Ўзбекистонда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида» қонун янги таҳрирда қабул қилинди

muslim.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида» қонунни имзолади ва у бу ҳужжат «Халқ сўзи» («Народное слово») газетасида шарҳлари билан чоп этилди ва кучга кирди.

Дастлаб мазкур қонун 1991 йили қабул қилинган ва у 1998 йилдан бери ўзгармай келган эди. Қонуннинг янги таҳририда диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш билан боғлиқ тартиб соддалаштирилиб, бу борада муҳим енгилликлар жорий этилган. Жумладан, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробар камайтирилиб, 50 нафардан кам бўлмаган этиб белгиланди. Шунингдек, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасаларини тузиш учун ҳам 100 нафар ташаббускор бўлиши ҳақидаги талаб бекор қилинди.

Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон шаклда, инсон омилисиз амалга оширилиши жорий этилган.

Рўйхатдан ўтказувчи адлия идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин қисқарди, уларни кўриб чиқишнинг муддати эса 3 баробарга камайди, яъни 3 ойдан 1 ойга туширилди.

Диний ташкилотнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш ва тугатиш фақатгина суд орқали бўлиши, рўйхатдан ўтказадиган ва бошқа давлат органлари бунга ҳақли эмаслиги қонунда кўрсатилди.

Шунингдек, қонуннинг янги таҳририда диний таълимнинг профессионал мақоми расман эътироф этилди, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, динга бўлган муносабатидан қатъи назар, дунёвий таълим олиш ҳуқуқи таъминланиши қайд этилди.

«Ҳар қандай шахснинг «ўзича» аҳолига диний таълим бериши ноанъанавий ақидаларнинг тарқалишига, мутахассис бўлмаган шахслар томонидан соф диний масалалар бўйича бирёқлама тушунчалар берилишига олиб келади. Бу эса жамиятда диний масалалар билан боғлиқ ихтилофлар келиб чиқишига, аҳолининг ёт ғоя ва қарашлар таъсирига тушишига сабаб бўлади. Шу мақсадда, диний таълим муассасасидан ташқарида диний таълим бериш ноқонуний фаолият сифатида белгиланди»,— дейилади қонун шарҳида. Амалдаги қоидаларга кўра, уй шароитида диний таълимот бериш мутлоқ тақиқланади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 229-2 моддасида «Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузганлик учун» жарима ва ҳатто озодлик маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

Диний ташкилотни тузиш учун талаб этиб келинган маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш тартиби бекор қилинди. Диний ташкилот тузиш ташаббускорлари ортиқча хат-ҳужжатларни йиғишдан халос бўлдилар.

Қонунда жамиятда турли ёт қарашларни тарғиб қилаётган гуруҳларнинг фаолияти, улар томонидан тарқатилаётган бузғунчи ғояларнинг салбий таъсиридан аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасининг ижобий хулосасини олгандан кейин тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш белгилаб қўйилди.

Ваниҳоят, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида «ибодат либоси» тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмаслиги сабабли жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ Қонундан чиқариб ташланди. Шу билан бирга, амалдаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан, давлат ташкилотлари ва муассасаларида ходимларнинг кийинишига оид талаблар уларнинг ички ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Бироқ, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда (184-1 модда), «фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришлари — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади», — дейилган.

Қонун виждон эркинлиги меъёрларини аниқ кўрсатиб, фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслигини таъминлайди. Шунингдек, ҳар қандай динга зўравонлик билан киритишни тақиқлайди.

Ҳужжатда Ўзбекистонда қонун устуворлиги принципидан келиб чиқиб, диннинг сиёсатга аралашуви ва ундан сиёсий мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги ўз аксини топган.

Ҳужжатнинг янги таҳрири ташаббускорлари қонунни тайёрлашда бу борадаги халқаро меъёр ва талаблар, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг қоида ва тамойиллари инобатга олинганини таъкидлайдилар.

Бироқ, «Форум 18» диний эркинликка кўмак ташкилоти ушбу иддаога қўшилмаслигини маълум қилади. У янги таҳрирдаги қонунда ҳам аввалгидек давлат рухсатисиз диний эркинлик ва эътиқоднинг амалга ошмаслиги, давлат рухсатисиз диний таълимот беришга йўл қўйилмаслиги, давлат цензурасидан ўтмаган диний мазмундаги босма ва электрон материалларнинг тарқатилиши тақиқланишига эътибор қаратади. «Форуме 18»га кўра, мазкур чекловлар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларига зид келади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ