Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков «Ахборотларни манипуляция қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасига ўз эътирозини билдириб, уни қайта ишлаш учун ортга қайтарди. Бу ҳақда мамлакат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беради.
«Ушбу қонунни инсон ҳуқуқлари, олиб борилаётган давлат сиёсати, технология имкониятлари ва давлатнинг барқарор ривожланиши омилларини эътиборга олган ҳолда ишлаб чиқиш зарур деб биламан», — дейди Жээнбеков қонунни қайта ишлашга юборар экан. Президент мазкур ҳужжатни қайта кўриб чиқишга жамоатчилик, эскпертлар гуруҳи ва давлат органларини жалб этишга топшириқ берди.
«Ахборотларни манипуляция қилиш тўғрисида» ги қонун лойиҳасини 25 июль куни Жогорку кенеш маъқуллаган. Унда интернетдан фойдалунувчилар, сайт бошлиқлари ва интернет-провайдерларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатилган. Қонун лойиҳасида ёлғон ёки асоссиз ахборотларни судга қадар чеклаш имконияти тўғрисида сўз юритилади. Ушбу қонун лойиҳаси муаллифларидан бири депутат Гульшат Асилбаевага кўра, ҳозирда қирғиз қонунчилигида интернетда берилаётган маълумотларни назорат қиладиган мезонлар йўқ, интернет фойдаланувчиларини террорчилик, зўравонлик, болалар порнографияси ва сохта ахборотлардан ҳимоялаш зарур.
Айрим депутатлар ва жамоат фаоллари қонун лойиҳасини интернетга цензура киритиш, дея баҳоладилар. Change.org сайтида ушбу қонунга қарши петиция эълон қилинди ва уни 11 мингта одам имзолади.
«Депутатлар сохта ахборотларга қарши кураш шиори остида интернет ва ижтимоий тармоқларни қаттиқ қўл остига олишмоқчи. Агар қонун кучга кирга, қирғизистонликларнинг сўз эркинлиги поймол бўлади. Бизнинг фуқаровий бурчимиз — бундай бошбошдоқликка йўл қаймасликдан иборатдир», — дейилади петиция матнида.
«Адилет» ҳуқуқ ташкилоти юристлари ҳам қирғиз ҳукумати ушбу қонун лойиҳасини жорий этиш билан интернетда давлат цензурасини ўрнатишга уринаётганини таъкидлайди. Қонун матнини таҳлил қилган юристлар, жумладан ҳужжатда «ахборотни манипуляция қилиш» тушунчасига доир аниқ иборалар йўқлигига диққатни жалб қиладилар. Ҳужжатда сайт ёки саҳифа эгаси ким бўлишига оид аниқлик йўқ ва маълумотлар сохта эканига доир хулоса чиқариш учун аниқ методика йўқ экани айтилади. Юристлар ёлғон ахборотларни тарқатишга қарши тақиқлар киритилиши ортиқча экани, зеро миллий қонунчиликда ушбу ҳолат ечими ўз аксини топганини эслатиб ўтадилар.