Меҳнат мигрантлари учун авиачипта ва меҳнат визасига кетадиган сарф-ҳаражатлар қисман қопланади

Тармоқдан олинган фотосурат

Ўзбекистон ҳукумати узоқ хорижга ишга кетаётган меҳнат мигрантларига меҳнат визасини расмийлаштириш ва аивачипта олишга кетадиган сарф-ҳаражатларни қисман компенсация қилишга пул маблағлари ажратади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Хорижга уюшган ҳолда меҳнат фаолиятини юритишга кетаётган фуқароларни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар» қарорида мана шундай имтиёзлар ўрин олган, деб хабар беради «Ўзбекистон 24» телеканали.

«Ишга марҳамат» касб-ҳунар марказларини тамомлаган фуқаролар учун давлат авиачиптанинг 490 минг сўмини ($46) қоплайди. Бу мақсадда йил сўнггига қадар 33,5 млрд сўм ажратилади. Имтиёз ҳуқуқидан 70 мингга яқин меҳнат мигранти фойладаниши мумкин.

Бундан ташқари, «Ишга марҳамат» марказлари ва Меҳнат вазирлиги коллежларида мутахассислик ва тил бўйича яхши имтиҳон топширган фуқароларга ўқишга кетган сарф-ҳаражатнинг 735 минг сўми қопланади. 20 мингта одамнинг ҳаражатларини қоплаш учун 14,5 млрд сўм ажратилади.

Ҳужжатда мигрантларнинг 9 фоизи ривожланган давлатларга ишга бориши айтилади. Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар меҳнат визаси учун олинадиган консуллик йиғими 1,2 млн сўмни, Канада учун — 1,3 млн сўмни, АҚШ учун — 2 млн сўмдан ортиқ маблағни ташкил этади.

Давлат ҳар бир фуқаро учун узоқ хориж мамлакатлари визасига кетадиган сарф-ҳаражатнинг 1,2 млн сўмини ($113) қоплашга тайёр. Жорий йили ушбу мақсадда 3,8 млрд сўм ажратилади ва бу сумма 3 мингта меҳнат мигрантига кўмак бўлади .

Қарорда хорижда меҳнат фаолитини олиб бораётган мигрантлар шикастланган, бахтсиз ходисага дучор бўлган ёки қаттиқ бетоб бўлган ҳолатларда уларнинг вояга етмаган фарзандларига қўшиб Ўзбекистонга текинга келтириш кўзда тутилган. Бугунга қадар бундай амалиёт фақат оғир аҳволдаги фуқароларга нисбатан қўлланилган. Давлат қайтаётган мигрант саломатлигини назорат қилаётган тиббиёт ходимларининг сарфларини ҳам қоплайди.

2018 йилги президент фармонида хорижга ишга кетаётган меҳнат мирантлари учун авиа ва темир йўл чипталарига чегирмалар жорий этилиши айтилганди. Дастур 2020 йилгача амалда бўлди ва ундан 177 минг нафар ўзбекистонлик фойладанди. Бу йил июнь ойидан бошлаб «Uzbekistan Airways» аивакомпанияси даромадини ошириш мақсадида мигрантлар учун 20 фоизлик чегирма жорий этилди.

Турли манбаларга кўра, 34 миллионли ўзбекистонликларнинг 20 фоиз иқтисодий фаол қисми хорижда меҳнат қилади. Бу 2,5 миллионга яқин одам демакдир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ