Бир умр озодликдан маҳрум этилган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров вафот этди

Азимжон Асқаров . Kloop фотосурати

Қирғизистоннинг №47 қамоқхонасида бир умр эркинликдан маҳрум этилган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров вафот этди. 25 июль куни «Фарғона» нашрига ҳуқуқ ҳимоячиси Толекан Исмаилова шу ҳақда хабар берди.

Исмаилова сўзларига кўра, оғир касалланган Асқаров Бишкек вақти билан соат 10 ва 11 орасида бу дунёдан кўз юмган. Фаолга кўра, бу мудхиш воқеани текшириш лозим.

69 ёшли Асқаровнинг аҳволи оғирлашиб қолгани 20 июлда маълум бўлганди. ГСИН (жазо ўташни ижро қилиш маҳкамаси) дастлаб бу хабарни инкор қилди, лекин 21 июль куни маҳкумни кўргани келган Қирғизистон омбудсмен институти вакиллари Асқаровнинг оғир касалланганини тасдиқладилар. 22 июль куни адвокат Валериан Вахитовнинг Асқаров олдига киришига изн беришди. Икки конвоир Асқаровни зўрга қўлтиқлаб суҳбат хонасига олиб чиқишган. Маҳкум ўн кундан бери иситмалаётганини, иштаҳаси йўқлигини айтган. Суҳбат чоғида у кучли ҳансираб, йўталиб турган. «Бир Дуйно» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ва «Фарғона» ахборот агентлигининг Бош директори Даниил Кислов қирғиз ҳукуматини касалманд Асқаровни тезликда турмадан озод қилишга чақирдилар.

Ҳуқуқ ҳимоячилари №19 колониядаги Асқаров олдига хусусий шифокорни олиб кирмоқчи бўладилар, лекин қамоқхона маъмурияти маҳкумлар фақат шу ердаги тиббий бўлимдан кўмак олишга махбур эканини айтиб, четдан мутахассисни киргизмайди. 24 июль куни ГСИН Асқаровни тиббиёт бўлими яхшироқ бўлган №47 колонияга кўчиради. Асқаровнинг ташхиси номаълумлигича қолади. ГСИН аҳлоқ тузатиш муассасасига COVID-19 нинг кириб келмаганини таъкидлайди ва натижада маҳбуслар қатори Асқаровдан ҳам ПЦР-анализи олинмаган. Ҳозирда Қирғизистонда коронавирус пандемияси кескинлашиб кетгани ҳеч кимга сир эмас.

2010 йил мамлакат жанубида содир этилган миллий низолар сабаб тўқнашувлардан сўнг Асқаровга нисбатан бир умрлик қамоқ жазоси қўлланилди. Тергов версиясига кўра, ҳуқуқ ҳимоячиси одамларни оммавий бетартибликка чақирган ва битта милиционернинг ўлимида бевосита иштирок этган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари ташкилоти томонидан тан олинган бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари кўрсатмаларига кўра, мамлакатлаги куч ишлатар тизими Асқаровнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги камчиликларни фош қилганидан ўч олиш мақсадида унга нисбатан сохта айбловларни уюштирган. Мамлакат ичидаги барча апелляция бўлимлари ҳуқуқ ҳимоячиси аризанисини кўриб чиқишни инкор қилган, БМТ Инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қирғизистон ҳукуматини Асқаровни озод этишга чақирди. Лекин бу чақириқ ҳам эътиборсиз қолди, Асқаров фуқаро суди орқали берилган жазони инкор этилишига уринди. 2020 йил июнда Бишкекнинг маъмурий суди ҳам даъво аризасини кўриб чиқишдан бош тортди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ