Шифохонага ётқизилган Соғлиқни сақлаш вазирининг вазифалари бош вазирнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари зиммасига юкланди

Алишер Шадманов . Yep.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов даволаниш учун Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказига ётқизилди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирлигининг Telegram-канали маълум қилади. Беморнинг аҳволи қониқарли ҳолатда. Коронавирусга қарши кураш штабининг вакили Ҳабибулла Оқиловнинг «Газете.uz» нашрига маълум қилишича, Шадмановни 29 июль куни касалхонага ётқизишган. «Бу режа бўйича госпитализация қилиш, бу ерда коронавирус ҳақида умуман гап кетгани йўқ», — деди у.

Оқиловнинг тахмин қилишича, вазир уч-тўрт кун ўтиб яна ишга қайтиши мумкин, лекин шунга қарамай, соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажариш бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Бехзод Мусаевга юклатилди. Ҳукуматнинг тегишли қарори 30 июль куни имзоланди, дея хабар беради ЎзА.

Ўзбекистон бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳалари масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Барноев ҳам коронавирусга чалинган ва ҳозирда даволанмоқда.

Бухоро вилояти ҳокими Карим Камоловнинг коронавирус инфекциясига топширган тести ҳам мусбат натижа берди. Қорақалпоғистон Республикаси парламенти раиси Муса Ерниязовнинг аҳволи оғир, у сунъий нафас олиш аппаратига уланган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик назорат давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков ҳам коронавирус инфекциясини юқтириб олди, бироқ унда касалликнинг жиддий аломатлари йўқ ва у шифохонада даволанмоқда.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, айни пайтда коронавирусга чалинишнинг 23 271 ҳолати қайд этилган, 13 680 нафар бемор бутунлай соғайиб кетган ва 136 киши ҳаётдан кўз юмган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ