Путин ва Раҳмон Тожикистон армиясини модернизация қилиш ва тожик-афғон чегарасини ҳимоя қилишни муҳокама қилди

Владимир Путин ва Эмомали Раҳмон Миллатлар саройида. Тожикистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Россия ва Тожикистон президентлари Владимир Путин ва Эмомали Раҳмон тожик қуролли кучларини модернизация қилиш ва унинг Афғонистон билан чегарасини қўриқлашни кучайтириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Тожикистон президенти матбуот хизмати хабар беради.

Путин икки кунлик ташриф билан 28 июнь куни кечқурун Душанбега келди. Раҳмон уни аэропортда шахсан кутиб олди. Кейин икки давлат раҳбарлари Миллатлар саройига бориб, музокаралар ўтказди.

«Музокаралар чоғида Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши ва тожик-афғон чегарасидаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилди. Эмомали Раҳмон ва Владимир Путин хавфсизлик, ҳарбий-техникавий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, айниқса Тожикистон қуролли кучларини модернизация қилиш ва тожик-афғон чегарасини қўриқлашни кучайтириш масалаларини муҳокама қилдилар» , — дейилади Раҳмон матбуот хизмати баёнотида.

Президентлар, шунингдек, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги савдо-сотиқ ва бизнес алоқаларини ривожлантириш масалаларига ҳам тўхталди.

«Россия Тожикистоннинг муҳим стратегик ҳамкори ва иттифоқчиси, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар юқори ривожланиш динамикасига эга. Россия Федерацияси бизнинг етакчи савдо-иқтисодий ҳамкоримиз бўлиб қолмоқда: жорий йилнинг беш ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 50 фоизга ўсди, Россиянинг 80 дан ортиқ ҳудуди Тожикистон билан бизнес ва бошқа алоқаларга эга», — дея Тожикистон раҳбари сўзларидан иқтибос келтиради унинг матбуот хизмати.

«Савдо-иқтисодий муносабатлар соҳасида яхши динамикани қайд этдингиз. Дарҳақиқат, ўтган йили ҳам, жорий йилнинг дастлабки уч-тўрт ойида ҳам савдо-сотиқнинг ўсиш суръатларини, ҳақиқатда, рекорд даражада кўрсатаяпмиз. Сиз бу саволларни бизнинг шахсий учрашувларимиз давомида доимо кўтарасиз — Россияда ишлаётган Тожикистон фуқаролари учун. Бугун биз шуни айтишимиз мумкинки, бу одамлар мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига катта ҳисса қўшмоқда ва ана шундай инсоний кўприк, Россия ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик кўпригидир», — дея Путин сўзларини келтиради унинг матбуот хизмати.

Таъкидлаш жоиз, Россия Федерацияси Тожикистон ташқи савдо тузилмасида етакчи ўринни эгаллашда давом этмоқда. Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 44,7 фоизга ўсиб, 1,2 миллиард долларни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг январь-май ойларида 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 46 фоизга ўсган. Россиянинг Тожикистон иқтисодиётига киритган сармояларининг умумий ҳажми 1,6 миллиард долларни ёки барча хорижий инвестицияларнинг 16 фоизини ташкил қилади. Россия Тожикистон иқтисодиётининг нефть маҳсулотларига бўлган эҳтиёжининг деярли 80 фоизини таъминлайди. Ўтган йили Россияда меҳнат қилаётган тожикистонлик муҳожирларнинг пул ўтказмалари унинг ялпи ички маҳсулотининг учдан бир қисмини ташкил қилган. Россия университетларида 22 мингдан ортиқ тожикистонлик талабалар ва аспирантлар таҳсил олмоқда, уларнинг аксарияти махсус квоталар бўйича.

Яна шуни қўшимча қилиш лозим, Путиннинг Душанбега ташрифи унинг 2022 йилдаги иккинчи хорижий ташрифи (у февраль ойи бошида Пекиндаги Олимпиада очилишида иштирок этган) ва Украинада ҳарбий-махсус операция бошланганидан бери биринчисидир. Россия ва Тожикистон бу йил дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлайди, шундан 28 йилдан бери Раҳмон ҳокимият тепасида. Раҳмон Тожикистон президенти этиб сайланишидан бир неча ой аввал 1994 йилда Беларус президенти этиб сайланган Александр Лукашенкогина постсовет ҳудудида энг кўп муддат ҳукмронлик қилмоқда.

Путин Душанбедан сўнг расмий ташриф билан Туркманистонга жўнаб кетади ва у ерда президент Сердар Бердимуҳамедов билан учрашади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ