Москвада синов режимида меҳнат мигрантларини коронавирусга қарши эмлаш ишлари бошланди. Иш берувчилар буюртмасига биноан чет эл фуқаролари «Спутник Лайт» бир компонентли вакцинаси билан эмланадилар. Бу ишлар Москва давлат бош санитар врачи қарори асосида амалга оширилмоқда, — деди Москва мэри Сергей Собянин.
Москва ҳокими кейинчалик эмлаш схемаси соддалаштирилишини вада қилди. Бундан ташқари, аста-секин бошқа гуруҳдаги чет эл фуқаролари ҳам коронавирусга қарши эмланадилар.
* Россияда чет эллик ишчиларни эмлаш пуллик бўлиб, Москва мэриясига кўра унинг нархи 1300 рублдан ошмайди. Бундан ташқари, эмлаш ҳаражати иш берувчилар зиммасига юкланади.
Бугун, 28 июнь куни Сахарово миграция марказида пуллик эмлаш пункти очилди. Бу ерда бир кунда икки мингга яқин одам эмланиши мумкин. Эртага пойтахтнинг «Садовод» бозори ҳудудида ҳам яна шундай пункт очилиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Россияда коронавируснинг ҳиндча штамми кенг тарқалмоқда ва ушбу инфекциядан инсоннинг ўлиш даражаси анча юқори ҳисобланади. 28 июнь куни Москвада пандемия бошланганидан бери одамларнинг covid-19дан рекорд даражада вафот этгани ва мазкур ташхис билан шифохоналарга ётқизилгани қайд этилди.