Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари «Россия почтаси»нинг хавфсизлик бўлими билан ҳамкорликда ўтказган қўшма операция давомида синтетик гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ҳамда уни Россия ва Марказий Осиёда тарқатишни ташкил этган трансмиллий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги раҳбари Владимир Колоколцев маълум қилди, деб хабар беради МВД-Медиа.
Дастлабки маълумотларга кўра, Омск вилоятида яшовчи фуқаро ўзининг шахсий уйида «Альфа-PVP» (Туз) синтетик препаратлари бўлган эритма ишлаб чиқариш учун лаборатория жиҳозлаган. У почта посилкалари орқали маҳсулотини маиший кимё, машина мойи ва бошқа товарлар сифатида яшириб чет элга ва Россиянинг турли минтақаларига юборган. Бунда у сохта ҳужжатлардан фойдаланган. Кейинчалик посилкаларни олувчилар гиёҳванд моддаларни яширин сотиш мақсадида Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудидаги лабораторияларда ишлаб чиқаришган.
«Саккизта яширин дори лабораторияси тугатилди. 600 литр прекурсор ва 30 килограммга яқин наркотик моддалар мусодара қилинди, бу тахминан 150 минг бир марталик дозани ташкил этади. Дорининг қора бозордаги нархи 280 миллион рублдан (5,2 миллион доллар) ошади. Гиёҳвандлик гуруҳи ташкилотчиси ва аъзолари қўлга олинди, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — деди Колоколцев.
Гиёҳванд моддалар савдосига барҳам беиш бўйича қўшма махсус операция олти ой давом этган. Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида 20 дан ортиқ гиёҳванд моддалар билан шуғулланувчи шахслар қўлга олинган.
«Альфа-PVP» (альфа-пирролидинопентиофенон) — бу тузли препарат бўлиб, унинг психикага кучли таъсири туфайли кенг тарқалган. Синтетик модда катинонлар гуруҳига киради. Препарат яширин лабораторияларда ишлаб чиқарилади ва «дизайнер» деб ҳисобланади, шунинг учун унинг таркиби ва асоратларини аниқлаб олиш мушкул иш. Наркологларнинг фикрига кўра, мазкур прерпарат ўзининг ўта заҳарлилиги ва психикага кучли таъсир кўрсатиши, инсонни гиёҳвандга тезда қарам қилиши билан энг хавфли дори воситаларидан бири ҳисобланади.