Ўзбекистонда каннабис ўсимлигини етиштириш учун ҳар гектар ер майдони учун $21,8 тўланади

Today.Kz фотосурати

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги каннабис ўсимлигини етишириш учун белгиланган давлат божи тўғрисидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди. Ҳужжат 4 августга қадар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига жойлаштирилган.

Унда бир гектар ерда каннабис етиштириш учун базавий ҳисоб миқдорининг (БҲМ) 1 бараварида, яъни 223 минг сўм ($21,8) давлат божи белгиланган. Каннабис ўсимлигини олиб кириш (олиб чиқиш) (тола ва уруғ), қайта ишлаш, сақлаш ва реализация қилиш учун давлат божи БҲМнинг 200 бараварини, яъни 46,6 миллион сўмни ($4,6 минг) ташкил этади.

Юридик шахсларга каноп етиштиришга рухсат берувчи «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалари тўғрисида»ги қонунга 2020 йилнинг март ойида ўзгартириш киритилди. Бу тоифадаги ўсимликларни фақат саноат мақсадида етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш мумкин. Яна бир талаб— етиштирилаётган ўсимлик таркибида гиёҳвандлик воситаси саналмиш тетрагидроканнабинол 0,2 фоиздан ошмаслиги керак.

Авваллари таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни белгиланган тартибда давлат корхоналари илмий мақсадларда етиштириб келган. Маълумки, каннабис фармацевтика, ёнилғи, тўқимачилик, енгил, қурилиш саноатларида кенг қўлланилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ