«Толибон»* ҳаракати Афғонистон ҳудудида темир йўл ва электр узатгич тармоқларини бунёд этишда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қилди. Бу ҳақда толибларнинг Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан юборган табригида сўз юритилган. Мазкур табрик мактуби Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Юсуп Кабулжанов Telegram-каналида чоп этилган.
«Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнида фаол иштирок этмоқда. Мамлакатимизнинг конструктив ролини Афғонистоннинг ҳозирги раҳбарияти ҳам тан олади. Афғонистон Ислом Амирлиги музокаралар гуруҳи аъзоси ва «Толибон» ҳаракати сиёсий идораси матбуот котиби Муҳаммад Суҳайл Шаҳин Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ўз раҳбарияти номидан табрик мактуби йўллагани бунинг далилидир», — деб ёзади Кабулжанов.
«Биродар Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти ва халқини Мустақиллик байрами билан самимий табриклаймиз. Биз қўшни Ўзбекистон билан самарали ва дўстона муносабатлар ўрнатишни хоҳлаймиз. Ўзбекистон иштирокида Афғонистонда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан, темир йўл ва электр узатиш тармоқларини қуришни давом эттиришдан манфаатдорлигимизни тасдиқлаймиз. Афғонистон Ислом Амирлиги томонидан ўзбек шерикларимизга бу йўналишда барча зарур ёрдам кўрсатилади»,
— дейилади табрикномада.
Шаҳин тилга олган инфратузилма лойиҳалари борасида шу йилнинг июнь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан муҳокама қилганди. Томонлар «Термиз — Мозори-Шариф — Қобул — Пешовар» темир йўли ва «Сурхон — Пули-Ҳумри» электр узатгич тармоғини барпо этишдан манфаатдор эканини билдиргандилар.
Трансафғон темир йўли лойиҳаси деярли $5 млрд миқдорида баҳоланади. Унда 573 км темир йўли қурилиши кўрсатилган ва у йилига 20 млн тонна транзит юкларни ташиш салоҳиятига эга бўлади. Темир йўл Тошкентни Афғонистон пойтахти орқали Покистоннинг Пешовар шаҳри билан боғлайди. 2020 йил 12 ноябрда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мазкур лойиҳа бўйича ҳаракатлар режасига доир қарорни имзолаганди. Магистрални қуриш шу йилнинг кузига мўлжалланган эди.
«Сурхон — Пули-Ҳумри» электр узатгич тармоғи Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергиясини етказиб беришни 70 фоизга оширади ва бу — йилига 6 миллиардов кВт/с ни ташкил этади. Тармоқ Қобулни Марказий Осиё ягона энергия тизимига улайди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўп давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган.