017 йили ўзбек ҳукумати бу тизимнинг қониқарли эмаслигини тан олди ва янги сайланган президент Шавкат Мирзиёев 1997 йили воз кечилган 11 йиллик ўқув тизимини қайтадан тиклаш ташаббусини илгари сурди. Бундай ташаббусни олға сураркан, Мирзиёев юқори синфларда болалар шахс сифати шаклланиши ва жамоага бирлашишини айтиб, болаларни бундай табиий муҳитдан маҳрум қилиш уларнинг билими ва тарбиясига салбий таъсир этишини таъкидлаб ўтди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган 9 942 та умумтаълим мактабида 6,2 млн болалар ўқимоқдалар ва уларга 480 мингта ўқитувчи билим бермоқда.