Ўш шаҳрида Алиш кураши бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтади

Алиш курашчилари. alysh.org сайти фотосурати

Ўш шаҳрида Алиш (белбоғли кураш) бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Бу ҳақда 24.kg агентлиги Қирғизистон Алиш федерациясига асосланиб хабар беради.

Турнир А.Суюмбоев номидаги марказий стадионда 21-24 май кунлари бўлиб ўтади. Мусобақалар эркин ва классик услубда аёллар ва эркаклар ўртасида олти вазн тоифасида ўтказилади. 24 та совринлар тўплами ўйналади.

Қитъа миқёсидаги турнирда Афғонистон, Ҳиндистон, Индонезия, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Филиппин, Жанубий Корея ва Япониядан 300 нафардан ортиқ спортчи иштирок этади.

Ўшдаги чемпионат жорий йилнинг сентябрь ойида Туркиянинг Изник шаҳрида бўлиб ўтадиган IV Жаҳон кўчманчилар ўйинларига саралашнинг иккинчи босқичи ҳисобланади.

Қирғизистонда бунгача уч марта Алиш бўйича Осиё чемпионати, 2002 йили эса белбоғли кураш бўйича биринчи жаҳон чемпионати бўлиб ўтган.

Алиш (кураш билан бир қаторда) — Ўрта Осиёдаги туркий кўчманчилар томонидан асос солинган анъанавий белбоғли кураш ҳисобланади. Ушбу спорт тури Бирлашган Кураш олами томонидан эътироф этилган бўлиб, ёзги Универсиада ва Осиё ўйинлари дастурига киритилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ