Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари стадионларда ўтказилади

Тошкентдаг«Жар» футбол стадиони . Wikimedia.org сайти фотоси

Ўзбекистонда ёпиқ бинолар эпидемиологик талабларга жавоб бермаслиги маълум бўлгани важидан абитуриентлар учун тест синовларини марказий стадионларда ўтказишга қарор қилинди. Бу ҳақда 6 август куни президент Шавкат Мирзиёев олий таълим муассасаларига қабулни ташкил қилиш ва 2020/2021 ўқув йилига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан ўтказган йиғилишда маълум бўлди.

Давлат тест маркази июль ойида кириш имтиҳонларни коронавирус пандемияси даврида мажбурий бўлган ижтимоий масофага риоя қилишга имкон берувчи етарли даражадаги кенг биноларда ўтказишни режалаштирган эди. Мутасаддилар ўшанда тест синовлари қайта жиҳозланган павильонларда ўтказилиши режалаштирилмаётгани ҳақида ишонтира олган эдилар, холос.

Августга келиб на Тошкентдаги ва на вилоятлардаги олий таълим муассасаларига қарашли биноларнинг аксарияти етарли даражадаги сиғимга эга эмаслиги маълум бўлди. Шу муносабат билан президент Мирзиёев имтиҳонларни спорт майдонларига кўчириш ҳамда абитуриентларни тест синовлари ўтказиладиган жойлар ҳақида хабардор қилишга топшириқ берди.

Имтиҳонлар бир кунда икки марта, куннинг ҳаво салқин бўлган пайтида ўтказилади, уларнинг соатлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиология хизмати томонидан белгилаб берилади. Тахмин қилинишича, тест синовларини ўтказиш жараёнини 12-14 кун ичида бутунлай тугатиш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига 25 августгача барча 7 минг 200 дан зиёд фан бўйича назарий ва амалий машғулотларнинг рақамли услубий таъминотини ва масофавий таълимга мослаштирилган ўқув дастурларини яратиш вазифаси топширилди.

2020 йилда мамлакат олий таълим муассасаларида бакалавриат босқичига 162 364, магистратурага 10 425 ўрин ажратилган. Бу йил 91 та олий таълим муассасаларига бакалавриат йўналиши бўйича 1 миллион 484 минг нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, бу ўтган йилгига нисбатан 39 фоиз кўп. Битта ўринга 10,6 та талабгор тўғри келмоқда.

Кириш имтиҳонлари карантин чекловлари бекор қилинганидан кейин ўтади. Давлат тест маркази Тест синовларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бош бошқармасининг раҳбари Барно Ражабов аниқ санани белгилаб бера олмади. «Агар карантин 15 августдан кейин бекор қилинса, унда имтиҳонлар 15 августдан кейин, агар 1 сентябрда бекор қилинса, унда 1 сентябрдан кейин ўтказилади», — деган эди Ражабов июль ойининг охирида. Давлат тест маркази август ойи бошида ҳеч қандай янги маълумотларни тақдим этгани йўқ ҳамда имтиҳон саналари ҳамон белгилаб берилгани йўқлигини таъкидлаб ўтди, холос.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда шу кунга қадар коронавирусга чалинишнинг 28 315 та ҳолати аниқланган бўлиб, беморларнинг 19 291 нафари соғайиб кетган ва 175 таси вафот этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ