Европа иттифоқи киберҳужумлар туфайли Хитой, Шимолий Корея ва Россияга қарши санкциялар киритди

Pixabay.com сайти фотосурати

Европа иттифоқи Россия, Шимолий Корея ва Хитойнинг фуқаролари ва юридик шахсларига нисбатан Европа Иттифоқи таркибига кирувчи мамлакатларга таҳдид солувчи кибер ҳужумлар уюштиргани боис санкциялар киритди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг расмий журналида сўз юритилган.

Санкция остига тушган жисмоний ва юридик шахслар қаторига олти нафар жисмоний шахслар ва учта ташкилот киритилган. «Булар – Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилотига (КҚТТ) кибер ҳужум қилишга уринишда ҳамда WannaCry ва NotPetya дея танилган кибер ҳужумлар ва Cloud Hopper операциясини ўтказиш учун масъул бўлган, кибер ҳужумларга кўмаклашган ёки киберҳужумларга жалб қилинган шахслар, ташкилотлар ва органлар», — дейилади журналда.

Рўйхатга Россия Федерацияси Бош штабининг махсус технолониялар бош марказининг Бош бошқармаси (собиқ ГРУ – Бош разведка бошқармаси) ҳамда ҳужумларга алоқадор бўлган тўрт нафар Россия фуқаролари: Алексей Минин, Алексей Моренец, Евгений Серебряков ва Олег Сотников киритилган.

Унга шунингдек, Хитойнинг Tianjin Huaying Haitai Science and Technology Development юридик шахси ҳамда Cloud Hopper операциясини ўтказилишига масъул икки нафар ХХР фуқароси Гао Чен ва Джан Шилонг киритилган. Чеклов чоралари, шунингдек, қисман WannaCry ҳужумига алоқадор Шимолий Кореянинг Chosun Expo ташкилотига нисбатан киритилган.

Санкция чоралари Европа Иттифоқи мамлакатларига сафар қилишни тақиқлашдан, активларни музлатиб қўйишдан ҳамда уларга маблағлар тақдим этишни тақиқлашдан иборат.

АҚШ президенти Дональд Трамп конгресс томонидан маъқулланган Ҳонгконг автономиясига шикаст етаказган хитойлик мутасаддиларига қарши санкция киритиш ҳамда Ҳонгконгни имтиёзли мақомдан маҳрум этиш тўғрисидаги қонунни 15 июль куни имзолаган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ