Коалиция аъзолари ИГИЛнинг «африкадаги» гуруҳларидан хавотирда

ИГИЛни тор-мор қилиш Глобал коалицияси вазирларининг мажлиси. ru.usembassy.govсайти архив фотосурати

ДАИШ/ИГИЛ (ИД, «Ислом давлати» — РФда тақиқланган террорчи ташкилот) ни тор-мор қилиш Глобал коалицияси вазирлари мазкур ташкилотнинг Африкадаги гуруҳлари минтақага хавф солаётганидан хавотирда эканини маълум қиладилар. Кейинги икки йил ичида Рим шаҳрида илк бор ўтказилган учрашувнинг қўшма баёнотида шундай дейилади.

Коалиция аъзоларини ИГИЛнинг Сахел ва Шарқий Африка минтақасидаги фаолияти безовта қилмоқда. «Коммерсантъ»га кўра, гап Буркина-Фасо, Мавритания, Мали, Нигер, Чад ва Мозамбик ҳақида бормоқда. Учрашувда Марокаш Ташқи ишлар вазири Носир Бурита кейинги беш йил ичида Африка ҳудудида содир этилган терактларнинг сони 19 бараварга ошганини айтди. Ўтган ҳафтада Малида тинчликпарвар кучларга қарши уюштирилган ҳужум (15 та одам яраланган) ва Буркина-Фасо қишлоғида 130 нафар одамнинг ўлдирилиши бунга яққол мисол бўла олади, деб ёзади нашр. Шу муносабат билан Италия ТИВ раҳбари Луижи Ди Майо қитъа мамлакатлари вакиллари иштирокида Африкада терроризмни олдини олиш ишчи гуруҳини тузишни таклиф этди. Ташаббусни Қўшма Штатлари қўллаб-қувватлади.

Ҳужжатнинг катта қисми Ироқ ва Суриядаги вазиятга бағишланган. ИГИЛнинг «афғон» шўъбаси Афғонистон ҳукуматининг Ироқ ва Левант ислом давлатининг (ИГИЛ-Х) «Вилояти Хуросон»ига қарши курашида бир марта тилга олинган.

Вазирлар ўз мурожаатида Ироқ ҳукуматининг ДАИШ/ИГИЛ қолдиқларига қарши курашини юқори баҳоладилар. Ҳужжатда Суриянинг ИГИЛдан озод бўлган ҳудудларида барқарорликни таъминлашда БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2254 резолюцияси параментрларига мувофиқ умумсурия сиёсий тартибини ўрнатиш зарурлигига урғу берилади.

ТАСС хабарига кўра, вазирлар учрашувида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ИДнинг 10 мингга яқин собиқ аъзолари курд жангариларининг «Сурия демократик кучлари» деб номланган ташкилоти назоратидаги лагерларда ушлаб турилгани ва Қўшма Штатлари бунга «йўл қўйиб бўлмайди» деб ҳисобланишини таъкидлади. Унга кўра, каолицияга аъзо давлатлар мазкур одамларнинг ўз ватанларига қайтишлари учун чоралар кўриши керак. «Коммерсант»даги мақолада учрашув иштирокчилари АҚШнинг ҳақ эканини тан олишини, бироқ Ислом давлати жангариларини ўз ватанларига қайтариш таклифи кўпчиликка хуш келмагани айтилади. «Фақат 25 давлат ўз фуқароларини қайтариб олишга рози эканини билдирди, кимдир — тўлиқ, кимдир — қисман. Жангарилар ва уларнинг оила аъзоларини репатриация қилинишига Буюк Британия ва Франция қарши чиқди. Кимдир фақат аёллар ва болаларни олиб кетишга, Россия каби давлатлар фақат болаларни олиб чиқиб кетишга рози бўлган», — деб ёзади нашр.

«Шунингдек, вазирлар Суриянинг шимоли-шарқий ҳудудида ДАИШ/ИГИЛ жангарилари ва уларнинг оила аъзоларига доир масала қаттиқ хавотир уйғотаётгани, ушбу муҳим муаммони ҳал этишда «етти ўлчаб, бир кесиш лозим»лигини таъкидлайдилар», — дейилади ҳужжатда.

«Коалиция бутун дунёда ДАИШ/ИГИЛни батамом тор-мор қилиш учун бор куч-қувватни сарфлаш зарур эканини тасдиқлайди. Глобал коалиция ҳарбий, сиёсий, контртеррор, молия ва ҳуқуқ-тартибот соҳаларида етарли муваффақиятларга эришолган мустаҳкам инструмент эканини исбот қилолди», — деб таъкидланади қўшма баёнотда.

Коалиция вазирларининг кейинги учрашуви 2022 йил июнь ойида бўлиб ўтиши кутилади. Ўтган йил коронавирус пандемияси сабаб коалиция учрашуви амалга ошмаганди. Бу йил каолиция таркиби Марказий Африка Республикаси, Конго демократик республикаси, Мавритания ва Яман ҳисобига кенгайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Шайтонга қарши — «дезинфекцияланган тошлар»: коронавирусга қарши кураш Ҳаж амалларига қандай таъсир кўрсатгани ҳақида

  • Россияда чет эллик мигрантларнинг патент олиши учун COVID-19 инфекциясига тест топширишни шарт қилиб қўйдилар

  • Исломнинг муқаддас шаҳарларига зиёратлар нега чеклангани ёки бекор қилинганлари ҳақида

  • Самарқанддаги ўрта асрлар меъморий ёдгорлиги – Шоҳи Зинда мақбарасини «реставрация»лар қандай қилиб ҳалок этаётгани ҳақида