Kun.uz раҳбари диний мавзудаги материаллар сабаб жаримага тортилди

kun.uz сайти фотосурати

Kun.uz интернет-нашрининг таъсисчиларидан бири ва раҳбари Маҳсуджон Асқаров диншунослик экспертизасидан ўтказилмаган материалларни чоп этгани учун 12,25 млн сўм ($1,1 минг) жаримага тортилди. 21 июнь жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди мана шундай қарорга келган.

Кun.uz раҳбари Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184-2-моддасида (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган. Ички ишлар вазирлиги терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси томонидан ўтказилган интернет-мониторинг кузатув тадбирлари давомида Kun.uz сайти томонидан диний мазмундаги мақолалар жойлаштириб келингани аниқланган.

Сайтда чоп этилган еттита мақола бошқарма диққатини тортган — 12 ва 17 апрелдаги масжид имом-ноиби билан суҳбат, 16 апрелдаги масжид хайрияси, Янги Зеландия полициясининг аёллари учун хижоб формаси, таҳририятнинг Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан мусулмонларга йўллаган табриги ва “зулҳижжа ойи фазилатлари”га доир материаллар. Улар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага экспертизадан ўтказиш учун юборилган.

Экспертиза тақдим қилган хулосада юқоридаги материалларда Ўзбекистоннинг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга даъватлар мавжуд эмаслиги, Ислом давлати қуриш ва халифалик бошқарувини жорий этишга қаратилган даъватлар мавжуд эмаслиги, экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ёки мутаассиблик ғоялари билан йўғрилмаганлиги, фуқаролар ўртасидаги тотувликни бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар, миллий, ирқий, этник ва диний адоватни тарғиб қилувчи маълумотлар мавжуд эмаслиги кўрсатилган, дейилади Kun.uz хабарида.

Лекин, шу билан бирга барча материаллар Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 январдаги «Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 10-сонли қарори талабларига зид равишда тайёрланганлиги сабабли Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланиши қайд этилган.

Бундан ташқари, эксперт Янги Зеландия полициясига доир материал юзасидан шу нарсани таъкидлайди: «„ Мен муслима аёллар ҳам полицияда кўпроқ ишлаши кераклигини ҳис қиламан. Янги Зеландияда ҳижоб полиция формасининг бир қисми сифатида намойиш қилиниши жуда яхши. Ўйлайманки, буни кўрган муслималар полиция соҳасига кўпроқ қизиқиши мумкин» — дейди Зина Али» дея келтирилган иқтибос ҳижоб формасидаги полициячилар ҳатто мусулмон бўлмаган ўлкаларда ҳам борлигини мақсадли кўрсатиш аҳоли орасида бу мавзулардаги бўлаётган ихтилофли масалаларни зимдан қўзғатишга олиб келиши мумкинлиги сабабли уни тарқатиш тақиқланиши таъкидланган», — дея эксперт сўзларини келтиради Kun.uz.

Kun.uz аввало мамлакатда қонунларга барча бирдек риоя этишга масъул эканлигини эътироф этган ҳолда, келгусида диний мавзудаги ҳар қандай материаллар ва хабарлар Дин ишлари бўйича қўмитанинг диншунослик экспертизасидан ўтказибгина бериб борилишини маълум қилади.

Газета.уз. нашрига кўра, суд қароридан сўнг Kun.uzнинг ўзбек версияси янгиликларни чоп этишни тўхтатган (охирги материал 21 июнь куни берилган).

Kun.uz – Ўзбекистондаги энг илғор онлайн-нашр ҳисобланади. Google Analytics маълумотига кўра, ҳар куни унинг сайтига 350 мингга яқин интернет фойдаланувчилари киради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда фақат 42 дона юз йиллик дарахт қолган. «Фарғона» ҳали кеч бўлмасидан уларни кўриб чиқишга уринди

  • Ўзбекистонда миллион дастурчи тайёрлаш бўйича вазифани қандай қилиб бажаришаётганлари ҳақида

  • Хитой мустамлакачилиги Урумчидаги уйғурларнинг фитратини қандай қилиб ўзгартираётгани ҳақида

  • Эрон ҳокимияти кескин пасайиб кетган туғилишни кўпайтириш тараддудига тушиб қолган