Қарағанда вилояти Сатпаев шаҳрида (вилоят марказидан 549 километр) беш ёшли қизалоқни ўғирлашда гумонланаётган одамни оламон суд қилишга уриндилар, дея хабар беради Ratel.kz ахборот агентлиги.
Беш ёшли қизалоқ қариндошлари билан бирга қўшни Жезқазған шаҳридан меҳмонга келган ҳамда 23 июль пайшанба куни кундузи йўқолиб қолган. Кўп сонли кўнгиллилар уни қидириб даштга ва кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларига қараб йўл олдилар. Ерден кўчасидаги маҳаллий болалар шунга ўхшаган қизни ўз уйларининг ҳовлисида кўрганини айтишади.
Tengrinews.kz нашри ёзишича, қизчанинг қариндошлари, шаҳарликлар ва полициячилар бу уйдаги ҳар бир квартирага кириб чиқдилар, овоз кучайтиргич ёрдамида бақириб, қизчани чақирдилар.
Квартираларнинг бирида ёш боланинг чинқириғи эшитилиб қолди, соат 00.00 атрофида полициячилар уйга ҳужум қилиб бостириб кирдилар ва қизчани топиб, бу ердаги эркакни қўлга олиб кетдилар.
Қизчани уйдан юзини рўмол билан ёпган ҳолда кўтариб чиқдилар ва касалхонага олиб кетдилар. Маҳаллий одамлар бир неча бор квартирага бостириб кириб, у ердаги одамни суд қилмоқчи бўлдилар. Кўпқаватли уй олдида бир неча ўнлаб одамлар тўпландилар ва гумонланувчини уларга топширилишини талаб қилдилар. Полициячилар қалқонлар, шлемлар ва зирҳли нимчалар (бронежилет) ёрдамида уларнинг босимини қайтариб туришга мажбур бўлдилар. Ҳодиса содир бўлган жойга полиция департаменти раҳбарининг ўринбосари Ернат Қалиакпаров ҳамда имом билан шаҳар ҳокими Асқар Идрисов етиб келдилар ва одамларни тарқалишга чақирдилар. Уларнинг чақириқлари оламонга таъсир қилмади, одамлар кўпқаватли уйнинг деразаларини синдиришга ва подъездга кириб олишга уриндилар.
«Кишини ўта ғазаблантирадиган ҳолат эканлигини тушуниб турибмиз, аммо уйда яшайдиган одамларнинг ҳаммаси ва уларнинг болалари қўрқиб кетган», — дея одамларни тинчланишга чақирди Instagram ижтимоий тармоғидаги Жезқазған райони янгиликларига бағишланган «Это Жез!» паблиги.
Соат 04:00 га келиб бола ўғрисини оламон қилмоқчи бўлган гуруҳ полиция бўлими биносининг олдига бориб, мегафон орқали педофилни уларга берилишини талаб қила бошладилар. Оламон орасида қизча реанимацияга жойлаштирилгани, уни ўғирлаган қария эркак эмас, балки унинг ўғли эканлиги ва қизчани аслида искович ит топиб олгани тўғрисида миш-мишлар тарқала бошлади.
Полиция биносига қарата тош ва таёқларни улоқтира бошладилар. Шундан сўнг вигилантларда (вигилантлар – испан тилида қасоскор, яъни қонун доирасидан ташқари таъқиб этувчилар. – «Фарғона» изоҳи) полиция бўлими навбатчиси маст, гумонланувчи эса маҳкамада эмас, деган маълумот пайдо бўлди ва улар ҳокимнинг олдига отландилар. Қарағанда вилояти полиция департаменти матбуот хизмати тарқатган пресс-релизда айтилишича, ҳуқуқ-тартибот органлари кучлари «тартибсизликларнинг олдини олиш учун» ҳокимлик биноси олдига сафарбар қилинган.
Сатпаевдаги воқеаларга бағишланган брифингда Қозоғистон ички ишлар вазири Ерлан Турғумбаев гумонланувчи шахсга нисбатан «Одам ўғирлаш» ва «Ёш болани зўрлаш» моддалари бўйича жиноят ишлари кўзғатилганини маълум қилди. Қизалоқ ҳозирда касалхонада ва уни текширишмоқда. Шунингдек, вазир бетартибларни келтириб чиқарган барча одамлар аниқланиб, жавобгарликка тортилишини маълум қилди.